/“Ўн икки стул” 1920-30 йиллардаги совет танқидчилигида/
И.А.Ильф ва Е.П.Петровнинг “Ўн икки стул” романи ватан адабиёти тарихида алоҳида ўрин тутади. Илк маротаба 1928 йилда босилиб чиққан, қайта-қайта нашр этилган, ўнлаб чет тилларга таржима қилинган мазкур роман 50-йилларнинг иккинчи ярмига келиб совет адабиётининг энг яхши асарларидан бири сифатида расман тан олинди. Лекин тахминан худди шу даврлардан эътиборан бу роман совет пропагандаси, марксизм-ленинизм асосчилари фикрларини масхаралашдир дегувчи мухолифлар доимо иқтибос келтирадиган асарга айланган эди.
Совет тадқиқотчилари ва танқидчилари роман СССР сиёсий тузумига қарши эмас, деган фикрни бир неча бор исботлашларига тўғри келди. Масалан, 1955 йилда “Ўн икки стул” ва “Олтин бузоқча” романларига сўзбоши ёзган К.М.Симонов иккинчи абзацдаёқ ҳар иккала роман социализм дунёсининг капитализмнинг чириган ва ифлос дунёси устидан порлоқ ва узил-кесил ғалабасига чин дилдан ишонган адиблар томонидан ёзилган деган фикрни махсус равишда таъкидлаган. Мазкур фикр бир неча ўринда келтириб ўтилади. Худди шунингдек, 1963 йилда “Нега сиз кулгили ёзасиз?” монографиясини нашр этган Л.М.Яновская “чет элларда совет сатирик романига қизиқишнинг баландлиги билан совет Россиясидаги камчилик ва нуқсонларга адоваткорона қизиқиш ўртасида ҳеч қандай алоқадорлик йўқ, Ильф ва Петров сатираси душманларимиз томонидан бирор маротаба ўзимизга қарши қурол сифатида фойдаланилмаган” деган фикрни тасдиқлайди. Ҳар иккала тезис ҳам юмшоқроқ қилиб айтиладиган бўлса баҳслироқ, лекин бари бир Яновская ўз фикрида қатъий. Орадан йигирма йил ўтгач, Ильф ва Петровни ҳимоя қилиш анъанасини Я.С.Лурье давом эттириб, уларнинг асари советларга қарши руҳда ёзилган деган айбни инкор этади. У.А.Курдюмов тахаллуси билан Парижда “Чўчимайдиган овсарлар ўлкасида” деган китоб эълон қилади. Китобни бундай ҳимоя қилиш ғоясига у кинояомуз қараса-да, барибир у анъанани давом эттиради.
Шу нарса муҳимки, кўпгина тадқиқотчиларнинг фикрларига қараганда, роман замондош танқидчиларнинг фавқулоддаги реакциясига сабабчи бўлган. Ильф ва Петров ижоди тўғрисидаги кўплаб китоблар муаллифи Б.Е.Галанов ёзувчиларнинг сайланма асарларининг 1961 йилда нашр этилган биринчи жилдига кирган сўзбошисида шундай деб ёзади: “Ильф ва Петровнинг биринчи романи замондошларининг эътироф этишларича, жуда тезда китобхонларнинг эътиборини қозонган. Лекин тан-қидчилик анча пайтгача сукут сақлади”. Галановнинг сўзларига қараганда, бу сукут 1929 йил 17 июнда, роман эълон қилинганидан бир йилдан кейин барҳам топди”. Ўша куни “Литературная газета” биринчи маротаба ҳаммуаллиф-сатирикларнинг тарафини олган танқидчи А.Н.Тарасенковнинг “Ўн икки стул” романи тўғрисидаги кичикроқ мақоласини босиб чиқарди. Нега танқидчилар шунча вақтгача сукут сақлаб, бирданига бу сукутни бузганликлари аниқланмайди. Шунингдек, Яновская юқорида эслатилган монографияда “Ўн икки стул” танқидчиларнинг эҳтиёткорона сукут сақлашларига қарамай китобхонлар томонидан қизғин ва бажонидил кутиб олинди”. Демак, китобхонлар асарни самимий қарши олишган, танқидчилар эса эҳтиёткорона муносабатларини қарийб бир йиллик сукут орқали ифодалашган. Нега улар эҳтиёткорлик қилишга қарор қилишгану, бир йилдан кейин бошқача фикрга келишган — бу масалалар ҳам аниқланмаган.
Шу нарса равшанки, калтабин ва қўрқоқ танқидчи ноёб ҳодиса ҳисобланмайди. Лекин 1928 йилда чиққан сатирик роман ҳақида гап кетар экан, “Эҳтиёткорлик” ёрлиғи деб номланадиган атама у қадар жоиз эмас. “Афсонавий йигирманчилар” совет адабиётидаги танқидий жангларда ўзларининг ашаддийликлари билан ном қозонишган, айниқса, сатирик ёзувчиларга нисбатан ўз эҳтиёткорликларини йиғиштириб қўйишганди. Бунинг ёрқин мисоли М.А.Булгаковдек машҳур ёзувчининг таъқиб остига олиниши. “Ўн икки стул” ижодкорлари эса ҳали у вақтда унчалик машҳур эмасдилар: вақтли матбуотда чиқиб турган яккам-дуккам асарлар, Петровнинг нашр этилган икки кичкина фельетон ва ҳикоялар тўпламлари — чамаси уларнинг бор-йўқ асарлари шулар эди, холос. Танқидчилар кутилмаган бу асардан довдираб, жим бўлиб қолишди. Фараз қилайлик, бу тасодифан рўй берди. Лекин худди шундай кутилмаганда бирданига жонланишди. Буни тасодифий равишда рўй берди деб бўлмайди.
Шу муносабат билан камида учта масалани ўртага ташлаш ўринлидир. Биринчидан, қандай қилиб Ильф ва Петровдек мавжуд тузумга содиқ икки журналист (акс ҳолда улар профессионал совет журналисти бўлмас эдилар) ҳамкорликда олтмиш йилдан ортиқроқ вақт мобайнида уларнинг садоқатларига раҳна соладиган асар деб баҳоланиб келинган романни яратдилар. Иккинчидан, кўплаб қисқартиш ва тузатишлардан кейин 50-60 йилларда ҳам “советларга қарши руҳдаги асар” деб баҳоланган “Ўн икки стул” романи не сабабдан ҳушёр муҳаррирлар, улардан ҳам сергакроқ цензорлар бошида исёнкорлик руҳидаги бундай асарнинг дунё юзини кўришига тўсқинлик қилмадилар? Ниҳоят, буниси энг муҳими, не сабабдан замондош танқидчилар бир йил мобайнида эҳтиёткорлик кўрсатишди. Ахир улар ўша вақтларда ёппасига тажовузкор эдилар-ку?
Бу саволларга Ильф ва Петров ижоди тадқиқотчиларининг асарларидан жавоб топиб бўлмайди. Юқорида эслатилган Лурье китоби сингари истисно ҳолатларни ҳисобга олмаганда замондошлар томонидан “Ўн икки стул”нинг қабул қилиниши ва муаллифларнинг тутган йўллари тадқиқотчиларнинг манфаатларига мос келмаган. Ҳатто ҳаммуаллифлар ижодий биографиясини ўрганиш даражасида ҳам асосий эътибор 20-30-йиллардаги сиёсий ҳолатни ҳис этмаган мемуарчиларнинг кўрсатмаларига қаратилади. Лекин мемуарчилар, айниқса, совет мемуарчилари жим туришга асослари кўп эди. Бу фикр тадқиқотчиларга ҳам тааллуқли. Адабиёт тарихининг советларда удум бўлган қоидаларига кўра у қандайдир афсонавий кенгликда қаралган, бунда ёзувчиларнинг цензорга, сиёсий идораларга чап беришлари нисбатан осон кечган. Шу боисдан ҳам “Ўн икки стул” асари ҳақидаги тарихни айни даврнинг сиёсий воқеалари фонига ўрганган маъқулроқ.
Гапни ҳаммуаллифлик масаласидан бошласак.
Бу масалани аниқлашда мемуарчилар ва адабиётшунослар фойдаланадиган асосий манба Петровнинг эсдаликларидир. Мазкур эсдаликлардан парча илк маротаба 1937 йилда вафот этган Ильфнинг 1939 йилда чиққан “Ён дафтар” китобига сўзбоши тарзида эълон қилинган эди. “Адабиёт ва санъат” ҳафтаномаси 1942 йилнинг 12 апрелида эсдаликлардан яна бир парчани эълон қилади, 1967 йилда эса “Журналист” ойномаси “Дўстим Ильф” китобининг режалари ва қораламаларини босади. Ҳаммуаллифлар қачон ва қай шароитда танишгани ва ўзларининг биринчи романлари устида қандай ишлаганликлари юқорида эслатилган эсдаликларда батафсилроқ тўхталган. Бу эсдаликларни бошқа мемуарчиларнинг материаллари ва адабиётшунослар тадқиқотлари натижалари билан солиштириб кўрамиз.
Агар мемуарчиларнинг гапларига ишонгудек бўлсак, романни ёзиш фикри 1927 йилда пайдо бўлган. Бўлажак ҳаммуаллифлар, одессалик ҳамшаҳарлар ўша пайтда Москвада чиқадиган “Гудок” газетасида ишлашар, турли тахаллуслар билан асарлар эълон қилишарди. Одессалик шоир ва журналист Илья Арнольдович Файзильберг ҳам пойтахтга келмасидан олдинроқ Ильф тахаллуси билан ижод этарди. Одесса жиноят қидирув бўлимининг собиқ ходими Евгений Петрович Катаев эса чамаси ўз касбини ўзгартиргандан кейин Петров тахаллусини танлайди. Файзильбергга янги тахаллус нима учун керак бўлганини ҳеч ким изоҳламаган. Лекин Катаев тахаллусини ўзгартирганининг муайян асоси бор. “Гудок” газетасида анчадан бери акаси Валентин ишларди. Айни мана шу Катаев Ильф ва Петровга сатирик роман сюжетини таклиф этади. Дастлабки режага кўра роман устида уч киши ишлаши мўлжалланганди: Ильф ва Петров романнинг қораламасини ёзишади, Катаев эса унга сайқал беради, муқовада учта ёзувчининг фамилияси бўлади. Бундан ҳар уччала ёзувчи ҳам ютса ютадики, ютқазмайди. Катаевнинг номи машҳур, унинг пьесаси Москва бадиий театрида қўйиляпти, асарлари қўлма-қўл. Шу боисдан вақти етишмайди. Ҳаммуаллифлар ёрдамида оз меҳнат сарфлаб, қисқа вақт ичида қизиқарли сюжетни амалга ошириш, қўшимча қалам ҳақи ишлаш имконияти пайдо бўлади. Ильф ва Петровлар эса Катаев ёрдамида романнавис мақомига эга бўладилар, даромадлари ҳам анча ортади. “Совет романи устахонаси очиш” таклифини улар бажонидил қабул қиладилар. Гарчи тез орада Катаев ўз ғоясидан воз кечган бўлса-да, икки муаллиф “Ўн икки стул” устида кечаю кундуз тинимсиз ишлашарди. Кейинроқ романни “30 кун” иллюстрацияли журнал 1928 йилнинг биринчи (январ) сонидан бошлаб, еттинчи (июл) сонида тугаллади. Шундан кейин тез орада асар алоҳида китоб ҳолида босилиб чиқди ва ўқувчилар муҳаббатини қозонди.
Ана шундай шарт-шароитларнинг бир-бирига мос келиши натижасида икки меҳнаткаш ҳаммуаллиф пайдо бўлган имкониятдан фойдаланиб қолишади ва натижада муносиб тақдирланишди. Лекин Петровнинг Ильф билан ижодий алоқаларининг тарихи тўғрисидаги қайдларида бир-бирини инкор этувчи ёки бир-бирига зид келувчи қарама-қаршиликлар кўп учрайди. Бу қарама-қаршиликлар мемуарчи зўр бериб яширишга ҳаракат қилган ҳолатларга ишора қилади.
Ўша зиддиятларга мурожаат этиб кўрайлик.
Биринчи манзара бўлажак ҳаммуаллифларнинг танишиши билан боғлиқ. “Биз иккаламиз Одессада туғилиб ўсганмиз, танишишимиз эса Москвада рўй берган” — деб маълумот беради Петров. Унинг сўзларига қараганда бу воқеа 1923 йилда содир бўлади, лекин айнан қайси вақтдалиги Петровнинг ёдидан чиққан: “Биз қачон ва қандай қилиб Ильф билан танишганимизни эслай олмайман. Айни танишиш дақиқалари бутунлай хотирамдан кўтарилган”.
Демак, “хотира панд берган”. Тажрибали журналист тўсатдан ўзининг энг яқин дўсти ва ҳаммуаллифи билан қачон ва қаерда танишганини унутиб қўяди. Бу нарса шунинг учун ҳам ғалати туюладики, замондошларининг фикрларига қараганда Петров ғоят ноёб хотирага эга бўлган. Ильф ва Петровларнинг бир-бирлари билан Москвада танишишгани ҳам ғоят ажабланарли. Улар ҳамшаҳар эдилар-ку, ахир? Устига-устак, Ильф Одессада эканлигидаёқ Валентин Катаевнинг дўсти, ҳеч бўлмаганда яқин таниши эди-ку. Акасининг ўша даврдаги яқин дўстлари, масалан Ю.К.Олена ва Л.И.Славинлар Петров билан таниш бўлишган. Улар Ильф ва Катаевлар билан Одессадаги “Шоирлар жамоаси”да иштирок этишарди. Петров ҳатто уларнинг шеърий мушоираларида ҳам қатнашган. Бундан ташқари 1920 йилдан бошлаб Валентин Катаев, Ильф, Олеша ва Славин Украин-Россия телеграф агентлигининг Одесса бўлимида ишлашган. Петров бу ерда бир неча ой мобайнида “сайёр мухбир” бўлиб ишлаган. У жиноят қидирув бўлимига 1921 йилнинг ёзидагина ишга ўтган. Бундан Петров акасининг дўстлари ва ҳамкасблари, Одесса телеграф агентлигида бирга ишлаган оғайнилари, шулар қатори айни Ильф билан таниш бўлмаганликлари эҳтимолдан ҳоли. Бунга ишониш қийин.
Аҳамияти жиҳатидан бундан кам бўлмаган иккинчи муҳим ҳолат романнинг қачон тугалланганлиги масаласидир.
“28 йилнинг январ ойида биз орзу қилган дақиқа етиб келди, — дейди Петров. — Бизнинг олдимизда шундай қалин қўлёзма ётардики, унинг ҳажми босма табоғини ҳисоблаб чиқишнинг ўзига икки соат вақт кетди. Лекин бу юмуш ғоят мароқли эди! Роман ҳақиқатан катта ҳажмли бўлиб, ҳар бири тахминан 7 босма табоқни ўз ичига олган 3 қисмдан иборат эди. Петровнинг сўзларига қараганда, романнинг иккинчи нусхаси йўқ. Улар қўлёзмани йўқотиб қўйишдан хавфсирашарди. Шу боисдан Ильф бир варақ қоғоз олиб ярим ҳазил, ярим чин қилиб: “Ушбуни топиб олгувчи одам уни мана бу адресга қайтаришлари сўралади” деб ёзиб қўйганди. Ва у бу қоғозни муқованинг орқа томонига ҳафсала билан ёпиштирди. Шундан кейин ҳаммуаллифлар “Гудок” журнали таҳририятини тарк этишди. “Қор ёғиб турганди, чиналарга батартиб ўтириб, қўлёзмани уйга олиб кетдик, — эслайди Петров. — Лекин улар ҳали ўзларини эркин ва енгил сезиша олмаётганди. — Аксинча, биз ташвиш ва хавотир туйғуларини бошимиздан кечирардик. Романимизни босишадими йўқми ўзи?”
Жуда ғалати тарих. 1928 йилнинг январида ҳаммуаллифлар романнинг ягона нусхаси устидаги ишни тугатиб, журнал асарни босадими, йўқми, билишмасди. Лекин шу январ ойининг ўзида журнал асарни эълон қилишни бошлаб юборади. Бундай бўлиши мумкин эмас. Қўлёзма нашрга ўз-ўзидан тайёр бўлиб қолмайди. Асарни нашрга тайёрлаш катта меҳнат ва вақт талаб этади. Журнал бош муҳаррири асарни босиш ҳақидаги фикрга келгунича журнал ходимларидан бирорта одам асар билан танишиши, унга бир кун эмас, анчагина вақт сарф қилиши табиий. Бундан ташқари, цензор чийриқларидан ўтиш керак. Бу ишга аксарият ҳолатларда бир ҳафта ҳам озлик қилади. Бундан ташқари асарни қўлёзма ҳолида эмас, ўқиш, зарур ўзгартишлар киритиш осон бўлиши учун машинкаланган нусха берилиши ҳам ҳаммага аён. Сўнгра бу нусхани журнал муҳаррири кўриши, зарур ҳолатларда ўзгартиришлар киритиши ҳам мумкин. Муҳаррир ўз ўзгартишларини асар муаллифлари билан келишиб олиши, бундан кейин эса тузатилган нусхани таҳририят машинкачиси қайта босиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шундан кейингина қўлёзмани корректор ўқийди. Одатдаги суръат билан бу ишларни бир ҳафтада бажариб бўлмайди. Ниҳоят, журналнинг ўз режаси бор: ҳар бир соннинг мундарижаси, ҳар бир бўлимдаги асарлар ҳажми, журнал сонини макет қилиш бир-бир ярим ой олдин белгиланади. Баъзан журналга ўзгартишлар киритилиши ҳам мумкин. Ўртага шошилинч материалларнинг суқилиб кириши ҳам эҳтимолдан ҳоли деб бўлмайди. Лекин бир неча боблик роман материалини, бунинг устига иллюстрацияли асарни журнал сонига бирданига тиқиштиришнинг сира иложи йўқ. Рассом асарни ўқиб чиқиши ва унга иллюстрация тайёрлаши учун бир неча кун эмас, ҳафталар керак. Бунинг устига босмахона ишлари: ҳарф териш, уни ўқиш, верстка қилиш, уни текшириш дегандай. Булар ҳам энг камида бир ҳафтани эгаллайди.
Бундан чиқадиган хулоса аниқ: Петров томонидан ёзилган тарих 1 январда рўй бериб (бу нарса ҳақиқатдан жуда узоқ), қўлёзма редакцияга эртасига топширилганда ҳам романни журналнинг январ сонида чоп этиш мумкин эмасди. Ўртадаги тўсиқлар ҳаддан ташқари кўп.
Биз ҳозирча қўлёзмага қарамасдан туриб, бошқа ҳолатларга бир оз тўхталдик, холос. Агар қўлёзмани кузатгудай бўлсак, билдираётган фикрларимизга шубҳа қолмайди. Роман қўлёзмасини ҳаммуаллифлар машинкада кўчириш учун топширганлар. Романнинг ҳажмини эътиборга олгудай бўлсак, уни кўчиришга бир ярим ҳафта балки ундан ҳам кўпроқ вақт кетган. Шундан кейин Ильф ва Петров асарнинг машинкаланган нусхасини ўқиб, маълум тузатишлар киритишган. Асар ёзиб тугатилганидан кейин орадан камида ярим ойлар чамаси вақт ўтгандан кейингина романнинг узил-кесил нусхаси журнал муҳаррири қўлига етиб борган. Биринчи нашр матнига қараганда муҳаррир ҳам асар устида яхшигина тер тўккан. Агар ҳамма нарса Петров айтганидек рўй берганда эди, роман энг тези билан журналнинг март ойидангина чиқа бошларди.
Шунга қарамай “Ўн икки стул” январ ойидан эътиборан эълон қилинди. Бундан қандай хулоса чиқади?
Биринчи вариант: роман 1928 йилнинг январида эмас, камида бундан олдинги йилнинг октябр ойида ёзиб тугалланган.
Иккинчи вариант: роман ҳақиқатан ҳам январ ойида тугалланган, лекин журнал таҳририяти ҳали ёзиб тугалланмаган романни 1927 йилнинг октябридан кечикмай босишни ўз бўйнига олган. Романнинг дастлабки бобларини нашрга тайёрлашни бошлаб юбориб, натижада январ сонида асарнинг бошланиш қисмини эълон қилишга улгурган. Кейинги боблар ҳаммуаллифлардан пешма-пеш олиниб, нашрга тайёрланаверган.
Биринчи вариантни кўриб чиқайлик: роман 1927 йилнинг октябрида тугалланган. Бундан ноябр ойида асарнинг машинкаланган нусхаси тайёр бўлиб, редактор ишга киришгани келиб чиқади. Лекин октябр, ҳатто ноябр ойлари ҳақиқатдан анча узоқ. Чунки ҳаммуаллифлар асар қўлёзмасининг сўнгги саҳифасида роман ёзилган санани 1927-28 йиллар деб кўрсатганлар. “Ўн икки стул” воқеалари 1927 йилнинг апрелидан ноябригача бўлган даврни ўз ичига олади. Бунинг устига асарда ўша давр вақтли матбуотида келтирилган воқеалар ҳақида ҳам гап кетади: апрел ойида бошланган Днепрострой қурилишидан то сентябрда Қримда рўй берган зилзилагача, ундан то ноябр ойидаги совет ҳокимияти ўрнатилганлигининг ўн йиллигигача бўлган воқеалар тасвирланади. Шу нарса маълумки, ҳаммуаллифлар июн ойидаги таътилларини Кавказда ўтказишган. Қайтиб келганларидан кейин эса фақат “Ўн икки стул”ни ёзиш билангина шуғулланишмаган, ҳар куни газетадаги ишларига боришган, газетада фаол қатнашиб туришган. Майли, романни ёзишга июнда киришишган ҳам дейлик, лекин шундай бўлса-да, бари бир қўлёзма октябр ойида ҳам, ноябр ойида ҳам нашрга тайёр бўлмаган.
Бундан иккинчи вариант ҳақиқатга яқинлиги келиб чиқади: ҳаммуаллифлар романни 1928 йилнинг январида ёзиб тугаллашган, лекин 1927 йилнинг октябр (ёхуд ноябрида) журнал таҳририяти ҳали тугалланмаган китобни бошлашга рози бўлиб, тайёр қўлёзмаларни пешма-пеш олиб турган. Машинкачига ҳам роман бобларини пешма-пеш бериб туришган. Бу қўлёзмадан ҳам кўриниб турибди.
Ильф ва Петров таҳририят аъзоларига анчагина ташвиш келтиришгани аниқ. Ахир редакция мудири муаллифлар, машинкачи, рассом ва бошқаларнинг ишларини мувофиқлаштиришига тўғри келган. Лекин ўша пайтларда “30 кун” журналида Ильф ва Катаевларнинг эски танишлари В.И.Регинин муҳаррирлик қиларди. Инқилоб арафасидаёқ машҳур журналист сифатида ном чиқарган Регинин гражданлар урушидан кейин Одессада совет матбуоти ишини йўлга қўяди, барча маҳаллий адиблар билан дўстона муносабатда бўлади. Ҳаммуаллифлар унинг ёрдамига умид қилишлари мумкин эди. Тўғри, бундай ёрдамни журнал бош муҳаррири асарни босишга узил-кесил қарор қилгандан кейингина олиши мумкин бўларди.
1927 йилда журнал бош (ўша давр термини билан айтилса) масъул муҳаррири В.И.Нарбут эди. Ҳаммуаллифлар у билан Одессадаёқ таниш эдилар. Бир вақтлар акмеистларга мойил бўлган машҳур шоир гражданлар уруши йилларида мансаб пиллапояларидан жуда тез кўтарилди. Одессага келгач, Украина телеграф агентлиги Одесса бўлимининг хўжайинига айланади ва у ерга Катаев, Ильф ва Олеша ва бошқа Одесса шоирларини таклиф этади. Катаевнинг кичик укаси учун ҳам иш топилди. 1921 йилнинг баҳорида Нарбут мансабда кўтарилиб Украинанинг ўша пайтдаги пойтахти Харьковга ўтказилиб, мамлакат телеграф агентлигига раҳбарлик қила бошлайди. Унинг орқасидан Катаевларнинг каттаси ва Олеша ҳам жўнаб кетишади. Петров эса жиноят қидирув бўлимига ишга киради. 1922 йилда Нарбутни Москвага ишга олишади, унинг кетидан Катаев, Олеша, яна тез орада Ильф ва Петровлар ҳам Москвага келишади. Нарбут Москвага келгач, бир қанча журналларни қайта қурди, ”Ер ва фабрика” (“З и Ф”) нашриётига асос солди, айтиш мумкинки, ВКП(б) Марказий Қўмитасининг шу нашриётдаги вакили вазифасини бажарди. Нарбут илгари ўз қўли остида ишлаган биродарларига ҳомийлик қилиб турди: Н.Я.Мандельштам ибораси билан айтиладиган бўлса “Одесса ёзувчилари унинг қўлидан нон ейишарди”. “Ўн икки стул”нинг биринчи алоҳида нашри ҳам “Ер ва фабрика” нашриётида босилиб чиққани бежиз эмас. Китоб 1928 йилнинг июлида, асар журналда эълон қилиниши тугаши биланоқ чоп этилди. Бундан нашриёт ва ҳаммуаллиф ўртасида шартнома анча илгари тузилганлиги келиб чиқади. Бу Нарбут кўрсатмаси билан рўй берганлигини фаҳмлаш қийин эмас. Ундан бошқа ҳеч ким бундай ҳокимиятга эга бўлмаган.
Фикримиздан сал чекиниб бўлса-да, қўшиб қўяйликки, Петров Нарбутдан фақат адабиёт соҳасидаги муваффақиятлари учунгина миннатдор эмасди. 1920 йилда Катаевларнинг каттаси Одесса Фавқулодда Комиссияси томонидан қамоққа олинади: антисовет фитнасида алоқадорликда шубҳа қилинади. Ўша давр тартиб-қоидаларига мувофиқ бунга етарли равишда далил-исботлар ҳам топила қолади: онаси томонидан буваси собиқ офицер, ота томонидан буваси эса руҳоний, отаси чиновник, диний билим юртида ўқитувчи. Катаев бир неча ой мобайнида отиб юборишларини кутиб ётади, кейин озод этишади. Адабий доиралардаги яқинлик асқотади. Катаевларнинг энг кичиги, ҳали гимназияни тугатмаган ўспирин ҳам ҳибсга олинади. У ҳали ёш бўлганлиги туфайли офицер эмасди, лекин яқин одамлари шубҳали одамлар, бунинг устига акаси ҳам ҳибсда бўлганлиги туфайли қамоққа олинади. Нарбутнинг бу ерга келиши, телеграф агентлигида ишлаши буларга жуда қўл келди.
Петров Регининни эсдаликларнинг қоралама нусхаларидагина шунчаки эсга олади. Нарбут ҳақида эса лом-мим демайди. Петров таҳририятдаги воқеа-ҳодисалар тўғрисида ёзишни истамаган. Ҳа, шундай, истамаган: у санани кўрсатишда шунчаки адашган деб бўлмайди, балки 1928 йилнинг январида Ильф муқованинг орқасига ғалати эслатмани ёпиштириб қўйганлиги, журнал таҳририяти қўлёзмани қабул қилиб оладими, йўқми деб хавотирланганликлари ҳақидаги таъсирли тарихни ўйлаб топган… Аслида бундай бўлмаган. Журнал таҳририяти қўлёзмани аллақачон қабул қилиб олган, дастлабки қисмини босиб чиқаришга улгурган эди. Бу ердаги таъсирчан тафсилотлар Петровнинг унчалик ишончли бўлмаган мулоҳазаларининг ишонтириш кучини ошириш учун хизмат қилган. Автор анъанага қарама-қарши ўлароқ реал ҳолат ҳақида лом-мим демаган, худди Ильф билан танишуви ҳолатини эсидан чиқаргандек бу тўғрисида ҳам оғиз очмаган.
Бунинг сабаби маълум, бу “30 кун” журналининг бош муҳаррири номи билан боғлиқ. Совет терминологияси номи билан айтганда Нарбут 1938 йилда “номи тилга олинмайдиганлар” қаторига кирарди. У 1936 йилда ҳибсга олиниб, “халқ душмани” деб эълон қилинади ва қамалади. Қамоқхонада ўлади, 1956 йилда эса оқланади. Петров Ильф билан Москвада танишиши ҳолатини тўқиб ўтирмайди. Хотирадан кўтарилганлигини айтиш орқали бўлғуси ҳаммуаллифи билан илк учрашувини эсламай қўяқолган, “меҳнат фаолияти”ни “орган”даги ишдан бошлаганлигини билдирган, холос. Петров худди шундай “Ўн икки стул”ни кашф этиш тарихи ва бу ишдаги Регинин ёрдами тўғрисида оғиз очмаган.
Лекин Петров “Ўн икки стул”нинг бутун тарихини бошидан-охиригача тўқимаган. Чамаси, у ўз олдига бундай вазифани қўймаган ҳам. Шундай экан, ҳақиқат у баъзан ҳикоя қилаётган ҳолатларда эмас, атайин индамай ўтган ҳолатларда кўрингандай бўлади.
Масалан, Петров маълум қилишича, Катаев “Ўн икки стул” сюжетини ҳадя қилгандан кейин 1927 йилнинг август ёки сентябр ойларида ҳаммуаллифлар ҳар куни уйларига кечаси икки ёки учларда қайтишган. Зеро улар роман устидаги ишларини “Гудок”даги иш соатлари тугагандан кейингина давом эттира олганлар. “Ёзишга жуда қийналдик, — деб таъкидлайди Петров. — Биз газетада ва ҳажвий журналларда жон койитиб ва астойдил ишлардик. Биз болалигимиздан меҳнатга ўргангандик ва меҳнатнинг қадрига етардик. Лекин роман ёзишнинг машаққатларидан бутунлай бехабар эдик. Агар мени сийқаси чиққан иборани ишлатганликда айблашмаса, бу асарни қон билан ёздик”. Эмоционал тарангликни ушлаб туришга ҳаракат қилган Петров шу ерда билмасдан оғзидан гуллаб қўяди: “Биринчи қисмини барибир ўз вақтида тугатдик. Етти босма табоқ бир ойда ёзилди”.
Шу ўринга диққат қилинг. “Ўз вақтида” дейилганда қандай маъно бор, нега энди “Ўн икки стул”нинг биринчи қисмини бир ойда тугатишга қандай зарурат бор эди? Бир ярим ёки икки ойда ҳовлиқмай, азият чекмай ёзганларида нима бўларди? Ахир бу тўғрида бирор мажбурият ёки шартнома ҳақида ҳеч қаерда гап йўқ-ку: Лекин Нарбут тўғрисида ҳам ҳеч ерда гап йўқ. Модомики, ўз вақтида тугатишган экан, демак, ўртада шартнома бўлган, шу боисдан ҳаммуаллифларнинг ўзларини тутишлари ғалати кўринмайди. Улар қийинчиликларни ёқтирганликлари учун эмас, журнал муҳаррири романнинг биринчи қисмини 1927 йилнинг октябр-ноябр ойида олиши учун ўзларини қийнашган. Ўшандагина бош муҳаррир буйруғига мувофиқ таҳририят мудири романни 1928 йил январ сонига тайёрлашни ташкил этиши, ҳатто феврал сонига ҳам запас ортиб қолиши мумкин эди.
Шу нарса диққатга сазоворки, Петров романнинг иккинчи ва учинчи қисмлари устида олиб борилаётган иш тўғрисида ҳеч нарса демаган. Фақат “Биз ёзишда давом этдик” деган луқмани қўшиб қўйган, холос. Бутун ахборот шундан иборат. Лекин бошқа томондан ёндошадиган бўлсак, бу ерда ҳикоя қилинадиган воқеанинг ўзи йўқ: аввалги қийинчиликлар ва тинкани қуритадиган шошилишларга ўрин қолмаганди. Агар Ильф ва Петров романнинг биринчи қисмини бир ойда ёзишган бўлса, иккинчи ва учинчи қисмларини уч ойда ёзишган. Январга келиб март ва кейинги ойларда чиқадиган материални топширишга бемалол улгуришган эди. Шундай қилиб, асарнинг дастлабки боблари эълон қилинган январ ойига келиб, роман ёзилиб тугалланганди. Журнал раҳбарияти ҳаммуаллифлар ўз мажбуриятларини бажаришлари тўғрисида ташвиш чекмаса ҳам бўларди.
Чамаси таҳририятдагилар ҳаммуаллифларга аввалбошдан ишонишган. Ўша йиллардаёқ китобхонлар ўртасида шуҳрат қозонган Катаев ўзига хос гаров вазифасини ҳам бажарган. 1928 йилда “Завод ва фабрика” нашриёти ёзувчининг икки жилдлик “Танланган асарлари”ни нашр этади. У ҳаммуаллифларга асар сюжетини ҳадя қилганми, йўқми — ҳозир аниқ айтиш қийин. Ҳужжат бўлмагач, бир нарса деб бўлмайди. Эсдаликлар ҳисобга кирмайди. Лекин ҳар қандай бўлганда ҳам Катаев ўз укасига ва ҳамшаҳар дўстига ўз номи ва ёзувчилик обрў-эътиборини “бериб турган”. У ҳаммуаллифликдан расман воз кечгандан кейин эса Ильф ва Петров етарли даражадаги материални таҳририятга тақдим этиб улгуришган эди. Орадан деярли ярим аср ўтгач, Катаев ўзининг автобиографик асари “Менинг олмос гулчамбарим” китобида август-сентябр ойларида аввал уч киши, кейинроқ икки киши билан тузилган шартнома бор эди деб ёзади.
Ильф ва Петров асарни шошилиб ёзишган, чунки Нарбут қистаб турган. Нарбутнинг шошилтиришининг сабаблари эса номаълум.
У ҳали тугалланмаган романни нашр этишга қарор қилади, ўз қарорини цензура билан келишиб олади. Бу катта масъулият эди. Ошноларга ёрдам дегандай… Лекин ошноларга роман тугаллангандан кейин ҳам ёрдам бериш мумкин эди-ку… Бир нарсани эътиборга олишимиз керак, Нарбут 1927 йилда шунчаки адабиётчи эмас, партия арбоби ҳам эди. Арбоб бўлганда ҳам каттагина арбоб ҳисобланарди. Муҳтожларга ёрдам беришнинг ҳам меъёрини биларди. Асарни ўқиган танқидчилар унга ғалати муносабатда бўлишди. Нарбут эса бошқа партия арбобларидан фарқли ўлароқ ҳеч нарсадан хавфсирамасди. Ҳали тугалланмаган романни эълон қилишни бошлаб юборишдан ташқари шубҳали сатирик романни тезликда алоҳида китоб ҳолида чиқариб юборди. Буларнинг барчаси унга нима учун керак эди?
Н.Я.Мандельштам фикрича, Нарбут ҳажвиётнинг ишқивози бўлмаган, “китобнинг партиявий тўғри ва харидорбоплигидан бошқа нарсани тан олмаган”. Мазкур романнинг харидорбоплигига гап йўқ, “Ўн икки стул” уч ой кейинроқ чиқса нашриётнинг молиявий режаси ёниб кетмасди.
Нарбутни бу ерда китобнинг партиявий томони қизиқтирган.
Роман устида иш олиб борилаётган вақт партия раҳбари — И.В.Сталин ва Н.И.Бухаринларнинг “сўл оппозициячилар Л.Д.Троцкий ва унинг тарафдорларига қарши очиқ қақшатқич кураши кетаётган даврга тўғри келади. Баҳснинг бош предмети НЭП — янги иқтисодий сиёсат. Троцкий Сталин ва Бухарин шахсий ҳокимиятларини мустаҳкамлаш йўлида янги иқтисодий сиёсатдан фойдаланиб, “жаҳон инқилоби” ғоясига хиёнат қилдилар деган фикрни аллақачон исботлаган. Бу ҳолат “империалистик агрессия” натижасида СССРни муқаррар равишда ҳалокатга олиб келади, марксизм дастлаб уқтирганидек, жаҳон инқилоби амалга минмай туриб “алоҳида бир мамлакатда социализм қуриш” мумкин эмас. Троцкий ва унинг тарафдорлари баҳсда зафар қучиша олмади, уларни ҳокимиятдан тобора четлаштира боришди. Лекин 1927 йилнинг баҳорида мухолифчилар яна фаоллаша бошлади. 12 апрелда бир неча йиллардан бери фуқаролар уруши кетаётган Хитойда “большевиклаштириш” сиёсатига дарз кетди. Халқ инқилобий армиясининг қўмондони генерал Чан Кайши коммунистлар билан алоқадан воз кечди, бугина эмас, Шанхайда собиқ иттифоқчиларни оммавий қирғин қилишни буюрди. 15 апрелда совет газеталари “Шанхайдаги қонли ҳаммомлар” тўғрисидаги хабарни ёзиб чиқаришди. Троцкий сталинча-бухаринча раҳбариятнинг бу мағлубиятидан фойдаланиб, “халқаро империализм кучлари Хитойни тинчитгач, ўз колонияларини “инқилобий ёнғин”дан сақлаб қолиш чораларини кўрадилар, сўнг бирлашиб муқаррар равишда СССРга қарши уруш очадилар, дейди. СССРда эса Сталин ва Бухарин НЭПни чўзиб юборишди, бу эса “капитализмни тиклаш”га олиб келади. Троцкий фикрича, бундан қутулишнинг ягона йўли Сталин ва унинг тарафдорларини иложи борича тезроқ ҳокимиятдан четлаштириш.
Сталинча-бухаринча “бош йўл”нинг маддоҳлари қийин аҳволга тушиб қолишди. Троцкийни рад этиб интервенциянинг реал таҳдиди ҳам, СССР “ички душманлари”нинг кучи билан капитализмни тиклаш хавфи тугади дейишнинг маъноси йўқ эди. Бундай ишни қилиш қийин эмасди, лекин исботланадиган нарса советларнинг асосий мафкуравий кўрсатмаларига мос келмасди. Сталин ва Бухарин бошқа йўлни танлашди: Троцкийни бадном қилиш бошланди. Унинг мухолифлари партия раҳбарияти пировард мақсадимиз бўлган “жаҳон инқилоби”ни инкор этаётганлари йўқ. Ҳали унга эришишга узоқ вақт борлиги туфайли марксистик назарияларга мурожаат этиш мақсадга мувофиқ эмас, балки ҳосил бўлган реал шароитлардан келиб чиққан ва “жаҳон” инқилобий ёнғини”нинг тўла ғалабасини кутиб турмаган ҳолда СССР иқтисодиётини кўтаришимиз керак деб уқтиришади. “Шанхай тўнтариши” албатта ёқимсиз ҳодиса, лекин у катта урушларга олиб келадиган фавқулодда катта воқеа эмас. СССРда капитализмнинг қайта тикланиши хавфи ҳам йўқ. Бу тўғрисидаги гапларнинг ҳаммаси ва ҳарбий хавф-хатар ҳақидаги барча сафсаталар Троцкий одатдаги сўллигининг, троцкийчиларнинг “тинч қурилиши” ишига тайёр эмасликлари, одат бўлиб қолган бошқариш методларига, “ҳарбий коммунизм” тарафдори эканликлари нишонасидир. Расмий ташвиқот воситалари Троцкий ва “сўл мухолифлар” фуқаролар уруши, “қизил террор”, вайронгарчилик, очликнинг асосий сабабчилари деб кўрсатишга ёрдам берди. Сталинча-бухаринча раҳбарият эса мамлакатдаги барқарорлик ва янги иқтисодий сиёсатнинг гаранти сифатида баҳоланди. Троцкийчиларни таҳқирлаш, ҳақоратлаш учун барча эшиклар очиб қўйилди, барча соҳаларда — адабиёт, театр ва бошқаларда сўллар устидан кулиш ҳатто рағбатлантирилди.
“Ўн икки стул” романининг сюжети эса расмий пропаганданинг йўлига ниҳоятда мос келарди. Шу нарса қизиқки, роман воқеаларининг бошланиши сифатида айни 1927 йилнинг 15 апрели олинган. Газетанинг энг муҳим янгилиги “Шанхай тўнтариши” ҳатто “кичик шаҳарча”нинг аҳолиси томонидан муҳокама қилинади. Лекин у шунчаки воқеа сифатида муҳокама қилинади. Ҳақиқатан ҳам бирор жиддийроқ ҳодиса рўй бермайди. Қаҳрамонлар мамлакат бўйлаб кезиб, хазиналар қидиришади, китобхон ҳамма ерда совет тузумининг барқарорлигини, ишлашни истаганларнинг ҳаммаси ўзларига иш топганликларини, иқтисодиёт ҳар жабҳада ривож топаётганини, тузум душманларининг “большевикларнинг тез орада қулаши”, чет эллардан ёрдамга кўз тикишнинг асоссизлигини кўриб турибди. Ҳа, СССРда истиқомат қилувчиларнинг бирортаси мавжуд тузум билан курашишга қодир эмас, зеро “халқаро империализм” кучларига эса ҳеч ким умид қила олмайди. Собиқ дворянлар турли хизматларга ўтиб кетишди, уларнинг аксарияти бирор нарсага яроқли эмас, собиқ савдогарлар эса ҳозир нэпманларга айланишган, ҳамёнларининг қаппайишини ўйлашади, бошқа хил фитначи-монархистлар эса азалдан қўрқоқ, ҳеч қандай хавф-хатар туғдирмайди. Энг муҳими, СССРда “янгича социалистик турмуш” қарор топди. Шу боисдан, капитализмнинг янгидан тикланиши мумкин эмас. Шундан келиб чиққан ҳолда роман қаҳрамонларининг ўтмишга қайтиш тўғрисидаги орзулари ҳам саробдир. Реал воқеаликни инкор этиш юзасидан қилинадиган ҳар қандай уриниш ўлимга маҳкум. Худди шунингдек троцкийчиларнинг халқаро аҳвол тўғрисидаги мулоҳазалари, умуман барча соҳаларда ультрареволюционликка интилишлари асоссиз, бемаъни, ниҳоятда кулгилидир.
Бундай ҳажвий роман “сўл мухолифлар” билан курашда ғоят асқотиши мумкин эди. Шу сабабдан улуғ мартабали Нарбут ҳаммуаллифларни романни тезроқ тугатишга қистаган. Шу йўл билан баҳслар қизиб турган бир вақтда ёзувчи ва бошқа санъаткорларни (Андрей Белый, П.С.Романов, В.Маяковский, В.Э.Мейерхольд ва бошқалар) “сўл мухолифчилар”ни мазах қилишга, “сўл санъат муваффақиятлари” ни, уларнинг ўрни бўлса-бўлмаса ўқиладиган “халқаро аҳвол”, “империалистик хавф-хатар” тўғрисидаги маърузалари устидан кулишга даъват этдилар. Роман жуда катта эди, ҳатто унинг қисқартирилган нусхаси журналнинг етти сонига аранг сиғди. Бундай ҳодиса безакли журналлар тарихида жуда камёб учрайди. Лекин Нарбут шунга ҳам рози бўлди, “Завод ва фабрика”нинг июл ойи нашриёт режасига киритди. Шундай катта “Ўн икки стул” романининг китоб нусхаси деярли қисқартиришларсиз чоп этилди. Буюртма сиёсий характерга эга, ахир улар Троцкийни яксон қилишаётганди-да!
“Сўлчилар” билан курашдаги эркинлик узоқ давом этмади. 1927 йилнинг охирига келиб “сўлчилар” батамом мағлуб бўлди. Октябр ойида обрўсизлантирилган Троцкий Марказий Қўмита таркибидан, ноябр ойида эса партиядан чиқарилди. Декабр ойида бўлиб ўтган ВКП (б)нинг XV қурултойида “сўл мухолифлар” ўз шиорларидан воз кечишди, қурултой НЭПни давом эттириш ҳақида қарор қабул қилди. 1928 йилнинг бошларига келиб, Троцкийни сургун қилиш масаласи ҳал бўлди, унинг тарафдорлари ёппасига партиядан ўчирилди. “Сўл мухолифлар” билан баҳс аввалги заруриятини йўқотди. Илгари ўринли ҳисобланган ҳазиллар энди хавфлига ўхшаб қолди. Роман яхшигина қисқартирилиб, қўлёзма “тозаланди”.
Характерли мисол келтирамиз. “Слесар, тўти ва фолбин” бобида ҳаммуаллифлар қўлга қараб фол очиш ҳолатини тасвирлаётганда Грицацуева бевасининг кафтини шундай таърифлашган эди: “Ҳаёт чизиғи шунчалик узоқ чўзилган эдики, унинг бир учи томирларига бориб тақалганди. Агар ҳаёт томири рост гапиргудай бўлса, бева жаҳон инқилобигача яшаши керак эди”. Бундан шундай хулоса чиқариш мумкин эдики, гарчи “жаҳон урушининг” ғалабаси реал ва аниқ бўлса-да, узоқ келажакда рўй берадиган нарса деб қараларди. 1928 йилнинг охирларида эса ҳаммуаллифлар бу ўринни аввалгисига мос келмайдиган фикр билан алмаштирадилар: энди бева қиёматгача яшаши керак эди. Бундаги ҳазил аввалги кучи ва маъносини йўқотган. Лекин ўн йил олдин, 1927 йилнинг ёзида Троцкийга қарши бу ҳазил ўзини жуда оқлаганди. Кейинчалик асардаги бундай ҳазиллар бошқа ўринлар билан бирга олиб ташланди. Натижада асарнинг учдан бир бўлаги қисқарди. Роман ҳатто Сталин вафотидан кейинги йилларда ҳам шу ҳолда нашр этилди.
“Ўн икки стул” романининг биз томонимиздан сўзбоши ёзилган ва Вагриус нашриёти томонидан 1997 йилда босиб чиқарилган матнига қайтиб ўтирмаймиз. Романнинг сўлликка қаратилган умумий йўналиши (кейинчалик бу ҳолат муаллифларнинг сўлларга қарши оппозицияда бўлиши сифатида баҳоланди) ҳаммавақт ҳам ўзгармай қолаверди. Бунда цензорлар ҳам, муҳаррирлар ҳам ҳеч нарса қилиша олмасди. Лекин романни нашр қилишда давом этишди. Чунки ундаги бош мафкуравий ғоя — СССРнинг барқарорлиги, ўтмишга қайтишнинг мумкин эмаслиги асарнинг долзарблиги, айниқса, Совет давлатининг ўн йиллиги даврида муҳим эди.
Энди танқидчиларнинг ўша давр учун хос бўлмаган ўзларини тутишлари тўғрисида.
1927 йилнинг охирида, ҳаммуаллифлар романнинг охирги бобларини ёзишаётган кезларда Троцкийни батамом енгган Сталин Бухаринни ўзининг иттифоқдошларидан санамай қўйди. Партия раҳбарияти ичидаги навбатдаги гуруҳни бадном қилишга тайёргарлик кўрилаётганди. Эҳтимол, Бухарин айни ўзини навбатдаги мухолифлар гуруҳининг раҳбари сифатида айбларини ўша пайтларда балки билишга улгурмагандир.
1928 йилнинг 13 мартида “Известия” газетасида Донбассда “Контрреволюцион ташкилот фош этилганлиги тўғрисидаги ахборот”ни эълон қилади. Ўша йилнинг 18 майидан 15 июлигача Москвада машъум ва машҳур Шахти суд жараёни бўлиб ўтади. Марказий матбуот суднинг шов-шувларга сабаб бўлган материалларини мунтазам ёритиб боради: элликдан ортиқ тажрибали инженер ва техниклар, Шахти ва Донбассдаги бошқа туманлардаги кўмир саноати раҳбарлари “Зараркунандаликда” айбланадилар. НЭП даврида юқори мансабларга чиқиб олган бу раҳбарлар “буржуазия мутахассислари” сифатида “халқаро капитал”нинг манфаатини ҳимоя қилган, СССР хўжалигини издан чиқаришга уринган эмишлар. Айбланувчиларнинг аксарияти “зараркунандалик билан шуғулланганликлари”ни тан олдилар, кўпчилик олдида тавба-тазарру айтишди. Шахтиликларнинг ўз айбларини бўйинларига олишлари, тавба-тазаррулари, суд жараёни партия раҳбариятига саноатдаги барча камчиликларни қўлга олинган ва яна қидирилаётган “зараркунандалар”нинг бўйнига ағдариш имконини берди. “Зараркунандалар”га қўл келган НЭП ҳам йўл-йўлакай қораланди.
Шахти суд жараёни Бухаринга қарши кампаниянинг, бошқачароқ айтилса, “ўнглар”га қарши курашнинг ибтидоси бўлди. “Зараркунандалар” ва “ўнглар”ни қидириш фақат кўмир саноати эмас, ҳамма жойда авж олди. Табиийки, адабиёт ҳам бундан четда қолмади.
Аввалига қидиришлар зимдан бошланди: адабий “ўнглик” нималарда намоён бўлиши аввалига расман тушунтирилмади. Масалан, 1928 йилнинг 19 майида (Шахти суд жараёни бошланишида) “Китобхон ва ёзувчи” адабий ҳафтаномасининг 20-сонида “Адабиётимизга “ўнг оғмачилар хавф туғдира оладими?” — мавзусида баҳс авж олади. А.В.Луначарский ҳафтанома вакили билан суҳбатда “ўнглик ҳозирча хавф солаётганини сезмаяпман, дейди. Лекин халқ комиссарининг фикри ҳаммага ҳам чамаси маъқул келмаган. Масалан, танқидчи С.Б.Ингулов “Хавф белгилари” мақоласида “баъзи ёзувчилар янги шаклдаги инқилобни, бу инқилоб тараққиётининг янги босқичини кўрмай қўйишди”, деб таъкидлайди. “Бундай ёзувчиларнинг кўзлари инқилобнинг увадасинигина кўра олади, унинг ичини, қалбини кўра олмайди”. Шу боисдан уларнинг асарларидаги “замонамиз қаҳрамонлари” ҳақиқий ҳаётга мослашмаган, ҳеч нарсага арзимайдиган “ортиқча” ва “собиқ” одамлар. “Замонамиз қаҳрамони” уларнинг тасвирида янги ҳаёт қурувчиси эмас, балки растратчи.
Газета шу рубрика остида бир ҳафтадан кейин Ф.В.Гладковнинг “Хавф нимада?” деган мақоласини босиб чиқарди. Муаллиф худди Ингуловга ўхшаб хавфни “баъзи адабиётчилар замонамиздаги ортиқча кишиларни тасвирлашга мойилликда” кўрди. Гладков фикрича, “ёзиш ҳаммадан осон иш, ахлат қутисини титкилаб ўтириш хатарли: бирор касаллик юқиб, ётиб қолиш мумкин”. Табиийки, Ингулов ҳам, Гладков ҳам “ўнглар” билан курашга киришган бошқалар ҳам айни “Ўн икки стул” муаллифларини (гарчи бу гаплар уларга ҳам алоқадорлиги сезилиб турса-да) бевосита айблашгани йўқ. Ёзга келиб баҳс жим бўлиб қолди. Бу жанг олдидан бир синов эди, холос.
1928 йилнинг июлида “Ўн икки стул”нинг журнал нусхада эълон қилиниб, асарнинг босилиб чиққан нашри эндигина китоб дўконларига тарқалган вақтда Бухарин ва унинг тарафдорларига қарши биринчи жиддий ҳужум бошланди. Ҳозирча исми шарифлар саналмаётганди, лекин танқидий материаллар матнидан буни сезиб олиш қийин эмасди. Сталин партиянинг июл пленумида НЭП иқтисодий қийинчиликларимизнинг асосий сабабчиси деб баҳолади. Социализм қурилиши авж олган сари синфий кураш сусаймайди, балки кучаяди, буржуазиянинг қаршилиги ошади. Шу боисдан НЭПга зарба бериш, буржуазияга зарба бериш деган сўз, “ўнглар”нинг намояндалари НЭПни чўзишга интилишлари зарарлидир” деб уқтиради.
1928 йилнинг кузи Ильф ва Петровлар учун омадли бўлмади.
Уларга ҳомийлик қилиб турган Нарбутни сентябр ойида барча мансаблардан мосуво қилишди, партиядан ўчиришди. Бунинг сабаби “Ўн икки стул” эмасди. Гоҳ “сўл мухолифлар”, гоҳ “ўнглар” билан кураш мобайнида ВКП (б) Марказий Қўмитасидаги фитналар кучайди. Нарбут Троцкий тарафдорлари билан мунозарага ҳаддан зиёд берилиб кетганлигидан бу курашнинг қурбонига айланди. Уни гражданлар уруши даврида кутилмаганда пайдо бўлган сиёсий айбдорлар учун жазолашди. Бу нарса Ильф ва Петровлар учун ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз таянчларини йўқотишганини англатарди. Матбуотда “кадрларни алмаштириш” масаласи қўзғаб қолди, “Гудок”нинг раҳбарияти ўзгарди, кўпгина ходимлар ишдан кетди. Октябр ойида Ильф ишдан бўшатилди. Бунинг сабаби “штатларнинг қисқариши” деб расман эълон қилинди. Тез орада Петров ҳам таҳририятдан кетди.
Куз пайтида — сентябр-октябр ойларида, “Ўн икки стул”нинг алоҳида нашри босилганидан кейин бир ярим-икки ой ўтгач, ҳаммуаллифлар ўз асарларига кетма-кет тақризлар чиқишини кутишган бўлса ажабмас. Аслида бошқача бўлиб чиқди. Петров Ильф ҳақидаги эсдаликларининг хомаки нусхасида шундай ёзади: “Оқшом”да биринчи тақриз эълон қилинди. Кейин ҳеч қандай тақриз чиқмади”. Петровнинг бу луқмасига одатда тадқиқотчилар ва мемуарчилар мурожаат қилишади ва бир йил мобайнида роман ҳақида ҳеч нарса чиқмаганлигини айтишади. Аммо романнинг адабий-сиёсий моҳиятини тушунишда муҳим рол ўйнайдиган шу тақриз негадир таҳрир этилмайди.
Тақриз “Вечерная Москва”нинг 1928 йил 2 сентябр сонида “Л.К.” имзоси остида босилади. Уни тўлалигича келтирамиз.
“Илья Ильф ва Евг. Петров. “Ўн икки стул”. Роман. “Завод ва фабрика”. 1928 йил, Баҳоси 2 сўм 50 тийин.
Роман гарчи охирига келиб, қаҳрамонларнинг саргузаштлари кино лентасидай ўзгаравергани, ўтакетган авантюрачи Остап Бендер ва дворянларнинг собиқ йўлбошчиси, аммаси раҳбарлигида бриллиантларни яшириб юборишган стулни қидиришаётган Ипполит Матвеевичнинг ҳаракатлари одамни анча толиқтиради. Хазина қайси стулга яширингани номаълумлиги туфайли ўн икки стулни қидиришга тўғри келади. Барча стуллар СССРнинг турли бурчакларига тарқалиб кетган. Роман қаҳрамонлари навбатма-навбат бойликни қидиришиб, пастқам ва биқиқ шаҳарчадан Москвадай улкан шаҳарнинг ҳаёт тарзига, ундан курортга ва бошқа жойларга саёҳат қилишади. Асардаги жуда кўп манзара — ҳазиллар жуда аёвсиз, нишонга урадиган. Асарда шоирлар муҳити яхши кўрсатилган. Романда воқеаларнинг кутилмаган тарзда ўзгариб кетишидан унумли фойдаланилади. Асарнинг хотимаси ҳам кучли таассурот қолдиради. Клубдан охирги, ўн иккинчи стулни ўғирлаш олдидан очкўзлик туфайли ўз шеригини ўлдирган Ипполит Матвеевич пировардида ана шу клубнинг ўзи машъум стулдан топилган бойлик эвазига қурилганини билиб қолади. Ғоят моҳирона топилган деталь.
Лекин китобхон қандайдир бўшлиқни туяди. Муаллифлар ҳақиқий воқеликни четлаб ўтишади — воқелик уларнинг кузатишларида ўз аксини топмаган. Улар ҳаёт саҳнасидан тушиб кетаётган, йўқликка маҳкум бўлаётган ортиқча кишиларни тасвир объектига оладилар. Ҳаммуаллифлар талабалар турмушини тасвирлашга ҳаракат қилганларида ҳам дурустроқ натижага эриша олмаганлар. Уларнинг қиёфалари жуда нурсиз, яримсоя ҳолатида чиққан. Муаллифлар чамаси кузатувчанлик қобилияти ва бу кузатишларини моҳирона тасвирлай олиш иқтидоридан маҳрум бўлишмаган. Улар шу иқтидорлари билан кўпсаҳифалик фельетондан нари ўтиша олмаса ғоятда ачинарли ҳолат юз берарди. Аслида “Ўн икки стул” ана шундай романдир”.
“Л.К.” мулоҳазаларида эътиборга сазовор бирор нарса йўқдай туюлади. Гарчи асар бутунлай ерга урилмаган бўлса-да, уни ижобий тақриз деб ҳам бўлмайди. Лекин бу ердаги сиёсий контекст муҳим. Тақризчининг таъналари май ойида “ўнглар” билан бўлган курашни ёдга туширади: ўқувчиларга “собиқ одамлар” тўғрисида гапириш шарт эмас. Бунинг сабаби маълум — куз келиши биланоқ, Бухаринга қарши навбатдаги кураш бошқача айтганда, — адабиётда “ўнгларни” фош этиш компанияси яна кучаяди. Тақриз ана шу умумий йўналишга мос келарди.
Петров ёзганидек, “Москва оқшоми”да сентябр ойида босилган тақриз бу асар тўғрисидаги дастлабки фикр бўлса ажаб эмас. Лекин ягона тақриз эмаслиги аниқ. Масалан, “Китоб ва касаба уюшмалари” журнали сентябр сонида А.Блокнинг юқоригидан кўра кескинроқ тақризини эълон қилади. Биз бу тақризни ҳам тўла келтирамиз.
“Илья Ильф ва Евгений Петров. “Ўн икки стул”. Роман. “Завод ва фабрика”. 1928 йил. Тиражи 7000. 422 бет. Баҳоси 2 сўм 50 тийин.
“Ўн икки стул” — икки муаллифнинг коллектив ижоди, ўз мавзуига кўра адабиётимизда тобора ривож топиб бораётган янги оқим учун характерлидир. Табиатан истеъдодли ҳикоячи бўлган Ильф ва Петровлар ёқимли ва енгил ўқиладиган қўғирчоқ яратишди. Унда узиб оладиган қочириқлар латифалар билан, чинакам сатирик эпизодлар енгил кулгили ҳолатлар билан қоришиб кетади.
Китобда жонли одамлар кўринмайди, унда бир-бирлари билан баъзан уришиб, баъзан ярашиб, ҳақиқий одамларга ўхшашга ҳаракат қиладиган шартли қаҳрамонлар бор, холос. Хлестаковнинг ўзига хос авлоди бўлган улуғ Бендер бриллиант изловчиларнинг юраги, мол-дунё деб жуббани ташлаган Федор ота ва ҳар хил тоифа ва унвондаги одамларнинг барчаси китобхонни кулдиришга хизмат қилади.
Кулдириш мақсадга айланиб қолган. Ҳаётнинг ярамас томонлари, бизнинг камчилик ва адолатсизликларимиз турли кулгили ҳолатлар, латифалар ва қилиқлар орқали кўрсатилади. Романнинг ижтимоий қиммати унчалик аҳамиятли, бадиий қиммати айтарли баланд эмас. Асар қизиқарли енгилроқ адабиётларни ўқишга одатланган китобхонлар орасидангина ўз харидорларини топиши мумкин. Китобнинг баҳоси “30 кун” журналининг биринчи ярим йилида босилганига қарамай ҳаддан ташқари қиммат.
Ильф ва Петров бундай заҳарли, жўшқин ва унчалик сезгир бўлмаган тақризчини пайқамаган бўлишлари эҳтимолдан узоқ. Улар профессионал журналист бўлишгани учун вақтли матбуотни, айниқса, Москва нашрларини синчиклаб кузатишган.
Роман ҳақида яна икки ҳафтада бир марта чиқадиган “Китоб ва инқилоб” журналининг 1929 йил 20 апрелида босилган тақризни келтириш мумкин. Бу “30 кун” журналининг 1928 йилги сонлари обзор қилинган “Совет магазини” мақоласидир. (“Магазин” инглизча иллюстратив журнал маъносида келаяпти бу ерда.) Обзорчи нашр муваффақиятсиз чиққан, ғарб журналлари намуна қилиб олинган, у ҳатто магазинга ўхшамайди, балки сифатсиз майда-чуйда моллар уюлиб ётган дўкончага ўхшайди. Моллар тартибли эмас — деган фикрни исботлашга уринади. Журналнинг адабиёт бўлими тўғрисида гап кетгудай бўлса, — деб ёзади тақризчи, — унда босилган материалларнинг энг характерли намунаси Ильф ва Петровнинг “Ўн икки стул” роман-хроникасидир. Бу журналнинг асосий материали, уни нашр этиш ярим йил мобайнида амалга оширилган. Таҳририят асарни “классик сатирик романчиликнинг энг яхши намуналарига тақлид” деб атайди. Бунга қўшимча қилиб айтиш мумкинки, тақлид муваффақиятли чиқмаган. Бир неча саҳифаларгина бу фикрдан мустасно. Ана шу бир неча саҳифалардагина ёзувчи ҳақиқий ҳажвиёт намуналарини яратади (масалан, “Гаврила”нинг ижрочиси Ляпис образи). Қолган ўринлар ўртачагина, нурсиз. Кулгининг ижтимоий объекти — манфаатпараст авантюрачи бизнинг кунларимиз учун характерли эмас. Уни ҳажв асоси қилиб бўлмайди. Муаллифлар ҳажв ўрнига арзон кўнгил очиш ва масхаралашга ўтиб кетишган. Таҳқирлаш ҳазил билан алмашган, синфий душманга кучли нафрат ҳисси сезилмайди, отилган ўқ бекор кетган.
Орадан ўн йил ўтгач, Петров бу обзор ҳақида лом-мим демайди. Ҳолбуки, 1929 йилда олти йиллик танаффусдан кейин “сиёсий, маданий, танқидий ва библиография журнали” қайтадан чиқа бошлаганди. Мазкур журнал кўзга кўринган ва обрўли нашрлардан эди. Бирор асар ҳақида бу журналда фикр билдириш воқеа ҳисобланарди.
Ильф ва Петровнинг бу мақолани ўз вақтида, жиллақурса кейинроқ бўлса-да, пайқамасликлари эҳтимолдан узоқроқ. Буни эслатадиган одамлар ҳам бор эди. Масалан, ҳаммуаллифларнинг эски ошнаси, ўзи ҳам аввал “Гудок”да ишлаган Ю.Олеша “Ўн икки стул” тўғрисидаги тақризлар билан қизиқиб юрган, кейинчалик бу асар тўғрисида ўз фикрлари билан ўртоқлашган. Петров доимо кузатиб борадиган “Москва оқшоми” газетасида 1929 йилнинг 27 апрелида “Китоб ва инқилоб”да обзор қилинган “Совет адабиётининг йили” анкетасини чоп этади. Бу анкетада таниқли ёзувчиларнинг 1928 йилда эълон қилинган энг яхши асарлар тўғрисидаги фикрлари берилган. Олеша йилнинг энг яхши романи сифатида “Ўн икки стул”ни санайди ва мазкур асар “танқидчилик томонидан ерга урилгани” эслатилади. Петров ва Олешанинг фикрини эсламайди.
Шундай қилиб, “Ўн икки стул” эълон қилингандан кейин бир йил ичидаги тамомила бир-бирига қарама-қарши икки хил курашни эслатиш мумкин.
“Танқидчилик томонидан ерга урилган китоб ва танқидчилар сукут сақлаган китоб”.
Биринчи нуқтаи назар тамомила асосланган: салбий тақризлар ҳақиқатан ҳам чоп этилганди. Иккинчи томондан тадқиқотчилар келган бундай хулосага маълум асослар бор. Марказда чиқадиган ойлик журналда эълон қилинган ва пойтахтдаги йирик нашриётда чоп этилган роман тўғрисида, бунинг устига мавсумнинг энг оммабоп китоби тўғрисида пойтахтдаги “Октябр”, “Новый мир” сингари йирик ва обрўли журналларда бир йил мобайнида ҳеч қандай тақриз чиқмаслиги нормал ҳол эмас. Бундан замондошларда “Ўн икки стул” яширин равишда таъқиқланган экан-да, деган фикр қолиши ҳеч гап эмасди.
“Киев оқшоми” газетаси 1929 йилнинг 29 январида О.Э.Мандельштамнинг “Герцогиня елпиғичи” обзор мақоласида “танқидчилар томонидан салмоқли асарга бундай муносабат уятли ва кулгили ҳолатдир”, — деб баҳо беради. Кенг ўқувчилар оммаси ҳозир ёш авторларнинг “Ўн икки стул” деб аталган романни ялаб-юлқаб ўқишяпти, — деб ҳайрон бўлади Мандельштам. Қувноқ ва заҳарханда ва ёшлик руҳи анқиб турган бу асар тўғрисида фақат Бухарингина касаба уюшмаларининг қурултойида бир неча сўз айтди, холос. Ильф ва Петровларнинг китоби Бухаринга негадир керак бўлибди-ю, тақризчилар бу асарга ўзларида зарурат туюшмабди. Албатта унга ҳам қўллари етиб соч-соқолини олиб ташлашади”.
Эҳтимол, Мандельштам бу асарни аллақачон танқидчилар кўриб, соч-соқолини олиб ташлашганини пайқамай қолгандир. Гап бунда эмас. Муҳими шундаки, шоир “эҳтиёткор жимликни” билса ҳам ёхуд фаҳмлаб турган бўлса ҳам танқидчи ва муҳаррирлар билан уларга мувофиқроқ тилда гапиришга ҳаракат қиляпти: “Ўн икки стул”га тақриз ёзиш ва эълон қилиш мумкин ва зарур. Бу шунчаки кулгу, ҳазил асар эмас, балки совет мамлакатига талабчан муҳаббат руҳи анқиб турган памфлет, уни Бухариннинг ўзи тасдиқлаган демоқчи бўлади.
Бухарин эса дарҳақиқат, бу асарни маъқуллаган. Мандельштам айтганидек, касаба уюшмаларининг қурултойида эмас, ишчи ва қишлоқ мухбирларининг кенгашида бу ҳақда гапирган. Романдан анчагина иқтибослар келтирилган. Бухарин нутқи “Правда”нинг 2 декабр сонида босилган.
Юқорида эслатилган Лурьенинг Ильф ва Петров ҳақидаги китобида таъкидланганидек, Бухариннинг бу роман тўғрисидаги яхши гапларидан кейин “тақризлар тўлқини” авж олди. “Унинг эътиборига тушган асарни мақташ мажбурий эмасди (1929 йилнинг охирига келиб эса, бутунлай мажбурий эмасди) лекин уни инкор этиш ҳам ноқулай эди”.
Мана шу ерда мўътабар тадқиқотчининг фикрига қўшилиш қийин. Бухарин фикри билан “Китоб ва инқилоб” журналида апрел ойида босилган тақриз орасида деярли ярим йил, “тақризлар тўлқини”гача ярим йилдан зиёдроқ вақт ўтди. Гарчи профессионал танқидчилар Мандельштамдан фарқли ўлароқ “Правда” газетасини ора-чора эмас, мунтазам ўқиб боришса-да, Бухариннинг мақтов гаплари уларга илҳом бағишлагани йўқ. Бўлмаса бунчалик узоқ муддат жим туришмаган бўларди. “Киев оқшоми” газетасининг раҳбарияти ҳам махсус изоҳномада: “Таҳририят Мандельштамнинг қизиқарли мақоласини босиш билан бирга, унинг барча фикрларига ҳам қўшилавермайди” деган алоҳида писандани ҳам эълон қилди”. Бу тушунарли эди: Зеро, Бухарин бу пайтда илгариги мавқеидан анча тушганди. У расман сиёсий бюро аъзоси, партия назариётчиси, “Правда”нинг бош муҳаррири эди. Лекин содир бўлаётган ўзгаришлар “раҳбар ходимлар” газета ва журнал муҳаррирларига шундоққина кўриниб турарди. Бухариннинг деярли барча фикрларини инкор этишга киришишиб, Марказий Қўмитада уни очиқдан-очиқ эзишарди. 1928 йилнинг ноябрида у ўзининг аввалги қарашларидан воз кечишга мажбур бўлди, Марказий Қўмита пленуми ҳам “ўнглар”ни бир овоздан қоралади. Бухарин шу ойнинг ўзида намойишкорона истеъфога чиқди. Тўғриси, уни ишдан четлатишди. Мандельштам эслатган нутқ фақат ишчи ва колхозчи мухбирларгагина эмас, партия раҳбарларига ҳам эслатма эди. Бўлаётган воқеалардан яхши хабардор одамлар учун Мандельштамнинг чиқиши Сталинга қарши қаратилганди. Шундай экан, Бухариннинг мақтов сўзлари ҳосил бўлган вазиятни унчалик ўзгартира олмасди.
Адабий журналларнинг таҳририяти учун қийин даврлар эди. “Ўн икки стул” “сўл оғмачилар”га қаратилган асар бўлиб, ўша даврларда нашр этилишининг ўзига хос сабабларини илғаш қийин эмасди. Эндиликда “сўл оғмачилар”га қарши кураш тугаган, “ўнглар”га қарши кураш эса авжига чиққанди. Бундан чиқадиган хулоса шуки, бу асар ҳақидаги мақтов гаплар тамомила ўринсиз, акс ҳолда беихтиёр “ўнглар” томонига ўтиб қоласан. Нашриёт ва журнални бошқарган Нарбут мансабларидан олиб ташланган. Гарчи бу “Ўн икки стул” учун бўлмаса-да, ҳарҳолда мансабларидан ажралган. Асарни инкор этувчи тақризлар ҳам ўринли эмас, акс ҳолда “сўл оғмачилар”нинг тарафдорига айланиб қолиш ҳеч гапмас. Шу боисдан эълон қилинган бир неча тақризни умумий қоидалардан чекиниш, муҳаррирларнинг эътиборсизлиги туфайли эълон қилинган. Муҳаррирлар бу ўринда шошилмаслиги лозим эди, асарга расмий баҳо берилмагунча сукут сақлашлари талаб этиларди.
Кутиш чўзилиб кетди, тақриз қилинадиган вақт ўтди. Маълумки, тақриз оператив жанр, ўзига хос репортаж — қаерда, ким томонидан, нима босилиб чиққанлиги ҳақидаги хабар. Тақриз асар пайдо бўлгандан кейин тахминан ярим йиллар ичида босилиши лозим. Бундан кейин янги асарлар тўғрисидаги салмоқли танқидий очерклар, аналитик мақолаларнинг навбати келади. Таҳририятларда умуман Ильф ва Петров китобини тилга олишдан қочишарди.
Лекин 1929 йилнинг қишига келиб, ҳаммуаллифларнинг аҳволи анча ўнгланиб қолди.
Аввало уларга янги ҳомий топилди, бу илгариги танишлари Михаил Кольцов эди. У худди Нарбутга ўхшаб, мансаб зинапояларидан жуда тез кўтарила бошлади. 20-йилларнинг охирига келиб, Кольцов “Правда”нинг машҳур очеркчиси ва фельетончисигина эмас, балки сиёсий разведка билан чамбарчас боғлиқ халқаро аҳвол тўғрисида ёзувчи таниқли шахсга айланади. Унинг бундай шуҳрати жаҳон ижтимоий фикрини шакллантириш юзасидан Сталиннинг нозик топшириқларини бажарувчиси бўлиб қолган 30-йилларда янада ортади. 1928 йилнинг ноябрида эса Кольцов “Чудак” номли ҳафтаноманинг илк сонини нашрга тайёрлар экан, Ильф ва Петровни таҳририятга ишга олади. “Янги нашр, — деб ёзган эди Кольцов журнал ҳаммуҳаррири А.М.Горькийга ёзган хатида, — совет матбуоти сийқаси чиққан матбуотдан иборат деган фикрларга қарама-қарши ўлароқ, СССРда яхши ҳажвий журнал чиқиши мумкинлигини, у бюрократизм, лаганбардорлик, мешчанлик, иккиюзламачилик, фаол ва пассив зараркунандачиликка қарши ўт очувчи нашр бўлиши мумкинлигини исботлайди”.
Журнал ғояси ўша пайтдаги сиёсий атамалар билан аниқ ифодаланган. “Бюрократизм, лаганбардорлик” давлат аппаратидаги сиёсий қусурлар эди. Уларни матбуотда ёритиш, танқид қилиш СССРда матбуот эркинлигининг исботи. “Воқеликка нисбатан иккиюзламачилик” дейилганда совет тузуми, “фаол ва пассив зараркунандалик” дейилганда эса турли хилдаги оғмачилар кўзда тутилмоқда. Бу ўринда гап партиянинг “сталинча бош йўли”га қарши чиққанларни ҳажвиёт йўли билан фош этиш имкониятлари тўғрисида кетади. Бундай ташаббуслар энг юқори доираларнинг қўллаб-қувватлаши туфайлигина амалга ошиши мумкин эди. Ўша вақтда бундай қўллаб-қувватлаш бор эди. 1928 йилнинг 19 декабрида М.Кольцов Сталин қабулида бўлади.Уларнинг ўзаро айни қандай масалаларни муҳокама қилишгани номаълум. Лекин “ВКП(б) бош котиби томонидан қабул қилинган кишиларнинг рўйхатини қайд этувчи журнал”да: “М.Е.Кольцов, фельетончи, “Правда” газетаси, адабий масалалар бўйича” деб қайд қилинган.
Кольцов журналида фақат у шахсан ишонган ва кафолат бера оладиган одамларгина ишлаган. “Сўлларга қарши руҳда ёзилган роман авторлари, бунинг устига қувғиндаги Нарбутнинг оғайнилари учун бу катта муваффақият эди. Сиёсий қарашлари бўйича ҳам, Ильф ва Петровларда яхши томонга ўзгаришлар пайдо бўлди. Худди ўша даврда — 1928 йилнинг қишига келиб, Сталин Бухаринни фош этиш босқичини поёнига етказгач, адабиётдаги “ўнг оғмачилар”га қарши курашни сусайтиришни лозим топди. Мухолифини хотиржам қилиш, ўз кўрсатмаларини бажарадиганларни зада қилиб қўймаслик учун ҳам шундай йўл тутилганди. “Правда” газетасининг 1929 йил 22 февралида йўл-йўриқ характеридаги “Бир чалкашлик ҳақида (санъат ҳақидаги баҳсга доир)” деган мақола эълон қилинади. Мақола муаллифи П.М.Керженцев адабиётдаги “ўнг оғмачилик” ҳақидаги мулоҳазалар бемаънилик, гап фақат санъат совет ва антисовет характеридаги асарлар устида кетиши мумкин. Лекин адабиёт тўғрисидаги ўтказилаётган баҳсда партиявий атамалардан фойдаланиш асло мумкин эмас. Бу Сталинга хос киноя эди: айни мана шу Керженцевнинг “Китобхон ва ёзувчи” 1928 йилнинг 2 декабр сонида “Бадиий адабиёт ва синфий кураш” мақоласи эълон қилинган бўлиб, унда “ўнг оғмачилар” дейиш мумкин бўлган барчага, адабиётдаги муросасозликка қарши курашга даъват этган, адабиётдаги “ўнг оғмачилар”нинг тан олинган фош этувчиси сифатида ўзини кўрсатган эди. Бу унча-мунча жойда эмас, партиянинг бош газетасида рўй берган, ўзини турли одамларга қарши ўт очувчи мутахассис, билимдон қилиб кўрсатмоқчи бўлганди.
1929 йилнинг баҳорига келиб, Ильф ва Петров яна отда эдилар. Улар мўътабар журналда ишлашади ва асарлари доимо шу журналда босилиб туради. Совет цензурасини ижозати ва қўллаб-қувватлаши билан Францияда “Ўн икки стул”нинг таржимаси нашрга тайёрланаётганди. “Китоб ва инқилоб”да романининг журнал варианти тўғрисида тақриз чиққунгача берилаётган зарба асар муаллифларига эмас, балки, ҳамон журнал муҳаррири бўлиб ишлаётган Нарбутга қарши қаратилганди. Нарбут билан ҳисобни кейинроқ қилишди, бу совет журнал фаолиятида тез-тез учрайдиган одатдаги усул эди. Ўша даврда “Китоб ва инқилоб”га айни Корженцов раҳбарлик қиларди. Албатта, “Ўн икки стул”ни эсга олиб, обзорчи ҳар ерда ошкор қилинмаган тақиқни бузди, лекин журналнинг етти сонида босилаётган романни инкор этиши мумкин эмасди. Шу боисдан ҳам унгача бўлиб ўтган — “ўнг оғмачилар” билан курашнинг бошланишида асар шаънига айтилган салбий фикрларни эслатди, холос.
Мана шу вақтга келганда вазият яна ўзгарди: Сталин бухаринчиларга қарши курашни янада кучайтирди, натижада Бухарин “Правда”нинг муҳаррирлиги ва бошқа раҳбарий лавозимлардан олиб ташланди. 1929 йилнинг 22 апрелида Сталин партия Марказий Қўмитаси пленумида “ВКП(б)даги ўнг оғмачилик тўғрисида” нутқ сўзлади. Бухарин “марксизмдан чекиниш”да, синфий кураш кучайган бир вақтда ундан воз кечишда айбланди. Синфий курашнинг кучайиши эса, Сталин сўзлари билан айтиладиган бўлса, аввало, совет ҳокимияти яширин душманларининг доимий “зараркунандалиги”да кўринади. Энди буларнинг барчаси тўғридан-тўғри Бухариннинг ножўя ҳаракатлари билан изоҳлана бошлади: “Шахти ишини тасодифий рўй берган деб бўлмайди. “Шахтичилар” ҳозир саноатимизнинг ҳамма жабҳаларида ўтиришибди. Уларнинг анчагина қисми аниқланган, лекин булар ҳали ҳаммаси эмас. Буржуа зиёлиларининг зараркунандалиги ривожланиб бораётган социалистик тузумга қаршилик кўрсатишнинг энг кўп тарқалган шаклидир. Бу гап матбуотга бевосита алоқадор. Тузумга қаратилган ҳар қандай танқид, айниқса, ҳажвий йўсиндаги асар бухаринчилар ножўя ишлари туфайли майдонга келган буржуа зиёлиларининг қаршилиги сифатида қабул қилинарди. Лекин Сталин шу жойнинг ўзида яна бир шиорни майдонга ташлади. “Ҳар бир соҳада танқид ва ўз-ўзини танқидни кучайтирмай туриб, хўжалик, касаба уюшмалари, партия ташкилотларининг ишини яхшилаш ҳам, социализм ишини ривожлантириш ҳам, буржуа зараркунандалигини жиловлаб ҳам бўлмайди”. Шундай экан, ҳажвий чиқишлар зарурий ҳолат деб ҳисобланиши ёхуд аксилинқилобий деб қаралиши мумкин.
Совет адабиёти ва театрида ҳажвиёт мавзуида шу даврда баҳс авж олиб кетди. Жумладан, “Литературная газета” саҳифаларида ана шу мунозара давом этарди. 1929 йилнинг апрелида “Китобхон ва ёзувчи” ҳафтаномасининг ўрнига нашр этила бошлаган мазкур газета аввалига СССР Ёзувчилари уюшмаси ташкилоти қошидаги “партия сиёсатининг тарғиботчиси” мақомини олди. Шундай экан, мунозара материаллари ва якунига фақат адабиётгагина эмас, сиёсатга ҳам алоқадор деб қаралди. Ҳаммаси рисоладагидек тамом бўлди: “Литературная газета” шунингдек, бошқа даврий нашрлар бюрократлар, мешчанлар ва бошқа тоифадаги одамларни ҳажв остига олар эканлар, аксилинқилобчи бўлиб қолмайдилар.
Ильф ва Петровнинг ўзлари мунозарада иштирок этишмади, лекин уларнинг тарафдорлари чиқишлар қилдилар.“Литературная газета” 1929 йилнинг 17 июнида Тарасенковнинг “Фикр билдирилмаётган китоб” номли юқорида эслатилган мақолани босиб чиқарди. Кўпчилик тадқиқотчиларнинг “эҳтиёткорона сукутлари” тамом бўлди. Лекин совет тадқиқотчилари не сабабдан танқидчиларнинг фаоллигига Тарасенковнинг мақоласи таъсир этди ва у нима сабабдан бошқа нашрда эмас, айни “Литературная газета”да пайдо бўлди, деган саволни ўз олдиларига қўймадилар. Албатта, бу ҳолат тасодифий эмасди. “Литературная газета” таҳририяти “Ўн икки стул”ни ҳажвиёт тўғрисидаги мунозара доирасига киритар экан, Ильф ва Петров қўлига совет тузумига садоқати тўғрисида маълумотнома бергандай бўлди.
Гап шундаки, “Литературная газета” Тарасенков имзоси билан “Завод ва фабрика” нашриёти чоп этган “Ўн икки стул”га ҳақиқий биринчи тақризни эълон қилди. Мақола тақризнинг барча қонун-қоидаларига мос келади. Бу ўқувчиларни ҳайрон қолдирмаслиги мумкин эмасди. Ўша пайтларда роман эълон қилингандан кейин бир йил ўтгач, унга тақриз бериш урф бўлмаганди. Бу, айниқса, ҳафталиклар сингари тезкор нашрлар учун хос эмасди. Шу сабабдан кечиккан тақризга “Фикр билдирилмаётган китоб” деб сарлавҳа қўйилди. Бунинг устига газетада шу ном остида янги рукн очилди. Таҳририят изоҳида шундай ёзилганди: “Литературная газета”да шу рукн остида танқидчилар томонидан адолатсиз равишда фикр билдирилмаган китобларга баҳо берилади”. Моҳият эътибори билан мазкур мақола таҳририятнинг мақоласи эди. “Литературная газета” илгари романга берилган барча баҳоларни улар умуман мавжуд бўлмагандай йўққа чиқарди.Тақризчиларга аввалги фикрларни эсдан чиқариб юборишга ишора қилишди.
“Ишора” фақат мақола сарлавҳасидагина эмас, балки биринчи жумладаёқ аниқ ифода этилганди. “Ильф ва Петровларнинг биргаликда яратган романи ҳақида Ю.Олеша яқинда “Москва оқшоми” газетаси анкетаси саволларига берган жавобида тўғри таъкидлаганидек, шу вақтгача танқидчилар томонидан адолатсиз равишда фикр билдирилмади”. Тарасенков “танқидчилар томонидан адолатсиз равишда фикр билдирилмаган” ва “ўринсиз камситилган” (Олеша аслида анкетага жавобларида айнан шундай деганди) деган ибораларнинг маъноси бир эмаслигини тушунмаган бўлиши мумкин эмас. Лекин Олешага баҳслашиб ўтиришнинг зарурлиги йўқ эди, ахир у китобни муносиб баҳолашларини истаяпти холос. Асарни танқидчилар пайқашмаётганини гапирган Мандельштам ҳам ҳақ эди. Бундан ташқари биринчи жумладаги ”биргаликда ёзилган роман” ибораси китобхондаги асар ҳақида журналда билдирилган биринчи фикрни ҳам гўё эслагандай бўлади”.
”Литературная газета” янги ўйин қоидаларини киритаётганди. Энди Тарасенков аввалги тақризчиларнинг номларини ҳам эслатмай, кимга зарур бўлса, ўзи топиб олар, қабилида уларни бутунлай инкор этаётганди.
Замондошлар, айниқса, қизиққан замондошларнинг буларни фаҳмлаб олишлари қийин эмасди. Масалан мурувватли тақризчи ”Москва оқшоми”да ”Ильф ва Петров ҳақиқий воқеликни четлаб ўтишган, ”роман ҳажвиётни юқори даражага кўтара олмаган, ”Китоб ва инқилоб” обзорчиси романни ”нишонга тегмаган” деб атайди. Тарасенковда эса ҳаммаси аксинча: ”роман ўткир ҳажвиёт билан йўғрилган”, ”ҳаётимизнинг салбий томонларини боплаб савалайдиган ҳажвиёт”, ”Китоб ва касаба уюшмалари“даги тақриз муаллифи Ильф ва Петровларни ”бачкана ҳажвиётчилик ва бежамкорлик”да айблашиб, асарга ҳам ижтимоий нуқтаи назардан, ҳам бадиий нуқтаи назардан паст баҳо беради. Тарасенков эса: Ильф ва Петров жанр қолипини ёриб чиқишди, ”Ўн икки стул” совет адабиётининг ҳажвиётчилик соҳасидаги шубҳасиз энг муҳим ютуқларидан биридир, деб баҳо берди.
Тарасенков фамилияларини айтмаган ҳолда 1928 йилнинг майида романда ”ўнг оғмачилик“нинг хавфини кўришга шошилган ёзувчиларни ҳам эслатиб ўтди. Масалан, Ингулов таькидлаган “ёзувчиларнинг кўзлари инқилобнинг увадасинигина кўра олади, унинг ичини, қалбини кўра олмайди”, деган сўзларни эслатган ҳолда Ильф ва Петров аслида оламга ҳақиқий замондошимиз кўзи билан боқадилар, тийрак кўз билан воқеаларга ёндашадилар. Бу душманларнинг нигоҳи эмас, дўстларимизнинг кўзидир, — дейди. “Баьзи ёзувчиларнинг ортиқча замондошларимиз образларини тасвирлашга мойилликлари нохуш ижтимоий оқибатларга олиб келиши мумкин” деган Гладков ҳам ўзига яраша баҳосини олди. Тарасенков фикрича, “ Ўн икки стул” муаллифлари барча “ортиқса” ва “собиқ”ларни фош этади: “мослашувчи ва олғир” Остап Бендернинг барча ясама либослари ечилиб, асли ҳолида кўрсатилади, халтурачи шоирлар устидан ҳам кулинади, ошна-оғайнигарчилик, мансабпарастлик, риёкорлик ва бошқа иллатлар қораланади. Бунинг устига, Тарасенков фикрича, асар муаллифларининг меъёр ва маданият туйғуси юксак. Улар қаерда енгил кулги кераклиги-ю, қаерда киноя ёки ўткир ҳажв даркорлигини яхши билишади.
Шулардан келиб чиққан ҳолда “роман ҳар қандай йўллар билан китобхонларга тавсия этилмоғи даркор. Бир истак шуки, романнинг асосий сюжетига сунъий ёпиштирилган руҳоний “Федор ота”нинг тарихи билан боғлиқ бутун эпизодлар асарнинг қайта нашрида олиб ташлангани маъқул”.
Агар мақоланинг умумий руҳи романни маъқуллашга ва ҳимоя қилишга қаратилмаганда эди, бу луқмани киноя деб тушуниш ҳеч гап эмасди. Зеро, асардаги қаҳрамонлардан бирини ва у билан алоқадор сюжет йўлини олиб ташлаш, ҳазилакам танбеҳ эмасди. Лекин бу ерда қандай гап айтилгани эмас, нима учун айтилгани муҳимдир. “Луқма” кўпроқ “оммавий китобхонга” эмас, танқидчиларга қаратилган. Мандельштамдан фарқли ўлароқ, Тарасенков /ёхуд таҳририят/га эҳтиёткор ҳамкасабаларни хотиржам қиладиган ҳолатлар маълум эди. Майли, таклиф этилган тузатиш мақсадга унчалик мувофиқмасдир ёхуд бутунлай бемаънидир. Муҳими қандайдир камчиликлар кўрсатилди, улар ҳақида баҳслашиш мумкин, лекин бу камчиликлар сиёсий характерга эга эмас. Сиёсий хатолар эса бу ерда умуман йўқ, дейилмоқчи. Бунинг устига “Летературная газета” моҳият эътибори билан таҳририят мақоласи дейиш мумкин бўлган бу тақризда асар қайта нашрга тайёрланаётгани тўғрисида ўқувчиларга маълум қилиб қўяётганди. Демак, асар босмахонада тез орада журнал вариантини ҳам ҳисобга олганда, учинчи маротаба эълон қилинади. Бундан “Завод ва фабрика” нашриёти ва “30 кун” журнали раҳбариятининг ўзгариши романни босиб чиқариш билан боғлиқ эмас: унинг мафкуравий жиҳатдан тўғрилиги бир йил аввалгидек яна тасдиқланди.
Шу нарсани таҳлил қилиш ўринлики, Тарасенков ўз мақоласини июнда эмас, май ойида ёзган кўринади. Чунки у Олешанинг апрель ойида айтган фикрларини “яқинда” дейди. Лекин “Литературная газета“нинг муҳаррирлари нашриёт романнинг қайта нашри мўлжалланаётганини эмас, аллақачон тайёрлаб қўйишганини билишарди. Бунинг устига роман француз тилига таржима қилинган, асарнинг чет элда босилиб чиқиши СССР ҳақиқий демократия мамлакати эканлигини, ҳажвиёт асарлари бу ерда тақиқланмаганлигини исботлаган эди. Тарасенковнинг тақризи эълон қилинган вақтда “Ўн икки стул”нинг янги — қисқартирилган вариантини чоп этишга қўл қўйилган эди. Дарҳақиқат, тез орада тираж босилиб чиқди. 30 июнда эса “Ўн икки стул” таржимаси Францияда босилди. Роман яна сиёсий ҳозиржавоб асарга айланди. НЭП ва Бухаринни обрўсизлантириш орқали, сталинча ташвиқот янги иқтисодий сиёсат авж олган даврда Бухарин ўртага ташлаган машҳур шиор “Бойинг!”ни ҳам обрўсизлантирди. У гарчи деҳқонларни кўзда тутган бўлса-да, кенг қатламларни ўз ичига оларди. Шу муносабат билан “Ўн икки стул“ сюжети Бухарин шиорини танқид қилувчи асар сифатида талқин этилди. Троцкийга қарши қаратилган романдан Бухаринга қарши курашда ҳам фойдаланилди. Шундай экан, “Литературная газета” ҳаракати аниқ мақсадга йўналтирилганди.
Журналларнинг муҳаррирлари “Литературная газета”нинг фикрини бир хилда тушунишди. Тарасенков тақризига биноан аналитик характердаги мақолаларгина эмас, “Ўн икки стул“ ҳақидаги танқидий очерклар ҳам тезда яратилавермайди. Роман тўғрисидаги аналитик мақолалар яна сиёсий жиҳатдан актуал бўлмасди. Албатта бундан бир йил аввал журналда эълон қилинган ва алоҳида китоб бўлиб чиққан, бунинг устига обдон пўстаги қоқилган роман ғалати кўринарди. Лекин формал жиҳатдан баҳона бор эди. Илгари бу асар тўғрисида фикр билдиришмаган тажрибали танқидчилар бу ўринда иштирок этишмади. Аввалгидек бу гал ҳам ҳали кўпчиликка маълум бўлмаган адабиётчилар жонбозлик кўрсатишди.
“Октябр” журналининг еттинчи /июл/ сонидаёқ, бир автор мақола билан чиқиб, гарчи фамилияни очиқ айтмаган бўлса-да, Тарасенков билан мунозарага киришади. Лекин унинг сиёсий хулосаларига қўшилади, асарни “қувноқ, ғайрат билан ёзилган асар” деб баҳолайди. “Умуман олганда эса “Ўн икки стул” муваффақиятли чиққан” деган хулосага келади. Шуни эътироф этиш керакки, мазкур тақриз шошилинч материал сифатида эълон қилинган: зеро, 1929 йилнинг июни охирларида “Октябр”нинг июл сони терилиб бўлинганди. Бундан “Литературная газета”нинг истаги “Октябр” таҳририяти томонидан тезда бажарилиши зарур бўлган буйруқ сифатида қабул қилинган. Журнал пролетар ёзувчилари Россия ассоциациясининг органи эди, ассоциация раҳбарияти эса кўрсатмаларни бевосита ВКП/б/ Марказий Қўмитасидан олишарди.
Россия пролетар ёзувчилари ассоциациясининг икки ҳафтада бир марта чиқадиган яна бир органи “Адабий постда” журнали гарчи кечиктирмаган бўлса-да, “Октябр” журналидек тезкорлик кўрсата олмади. “Ўн икки стул” иккинчи нашрига тақриз бу журналнинг ўн саккизинчи (август) сонида босилди. Бу ердаги муаллифнинг фикри ҳар жиҳатдан Тарасенков фикрига мос эмас, лекин “Октябр” журналидаги ҳамкасбига ўхшаб китобни “шубҳасиз ижобий воқеа” деб баҳолади. “Ильф ва Петров романининг китобхонлар ўртасида қизиқиш уйғотиб, муваффақият қозонганлиги” алоҳида таъкидланади. Лекин тўғрисини айтиш керакки, бу ерда мантиқ бир оз бузилган. Романнинг муваффақияти ҳақида гапиришга ҳали эрта эди (иккинчи тираж эндигина чиқиб, ҳали сотиб бўлинмаганди). Тақризда эса биринчи нашр ва асарнинг журнал варианти тўғрисида ҳам, унга билдирилган фикрлар тўғрисида ҳам лом-мим дейилмаганди. Лекин “Литературная газета” бошлаган ўйиннинг қоидаси шу эди. У 1929 йилнинг июнигача роман ҳақида ҳеч қандай фикр билдирилмаган деб ёзганди.
Бу ўйин қоидасини пролетар ёзувчиларнинг органи “Ёш гвардия” ҳам бузмади. Журналнинг ўн саккизинчи /сентябр/ сонида романни деярли роса мақтовчи тақриз эьлон қилиниб, унда “ Ўн икки стул” фақатгина катта ҳажмли сюжетга эга асаргина эмас, ҳажвий роман ҳамдир”. Шу боисдан “ҳозирги ҳажвиётчиликнинг камбағал ва ғоят бемазалиги кўзда тутилгудай бўлса, унинг принципиал аҳамияти янада яққолроқ кўзга ташланади”. Тарасенков сингари бу муаллиф ҳам Ильф ва Петровнинг китоби танқидчилигимиз томонидан ўз вақтида пайқалмади, деб ўз ҳамкасбларига таъна қилади. Бу ерда ҳам мантиқ бузилган: танқидчиларнинг иккинчи нашрга нисбатан фаоллигини баҳолашга ҳали эрта, унинг биринчи нашри ва журнал варианти тўғрисида эса ҳеч нарса дейилмайди.
Ильф ва Петровлар ишлайдиган “Чудай” ҳафтаномаси ҳам ўз ходимларини қўллаб-қувватлади. Ҳафтаноманинг ўттиз олтинчи /сентябр/ сонида “Огонёк” кутубхонаси” туркумида босилиб чиққан “Ўн икки стул” “Завод ва фабрика”да босилиб чиққан қисқартирилган варианти” деган рисолани эълон қилади. Тақриз мадҳия тарзида ёзилганди: “Бу яқинда чиққан, ғоят катта муваффақият қозонган, ҳозирнинг ўзидаёқ бир неча чет тилларга таржима қилинган романнинг энг яхши бобларидир. И.Ильф ва Е.Петровнинг романи совет танқидчилигида ҳам, чет мамлакатларнинг танқидчилигида ҳам СССРда нашр этилган энг яхши ҳажвий роман сифатида баҳоланди. Дарҳақиқат, “Ўн икки стул” ғоят ўткир ҳолатларнинг мўллиги, воқеалар ёрқин чизилганлиги, характер ва типлар аниқ чизилганлиги билан ажралиб туради. Романнинг ютуғи табиий ва ўринли, “Огонёк” кутубхонаси” туркумида чиққан китобча ёш муаллифларнинг талантли асари тўғрисида китобхонларга тўла тасаввур беради”.
Тақризчи роман ҳамма жойда яхши кутиб олинаётгани эьтироф этилаётгани тўғрисида ёзаркан, ёлғон-яшиқларни тўқишдан ҳам тоймайди. Лекин у ҳам ўйинни бузмайди, романнинг журнал нусхасини-ю, биринчи нашрини эсга олмайди. Гап фақат “яқинда босилган”, яъни китобнинг иккинчи нашри ҳақида кетади. Бу асарнинг тарихидан бехабар одамлар қандай қилиб яқиндагина чиққан асар чет тилларга бунчалик тез таржима қилиниб улгурилди ва нашр этилди деб боши қотиши тайин. Лекин тақризчи ва таҳририят билимдон кишиларни кўзда тутишганди.
Санкт-Петербургда чиқадиган, пролетар Ёувчилар уюшмасига қарашли “Звезда” журнали ҳам муаллифларга хайрхоҳлигини ифодалади. Бу журналнинг ўнинчи сонида “Ўн икки стул”да ҳаётий ҳодисаларнинг гипреболик тасвири” асари ҳали тўла маънодаги ҳажвиёт эмас, лекин совет ҳажвиётчилик адабиёти биринчи босқичидаги талантли китобдир”, — дейди тақризчи. Бу тақризчи ҳам анъанага айланиб қолган ҳамкасабаларига таъна тошини отишни канда қилмайди.
“Ильф ва Петровларнинг француз тилида босилиб чиққан, Париж матбуотининг мақтовларига сазовор бўлган роман бизда бутунлай пайқалмай қолди”. Табиийки, биринчи нашр ва журнал варианти ҳақида гапирилмайди.
Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Лекин яна бир нарсани таъкидлаб қўймоқчимиз: ватандош тадқиқотчиларнинг танқидчилар барварига бу романни сезмаганлар, сўнгра бир йилдан сўнг бараварига журъат топиб, бараварига тақриз ёза бошлаганлар деган тахминларини текшириб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ. Петров “Москва оқшоми”да роман ҳақида билдирилган ягона фикрни айтаётганда биринчи нашр ҳақидаги танқидий фикрларни ёдидан чиқармаганлиги аниқ. Ильф тўғрисидаги эсдаликлари режасини тузар экан, “Литературная газета” 1929 йилда олға ташлаган ўйин қоидасини бузмасликка интилган.
Бу ўйиннинг шартини ҳар иккала муаллиф ҳам қабул қилган. Бу жиҳатдан Тарасенковга ҳаммуаллифларнинг “Чудак”нинг 1930 йил тўртинчи /январ/ сонидаги фельетони ёрдам берган:
“Лекин шундай ҳам бўладики, танқидчилар ёш муаллифларнинг китоби тўғрисида ҳеч нарса ёзишмайди. Аллегро жим. Столпнер-Столпник жим. Гав миқ этмайди. Ҳаммаси бараварига, худди келишиб олишгандай. Улар жимликда бир-бирларига қараб қўйишади. Бу жимлик кейинчалик ўзларининг жонларига ҳам тегади шекилли.
— Китобнинг яхши ёки ёмонлигини ким билади? Ким оқибатини олдиндан айта олади. Аввал мақтаб қўйсанг-у, кейин у ёмон бўлиб чиқса-чи? Ана унда кўргуликни кўраверасиз. Ёхуд танқид қилсанг-у, тўсатдан яхши чиқиб қолса? Масхара қилишади. Ёмон аҳволда қоласан!
Танқидчилар икки йилдан кейингина ўзлари фикр билдиришга журъат этиша олмаган китобнинг бешинчи нашри чиққанини ва сиёсий маориф бош бошқармаси қишлоқ кутубхоналарига тавсия этганини сезиб қолишади.
Столпник, Аллегро, Гав ёқаларини ушлашади. Бараварига. Тезроқ, тезроқ қоғозни беринг! Сиёҳни узатиб юборинг, тезроқ! Ўзим ўрганган пером қани? Ва содиқ перолар қитирлаб ёзишга киришади”.
Фельетон билан романнинг нашр этилиши тарихи бир-бирига ҳамоҳанглигини замондошлар сезиб туришарди. Бунга шубҳа қолмаслиги учун бўлса керак, юқоридаги тақризчиларнинг ҳаммаси ҳам негадир роман “танқидчиларимизнинг эътиборидан четда қолди” деб афсусланишди.
Мақолага якун ясаймиз.
Романнинг майдонга келиши, ўзига хос хусусиятлари, унинг нашр этилишига доир фактлар, замондош танқидчиларнинг асарга муносабатлари конкрет, воқеаларни ташқи боғланиши ва изчиллигига қараб баҳо берувчи сиёсат билан изоҳланади.
Норбут Катаевларнинг каттасига “сўл оғмачиларга” қарши роман ёзишни таклиф этганлиги ва Катаев ташаббускор бўлганлиги балки эҳтимолдир. Лекин ҳарҳолда эсдалик битувчилар ёзишганидек, ҳар қандай тасодифият, ҳеч қандай ғаройиб мослик рўй бермаган. “Ижтимоий буюртма” бўлган. Бажарувчиларнинг номзодлари ҳам тасодифий танланмаган: у шунчаки машҳур ёзувчи, драматург, фельетончи, ажойиб санъаткор эмас, бош муҳаррирнинг эски ошнаси, кўп жиҳатдан Нарбутга суянадиган, уни ҳеч қачон чалмайдиган одам. Валентин Катаевга ишонмаса яна кимга ишонарди? Ҳамонки, буюртмани шошилинч равишда бажариш зарур экан, “ёзувчилар бригадаси”ни тузиш ҳам мақсадга мувофиқ келади. 1920 йилларда бундай” ёзувчилар бригадалари“ тез-тез тузилиб турган. Катаев бундай ишга укаси ва дўсти — ҳамшаҳри бўлган одамни жалб этмаса, кимни ҳам жалб этарди? У Ильф ва Петровга бу тўғрисида айнан қачон оғиз очганлигини аниқ айтиш қийин. Лекин бунинг хронологик доирасини аниқлаш мураккаб эмас: бу ҳарҳолда 1927 йилнинг майидан олдин ҳам, октябр ойининг бошларидан кеч эмас. Мана шу йилнинг 15 апрелида совет газеталари “Шанхай тўнтариши” тўғрисида хабар тарқатади, май ойига келиб, Троцкий билан мунозара авжига чиқади, антитроцкийчилик кампанияси кучаяди. Июн ойида эҳтимол Ильф ва Петровлар ҳали ҳаммуаллиф сифатида бирлашишмагандир, лекин улар илк маротаба ёзган таътилларини бирга ўтказадилар, август ва сентябр ойларида эса кечаю кундуз асар воқеалари айни 15 апрелда бошланадиган “сўл оғмачилик”ка қарши руҳдаги романни ёзадилар. Улар уйқу ва дам олишни қисқартириб бўлса-да, журналнинг биринчи сонига кетадиган бобларини ёзиб улгуриш ниятида тиним билмай ишлайдилар, шошиладилар. Октябр-ноябр ойларида романни биринчи қисмини тугаллайдилар. Уни шошилинч равишда нашрга тайёрлашади. 1928 йилнинг январида “Ўн икки стул”нинг қисқартирилган нусхаси босила бошлайди. Шу даврнинг ўзидаёқ асарни “Завод ва фабрика” нашриётида чоп этиш масаласи аллақачон ҳал бўлганди.
Шундай қилиб, Ильф ва Петров сиёсий фитнада иштирок этишади. Буни ўзлари тушунмаган ҳолда амалга оширдилар, дейишга асосимиз йўқ. Бунда улар нималарга таянишди, деган савол туғилади. Чамаси, улар ҳам худди бошқа ёзувчилар сингари йўл тутишган. Масалан, Булгаков сингари. Замонанинг жуда кўп олди кишилари ўшанда Троцкий мағлуб бўлиши биланоқ янги иқтисодий сиёсат узил-кесил ғалаба қозонади, турмуш даражаси ўсиб боради, сиёсий чеклашлар, “сурункали инқилоб” даври, “ҳарбий коммунизм”, “қизил террор” узлатга чекинади, — деб ишонишарди. Лекин нима бўлганда ҳам на Ильф, на Петров бу фикрларга ҳеч қачон норозилик билдиришмаган. Улар ўша даврларда рухсат этилган чегарадан ўтмасликка ҳаракат қилишарди.
Петров 1938 йилда Ильф ҳақида хотиралар ёзишни ўйлади. Лекин у Нарбут ҳақида ҳам, шу йили отилган Кольцов тўғрисида ҳам, романнинг яратилишига олиб келган троцкийчилик кампанияси хусусида кам гапириши мумкин эмасди. Лекин Петров томонидан тўқилган Катаевнинг совғаси, меҳнатсевар ҳаммуаллифларнинг тасодифий муваффақияти тўғрисидаги афсона фавқулодда қулай эди. 1928 йилдаги сиёсий вазиятнинг ўзгариши эса аввалига баравар “Ўн икки стул” тўғрисида сукут сақлаган танқидчиларнинг кейинчалик бараварига бу асарга ёпишиб кетишлари ҳақидаги афсоналарни тўқишга олиб келди. Сталин вафотидан кейинги йилларда ҳам ҳар иккала афсона ҳам асқотиб келди. Бу нарса аввал ҳайдаб юборилиб, кейин ўлдирилган Троцкий ва табиийки, 1938 йилда отилган Бухарин тўғрисида оғиз очмасликка олиб келарди. Ахир улар деярли ярим аср мобайнида “халқ душмани” сифатида саналиб келинди. Петровнинг тахминини мемуарчилар ва тадқиқотчилар ўзларига асос қилиб ола бошладилар. Петров сингари уларнинг ҳам бошқа иложлари йўқ эди. Кимдир жон-дили билан навбатдаги “ижтимоий буюртма”ларни бажарар, кимдир салгина бўлса-да ҳақиқат пардасини очишга интилар, лекин бу ҳолат масаланинг моҳиятини ўзгартира олмасди. Сукут 1960 йилларга келиб ўз ваколатини гарданидан соқит қилди, 1980 йилларда эса узил-кесил барҳам топди. Анъана кучига кўра зиддиятлар рад этилмади, балки улар шунчаки пайқалмади. Петров томонидан таклиф этилган тахмин эса натижада узоқ вақтларгача илмий исботланган ҳақиқат мақомига эга бўлиб келди.
Раҳматилла Иноғомов таржимаси.
“Дружба народов” журналининг 2000 йил 12-сонидан олинди.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2002 йил, 10-сон