Баҳодир Аминов. Фарғона: фожеа, миш-миш, ҳақиқат (1989)

БОШГА КУЛФАТ ТУШГАНДА

Азал-азалдан донолик руҳида тарбияланиб келган, меҳр-оқибат туйғуларини ўзгалардан қарз олишга муҳтож бўлмаган халқимиз: «Бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака қочади», деб жуда яхши айтган. Шунинг учун жанжал чиқиши даргумон тутилган катта-кичик жойларга энг аввало зукко ва доно қариялар таклиф этилганлар. Қанчалар аччиқ эса-да, уларнинг етти ўлчаб, сўнгра айтган сўзлари кескин ва кескир бўлган. Ҳақиқат ва адолат тарозисида тортилган ана шундай сўзгина қатъий ва улуғвор сўз бўлиб жаранглайди.

Фалсафий чекинишимиздан буромад битта: хунрезлик фожеаларида бирорта қария у ёқда турсин, мулоҳаза ва мушоҳада билан иш юритиш ҳаётий тажрибасига эга бўлган ўрта ёшдаги кишилар ҳам иштирок этмаганлар. Лекин улар оддий кузатувчи сифатида ўзларини четга олиб қараб туришгани ҳам йўқ: оталар виждон ва имонни, оналар чирқиллаб турган гўдакларини ўртага қўйиб, фарзандларини фалокатли йўлдан қайтаришга уриндилар, опалар ва сингиллар сочларини ёйиб, ўз ака-укалари оёғига ташланиб дод солдилар, балойи-қазо комидан уларни даф этмоқчи бўлдилар. Кўп ҳолларда ҳаракатлар зое кетди, айрим пайтларда, оз бўлса-да, бу ишларнинг нафи тегди. Партия ходимлари ва раҳбарлар орасида ҳам ўз жонларини гаровга қўйган ҳолда фожеавий вазиятлар тизгинини ёрдам етиб келгунга қадар ушлаб туришга қобил кишилар бўлди.

Умуман, Фарғона музофотининг деярли барча жойларида аҳвол кескин ва хавфли эди. Одамлар даҳшат исканжасида қолдилар, саросимага тушдилар, дастлабки пайтлардаги нотайин вазият: ҳатто ички қўшинларнинг бу ерга келтирилган ҳарбий бўлинмаларининг ҳаракатсизлиги вужудларга ғулғула солди. Қўқон партия ва совет идоралари раҳбарларининг ўта даражада бепарволиги ва лоқайдлиги икки юз минглик шаҳар аҳолиси бошига катта кулфатлар келтирди.

Ахир, ўзингиз ўйлаб кўринг: қонли воқеалар арафасида — 5 июнь куни Қўқон шаҳар партия комитетининг иккинчи котиби Юрий Гончаров енгил саноат машинасозлиги заводида учрашув ўтказади. Ишчилар Қувасой, Фарғона, Марғилон, Тошлоқ, Комсомолдаги даҳшатлар бу ерда ҳам рўй бермаслигига кафолат борми, деган савол билан мурожаат этадилар. Котибнинг ўта осойишталик ва хотиржамлик билан берган жавоби: «Ваҳимага тушишнинг ҳожати йўқ. Шаҳар атрофини мингга яқин солдатлар қўриқлаб туришипти, аҳоли тинчига ҳеч кимса раҳна сололмайди».

Жинояткорона совуққонлик! Тўйдан кейин қўйилган хинадай таассурот қолдирган — қонли воқеалардан сўнг зудлик билан тузилган ишчи дружиналари айни ана шу хатарли онларда шакллантирилиши, аниқ-равшан ҳаракат программаси билан таъминланиши лозимлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турган эди-ку! Оқибат нима бўлди? Орадан бир кун ўтиб, шаҳар уч кун давомида батамом ҳокимиятсиз қолди. Жазавага тушган оломон жазавага тушган қуролли кишилар томонидан ўққа тутилди.

Худди мана шу раҳбар, яъни Юрий Гончаров шаҳардаги воқеалар кескин тус олиб турган, бутун жумҳурият юрак ҳовучлаб, нафасини ичига ютиб, вужуди қулоққа, борлиғи кўзга айланган хавотирли ва таҳликали дамларда Ўзбекистон телевидениеси мухбирининг томошабинларга бирор сўз айтиш ҳақидаги илтимосини кескин рад этди. Бу нима — қўрқоқликми, нописандликми? Ҳолбуки ҳукуматимиз раҳбари ўртоқ Н. И. Рижков Ўзбекистон телевидениеси мухбири билан суҳбатни айнан ана шу ерда — Қўқон шаҳрида ўтказди, миллионлаб кишилар бу суҳбатни қониқиб тингладилар. Шаҳарнинг ўз раҳбарлари эса, мухбир билан суҳбатлашсалар, мартабадан тушиб қоладигандай йўл тутдилар! Бу воқеа хусусий кўринишдай туюлса-да, мафкуравий ишларнинг қай даражада ўлда-жўлда аҳволга ташлаб қўйилгани ва унинг хунук оқибатларини кўрсатади.

Қўқон шаҳри ва унинг атроф мавзелари аҳолисининг сўнгги кезларда бу жойларда экологик вазият кескинлашганидан норозилик туйғулари жунбушга келган эди. Сўх сув омбори қурилиши муаммо бўлиб турарди. Янги Қўқон Кимё заводи, тугатилиши аллақачон ваъда берилган суперфосфат заводи атроф муҳитини ва ичимлик сувларни заҳарлашда давом этарди, митинглар ва халқ депутатлари билан учрашувларда меҳнаткашлар бу масалаларни пайсалга солмай ҳал этишни талаб қилардилар. Ана шундай бир вазиятда — 7,8 июнь кунлари шаҳарда тўс-тўполонлар ва ғалаёнлар бошланиб кетди. Социал-иқтисодий талаблар билан кўчаларга чиққан одамлар уч томондан — Поп, Риштон, Бешариқ томондан кириб келган оломон билан қўшилишиб кетди. Бир гуруҳ одамларнинг қўлида кетмон ва паншахалар, бошқа гуруҳ одамлар қўлида шиорлар ва талабномалар. Вазиятнинг ана шу чигал ва мураккаб тугунларини атайин назардан қочирган баъзи раҳбарлар ва уларга эргашган мухбирлар «экстремистик гуруҳлар қайта қуриш ва демократия шиорини ҳам ниқоб қилиб олганлар», демоқчи бўладилар. 7 июнда шаҳар милицияси биноси олдида, 8 июнда шаҳар партия комитети биноси олдида тажовузкор гуруҳлар ҳам, ўз дарду ҳасратини шиор қилиб ёзиб чиққан тинч намойишчилар ҳам ўққа тутилади. Кўплаб бегуноҳ қон тўкилади.

Қўқонлик Маҳмуд Султонов ҳикоясидан: «Жағ суягим операция қилиниб, шаҳар ички ишлар бўлими биносига яқин жойлашган 1-шифохонада даволанаётган эдим. Қасир-қусур ўқ овозлари эшитилиб қолди. Юзларида саросима зуҳур топган шифокорлар бизни у томонга қўйишмади. Орадан ярим соатлар ўтиб, «тез ёрдам» машиналари шифохона ҳовлисига тўлиб кетди. Мен бунақа манзарани умримда кўрмаганман: ҳамма ёқ қон. Ўликлар, ярадорлар… Баъзиларнинг афт-ангори дабдала бўлганидан одам сиёғи қолмаган. Бир ярадор қўйилган хона эшигига «номаълум киши» деб ёзиб ҳам қўйишди. Наҳотки шуларнинг ҳаммаси Фарғона фожеаларининг гуноҳкорлари бўлсалар? Ишонолмайман…»

Тошкент Автомобиль транспорти ва йўллар институти талабаси, қўқонлик Бахтиёр Аминов ҳикоясидан: «Рафиқам Нодирахон шаҳар милицияси биноси яқинидаги боғчалардан бирида ишлайди. Иш вақти тугаганига қарамасдан келавермади, хавотир олдим ва велосипедимни миниб, ўша томон ҳайдадим. Минглаб одамлар йўлни тўсиб қўйган эдилар. Нима бўлаётганини билмай, берироқда — дарахт остида тўхтадим. Бир пайт ҳамма ёқни қасира-қусур ўқ овозлари тутиб кетди. Армия хизмати муддатини бундан уч йил бурун тугатиб қайтганман, ўша ерда ҳам бунчалик ўқ овозларини эшитмаган эдим. Бир пайт шундоққина тепамдаги дарахт шох-шаббаларини пайдарпай ўқлар шивалаб ўтди. Худди чинакам жанг чоғидагидек пусиб ва қаддимни букиб, бу жойдан ўзимни зўр-базўр олиб қочишга улгурдим. Хотиним бошқа йўл билан уйга бориб, гўдагини бағрига босганича минг хавотирликда мени кутиб ўтирган экан…»

Қўқон енгил саноат машинасозлиги заводи ишчиси Мамат Тожибоев ҳикоясидан: «Шаҳар партия комитети биноси олдидаги митингда мен ҳам иштирок этдим. Йиғилганлар жуда кўпчилик эди. Бирортасининг қўлида на тош, на таёқ бор эди. Биз қуруқ ерда ўтирганимизча қаршимизда сўзлаётган шаҳар партия комитетининг биринчи котиби Ҳикмат Мусабековнинг сўзларини тинглаётган эдик. У социал-иқтисодий масалаларга доир ёзма талабномамизни қўлида ушлаб, биринма-кетин ундаги сўровларга жавоб қайтарарди. Рўпарамизда қалқон, автомат ва резина таёқ билан қуролланган солдатлар тизилишган эди. Тўсатдан отишма бошланиб қолди. Ваҳима ичида қолган оломон ҳамма томонга тирқираб қоча бошлади. Мен бетон ариқ ичига тушиб ётиб олдим. Одамлар устимдан ҳатлаб ўтишарди. Ариқ ичида судралиб, хиёбоннинг охиригача бордим. Тура солиб, шу ерга яқин кўча ичига ўзимни урдим. Ваҳима ичра ортимга боққанимда думалаб ётган одамларнинг гавдасига кўзим тушди, вой-войлаган овозлар қулоғимга чалинди. Рости, ўлимдан қолдим. Кейинчалик билсам, анчагина одам ўққа учган экан…»

«Меҳнат байроғи» газетаси редакциясининг биноси ҳам шу ерда жойлашган. Шаҳар журналистлари бино ойнасидан воқеаларни кузатиб туришган. Улар ваҳима ичра қочиб, йиқилиб қолган одамларнинг резина таёқлар билан калтакланишини ҳам ўз кўзлари билан кўрганлар.

Боя айтганимиздай, шаҳарда ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб кетган. Тинч намойишчилар билан тажовузкорлар гуруҳи баъзан қўшилишиб кетган. Орқа томондан котиб сари отилган тош автоматларнинг ишга тушишига кифоя қилган. Мамлакатимизнинг турли жойларида бўлиб турган тўс-тўполон пайтлардагидай аҳвол рўй берган: кимдир биринчи бўлиб ўқ отган, лекин ким биринчи бўлиб буйруқ берганлиги номаълум. Дастлабки расмий маълумотларга қараганда, йигирма киши ўлдирилган, бир неча ўнлаб кишилар яраланган. Совет ҳокимияти йиллари ичида Қўқон шаҳри ҳеч қачон бундай талотўп исканжасида қолмаган эди. Халқ бошига чинакамига кулфат ёғилди.

Фарғоналик табаррук қария — 86 ёшли Муҳаммадбек Сулаймонов айтганидай, хонадонларга ўт кетса, кўп нарса вайрон бўлади, лекин дилларга ўт туташса, унинг чорасини топиш мушкул бўларкан.

БИР РИВОЯТ ХУСУСИДА

Рус халқ оғзаки ижодига мансуб бир ривоят бор: эмишки, бир сайёҳ узоқ ўлкаларга ёлғиз сафарга чиқибди. Борлиқни тун зулмати қоплаб келаётган паллада у йўлдан адашибди. Атроф-теваракда бўриларнинг улиши, бойўғлиларнинг хунук сайроғи сайёҳнинг кўнглига ваҳима солибди. У саросима ичра ҳаётдан батамом умидини узиб турган бир пайтда рўпарасида хушрўйгина бир йигитча пайдо бўлибди-да, сайёҳга йўл кўрсатибди: «Сенинг учун биргина нажот йўли ана шу», дебди у.

Ҳайратдан ёқа ушлаган сайёҳ: «Сен кимсан, қаердан пайдо бўла қолдинг?», деб сўрабди. Йигитча: «Мен — шайтонман», дебди, «Шайтон бунақа бўлмас эди, шекилли, — деб эътироз билдирган бўлипти сайёҳ, — уни бадбашара, хунук, минг хил қиёфага кириб товланадиган шарпа, дейишардику?» «Ҳамма гап шундаки, — деб мулойимлик билан жавоб берибди хушрўйгина йигитча қиёфасидаги шайтон, — менинг қандай қиёфага киришим менинг расмимни чизган ва чизаётган одамнинг мўйқаламига боғлиқ. Сенинг тасаввурингда эса мен ҳозир кўриб турганингдек қиёфадаман». Шайтон шундай дебдию, кўздан ғойиб бўлибди. Сайёҳнинг умри ёнига қолибди.

Фарғона фожеаларининг тасвири, талқини ва таҳлили, холисанилло муносабатни тақозо этгани ҳолда, сўз ифодаси учун оғиз бўшлиғида айланаётган тилимизга, қоғоз узра йўрғалаётган қаламимизга, виждонимиз ва масъулиятни қанчалар чуқур ҳис этишимизга боғлиқ. Афсуски, айрим ҳамкасабаларимиз, айниқса марказдаги мўътабар газета ва журналларнинг мухбирлари шайтонни қандай қиёфада кўришни хоҳласалар, шу йўлда ранг чаплаб ташламоқдалар. Халқ бошига кулфат тушган Фарғона воқеасидай таҳликали дамларда, покликни нопокликдан фарқ қила билган зотгина ўз сўзига ишонтира олади кишини.

МУАММОЛАР ИЛДИЗИ ЧУҚУР…

Икки халқ-элат ўртасидаги низо-нифоқни бартараф этиш керакми ёхуд улар орасига душманлик уруғини сочиб, бир-биридан хун ва қурбон талаб қилишни давом эттириш лозимми?

Ҳозирнинг ўзидаёқ қатлам-қатлам асарлар жилдига жо бўлгулик матбуот материалларини назардан кечирсангиз, халқ шаънига айтилган ҳақоратомуз сўзлардан тортиб, ростлигига ақл бовар қилмайдиган, гўё атайин тўқиб чиқарилгандай таассурот қолдирувчи тафсилотларгача дуч келасиз. Бюрократиянинг ҳамма соҳалардаги ўзбошимчалиги ва тазйиқини ҳис этган одамлар матбуотнинг ошкоралик туфайли юзага чиққан ҳақ сўзига эндигина умид боғлаётган эдилар. Айрим марказий матбуот нашрларининг воқеаларни ўз билгича талқин этиши, реакцион (ҳали ақли-ҳушини йиғиб олмаган 12 яшар болани экстремист деб аташга журъат ва жасорат сезган газеталарга нисбатан бу сўзни ишлатишдан биз ҳам ўзимизни тийиб туролмадик) йўл тутиши воқеалар моҳиятини ҳали-ҳозиргача англаб етмаган маҳаллий кишиларни қаттиқ ранжитди, маълум маънода матбуотдан уларнинг ихлосини қайтарди.

Аслида экстремист деган сўзнинг маъноси нима? (Луғатда бу сўз қуйидагича изоҳланади: Экстремизм — асосан сиёсатда — кескин фикр, қаттиқ тадбирларни ёқлаш: экстремист эса, экстремизм тарафдори демакдир). Беш минг, ўн минг, ўн беш минг кишилик оломон (аввало ана шу ўринда «оломон» деган иборанинг ўзи ҳам тўғри-нотўғрилигини ўйлаб кўриш керак)нинг ҳаммасини ёппасига экстремист, гиёҳванд, пиёнисталар деб аташ мумкинми? Балки ана шу тўданинг ўнтасини, ҳа, борингки, юзтасини экстремист (мана шу сўзни ишлатишдан ўзни тийишнинг асло иложи бўлмай қолса) деб аташ мумкиндир. Аммо бир неча минг кишининг ҳаммасига машъум сўзлардан ёрлиқ ёпиштириш, ёппасига тамға босиш шартмикин? Расмий ахборот воситалари тез орада бошқа сўз кашф этдилар — уларни газандалар деб атай бошладилар. Маҳаллий кишилар ботиний бир хавотирлик билан: агар иш шу зайилда бораверса, бу ердагиларни босмачига чиқариб қўйиш ҳам ҳеч гап эмас, деб ташвишга тушиб қолган эдилар. Ташвишлари чиппакка чиқмади: биринчи бўлиб «қулоқчўзма»ни «Труд» газетаси олиб қочди. У ўзининг 15 июнь сонидаёқ шундай хулосага келди: бу ерда рўй берган воқеалар аллақачон тарих саҳифаларига айланиб қолган босмачилик ҳаракатига ўхшаб кетаркан. «Ўз позицияларини узоқ муддат мустаҳкам сақлаб турган босмачилик ҳаракати айнан ана шу районларга тўғри келади», деб ёзади мухбир. Бошқа бир москвалик мухбир эса, ўз ҳамкасабаси фикрини янада «равшанлантириш» учун «аниқлик» киритади, яъни устарада қиртишлаб олинган соч «ғазаб ва қасоскорликнинг босмачиларга хос белгиси» деб таърифлайди (Анатолий Головков, «Огонёк» журнали, 1989 йил, 29-сон). Бундай муҳокама юритиш усули билан дўппи кийган, салла ўраган кишиларни ҳам бир ўрамга олиб, улар устидан ёвузларча ҳукм чиқариб юбориш ҳеч гап эмас-ку?!

«Ўнлаб ва юзлаб йиллар давомида шаклланган феодал структураси қанчалар ажабланарли бўлмасин, йўқолмади, балки маъмурий-буйруқбозлик системаси доирасида янада хунук шакллар касб этган бўлиб, анчайин барқарордир». Ана, холос! Аҳолисининг атиги икки фойизигина саводли бўлган, эндиликда ёппасига саводхон ўлкага айланганлиги ҳақидаги кўзни қамаштирувчи жимжимадор рақамлар қаерга йўқолди? Интернационализм ғояларига беқиёс садоқати ҳақидаги фарахбахш сўзлар бирпасда қаёққа ғойиб бўла қолди? Демак, феодализм ботқоғида ҳали-ҳамон ботиб ётган эканмиз-да? Наҳотки кароматгўй Анатолий Головков ана шундай тафаккур тарзи билан миллий туйғуларга ўт қалаётганлигини англамаётган бўлса?

«Ўзбекистонда ўн минглаб месхети турклари истиқомат қилади — демак, миллатчилик ёнғини вилоятдан вилоятга ўтиб боради» («Комсомольская правда», 7 июль). Мана сизга «башоратгўйлик»нинг яна бир намунаси!

Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети, Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми ва Министрлар Советининг ўзбек халқига, республиканинг барча аҳолисига Мурожаатномасида: «Дўстлик ва қардошлик тақдири бугун ўз қўлимизда. Арғамчига қил қувват, дейдилар. Дўстлигимиз ипи узилмасин, қаердаки унинг битта-яримта чоки сўкилган бўлса, унинг ўрнини минг қават меҳр-муҳаббат иплари билан боғлайлик», дея жумҳуриятимизда истиқомат қилаётган юзга яқин миллат ва элат вакилларига қарата жар солиб турган бўлсаю, ўзларини кароматгўй ва башоратгўйлар сафига мансуб кўрганлар иғво, уйдирма ва миш-мишларни тарқатишдан наҳотки тийинолмасалар? Бошига тушган кулфатлардан, фожеа ва фалокатлардан карахт ҳолдаги халқимизга нисбатан ҳамияту оқибат шуми?! Яхши дўст жароҳатларга малҳам бўлишда билинади. Ҳаётнинг энг катта ҳақиқатларидан, улуғвор сабоқларидан бири бу! Буни унутиш муқаддас қадриятларни топташ билан баравар.

Фожеа ва кулфат ижтимоий муаммолар энг кўп йиғилиб қолган Фарғона музофотида рўй берганлиги аён ҳақиқат. Иттифоқ ҳукумати раҳбарлари бу ерда бўлганларида жумҳурият раҳбарлари эътиборини ҳал қилиниши жуда зарур ана шу масалаларга қаратдилар, вақт ва фурсатни қўлдан бой бермасликка, моддий ресурсларни қидириб топиб ишга солишга чақирдилар, ёрдам ваъда қилдилар. Яроқли кишиларнинг қирқ фоизи ишсиз бўлган Фарғонада иш жойлари тайин этиш учун жумҳурият ҳукумати яқин муддатларга мўлжалланган программа қабул қилди. Яхшими бу, ёмонми? Албатта яхши-да. Бироқ шу яхши ишларга ҳам соя ташлашга уринишлар борлигидан қандай хулосага келишни билмай қоласан, киши. «Собеседник» ёзади: «Энг муҳими — исён, моҳиятан, ғалаба қозонди. Месхети турклари кўчириб юборилди, кўз олдимизда эса, олдинма-кетин Фарғонанинг социал муаммоларини тезроқ ҳал этиш ҳақидаги мақолалар пайдо бўла бошлади. Ибрат бўларли ҳодиса юзага чиқди — қонли тўқнашувлар, ваҳшиёна тажовузкорлик билан ҳукуматга тазйиқ ўтказиш ва ўз истагига эришиш мумкин экан-да» (29-сон). Зўравонлик ва тажовузкорлик ҳеч қачон миллий қиёфага эга бўлмаганлиги ва у бундай белгилардан маҳрум эканлигини эсласак, «Собеседник» мухбири нима демоқчи эканлигини англаш қийин эмас. Бўлиб ўтган фалокатли воқеалар учун жазо чоралари талаб қилмоқчи у! Бусиз ҳам жазоланиб бўлдик. Фарғонада бир гуруҳ жиноятчилар томонидан содир этилган ваҳшийлик оқибатлари — ёндирилган уйлар, ўлдирилган одамлар, хонумонидан, жигаргўшаларидан ажралган кишилар — халқимизнинг ҳали-бери дилидан аримайдиган дардлари. Лекин ўзининг ваҳшиёна қилмишлари учун жазоланиши лозим бўлган кимсаларнинг гуноҳини халқимиз икки умрда ҳам кечирмайди. Навқирон ва айни куч-ғайратга тўла йигитларимизни йўлдан оздирган, уларнинг қисматини букиб ташлаган, инқилобий қайта қуриш жараёни душманларига ёлланган кимсалар муносиб жазога мустаҳиқ қилинишини истаётир одамлар. «Ўзбек миллий кийимларини кийган, аслида бошқа миллатга мансуб кишиларнинг» (Н. Муҳиддинов) томирлари қаерга бориб туташганлиги ҳаммамиз учун ҳам бефарқ эмас. Халқимизнинг осуда ва осойишта ҳаёт кечириши — катта фалокат ва кулфатлар келтирган ижтимоий иллатларнинг илдизлари қай даражада қирқиб ташланишига жудаям боғлиқ.

КПСС Марказий Комитетининг Бош секретари, СССР Олий Советининг Раиси ўртоқ М. С. Горбачев Марказий телевидение орқали сўзлаган нутқида шундай деди: «Миллий муаммоларга тааллуқли барча нарса инсоннинг онги ва қалбидан ўтади. Шу боисдан ҳам жамиятимизнинг ҳар бир граждани миллатлараро эҳтиросларни тизгинлашга даъват этадиган ўз сўзини айтиши керак». Оқилона айтилган калимага риоя қилиш ҳаммамизнинг, жумладан марказдаги ҳамкасабаларимизнинг ҳам виждоний бурчидир. Таҳликали кунларда оғзидан боди кириб-шоди чиққанлар эса, бир кун эмас бир кун уялиб қолишлари тайин гап.

«Гулистон» журнали, 1989 йил, 10-сон