Озод эсанкираб қолаёзди. Қайнотасининг бунчалик тубан кетиши, ҳатто кўзининг пахтаси чиққудек олайиб, қўлини бигиз қилганча ўшқиргани унинг иззат-нафсини жунбушга келтириб, аёвсиз санчиқларга белаб ташлади. Наҳот бир оиланинг тақдирини шунчалик саёз, шунчалик енгил ҳал этаётган бўлса? Наҳот икки норасида тирик етим бўлиб қолаверса?..
– Ўв, куёв бола, жуда мард бўлсангиз, қани, қизимнинг кўч-кўронини опкелиб қўйинг-чи! Ана шунда кўрамиз эркаклигингизни!
– Ўйлаб гапиринг, дада. Ахир гўдаклар тақдири…
– Дада деманг мени! Қани турсинлар! Бугундан бошлаб бу уй сизга бегона.
– А?… Ахир…
Қайнотаси, гап тамом, дегандек даст ўрнидан турди-да, супадан илдам тушиб, ичкари уйга кириб кетди.
Озоднинг жони ўзиники бўлмай қолди. Нажот излагандек атрофга олазарак боқади. Лекин кимдан паноҳ излаётганини ўзиям билмайди, билолмайди. Супанинг бир четида боши ерга теккудек мунғайган қайнонасидан нажот тиланаяптими, ё айвон устунига орқа бериб юм-юм йиғлаётган анави Қумриданми? Кимдан?! Ахир шу чигал азобларга гирифтор қилган шу Қумрининг ўзи-ку! Шундан шафқат излаяптими? Во, ажаб, нега у йиғлаяпти? Нима учун бунчалик куюниб кўз ёш тўкаяпти? Озод унга анграйиб қолди. Ўзининг пушти камаридан бино бўлган қоракўзларини кўрсатишмади. Алам қилди. Алам қилганда ҳам ёмон алам қилди. Қани улар? У болаларини орзиқиб қўмсади. Кўргиси, бағрига босгиси келди. Ахир бир ҳафтадан бери кўрганича йўқ. Соғинч ўти бутун жисмини қоплаб, чўғга ташлади. Оғзини очди. Очди-ю, сўролмади. Боя сўроқлаганида ҳам ҳеч ким жавоб қилмаганди. Алами баттар тошди. Базўр нафас ютди. Намунча нафас олиш ҳам қийин бўлмаса, а? Шунда унинг тинмай гупураётган қонининг ҳар бир томирига шайтони лаъин вас-вас солиб, миясига қадар тепчитди-ю, бир зумда ақлини кишанлади-қўйди. “Ие, ҳали мен номардманми?! Ҳали мен биргина машинага юк бўладиган кўч-кўронини келтириб ташлашга қурбим етмай қолдими?!“ Унинг тинмай титраётган оёқ-қўлларига тўлиб кирган шайтоний қувват қайнотасининг ҳовлисидан кутилмаганда ўқдек учириб чиқарди. Машинасини елдек учириб уйига жўнади. Машина қанчалик тез юрса, унга шунчалик имиллаётгандек туюлади. Диққати чандон ошади. Асабийлашганча газни чираниб босади. Йўл-йўлакай Шарифнинг автобазасига сим қоқди. Юк машинасида тез етиб келишини тайинлади. Шарифнинг оғзига ургудек телефон гўшагини тарақлатиб жойига ташлади. Шахсий уй телефонининг кўча хизматидан тузуккина фойдаланаётган хонадон соҳибаси аччиқ гезарди-ю, қайтимсиз ташланган йирик пулни кўргач, тили кесилди.
Мана ҳозир мардлик бошланади-да! Яна қанақа мардлик – эркакча мардлик! Ҳали қайнотаси қараб турсин! Дунёга келиб кўрмаганини кўради! Тилини ғарчча тишлаб қолмаса Озод юрган экан.
Озод шу топда нимагадир онасини кўргиси келиб кетди. Дунёда инсондан ўтгувчи нодон зот бўлмаса керак. Негаки, яхши кунларингда ёдингга келмаган онаизор ёмон кунингда бирдек беминнат суянчиғингга айланади. Шундай пайтда кўзингга тўтиё каби кўриниб кетади. У рул чамбарагини қишлоғи томон бурди. Ҳовлилари эшиги олдида чийиллатиб тормоз босди. Ҳовлига отилиб кирди. Қўй-қўзиларга хашак ташлаб қайтаётган онасига қўққис йўлиқди-ю, оғир-оғир энтикди. Энтикиш унинг вужудини баттарроқ куйдириб ташлагандек бўлди.
– Вой, қайси шамол учирди сени, ўғлим. Ҳозиргина кўзимдан ўтиб турувдинг-а. Келишинг экан-да бу. Сора ая унинг авзойига синчиклаб тикиларкан, сергак тортди. – Намунча безовтасан, болам. Тинчликми ишқилиб. Қумрихонларни опкелмадингми?
– Ая!.. Озод бетоқатланди. – Ҳозир кўчига машина боради уйга.
– А?.. Нималар деяпсан, ўғлим. Нимага энди кўчига машина борар экан? Ё бошқа уй берилиб кўчаяпсизларми, а?
Озод онасининг соддалигидан ранжиб, оғир ютинди. Гапига ямоқ солгандек, тўхталиб-тўхталиб тушунтирди. Сора аянинг юраги потирлаб ўйнашга тушди.
– Жон болам, қайнотанг аччиқ устида айтгандир. Бу мардлик эмас, тушун ўзинг. Шайтонга ҳайф бер. Турмушда нималар бўлмайди-я. Тур мушт деганлари шу-да! Ахир, дадам қани, дея сўроқлайдиган жужуқларингга шўрлик Қумри нима дейди? Сен эркак кишисан, оғир бўл. Ўзи укангнинг тўйигаям ҳеч қанча қолгани йўқ. Бор-йўғи икки ҳафтагина, холос. Кўзингни оч, жон болам. Маҳалла-кўй нима дейди? Бу ёқдан келин тушираяпман деб суюнсам, у ёқдан сен ҳувиллаб қоласанми? Йўқ-йўқ, асло калта ўйлама!
– Ая, мен ҳам ажралиб кетишни сира истамайман, лекин у ҳовлида қайнотамнинг гапи-гап, сўзи-сўз. Ўзингиз ҳам билсангиз керак ахир.
– Ҳар ким ўзининг уйида пошшо! Сен оғир бўлсанг бас…
* * *
У пайтларда Озоднинг ўзиям баланд дорга осилганини билганди-ю, лекин ишқнинг аёвсиз оташи кўзларига парда тортиб, қалбида туғён ура бошлаган қайноқ ҳис-туйғуларга банди бўлганидан қалбига қулоқ солишдан бошқасини тан ололмасди. У хўжалик моллари базасида юк машинасини ҳайдар, кўп маҳалларда шаҳарнинг шундоққина киндигидаги катта савдо дўкони омборига юк ташир, ана ўша ерда шу Қумри билан танишиб қолганди. Қумрининг чўрткесарлиги, қувноқлиги Озодга ёқиб тушганди. Бора-бора уни кўрмаса ҳаловатини тополмайдиган ҳижронликка рўбарў бўлди. Қумри эса унинг мўмин-қобиллигидан ҳавасланибми, кўнгли ўтли ҳисларга беланганча дийдор ҳароратига ошиқа бошлаганини сезди. Сезди-ю, муҳаббат ошиёни қанчалар ҳукм чиқариши олдида лол қолди. Кейин-кейин иккисининг кўнгил бўстонида кўз очмиш латиф ҳаяжонлар бирдан аланга олди-ю, бу ички туйғуларни бир-бирларига изҳор этмоқлик мушкуллиги кўндаланг бўлиб, қийноққа солди.
Яхшиямки, ҳаётда байрам деган турли удумлар бор экан. Янги йил арафаси яқинлашиб, совға-саломлар изга тушганда бу икки ёш ҳам шу баҳона дил топишдилар. Кези келиб, Қумрининг маҳалласигача илк бор кузатиб борган Озод уларнинг савлатдор ҳовлиларини кўрди-ю, ҳайратдан ёқасини тополмай қолаёзди. Қизнинг бадавлат оиладан эканлигини фаҳмлаб, юрагига ваҳм оралади. Кўз олдида ўзларининг пастаккина бўй ташлаган уйлари, гувалакдан тиккаланган деворлар жонланиб, наздида жуда ғариб кўриниб кетди. Гўё киндик қони тўкилган гўшаси ташландиқ мозордек эди бу ҳашамдор ҳовли қаршисида.
Пайти келиб, совчиликка борган Сора аянинг ранг-қути ўчиб қайтди-ю, чуқур ўйга толиб қолди.
– Гапирсанг-чи бир мундоқ. Нима, оғзингга талқон солганмисан?!
Эрининг дағдағасидан чўчиган она ноилож минғирлади.
– Ўзларига ўта тинч одамлар экан, дадаси. Бизнинг қурбимиз зинҳор-базинҳор етмайди-ёв…
– Нима, сен уларнинг давлатига учиб борибсанми?! Ё қизлари осмондаги ой эканмики, узаман десанг оёғинг осилиб қолаёзса?! Сен, хотин, калта ўйлама! Ўғлинг ўша қизга кўнгил қўйибдими, тамом-вассалом.
Қумри ҳам у ёқда оёқ тираб туриб олган ота-онасини қайириб қўйди. Кенжа қизнинг қайсарлигиям, эркалигиям отанинг тош каби қаттиқ бағрини мумдек эритди. Тўй бўлди. Озодлар томонида қарз катта кўтарилди. Шундай бўлса-да, Содиқ ака ўғлига зинҳор билдирмади.
Келин-куёв осуда турмуш кечираётган кезларда оилага зимдан совуқ шабада эса бошлади. Қумрининг оддий оиладаги оддий таомларга, одми кийинишларга ори келиб, эрига ошкор арз айтишга ўтди.
– У уйингиздаги муҳитни унутинг, Қумри. Бизнинг шароитга кўникмасангиз бўлмайди. Борига қаноат, шукр қилиб кун кечирадиган оиламиз.
Қумрининг қошлари зулукдек чимирилди. Кўзлари асабий порлади.
– Гўштсиз овқат бўлсаям ейсан, демоқчимисиз? Бекоргиналарнинг бештасини айтибсиз агар шунақа ўйлаган бўлсангиз. Менинг дадамлар бунақанги ноқисликка ўргатмаганлар. Бўш қоп тик турмаслигини ҳарҳолда биларсиз, ё шуниям фаҳмлаб ололмайсизми?!
Озод каловланиб қолаёзди. Ўйлай-ўйлай рўзғорни бут қилмоқ учун чора излади. Ҳордиқ кунлари мардикорликка чиқиб, пул топиб кела бошлади. Лекин қанча ақча топсанг, даҳмазаси шунча кўп бўларканми, Қумрининг камчилиги ҳам тахланиб кетди.
– Дугоналаримнинг олдида ер билан битта бўлаяпман сеп-сидирғамдаги кийимларни эгнимга қайта-қайта илавериб. Унинг устига одамларнинг кўзи олдидаман. Биласиз-ку ахир, сотувчи дегани тузукроқ кийинмасаям бўлмаслигини.
– Қумри, мен оилада тўнғичиман, биласиз. Мендан кейин қаторлашиб тўрттаси турибди. Ахир уларниям вақти-соати келиб уйлаш-узатиш бор.
Қумрининг юзи бирдан совуқ тус олди. Оғзининг очилиши осон бўлди-ю, ёпилиши қийин кечди.
– Ҳали мен сизга укача-сингилчаларингизни уйлаб-жойлагани келган эканман-да! Тузук-қуруқ овқатланмасам, бир мундоқ одамларга ўхшаб кийинмасам. Ахир қачонгача отамникидан ташийман.
Тортишув устига Содиқ ака келиб қолди-ю, ўша куниёқ уларнинг рўзғорини ажратди-қўйди. Биринчи фарзандлари туғилганида уларга қўшалоқ қутлуғлик келди. Озоднинг иш жойидан икки хонали уй бериб қолишди. Шу билан турмушлари тинчигандек бўлди-ю, иккита фарзандли бўлганларида рўзғор яна остин-устин бўлиб кетди.
Ҳордиқ куни эди. Озоднинг сингиллари меҳмонга келиб қолишди. Сора ая уларни қўярда-қўймай жўнатган эди, аканглардан хабар олиб келинглар, нимагадир қовоғим бетиним учаяпти-да, деб. Анчадан бери Озоднинг ўзиям ишидан ортиб боролмаганди. Қайтанга яхши бўлди. Шу кунларда у юк машинасидан енгил машинага ўтган, хўжайиннинг содиқ ҳайдовчисига айланганди. Шунга хос феълиям, кийинишиям, муомаласиям ҳарҳолда ўзгаргандек эди. Шу боисданми, ё бошқа важданми, сингилларининг кўзига бошқачароқ кўринди. Гаплари унчаям қовушавермади. Ошхонада капгирни қозонга тарс-турс урганча овқатга шунчаки уннаган Қумриям қизларнинг юрагига аллақандай ваҳм солиб қўйгандек эди. Лекин буни сездирмасликка уринишди. Жиянларини ўйнатишганча ўтираверишди. Катта жиянлари Элёрбек эркаланиб ётоқхонадан олиб чиққан мўъжазгина қутичани аммаларига кўрсатиб қўймоқчи бўлдими, пилдираб бораётиб қўққис мункиб кетди-ю, қутичадаги бор нарса отилиб, ҳар ён сочилди. Бу Қумрининг пардоз-андоз қутичаси эди.
– Вой, манави узукни қарагин, Ширмоной. Гўзал шошиб бармоқларига бир-бир соларкан, лабини тишлади.- Каттароқ экан, бармоқларимда ўйнаб қолаяпти.
Озод не қиларини билолмай довдиради. Ўғлини уришай деса, сингилларига айил ботади, индамай деса, яна бўлмайди. Лекин каловини топди. Тилёғламаликка ўтди.
– Унақа эмас-да, полвонжон. Зеб-зийнатларни қалбан тез, аммо амалан имиллаётгандек йиғиштираркан, қўшиб қўйди. – Ўйинчоқларинг етиб ортади-ку ахир, ўғлим.
Элёрбекнинг кўзлари ҳайратдан катта-катта очилиб, лаблари ажабтовур чўччайди.
– Бу аямнинг ўйинчоқларими, дадажон.
Хонани шодон кулгу босди. Ака-сингилларнинг ўрталаридаги ўнғайсизлик шу баҳона кўтарилгандек бўлди. Ошхонадан бехос чиқиб келган Қумри эшик кесакисига елка берганча уларга бироз разм солиб турди-да, тўнтарилиб ётган қутича, айқаш-уйқаш буюмларига кўзи тушиб, зардаси бирдан қайнаб кетди. Тилла узугини нозик бармоқларига солиб, томоша қилаётган Гўзал кеннойисининг чимирилиб турганига илкис кўзи тушиб, қўрқиб кетди. Узукни шоша-пиша қутичага солди. Акасига кўмаклашаётган Ширмоной ҳам Қумрининг гезарган авзойига нигоҳи қадалиб, юраги орқага тортиб кетаёзди. Қумри лом-лим демади. Дўқиллаганча изига қайтди.
Қизлар бирдан “кетамизга“ тушиб қолишди. Кетишмасаям бўлмасди. Хаёлларида бу уйлар ҳавосиздек сиқиқ, ўтирган кўрпачалари ниналарга лиқ тўла, тайёрланаётган таом заҳар-заққумдек эди гўё. Улар Озодни машинасида элтиб қўйса керак, деган хом тахминга боришганди. Лекин акалари гараж томон юрмаганлигидан бу ҳол ҳам уларга қаттиқ таъсир қилди.
Озод сингилларини кузатиб, остона ҳатлаган заҳоти Қумрининг олатасир ҳужумига рўпара келди. Уй ичи қий-чув. Болалар уввос солиб йиғлашади. У эсанкираб қолаёзди.
– Узукнинг биттаси йўқ! Қани!
Озод, билмасам, дегандек елка учирди.
– Сингилчаларингизнинг қўлларида кўрувдим. Йўқ, мана қаранг! Қумри қутичани зардаланиб ағдарди. Бояги нарсалар яна ерга тўкилди. -Йў-ўқ! Йўқ! Боринг, қайтаринг ўша паҳмоқ сочларингизни! Ҳозироқ топиб беришсин! Йўқса, ёмон бўлади. Айтдим-а бу нимага потирлашиб, “кетамизга“ тушиб олишдийкин деб. Ҳамма гап бу ёқда экану!..
– Э, оғзингизга қараб гапиринг! Сингилларим сиз ўйлаганчалик, сиз айтганчалик эмас. Ҳали бунақанги матоҳларга ақлилариям етмайди. Мактаб болалари-ку ахир.
– Мактаб боласи?! Буни қаранг-а! Билмаган эканман, мен нодон. Ўғрилик ҳам ёш танлар экан-да! Аммо–лекин ҳамма бало шунақангилардан чиқаяпти. Ака бўлиб тулкиликларини билмас экансиз-да бундан чиқди. Вой, мен ўлай. Зўрға қутулувдим-а, тағин остонамга етиб келишибди! Қумри бирдан аламли уввос солди. – Мум тишлаб туришим керак эдими?! Ахир у узук энамнинг эналаридан қолган ёдгорлик эди…
Жанжал катта бўлди. Сингиллар ўз-ўзидан ўғрига чиқди. Титилмаган, кўз урилмаган бирор жой қолмади. Қумри Озодни қистайди, топиб беришсин, деб. Эркак боши билан қандай борсин сингилларини шубҳага олиб. Ахир улар минг йиллик жигарлари-ку! У оғир аҳволда қолди.
Юмшоқ диван четида пусганча ўтирган Элёрбек дам аламзада аясига, гоҳ бўғриққан дадасига ўғринча жавдираб қўяди. Уни кўриб Озоднинг юраги ачишиб-ачишиб кетади. Шўрлик бола йиғлагани учунми, кўзлари қизариб, қовоқлари шишинқираб чиқибди. Негадир стол устидаги тошбақа косасидан ишланган кулдонга қўл чўзиб ўйнагиси келгандек, бир-икки талпиниб қўяди-ю, аясининг аччиқ авзойидан чўчибми, ўзини орқага олади. Каравотчасида боя акасининг уввосига жўр бўлган Муқима ҳам кўз ёшини бас қилиб, дўмбоқ қўлчаларини ўйнатганча ўз тилида ғудранишга тушган.
Озод бир амаллаб тонг оттирди-ю, барвақт ишига жўнади. Ўчакишгандек хўжайини билан қўшни вилоятга ўтиб кетишганча бир ҳафтага яқин ўша ерда бўлишди.
* * *
Уйга қайтганида хоналар негадир бесаранжом, совуқ бир нимадан далолат бериб турарди. Озод безовталаниб, хоналарни бирма-бир айланиб чиқди. Гўё бир нима унинг кетидан таъқиб қилаётгандек этлари жунжикди. Шунда Қумрининг кетиб қолганига амин бўлди. Амин бўлди-ю, томоғига аччиқ бир нима тиқилгандек оғир нафас ютоқди. Намунча энди нафас олиш ҳам қийин бўлмаса? У қайнотасиникига йўл олди. Борди-ю, аҳвол совуқ тус олди.
– Узук қани?! Қайнотаси истамайгина қўл учини бераркан, ўтли нигоҳини Озодга синовчан қадади.- Сиздан сўрадим шекилли, куёв бола.
– Билмадим. Елка учирди Озод юраги совуқ увушиб. -Бир ҳафтадан бери иш билан бўлиб…
– Топасиз! Ернинг остидан бўлсаям топасиз! Таҳдидли висирлади қайнота. – У узук онамнинг оналаридан ёдгорлик эди. Асл тилла нималигини биласизми ўзи?! Қадрига етасизми?! Сингилларингиз ўғирлаб, жуфтакни ростлашибди-ку вақтни пайсалга солишмай. Яхшиси, бориб опкелинг! Ўзим боргудек бўлсам… хунугини чиқариб келаман аммо.
– Дада, сингилларим унақа эмас. Билиб-билмай ўғри санаманглар! Вужуд-вужуди қалтиради Озоднинг.- Бўҳтон бу! Туҳмат бу!..
– Ўзи асли, тенг тенги билан, тезак қопи билан, деганларича бор экан!
Бу аччиқ учириқ Озоднинг қулоғидан кириб, миясини ўпиргудек алпозда чайқади-ю, оёқларигача зирқиратиб чиқди-кетди. Шу ҳовлида тез-тез бўлиб турадиган баъзи-бир маросимларда қўли калталигидан Озод божалари олдида кўпинча мунғайиб қолар, тушкун кайфият юрагини тинимсиз тирнарди. Лекин Қумрига бўлган меҳри қайнота-қайнонасию божаларининг ҳаракатларидаги камситишга ўхшаш ҳолатлардан устун келиб, ўзини босишга изн топарди…
– Наҳот битта арзимас узукни деб…
– Нима-а?! Арзимас?! Қайнотаси ўтирган ўрнида асабий чайқалиб кетди. Лунжи пирпираб учди. Кўзларида заҳар учқунлаб, таҳдидли қисилди. Қайнонаси бош эгиб қолди. Қумри айвон устунига суянганча қотди.
– Арзимас эмиш-а?! Арзимас эмишмиш-а?.. Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр!
– Мен эркак кишиман! Битта узук экан, жонимни суғуриб бўлсаям топиб бераман. Фақат… фақат сингилларимнинг юзига қора суртманглар!..
Шундан кейин қайнотаси бояги заҳрини сочди…
* * *
Озод аясининг куюниб бўзлашига дош беролмади. Юрагида алам билан ёнаётган қайси бир дардга ҳўнг отиб йиғласин? Шу ўғлимниям уйлантириб олай деб қишин-ёзин даладан бўшамайдиган отасининг эзилишларига бўзласинми? Ука-сингилларининг меҳридан узоқлашиб кетганлиги учун кўз ёш тўксинми? Ё Қумрининг даҳмазаларига чидолмаганидан дод солсинми? Ёки қайнотасининг беписанд муомалаларидан тўйганлигидан фиғон кўтарсинми?!
– Жон болам, агар мени десанг сабр қил. Эркак кишининг тоши оғирроқ бўлмаса, панд еб қолади. Аммо бу ташвишларингни зинҳор даданглар билиб қолмасинлар. Йўқса, ёмон бўлади. Биласан-ку ахир юраги дош беролмаслигини.
Озод икки ўт орасида қолди. Турли ўйлар исканжасида ёнганча уйига жўнади. Қайнотасининг олдида ким деган одам бўлади энди. Ҳали номардлик тамғаси босилмаса эди гарданига. Бебурд бўлиб қолмаса эди бир умр боши хам кепатага тушиб.
Йўлаги рўпарасида Шарифнинг юк машинасига узоқдан кўзи тушиб, нима қиларини билолмай қолди. Етиб боргач, вазмингина қўл олишди. Шариф унинг машинаси эшикларини қулфлаётганини кузатиб тураркан, иккиланиб сўради.
– Тинчликми ўзи?
– Тинчлик-тинчлик. Озод чуқур хўрсинди. – Тинчлигига буюрсин.
– Туришингдан бир нима бўлганга ўхшайди-да, оғайни.
– Сенга шундай туюлаётгандир. Очиғи, ҳам руҳан, ҳам жисмонан роса толиқдим. Намунча бақраймасанг! Бошқа жойга кўчаяпмиз десам, балким ишонарсан. Яхшиси, қаралашиб юбор. Савоби тегади ҳарқалай.
Шариф, ҳеч нима тушунмадим, дегандек енгил елка қоққанча унга эргашди. Озод негадир кўчадиган одамга сира ўхшамасди. Кўчадиган киши уч-тўрттасини кўмакка чақирарди шекилли. Бу эса, мунғайиб… Ҳатто қадам олишининг ўзи ғалатироқ. Енгил-елпи тугун-терсагини ҳозирлаб тургувчи Қумрининг ўзиям кўринмайди негадир. Тавба, бу қанақаси энди?
Уйга кирганларида Озоднинг авзойи баттар бузилиб, томоғига бир нима кўндаланг туриб қолди. Дадажон, деб бағрига отиладиган, қийқириб “от-от“ қилиб минадиган Элёрбеги, кўзларини катта-катта очганча қўлчаларини ўйнатиб кутиб олгувчи Муқималари энди йўқ. Йўқ! Уларсиз бу уйлар, бу дунё бира йўла ҳувиллаб қолган. Қумрисиз юраги бўм-бўш саҳродек аёвсиз изғиринларга тўлган. Эҳ, ҳаёт, ҳаёт!..
Улар тўғри залга ўтиб, диванга чўкишди. Ҳозир Озоднинг тўйиб-тўйиб йиғлагиси, кўнглини зардоблардан бўшатгиси келиб кетди-ю, Шарифнинг олдида ўзини базўр босди. Сигарета олиб дўстига узатди. Тинимсиз титраётган лабига ўзиям сигарета қистираркан, шошилмай гугурт чизди. Узун симириб, кулини кулдонга қоқди. Қоқди-ю, ҳафсала билан тошбақа косасидан ишланган кулдонга ажабланиб тикилди. Шошиб қўлини чўзди. Кулнинг ичидан йилтираган нарсани оларкан, юраги бирдан тошгудек ўйноқлаб кетаёзди. Ахир, ахир бу бошига аянчли балоларни ёғдирган ўша тилла узук-ку! Шунда хаёлини чирмаган аччиқ аламлар бирпасда шубҳа остига олинган сингилларининг хомуш қиёфаларини кўз олдига қадади. Энди у тамом эсанкираб қолди. Кетма-кет ёпирилган ўйлар исканжасида узлуксиз қийноққа тушди. Қумрига олиб борсамикан? Ишонармикин?! Ё сингилларинг охир-оқибат топиб беришибди-ку, дермикан? Ахир жигарларининг юзини ёруғ қилмоғи зарур-ку. Ҳаммасидан ҳам қайнотасининг шарти нима бўлади? Онасининг зор-зор бўзлаши-чи?..
Озод номардликнинг шайтоний вас-васи ўтларида бетиним қовурилса, мардликнинг чеки йўқ қувватига дош беролмай, иккиланиб қийналарди…
1998 йил