ТОҒ
Оёққа тургач у
Қўйиб юборди нафсини;
Бойликлар орттиргач
Унута борди уятни.
Юксак осмонларга интилди
Ва унинг ташвишларидан
Кирланди мусаффо дунё.
Тоғ,
Бағрида қийғос очилган
Гуллар кулгусини яширди.
КЎЛ
Қачонлардир жавлон урган вақт
Томчига айланиб, уйқуга чўмди.
Кулгусиз, фарёдсиз бўм-бўш бир макон.
Коинот ва вақт
Сўйлашар шивирлашиб.
Борлиққа кўмилган
Ҳаёт шукуҳи.
АЗАЛИЯ ГУЛИ
Ёғоч тахта қон рангига бўялган,
Бу уйда,
Гуллар ўрнига бунда
Қашшоқлик барқ урар.
Ёлғизлик бағрингни тунлар кемирар.
Яланғоч шохларда мева қолдиғи,
Ойдин тун бағрида йиғлайди қушча.
Дудоқлар гезарар сўзлардан
Қурсоқ бўм-бўш.
Бир қошиқ атала
Қотар томоқда.
Мирпўлат Мирзо таржимаси.
ОНАМ УЧУН ДУО
Юзида авлиёники каби чуқур ажинлар
Бармоқ бўғимлари қаттиқ сиқилган
Вақт ва шуълани ўзига чорлаб
тонг этагида юради онам
гулхан алангаси сингари
Тирноқлари ила зулматни ҳайдар
Бир умр ҳорғин
серташвиш онамнинг
юзидан аримас
реза-реза тер.
Эрта тонг
Ҳовлида кезинган изғириндан
кўкарган лаблари пичирлаб
дуо ўқир онам кафтини очиб
изғиринни сал нарига қувмоқлик учун.
Сабот ила, қуруқ кўз ёшлар ила
ўзи учунмас
ўзгаларга бағишлаб бор ҳаётини
уззукун шундоқ яшайди онам
Умри ўтди,
тириклик ғамида елди, югурди.
мана энди топгани
бир уюм тупроқ.
Хуш кўрмасди қашшоқликни у
ачинмади ўтган умрига.
У йўл олди ўзга дунёга.
Эй тўлин ой!
Онамнинг қабри оша мўлроқ ёғду соч,
Мадад бер унга, мадад бер!
ЎЗ БОШЛАРИДА
Баҳор кунлари
соялар орасидан
гулбарглари билан учиб кетмоқда.
Сиз эшита оласизми
сарғайиб учаётган товушни,
бўғилиб учаётган товушни,
деворлар тутқуни ўша товушни
Жарликлар яширар акс-садони,
ашёларни улоқтириб ўйламай-нетмай
ҳувиллаган қалб ичра мум каби эриб
товушсиз, товушлар тугуни ила
худди чирт узилган сим янглиғ
йироқлашиб кетаётир баҳор кунлари.
ДЕҲҚОН
Тонгдан сал аввалроқ уйғониб
шудрингларни безовта қилар.
Янги ғайрат ила
қутларкан тонгни
сийпалаб қўяди карам жўягин.
Деҳқоннинг қалб қуввати
ер кучига куч қўшади.
Кўтарилаётган қуёш нури остида
япроқларни тебратар ям-яшил шамол
Шу алфозда ҳамжихат бўлиб
бир-бирига кўмак беришиб
улкан тонгни қарши олишар ҳамқишлоқлар.
КЎЛ
Бу— ўтган вақтлардир изига қайтган
музга дўнган кумуш томчилардир
Бу— кулгусиз ва йиғисиз
Ўлим ва Вақт ҳақидаги баҳс.
Бу— ҳаёт нафаси тўхтаб турган маскан.
Бу— Борлиқнинг бори-йўғи.
Берди Раҳмат таржималари