Буюк ихтирочилар: Томас Эдисон – энг омадли кашфиётчи

Ҳузур билан тинглаётган мусиқангиз сизгача қандай етиб келиши ҳақида ҳеч қизиқиб кўрганмисиз? Аниқроғи, мусиқани ёзиб олувчи асбобнинг асосчиси ким эканини биласизми? Унда билиб олинг: бу — америкалик ихтирочи Томас Эдисон бўлиб, 1877 йилда у фонограф (яъни овоз ёзиб олувчи асбоб)ни яратди. Мутахассисларнинг фикрича, бугун АҚШ ялпи ички маҳсулотининг 16 фоизи айнан Эдисон кашфиётлари туфайли ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлардир. Бунга ёрқин мисол тариқасида дунёдаги энг катта электротехника компанияси Генерал Электриcни эслаш кифоя.

Қуш нега учади?

Томас Алва Эдисон 1847 йилнинг 11 февралида Американинг Огаё штатидаги Милан номли кичик шаҳарчада дунёга келди. Томас бошқаларга ўхшамасди. Ўта қизиқувчанлиги боис у барча эҳтиёткорликларни бир четга суриб қўяр ва оқибатда болакай жуда кўп панд ерди. Бир куни одатдагидек, ўз тажрибалари устида бош қотираётган Томас ишга берилиб кетганидан даладаги қутурган ҳайвон ҳужум қилгандагина хаёли бўлинди. Унинг қушлар ҳақидаги хулосаси эса жуда қизиқ. Жажжи кашфиётчи қушлар тупроққа аралашган чувалчанг билан озиқлангани учун ҳам парвоз қилади деган фикрга келди. Миясига ўрнашиб олган бу тўхтамга ойдинлик киритиш мақсадида Томас овқат, чувалчанг ва сувдан аралашма тайёрлаб, уни қўшнисининг қизига едириб кўради. Бўтқани тановул қилган қизалоқ касалланиб қолгач, Эдисон жазоланади.

Ёмон ўқувчи

Эдисон 7 ёшга кирганда Миланда турмуш оғирлашди. Улар қўшни Мичиган штатидаги Порт-Гурон шаҳрига кўчиб келишди. Бу ерда Томасни мактабга беришади, лекин у мактабда атиги 2 ой таҳсил олади, холос. Чунки бўлажак кашфиётчи машғулотларда жуда паришон ҳолда ўтирарди ва кўпинча ўқитувчиларнинг саволларига жавоб қайтаролмасди. Бунинг учун ўқитувчиси уни калтаклар, тенгқурлари олдида қаттиқ уялтирарди.

—Бир куни, — дея эслайди Эдисон, — ўқитувчим бир одамга мени ёмонлаётганини эшитиб қолдим. Унинг айтишича, мен бефаҳм, тентак эмишман, мени мактабда олиб қолишдан ҳеч қандай наф чиқмасмиш. Бу гап сабр косамни тўлдирди. Мен йиғлаб бор гапни онамга айтиб бердим. Ғазабланган онам ўшанда ўқитувчим билан роса жанжаллашган ва ўғлининг ундан кўра фаҳмлироқ эканини айтганди. Шундан сўнг Томасга онаси таълим бера бошлади.

10 ёшида Эдисон китоб ўқишга муккасидан кетди. Чемберснинг «Энтсиклопедия», Юманинг «Англия тарихи» китобини, Добиннинг «Ислоҳотлар тарихи», Гиббоннинг «Рим империясининг инқирози» каби асарларини ўқиб чиқди. 9 ёшида у Р.Паркернинг «Табиат фалсафаси» китобини ўқиб чиққач, уйларининг томорқасидан чиққан сабзавотларни пуллаб, ўзи учун химия лабораториясини очганди. Бу ерда Томас доимий тажрибаларини ўтказарди. Ёшликдаги «синов»ларнинг бирида у ғознинг тухумини ўзи очмоқчи ҳам бўлганди.

Унинг болалиги ҳақида эслаб, отаси: «Томас болалар ўйини деган нарсани билмас, унинг овунчоғи тутунли машиналар ва механик асбоб-ускуналар эди» деганди. Эдисонни 12 ёшида Детройт номидаги кутубхонага аъзо қилиб олишди. У ўз олдига кутубхонадаги барча китобларни ўқиб чиқиш мақсадини қўйди. Ва бу режа тўлиқ амалга ошди ҳам.

“Тimes”га тенглашган нашр

Эдисон 14 ёшга кирганида ўзи пул жамғариб, “Тҳе Гранд Трунк Ҳералд” (Асосий магистрал ахборот) номли газета нашр эта бошлади. Ахборотномада жанг майдонидаги тафсилотлар (айни ўша пайтда Америкада фуқаролар уруши бўлаётганди), ишчилар ҳаётидаги муаммолар ёритиларди. Томас газетада бир пайтнинг ўзида муаллиф, ҳарф терувчи, ношир ва сотувчи эди. Тез орада газетанинг адади 400 нусхага етиб, ўша даврнинг нуфузли нашри “Тимес”га тенглашиб олди. Лекин ўз ихтироларисиз яшолмайдиган йигитча нашрни тайёрловчи дастгоҳ турган вагончасида тажриба ҳам ўтказарди. Нима бўлди-ю, вагон портлаб, дастгоҳга путур етказди. Томасни эса ҳайдаб солишди. Шу тариқа “Тҳе Гранд Трунк Ҳералд”нинг фаолиятига чек қўйилди.

Энди Томас қўшниси Жеймс Вард билан уйлари ўртасига телеграф алоқасини ўрнатди. Ҳаваскор сифатида тажриба ўтказиб юрган Эдисон бахтли тасодиф туфайли ишларини бирмунча ўнглаб олди.

Унга омад келтирган тасодиф бир бола туфайли бўлиб, Томас уни поэзд тагида қолиб кетишига бир баҳя қолганда қутқариб қолганди. Қарангки, боланинг отаси Порт-Гурон яқинидаги «Монт Клеменс» стантсиясининг бошлиғи экан. Миннатдорчилик маъносида у Томасга телеграф ишларида ёрдам берди. Бу $25 ойлик ва тунги навбатчилик учун қўшимча ҳақ тўланадиган, Эдисон ҳаётидаги биринчи жиддий касб эди.

Биринчи ихтиро

Ўша вақтларда телеграф алоқанинг янги кўриниши бўлиб, соҳа билимдонлари қадрланарди. Тез орада Эдисон Канададаги шаҳарга кўчиб ўтди. У ерда Томас тунги навбатчиликда ишларди. Ходимининг ҳушёрлигига ишонч ҳосил қилиш учун бошлиқ Томасдан ҳар ярим соатда телеграф орқали шартли белгилар жўнатиб туришини талаб қилади. Кашфиётчи бунинг ҳам йўлини топди: аппаратга айланувчи тсилиндр ва ручкани ўрнатиб, бемалол уйқуга кетаверди. Стантсия қоровули бу мосламани вақтида айлантириб турса кифоя эди. Аммо фаровон ҳаёт узоққа чўзилмади. Бир куни Томаснинг стантсия бошқармасига кечикиб келувчи поэзд ҳақида хабар бериш ёдидан кўтарилди. Бу масъулиятсизлик оқибатида поэздлар тўқнашиб кетишига оз қолганди. Хаёлпараст йигитга жиноий иш очилишини айтиб, дўқ уришди ва уни жанжалу тўполонлар остида ҳайдашди.

Эдисон телеграф ишига 6 йил вақт сарфлади. 22 ёшни қаршилаган Томас бу касб унинг учун эмаслигини тушунди. У фақат бир нарсани — янгилик яратиш ва одамларга фойдаси тегадиган ихтироларни тезроқ татбиқ этишни истарди. Шундай қилиб у телеграфнинг янгича кўринишини яратди. У ҳам бўлса, биржа ҳисоботлари учун дастгоҳ эди. Янги телеграф Томасга $40 минг соф даромад келтирди. Ўз омадидан руҳланган Эдисон хизматдоши Поуп билан бирга дарҳол биржа телеграфларини ишлаб чиқарувчи “Попе, Эдисон & Cо.” деб номланган фирмага асос солди. Тез орада “Wестерн Унион” (АҚШдаги каттагина телеграф компанияси) улар билан беш йиллик шартнома тузди. Бир йилдан сўнг Эдисон жуда “сезгир”, микрофонли, кўмир билан ишловчи телефонни яратди.

1873 йили Эдисон ўз ходимларидан бирига уйланди. Уларнинг бир жойда ишлаши – оила мустаҳкамлигини таъминларди. Чунки Томаснинг ўз тажрибахонасида ҳафталаб қолиб кетадиган одати бор эди. У фарзандларини ҳазиллашиб, Дот ва Даш (Морзе алифбосидаги белгилар — нуқта ва чизиқ) деб чақирарди.

1875 йилга келиб эса у янада янгича қулайликларга эга бўлган телеграф турини кашф қилди. Янги аппарат бир тизимда иккитадан тўрттагача бўлган хабарларни узата оларди. “Wестерн Унион” компанияси ўзининг йиллик ҳисоботларидан бирида Эдисон ҳақида шундай дейди: “Унинг ихтиролари бизга йилига ярим миллион долларни тежаб қолиш имконини берди”. 1878 йилда Ню-Ёркни электрлаштириш лойиҳасини амалга ошириш учун у Эдисон Элеcтриc Лигҳт компаниясига асос солди. Бу компанияда токни етказиб берувчи машинадан тортиб то лампочка ва розеткаларгача яратилган. 1892 йил 15 апрелда у ҳозирги машҳур Генерал Элеcтриcка айлантирилган.

Умрининг охирига келиб Томас АҚШдаги 1093 та, бошқа мамлакатлардаги 3000 га яқин патентга эгалик қиларди. У ҳатто собиқ Иттифоқ Фанлар Академиясининг чет эллик аъзоси ҳам эди.

Томас Эдисон 1931 йилнинг 18 октябрида 84 ёшида вафот этди. Ўз умрини ўлимидан бир неча йил аввал сарҳисоб қилган Эдисон интервюларидан бирида шундай деганди: “Мен ҳаётимдан асло хафа эмасман. Чунки умрим давомида қўлимдан келган барча имкониятлардан фойдалана олдим, деб ўйлайман”. Дарҳақиқат, у юксак истеъдодига қарамай, ўз ихтироларининг роҳатини кўра олмаган минглаб буюк кашфиётчилардан фарқли ўлароқ, инсониятнинг энг омадли ихтирочисига айланди

Ҳаётидаги асосий тамойиллар

«Амалиётда қўллаш мумкин бўлмаган нарсани ихтиро қилишнинг кераги йўқ», «Агар инсонда хоҳиш ва куч бўлса, кун ҳам, тун ҳам, умуман ҳар қандай вақт ва вазият унинг қўл остидадир».

Қизиқарли фактлар:

• Бугун Томас Эдисон ихтироларининг тасвири туширилган қўлёзмалар нархи 3000-5000 долларга тенг.

• Замонавий руҳшунослар фикрича, Эдисоннинг мактаб билан боғлиқ муаммолари миянинг ўта фаоллиги туфайли юзага келадиган «диққат етишмовчилиги синдроми» деб аталувчи касалликка бориб тақалади. Тадқиқотларга қараганда, унинг онаси ўғлига нисбатан тўғри тарбия усулини қўллаган. Ва айнан шу тарбия ёрдамида Томас ўзининг нималарга қодирлигини намоён қила олган. «Менинг барча ютуқларим сабабчиси онамдир. У мени тушунар, ўз орзу-ҳавасларим йўлидан боришимга имкон яратганди», деган эди кашфиётчи.

• Бир куни Эдисоннинг хаёлига гапирувчи қўғирчоқ яратиш фикри келди. Янги тузилманинг асосини фонограф ташкил этарди. Лекин фонографнинг кичиклиги туфайли овоз жуда хунук бўлган. Бундан ташқари, дастлаб қўғирчоқ 10-15 мартадан кўп «гапиролмасди». Ва ниҳоят, қўғирчоқ жуда қиммат баҳоланди: дўконларда у 25 доллар турар (ўша вақтда бу миқдор АҚШдаги ўртача ойлик иш ҳақи ҳисобланар)ди. Эдисоннинг компанияси 3 минг атрофида қўғирчоқ ишлаб чиқарди, улардан фақат 500 тасигина сотилган холос. Улар ҳам кейинроқ қўғирчоқларни қайтариб беришган.

Муборак ОХУНОВА