Эйла Кивиккахо (1921-2004)

Эйла Кивиккахо (Eila Kivikk’aho) Карелиянинг Сортавала шаҳрида таваллуд топган. Унинг шеърларида ёрқин қатъийлик ва кучли юмор руҳи устувор. Шоира новатор шоира сифатида танилган.Таржимон сифатида дунё ўсмирлар ва болалар адабиётидан кўплаб асарларни фин тилига ўгирган.

ТАШХИС

Юрагинг кулбасин моғор босган, нам,
ёғоч деворлари чирик, бенаво.
Остона ҳатласа тақиллаб пошнам,
эшик очса қўлим – дардига даво.

Кулба деворларин чиритар ҳижрон,
висолсиз тонг отса нурсиз бўлур кун.
Кулба қадамларни қўмсаган ёмон –
юрак айрилиқдан зада бўлган, хун.

Кулба, ёр қадами билан шовқин қил,
ўчоқни ёқ, қишги кўз ёшни қурит.
болор-ёғочларинг барг ёзсин яшил,
юракдан ҳажру ғам моғорин арит.

СУКУНАТ

Бутоқлар сояси ҳузурбахш, ҳамдам,
шамол ипак каби майин бағоят.
Бўсағамдан босиб оҳиста қадам,
уйимдан далага чиқар сукунат.

Сўнг ёғоч курсида ўтирар бирпас,
сўнг “қайга борсам…” деб хаёлга толар,
севганим туфайли бўлиб ҳамнафас,
бир умрга менинг ёнимда қолар.

АЁЛ

Мен дарахт бўлганимда эди
илдизларимни суғуриб,
чопиб борар эдим
сенинг деразангнинг ёнига.

Афсуски, мен дарахт эмасман,
деразамнинг ёнида
сени кутиб ўтирибман
ёлғиз.

ГАЛА

Учар қушлар галаси
омоч каби
осмонни тенг ёриб борар
йўл бошида.

Фақат кўзланган ерга қўнар
қушлар галаси.

КУЧ

Тамғанинг
оташ доирасида –
темир этикнинг изи.

ЧИЗМА

Булутлар пастга тушди
ва дарахтларнинг
япроқсиз, яланғоч шохларига айланди.

АСЛ МАНБАДАН

Сукутнинг харсангтошдек
бўлаги устида
тер тўкиб ишлайди
айтилмаган сўз.

Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси