Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳозирги замонда дунё жамоатчилиги томонидан энг илғор демократик тамойилларга амал қилувчи, илоҳиёт ва дунёвийликни инсонпарвар нуқталарда туташтирган, жаҳонда энг кўп мухлисга эга бўлган Хожагон-нақшбандия тариқати асосчисидир.
Мутафаккирнинг Ғиждувон шаҳри туб аҳолиси тилида фаол қўлланадиган номи — Хожайи жаҳон. Халойиқ ушбу табаррук номда ажиб ҳикмат кўради. Ғиждувон шаҳрининг обод ва фаровон маконлигидан, бозорларнинг тўкин-сочин ва арзонлигидан баҳраманд туб аҳоли, қўшни-қариндошлар, олисдан келган меҳмонлар — бари ушбу шаҳардаги файзу футуҳ, хайру баракани пири бузруквор — Хожайи жаҳон номи билан боғлаб гапирадилар. Хўш, қайси жаҳоншумул хизмати туфайли бу зоти бобаракот она-шаҳри Ғиждувон шуҳратининг жаҳоний мавқега кўтарилишига, Ватани назаркарда масканга айланишига сабаб бўлди?
Аввало, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний машғул бўлган илм ва тафаккурнинг жаҳоншумул аҳамияти унинг илоҳий моҳиятида, бу порлоқ шахсиятни Оллоҳ ёрлақаганлигида. У Хожайи Хизр сийлови билан Ҳақ аҳлининг сарвари мақомига кўтарилди.
Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват” асарида шундай нақл келтирадики: “Агар ер юзида Хожа Абдулхолиқ фарзандларидин бири бўлса эрди, Мансур ҳаргиз дор остига бормағай эрди”. Бу нақлда қандай ҳикмат бор? Ғиждувоний таълимотида машҳур Мансур Ҳалложни ўлимдан сақлаб қолиши, тасаввуф дунёқараши билан мутаассиб ақидапарастликни муросага келтириши мумкин бўлган қандай ҳурфикр ва ҳаётбахш ғоялар бор эди?
“Қиссайи Машраб”да шундай маълумот бор: “Маънийи Офоқ улдурки, “Қутбул Олам” деган бўлур. Дунёда икки Офоқ ўтубдурлар: бирлари Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, яна бирлари ҳазрати Офоқ хўжамдурлар”. Бу нақлда қандай сир бор? Хожайи жаҳон қандай умумбашарий ғоялар билан “Офоқ”, яъни “Қутб ул Олам” унвонига сазовор бўлганлар? Бундан ташқари, мазкур нақлнинг қаландарийликка оид манбада келиши ҳам қизиқ. Демак, Ғиждувоний ғоялари фақат хос тариқат аъзоларигагина эмас, балки қаландарлик сулуки талабларига ҳам мос келаркан-да.
Тафаккур дунёсида “ҳужжатул-ислом” деган унвон ҳам борки, у жаҳонда атиги икки мутафаккирга нисбатангина қўлланган. Бири — Имом Ғаззолий, иккинчиси — Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний. Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват” асарида Ғиждувонийга нисбатан “аларнинг равиши тариқатда ҳужжатдур” дейди. Хўш, тариқат пири Ғиждувонийнинг равиши, яъни йўли, феъл-атвори, табиат-тийнати, ғоявий тизимининг тариқатда ҳужжат бўлишга сазовор қандай хосиятлари мавжуд?
Аввало, тариқат ва зикрнинг моҳиятини мухтасар изоҳлаш зарур. Маълумки, исломий тасаввуфий таълимот нуқтаи назаридан инсоннинг маънавий-руҳий комилликка эришиши шариат, тариқат ва ҳақиқат босқичларидан иборат. Ислом ёки художўйлик йўлига кирган солик, яъни йўловчи, изловчи мана шу босқичларни босиб ўтиши зарур. Бу босқичлар бир-бирини тақозо этади.
Шариатсиз тариқатга кириб бўлмайди, тариқатсиз ҳақиқатга эришилмайди. Тариқат — шариат қонун-қоидаларини бажариш ва Оллоҳ таоло муҳаббатига муяссар бўлиш йўли. Шариат — назария, тариқат амалиётдир. Ҳақиқат — мақсад, тариқат — услуб, фаолият шаклидир. Тасаввуф таълимоти тадқиқотчилари таърифларича: “шариат ёнғоқнинг пўчоғи бўлса, тариқат пўчоқ ичидаги пўстлоқдир, ҳақиқат эса пўстлоқ ичидаги мағиз”; “шариат — ер, тариқат мазкур ерда унган дарахт, ҳақиқат эса шу дарахтнинг меваси”; “тариқат — фано, яъни ўздан кечиш, ҳақиқат — бақо, яъни ботил (бузилган, беҳуда) ишлардан кечиш, ҳақ ишларга боғланмоқ”; “шариат — қонун, тариқат — йўл”, “қонун вужуд ва қалбни тарбиялайди, “йўл” кўнгилни поклаб, руҳни нурлантиради”.
Ғиждувоний тариқатининг оламшумул, умумбашарий моҳият касб этишида бу тариқатнинг зикр услуби катта аҳамиятга эга. Аёнки, Ғиждувоний тариқатининг услуби — хуфя зикр, кўнгил зикридан иборат бўлган. Хўш, зикрнинг моҳияти нимаю кўнгил зикрининг хосияти қандай? Зикрни тасаввуф аҳли мақомлар сайри жараёнида фикрий-руҳий қувватни, тафаккур малакасини шакллантиришнинг энг яхши йўли деб билганлар. Зикрнинг моҳияти Тангри таолонинг номини ёд этишдир. Тасаввуфдаги бу ҳол Қуръоннинг “Мени ёд этинглар, токи мен сизларни ёд этай” мазмунидаги оятидан озиқланган. Зикр сўфийга шундай имконият берганки, у камоли мушоҳадага берилган. Зикр ҳолатида сўфий бутун руҳий қобилиятини Оллоҳнинг номини зикр этишга сафарбар этган, унга нисбатан шу қадар ички шавқ пайдо қилганки, қолган ҳамма нарсани унутиш даражасига етган.
Мутафаккир ўз рубоийсида зикрни бундай талқин этади:
Жоно, лабам аз зикри ту хомўш мабод,
Ёди ту зи хотирам фаромўш мабод.
Ҳар жо зи шумо ба лаб ҳадисе гўянд,
Зарроти вужуди ман ба жуз гўш мабод.
Рубоий Эргаш Очилов таржимасида бундай жаранглайди:
Бир лаҳза тилим тин олмасин зикрингдан,
Бир лаҳза дилим тўхтамасин фикрингдан.
Ҳар узви қулоққа айланар жисмимнинг
Ҳар қайда сўз очсалар сенинг зикрингдан.
Демак, сўфийнинг вужуди, руҳи, фикру зикри Оллоҳ ёди билан бўлиши лозим.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг кўнгил зикри жуда катта тарбиявий, маърифий, инсонпарварлик моҳиятига эга. Аввало, у сўфийни хўжакўрсинча, намойишкорона “тақводорлик”дан сақлайди. Кўнгил зикри риёдан холи эканлиги билан ҳам аҳамиятли. Иккинчидан, ҳуфя зикр энг самимий ва олий муҳаббат кўнгилда камол топишини таъминлайди. Учинчидан, зикри хафий инсон кўнглини энг мўътабар саждагоҳ даражасида илоҳийлаштиради. Чунки Оллоҳ кўнгил зикрига мойил ҳар бир инсон қалбида яшайди. Ғиждувонийнинг кўнгил зикри миллий истиқлол мафкурамиздаги “Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда” ғояси билан ҳамнафас. Тўртинчидан, дунёвий муҳаббат сингари, Оллоҳ муҳаббати ҳам элга дастурхон қилиб ёзиладиган туйғу ёхуд шон-шуҳрат воситаси эмас. У билан баралла бонг уриб довруғ таратмасдан, уни кўнгил мулки, сеҳрли-синоатли туйғу сифатида пинҳон сақлаган маъқул.
Навоий талқинича, кўнгил зикри каромати туфайли, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг инсониятга ибрат ва сабоқ бўлган фазилатларидан бири шуки, улар “бидъат ва ҳаво мухолафатида қадам урубтурлар ва пок равишларин ағёр кўзидин яшурубтурлар”. Энди мушоҳада қилиб кўрайлик-чи, машҳур Мансур Ҳаллож ҳам “пок равишин ағёр кўзидин яширса”, “Анал — ҳақ!” деб баралла айю ҳаннос солмаса, зинҳор дор остига борармиди? Англашиладики, одам фақат ўз айбинигина яшириб юрмасдан, пок хислатини ҳам пинҳон тутгани маъқул. Бу, биринчидан, покиза сийратини ёмон кўздан асраш, иккинчидан, душман ғашини қўзғамаслик, учинчидан, камтарлик, яъни ўз фазилатини кўз-кўз қилиб мақтанишдан сақланиш учун зарур. “Аз дарун шав ошнову ва з-берун бегонаваш”, дейди мутафаккир. Яъни, ичдан, кўнгилнинг тубида Оллоҳга дўст бўл, аммо буни сиртингга чиқаришинг, муҳаббатингни ошкора изҳор этаверишинг шарт эмас. Ташқаридан бегонаваш кўринсанг ҳам бўлади. Хожагон-нақшбандия тариқатидаги “ботинан Ҳақ бирла, зоҳиран халқ бирла” бўлмоқ равиши ҳам хуфя зикр фазилатидан вужудга келган.
Инсоннинг эътиқоди, қайси мазҳаб ёки тариқатни қабул қилиши, зикрнинг қайси услубини танлаши ихтиёрий, бугунги ҳуқуқий тил билан айтганда, виждон эркинлигидир. Масалан, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг устози, Шайх уш-шуюх Юсуф Ҳамадонийнинг зикр услуби самоъ, шу устоз қўлида бирга сабоқ олган мактабдоши Хожа Аҳмад Яссавий тариқатининг услуби эса жаҳрия бўлган. Аммо кўнгил зикри йўлини тутган Ғиждувоний зикри самоъни инкор этмаган. У ўз рубоийларидан бирида: “Инкор макун самоъву мақбул мадор”, яъни: “Майл этма самоъга, қилмагин ҳам инкор”дейди. Бу Ғиждувоний дунёқарашидаги бағрикенглик фазилатидан дарак берадики, у ҳам миллий истиқлол мафкурамиздаги асосий ғоялардан бири — толерантликка ҳамоҳангдир.
Маънавиятимизнинг тафаккур хазинасига Ғиждувоний ҳадя этган ғоялар, асос солган тариқати ва асарлари бугунги миллий истиқлол мафкурамизнинг муҳим илдизи ҳамда манбаларидан, десак, муболаға бўлмайди.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний таълимоти жаҳоний шуҳрат қозонишига сабаб унинг умумбашарий моҳият касб этганидадир. Ғиждувоний тариқати соликни жамиятдан тамоман ажралиб қолмасдан, таваккул ихтиёр этиб, халқ билан бирга бўлиш ва ўз кучи билан ҳалол меҳнат қилишга даъват этади. Ушбу таълимот талаби шундайки, солик меҳнат жараёнида, суҳбат ва сафарда “зоҳиран халқ бирла, ботинан Ҳақ бирла” бўлиб, ўз тирикчилиги таъминотини бошқалардан тиламай, ўз ҳаракати билан қўлга киритсин. Бу энг ҳалол ва ҳурфикр маслак эди. Унинг шартларига шоҳ ҳам, дарвеш ҳам риоя этиш имконига эга бўлган. Бу таълимот ўз моҳиятида дунёвийлик билан илоҳийликни мувофиқлаштира олган. Миллий истиқлол мафкурамиздаги “Дунёвийлик — даҳрийлик эмас” ғояси ўз илдизлари билан ана шу моҳиятга бориб боғланади. Мазкур маслакдаги кишилар тирикчилик ташвишлари, санъату ҳунар машғулоти, дунё неъмату меҳнатларидан қўл узмаган ҳолда Оллоҳ билан дўстлашиш бахтига муяссар бўлганлар. Хожагон-нақшбандия таълимоти шу жиҳатлари билан халққа яқин тарзда шакилланган, элнинг барча тоифаю табақалари орасида кенг ёйилган, жаҳоншумул моҳият касб этган.
Нусратулло Жумахўжа,
филология фанлари доктори
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ўгитлари
Эй, менинг ўғилгинам, сенга насиҳат қилайин, тақво (парҳезгарлик)ни ўзингга шиор қилиб ол, ибодат вазифаларини доимо бажар. Ўз ҳолатингни ҳар доим кузатувчи бўл. Ҳақ таолодан доимо қўрқувда бўл. Худои таолонинг, Расулуллоҳнинг, ота-онанинг ва барча машойихларнинг ҳақ-ҳуқуқларини адо қилувчи бўлки, бу хислатлар билан Ҳақ таолонинг розилигига мушарраф бўлурсан.
* * *
Хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ пинҳона бўлсин, хоҳ Қуръонга қараб бўлсин, хоҳ ёддан бўлсин, Қуръон ўқишни асло тарк қилма. Қуръонни фикр билан, қўрқув ва йиғи билан ўқи. Барча ишларда Қуръонга ружуъ қилгилки, Қуръон халқ учун Ҳақ таолонинг ҳужжатидир.
* * *
Илм қидиришдан бир қадам ҳам узоқлашма, фиқҳ илми ва ҳадис илмини ўрган. Тақлидчи сўфийлардан узоқ бўлгинки, улар дин йўлининг ўғриларидир ва мусулмонларни йўлдан урувчидирлар.
* * *
Ҳамиша суннатга амал қил, ўтмишдаги улуғ уламоларнинг мазҳаб (йўллар)идан юргинки, ҳар қандай бидъат макруҳдир. Ёшлар ва аёллар билан доимий суҳбатда бўлма. Бидъатчилар ва бойлар билан улфат бўлмагинки, улар сени диндан айирадилар. Суҳбат қурсанг, фақирлар билан қур, ўз юкингни ўзинг кўтар, ҳалол егинки, ҳалоллик яхшиликларнинг калитидир. Ҳаромдан қочгинки, акс ҳолда Ҳақ таолодан узоқлашасан… Ҳалол егинки, бундан ибодатнинг ҳаловатини топасан…
* * *
Яхши номга эга бўлай десанг, ном чиқарма. Нафсинг хор бўлиши учун кўп сафар қил. Машойихларнинг ҳурматини жойига қўй….Бировнинг мақтовига учма. Биров ёмонласа, хафа бўлма. Халқнинг мақташи ёки ёмонлаши сен учун бефарқ бўлсин. Халқ билан чиройли муомала қил. Доимо адаб сақла. Барча ҳолатда яхшига ҳам, ёмонга ҳам лутфу марҳамат билан муомала қил.
(“Тариқат одоби” рисоласидан)
* * *
Аслида зуҳд шундайки, дунёнинг тамоми моли унинг қўлида бўлса ҳам, дилида молу дунёга заррача меҳр қўймайди. Бундай киши етук кишидир. Унинг моли диндур.
* * *
Сўрадиларки, бемор дилнинг давоси нима? Шайх — Оллоҳ унинг руҳини муқаддас қилсин—буюрдилар: “Унинг давоси шуки, уламоларнинг суҳбатига интилади. Уларнинг хизматида туради. Уларнинг айтганини қабул қилиб, машойихлар ҳузурида бўлади. Шундагина унинг дилидан дунёга бўлган муҳаббат кетади”. Расулуллоҳ айтадилар: “Ўлим келмасидан аввал унга тайёргарлик кўринглар”.
* * *
Ризо — бу шодликдир. Яъни Ҳақ таоло томонидан неки бало ва кулфат етса, бунга хушнуд бўлади. Ва кўнглимиз бу балоларга қарши эътироз қилмайди, чунки балолар дўстдан келгандир.
* * *
Дил зикрининг тўртта шарти бор: биринчиси шуки, шайх қайси тартибда ўргатган бўлса, шу тартибда айтади. Натижада “Азкуркум” (Сизларни ёдлайман) сўзининг гулидан мева ҳосил бўлади. Иккинчиси шуки, луқмада эҳтиёт бўлади, шубҳали луқма дилни қорайтиради, қорайган дилдан эса зикр ҳосили чиқмайди.
* * *
Билгинки, дил ибодати муҳаббатдир. Чунончи, Ҳақ таоло буюради: “Агар сизлар Аллоҳни севсаларингиз, бас, менга тобе бўлинглар, шунда Аллоҳ ҳам сизларни севади”. Расулуллоҳ айтадилар: “Кимки Аллоҳнинг расулини севса, Аллоҳ ҳам уни севади”.
“Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний айтганлари”дан
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 48-сонидан олинди.