ёхуд режиссёр Олимжон Салимов ижодига чизгилар
Ҳозирги замон ўзбек театрининг қиёфаси ҳақида мулоҳаза юритар эканмиз, энг аввало, жаҳон театр санъатининг ўзбек саҳна маданияти, хусусан, режиссурага таъсири, шу орқали янги мавзулар, шакллар, ифода воситаларининг кашф этилиши ҳақида гапирмоқ жоиз. Ўзбек театр санъатида дунё режиссурасининг илғор анъаналари руҳида ижод қилаётган режиссёрлар йўқ эмас. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Санъат арбоби, Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Олимжон Салимов ана шундай режиссёрлар сирасига киради.
Олимжон Салимов режиссура соҳасига хийла кеч кириб келди. У Наманган вилоятининг Косонсой туманида, катта деҳқон оиласида туғилиб ўсган. Олимжон болалигида расм чизишга ишқибоз бўлиб, Тошкентда ўқишни орзу қилади. Мактабни тугатгач, ўзининг пейзажлари, натюрмортлари, портретларини олади-да, “Қайдасан, Тошкент” деб йўлга тушади. Театр олийгоҳининг бадиий куллиётида у дастлабки омадсизликка учрайди – Олимжоннинг ишлари синовларга бардош беролмади. Унга, аввал билим юртини тамомлаб, сўнг олийгоҳга ҳаракат қилиш лозимлигини айтишди.
У уйга мағлуб ҳолда қайтишни истамасди. Кимдир Салимовга актёрлик бўлимига ҳужжат топширишни маслаҳат берди, аммо бу ерда ҳам ишлари юришмади. Сўнгра бўлажак режиссёр Муқимий номидаги театрга саҳна ишчиси бўлиб ишга келди. Бир йил ўтиб, у барибир театр олийгоҳининг актёрлик курсига ўқишга киради. Олий ўқув юртини тамомлагач, Қўқон театрида роль ўйнашни бошлаб юборади. Салимовнинг ўзи эътироф этишича, ушбу театрда унга режиссёр етишмасди. Олимжон театр саҳнасида кўплаб жиддий ролларни ижро этади, аммо аксарият ҳолларда ўйнаган ролларидан кўнгли тўлмас, шу боис кўпинча постановкачи режиссёрлар билан баҳслашиб қолар, уларнинг спектаклларини аямай танқид қиларди. Охири унга роль бермай қўйишди ва у режиссёр бўлишга азму қарор қилди.
Ниҳоят унга илк бор омад кулиб боқди. Олимжон театр олийгоҳининг драма режиссёрлиги бўлимида сиртдан ўқиди. Курсга таниқли режиссёр, мўътабар ёшдаги мураббий Иосиф Радун раҳбарлик қиларди. Биринчи мустақил ишини у талабалик чоғи Қўқон театрида саҳналаштирди. Александр Вампилов пьесаси асосида “Қишлоқ ҳангомалари” номли диплом спектаклини ҳам шу театрда саҳнага қўйди.
1984 йили Олимжон Салимов Фарғона мусиқали драма театрига постановкачи режиссёр бўлиб ишга жойлашади. Кўп ўтмай у шу театрга раҳбар этиб тайинланади. Фақат репертуарнигина эмас, балки спектаклнинг бадиий яхлитлиги, бадиий ва ғоявий мазмун-мундарижасини аниқлаш ҳамда шу асосда муайян ижодий вазифаларни белгилаш бўйича мураккаб ва машаққатли иш бошланиб кетди. Режиссёр ижодида аҳамияти муҳим, айтиш мумкинки, энг долзарб масала кўндаланг турарди – актёрларнинг образ устида қунт ва сабот ила иш олиб бориш масаласини узил-кесил ҳал этиш!
Истеъдодли режиссёр Олимжон Салимов ижодининг ўзига хос, бошқалардан фарқ қилувчи жиҳати – каттаю кичик ҳар бир ишга сабр-тоқат ва кучли иштиёқ билан ёндашишдир. У спектаклларини мавжуд шароитдан келиб чиқиб саҳналаштирмайди, балки “ўз” пьесасини узоқ вақт қидиради. Драматург Шароф Бошбековнинг “Темир хотин” трагикомедияси муаллиф кўтариб чиққан муаммоларининг ўткирлиги билан уни ўзига тортди. Режиссёрнинг таъкидлашича, мана шу пьеса шарофати билан гапириш ман этилган нарсаларни саҳнада айтиш мумкин эди. Томошабин оддий тракторчи, катта ва бечораҳол оила бошлиғининг омадсиз тақдири ҳақидаги мунгли комедияни кўрди – у ҳар қандай орзу рўёбга чиқишига ишонади. Асар қаҳрамони Қўчқор омадсиз ва пала-партиш ҳаёт кечиради, ўзининг бахтли бўлишига кўзида ёш билан кулади. Унинг оқкўнгил, соддадил ва боёвгина ҳаёти ана шундай кулгили ва қайғули ҳолатлар қоришмасини ўзида мужассам этган.
Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида театр танқидчилари О.Салимовнинг ушбу спектаклини кескин муҳокама қилди. Спектакль Бишкекдаги “Наврўз–89” минтақавий фестивалида томошабинлар томонидан қизғин кутиб олинди, якунда Гран-При мукофотига сазовор бўлди. Ҳали унчалик номи чиқмаган режиссёр театр кўригида бирданига қаҳрамонга айланди, унинг спектакли эса ўша давр учун долзарб бўлган муаммони ёрқин ифода этди.
Бишкекдаги театр фестивалида “Темир хотин” эришган муваффақият санъатда ўз ўрнини мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётган жиддий режиссёр Олимжон Салимовнинг обрўсини кўтариб юборди. Энди олға қараб юриш учун йўл очилган эди. Ҳамза пьесаси бўйича саҳналаштирилган “Тошкентга саёҳат” спектакли кўпчиликни ҳушёр торттириб қўйди. Услуби жиҳатидан мазкур томоша “Темир хотин”нинг мутлақо акси эди. Спектакль жанри “масхарабозлар томошаси” деб номланган бўлиб, унда ҳазил-мутойиба, қизиқчилик устуворлик қиларди. Аммо томошабин режиссёр ечимини тўғри қабул қилди, у оддий шаҳарлик одамнинг таниш, овсар бойни аҳмоқ қилиши устидан қотиб-қотиб кулади.
1993 йил Олимжон Салимовни пойтахтдаги Ёш томошабинлар театри бадиий раҳбарлигига таклиф қилишди. Бироз ўйлаб кўргач у рози бўлди ва кўп ўтмай ўзининг азалий орзусини рўёбга чиқаришга киришди. Таниқли ўзбек адиби Тоғай Муроднинг икки қиссаси бўйича ишланган “От кишнаган оқшом” спектакли инсценировкаси учун анча вақт ва куч сарфлади. Бўлажак спектаклнинг талқини, услубини аниқлаш осон бўлмади. Бош роль ижросини топиш ҳам ўзига яраша муаммоларни келтириб чиқарди. Аммо барчаси изга тушгач, ажойиб спектакль дунёга келди – унда инсон ҳаётининг фожиали тарихи ўз ифодасини топди, инсоннинг табиат билан ўзаро муросаси бузилиб, бир-бирига қарама-қарши ҳолатлар пайдо бўлгандаги салбий оқибатлар томошабинни чуқур ҳаяжонга солди.
Мазкур спектаклда Олимжон Салимов ташбеҳий-рамзийлик ва шартлилик йўлидан борди. Асарда инсонларнинг ўзаро муносабатларида мутаносибликларнинг йўқолиши муаммоси аниқ ифода этилади ва ор-номус, қадр-қиммат сингари энг оддий тушунчалар оёқости қилинган жаҳолат оламида бахт ҳақидаги некбин орзуларнинг емирилиши мавзуси ёрқин аксини топади. Оддий, бахтиқаро инсон ҳақидаги фожиали кечинмаларга бой, қайғули ва ғамгин қиссани театр жамоаси бадииятга бой, кескин, романтик жанрда ҳал қилади.
Ф.Аминов ижросидаги спекталь қаҳрамони Зиёдулла бу – оқкўнгил, содда-баёв, оддий одам, у инсонлар зулмига бардош беролмай, ўзбошимчалик ва сурбетлик олдида ожиз қолади. Ёмонликка бас келолмай, пировардида, ҳаётни тарк кетади. Финал ҳам қайғули, аммо унда инсонлар қалбининг тозариши, покланишига умид сақланиб қолади.
Шунингдек, Олимжон Салимов Ғарбий Европа мумтоз драматургиясиини ҳам эътибордан четда қолдирмади. У Мольернинг машҳур “Зўраки табиб” комедияси оҳангларида “Учар табиб” спектаклини саҳналаштирди. Режиссёр яна майдон театри анъаналарига мурожаат қилади ва қувноқ, истеҳзоли, турфа ҳаракатлар юзага келтиради, унда қаҳрамонлар тасодифий офатдан қутулиб қолган одамлар бўлиб улғаядилар. Шуни айтиш керакки, айнан мана шу спектаклда Салимов ўтган асрнинг 20-йилларида В.Тихонович асос солган анъаналарни давом эттирди, ўшанда у Ҳамза номидаги театрнинг бош режиссёри эди. К.Гольдонининг “Икки бойга бир малай”ини саҳналаштираётганида В.Тихонович актёрларга ўзбекча либос кийдирган, ўзбек уй-рўзғор анжомларидан фойдаланган, маҳаллий ҳаёт воқеаларини гавдалантирувчи интермедияларни спектаклга сингдириб юборган эди.
2001 йилда Олимжон Салимов япон драматурги, театр назариётчиси Д.Киноситонинг “Турна патлари” пьесасига мурожаат қилди. Мазкур асарни муаллиф халқ афсоналари руҳида ёзган бўлиб, у Японияда илк бор 1949 йил саҳналаштирилади ва шундан кейин дунёнинг кўплаб театрларида саҳна юзини кўради. “Турна патлари” бугун ҳам жаҳон театрлари афишаларини безаб турибди.
“Турна патлари” – гўзал япон эртакларидан бири бўлиб, унда ярадор турнани сақлаб қолган инсон ҳақида ҳикоя қилинади. Турна бир думалаб соҳибжамол қизга айланиб қолади. Оқкўнгил ва пок виждонли йигит қизни севиб қолади ва у билан оила қуради. Бироқ қиз оқ ва қора кучлар муроса қилолмайдиган муҳит ҳукмрон, балойи нафс йўлида одамлар бир-бирини “гўштини еяётган” жойда яшашга тоқати чидамайди. Бундай дунёда бахтли бўлиш мумкин эмас, деб ўйлайди-да, қиз севган йигитидан ҳам, бахтини тополмаган ёруғ дунёдан ҳам бирваракайига воз кечади.
Ниҳоятда мунгли эртак, аммо режиссёр хулоса чиқариш имконини томошабиннинг ўзига қолдиради. Режиссёр спектакль услубини безакларда, сценографик ечимда ифодалайди, қаҳрамонлар учун япон миллий либосларидан фойдаланади ва буни актёрларнинг ишончли, моҳирона ижроси билан уйғунлаштириб юборади, натижада шонли, жўшқин, ҳиссиётга тўлиб-тошган, тўлақонли рамзлар вужудга келади.
Ўзбек Миллий академик драма театри саҳнасида О.Салимов турли йилларда Саид Аҳмаднинг “Уфқ” романи, Абдулла Ориповнинг “Соҳибқирон Темур”, Винна Дельмарнинг “Омон бўлгин, азизим” асарлари асосида спектакллар саҳналаштирди.
1996 йили Ҳамза номидаги (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри) театрда Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Соҳибқирон Темур” пьесаси асосидаги постановкага О.Салимов бор куч-ғайратини сарфлади десак, хато бўлмайди. Режиссёр фикр-мушоҳадага бой спектакль яратиш йўлидан борди, унда буюк саркарда ва ҳукмдор Соҳибқирон Амир Темурнинг фожиали воқеаларга бой, мураккаб тақдири бадиий тусда гавдалантирилди.
Бундан бир неча йил муқаддам Олимжон Салимов Ўзбек Миллий академик драма театрида “Омон бўлгин, азизим” (Вина Дельмар) спектаклини саҳналаштирди.
Ҳамза (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри) театрида эса 1977 йилдан “Ғариблар” номи остида саҳнага қўйилганди. Афсонавий актёрлар Сора Эшонтўраева ва Наби Раҳимов яратган образлар ҳали-ҳануз улуғ ёшдаги театр ихлосмандлари қалбини ҳаяжонга солади.
Мазкур пьесага ёндашар экан, О.Салимов ўз спектаклига бошқача ном қўйди: “Омон бўлгин, азизим”. Бу билан режиссёр драматургия манбасини ёлғизликка маҳкум этилган кекса ёшдаги одамлар фожиасини очиб бериш миссиясида талқин этмайди. У бутун фикру зикрини қаҳрамонлар ботини, уларнинг руҳий изтироблари ва ниҳоят, ҳар қандай қийинчилик, маиший биқиқликка қарамай, бир-бирига бўлган муҳаббатини йиллар оша омон-эсон сақлаб келаётган икки улуғ одамнинг борлиқ дунёсини ифодалашга ҳаракат қилади.
Режиссёр пьесанинг асосий ғоясини имкон қадар чуқурроқ, аниқроқ ифодалашга, унинг бугунги ижтимоий ҳаёт, давр учун нечоғлик зарур эканини кўрсатишга ҳаракат қилади.
Мустақиллик йиллари ўзбек театрида театр маданиятларининг ўзаро ҳамкорлик жараёни кучайди. Репертуар манбаларининг кенгайгани, саҳна ижодкорларининг янги-янги воситалар устида изланишлар олиб бораётгани фикримизни тасдиқлайди. Бу ўринда рамзийлик ва шартлиликка қурилган театрни ҳам, рақс ва нафосат театрининг жўшқин бадииятини ҳам кўриш мумкин. Бу жиҳат яна театримиз режиссёрларининг Ғарбий Европа мумтоз драматургиясига мурожаатида ҳам кўзга ташланмоқда.
Италиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси саъй-ҳаракатлари ва кўмаги билан Тошкент театрлари саҳналарида итальян драматургияси асосида саҳналаштирилган томошалар пайдо бўлди. К.Гольдонининг “Икки бойга бир малай” ва “Меҳмонхона бекаси”, Н.Макиавеллининг “Мандрагора” асарлари Ўзбекистон давлат рус академик драма театрида, К.Гоццининг “Маликаи Турандот”и Ўзбекистон Ёшлар театрида саҳналаштирилди. 2001-2002 йилги мавсумда О.Салимов Респубика Ёш томошабинлар театри саҳнасида К.Гоццининг эртак-пьесаси бўйича “Қирол оҳу” спектаклини саҳналаштирди.
Режиссёр олдида ўз ечимини кутаётган икки муҳим вазифа турарди. Бир томондан, эртакнинг мантиқий асосини иложи борича кескин ва долзарб шаклда очиб бериш, иккинчидан эса актёрлик ижросида театр ниқобининг маълуму машҳур усулига аниқроқ амал қилиш зарур эди. Саҳналаштирувчи режиссёр театрнинг комедия дель арте услубига мурожаат қилади, ниқоблар табиати, унинг фавқулодда хусусиятларини ўзлаштиришга ҳаракат қилади. Шуни айтиш керакки, К.Гоццининг мазкур пьесаси ўзбек саҳнасида ҳеч қачон қўйилмаган. Жаҳон театрлари саҳналарида муттасил муваффақият ила ўйналиб келинаётган “Маликаи Турандот”дан фарқли ўлароқ унинг саҳна қисмати турфа талқинларга бой эмас. Воқеалар ҳам жўшқинлик билан содир бўлмайди, аммо у эртакнинг тасодифий эврилишларни қандайдир фусункор муҳит билан ифодалаб беради. Қолаверса, унда Гоцци фақат бир мартагина дель арте театрининг тўрт машҳур ниқобидан бири бўлмиш Тартальяни фожиали шахсга айлантиради.
О.Салимов пьеса матни устида жиддий ва машаққатли иш олиб борди, уни “Икки мўъжиза” номи билан саҳналаштирди ва спектакль жанрини “қайғули кулги” дея белгилади. Дарҳақиқат, спектаклдаги мутакаббир бош вазир ва қирол Дерамонинг шахсий котиби Тартальянинг тақдири қайғули ва шу билан бирга кулгили ҳамдир. Унинг ҳаётдан кўзлаган мақсади ҳокимиятни қўлга киритиш, қиролнинг тан маҳрами, соҳибжамол ва ёш Анжеланинг юрагини зўравонлик йўли билан забт этишдир.
Лекин спектакль фақат шундангина иборат эмас. Ундаги асосий ғоя ҳокимиятга эга бўлиш хоҳишининг соф ва самимий муҳаббат қудрати, вафо ва ихлос кучи билан тўқнашувидир. Барча эртакларда бўлганидек якунда эзгулик ёвузлик устидан ғалаба қилади. Ва, албатта, ҳаммаси яхшилик билан тугайди, унда гўзал муҳаббат устун келади, қабоҳат эса мағлуб бўлади. Қирол Дерамо ва гўзал Анжеланинг қалблари яна туташади, Тарталья эса ҳалок бўлади. Бор гап шу. Бироқ ушбу спектаклнинг киши қалбини ўзига ром этувчи яна бир жиҳати мавжуд.
Аввало шуни айтиш ўринлики, эртак сюжети оддий бўлиб кўрингани билан Гоццининг мазкур пьесаси ўзига яраша мураккаб асар. Бу саҳна воситаларини танлашда, актёрларнинг ижро услубида яққол кўринади. Биргина шўх-шодон ва ишқий саҳналар афсонавий манзаралар билан шундай уйғунлашиб кетадики, қирол Дерамонинг оҳуга, Тартальянинг қиролнинг ўзига айланиб қолишига ишонмасдан иложингиз қолмайди.
Карло Гоцци драматургиясига, дель-арте театри услубиятига мурожаат қилар экан, О.Салимов ўз олдига ғайриоддий вазифалар қўяди. Ботинан театр учун бу спектакль энг аввало актёрлар кучининг синови бўлиб хизмат қилган. Асосий натижалар эса кутилганидан ҳам аъло даражада бўлди. Режиссёрнинг актёрлар билан олиб борган машаққатли, пухта иши, унинг сабр-тоқат ва бир мақсадга йўналтирилган саъй-ҳаракатлари ўз самарасини берди. Шу билан бирга “Қирол оҳу” спектакли постановкаси О.Салимов ижодий фаолиятида режиссёрнинг янги-янги имкониятлари учун йўл очди. Мазкур спектакль режиссёрнинг ижодий новаторликка асосланган ноёб тажрибасини акс эттирди.
Режиссёр Олимжон Салимов босиб ўтган ижодий йўлга назар ташлар эканмиз, аввало, унинг янги ғоялар, мавзулар, янги ифода воситалари, янги саҳна тилини қидириб топишдаги жасорати яққол кўзга ташланади. Ўзининг ижодий амалиётида режиссёр саҳнанинг теша-тегмаган қонунларига амал қилади – драматургик ашёга ҳаққоний ва чуқур кириб боради ва шундан кейингина саҳна кенглиги, актёрлар ижросига ўзининг тушунчаси, қарашлари, нигоҳи билан ёндашади. Ўйлаймизки, режиссёрни олдинда кўплаб ижодий ғоялар, ҳал этилмаган вазифалар кутиб турибдики, уларнинг амалий рўёби ўзбек театрини юксак парвозларга чорлаши аниқ.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 8-сон