Татьяна Снежина 1972 йил 14 майда Украинанинг Ворошиловград шаҳрида шўро армиясининг катта лейтенанти Валерий Павлович Печёнкин оиласида дунёга келган. Қизалоқнинг онаси Татьяна Георгиевна, гарчи маҳаллий заводда оддий технолог бўлиб ишласа-да, шеърият, мусиқа ва халқ қўшиқларининг чинакам шайдоси эди.
Навқиронлигидаёқ бетакрор шоира, моҳир бастакор, лирик қўшиқлар муаллифи ва қўшиқчи бўлиб танилган Татьяна Снежина 1995 йил 21 августда фожиали тарзда – автоҳалокат туфайли вафот этган. Бор-йўғи йигирма уч йил умр кўрган шоиранинг шеърлари асосан муҳаббат, ўлим, ҳаёт хусусида. Уни таниган-билган ижодкорлар: “Татьяна ғоят истеъдодли эди. У ҳеч қачон ёзиш учун жой танламасди, фақат ёзарди… Илҳом ҳар доим Татьянанинг йўлдоши эди. Ҳамма жойда, ҳар ерда…” деб эслашади.
ОЛИСДА
Жуда соғиняпман, ёғсайди ёмғир.
Кимдир билса эди… Ё Тангри таоло!
Нақадар севаман Ватанни, ахир,
Москва – мен учун энг қимматбаҳо!
Ҳар доим қуёш бор – елкамда ўйнар,
У томон шошилсам ҳаловатим жам.
Юраман Сольянка кўчаси бўйлаб –
Ёмғир остида ҳам бўлмай хотиржам.
Тўғриси, ёқмайди Лондон тумани,
У ерда сен билан келмагаймиз дуч.
Менинг муҳаббатим – менинг Ватаним –
Менинг ўз юртимда топар улкан куч.
Жуда соғиняпман ёмғир ёғишин,
Мен яхши кўрганим – севганим ўша.
Ижара уйимдан чиқариб бошим –
Ёмғирли шаҳарни қилсам томоша.
АЗОБ БЕРМАС
Азоб бермас менга эҳтимол,
Тарс этказиб ёпсанг эшикни.
Эшитарман енгил ва беҳол –
Юракларинг айтган қўшиқни.
Балки асло бўлмайди қийин,
Бормасам мен изингдан тушиб.
Ўрганарман кун ўтган сайин –
Ортиқ сенга қолмайди ҳушим.
Ҳеч қаерда, балки ҳеч қачон,
Кўз ёшимни тўкмасман аччиқ.
Унутаман сени ўша он –
Эсламайман – орамиз очиқ.
Ўтди бари – нимаки бўлса,
Ўзгартириб бўлмас бу ишни.
Хаёлингга келтирма сен ҳам –
Бу эшикни тақиллатишни.
Кутиб яшаш жуда ҳам оғир,
Айрилиққа тўла йўлларни.
Майли, менинг кафтимга тўлдир,
Музлаб кетган ўша қўлларни.
КУТАРДИМ
Яна ёмғир ёғар эди…
Юлдузлар учар узоқ.
Дафтаримни тўлдириб мен
Шеър ёзардим ялтироқ.
Келишингни кутар эдим,
Артсанг деб кўз ёшимни.
Дардим ичга ютар эдим,
Ердан олмай бошимни.
Яна ёмғир ёғар эди,
Ёмғир ёғар эди жим.
Фақатгина сени менга,
Кўп кўрмасин Худойим.
* * *
Керакмасман унга ҳеч қачон,
Қизиқ эмас менга ҳам бу иш.
Мен нимаки истаган бўлсам –
Оқибати келтирган ташвиш.
Бахтиёрдир, балки у менсиз,
Беҳудадир, балки бу калом.
Йўлларидан қочиб мен, эсиз,
Тунда олов билан қоламан.
Эҳтиёт қил ва қутқар, Тангрим,
Эҳтиёт қил ва қутқар, омин!..
Тангрим, қутқар. Ва эҳтиёт эт,
Ўша инсон мен учун азиз.
Унинг билан бўлсам, гўдакдек
Мен ўзимни сезмайман ёлғиз.
Сенинг ҳукминг, сенинг қудратинг,
Паноҳингга илҳақман шу чоқ.
Безатаман атиргулларни –
Ҳеч кимда йўқ кўзлари мунчоқ.
Тангрим, қутқар. Ва эҳтиёт эт,
Ўша инсон мен учун азиз.
Унинг билан бўлсам, гўдакдек
Мен ўзимни сезмайман ёлғиз.
Эҳтиёт қил ва қутқар, Тангрим,
Эҳтиёт қил ва қутқар, омин!..
ЖУМА КУНИ
Жума – ажойиб кун…
Жума – бетакрор,
Жума – қоп-қоронғи тунларга соя.
Ахир, бу – улуғ кун. Йўқ зарра ғубор,
Енгил уйғонаман. Еп-енгил ғоят.
Шу куни сени ҳам кутаман шўх-шан,
Шу куни бўш келар… Автобус бўм-бўш.
Бекиниб туради сенинг қиёфанг –
Мисли капалакдай жўш ураман, жўш…
Шу куни автобус учади елдек,
Худди ток ургандек юрак урар тез.
Ширин қарашларинг буткул олар эрк,
Ҳатто эсимиздан чиқар исмимиз.
О, яна яқинлаб қолар бекатинг,
Тушасан. Бир ўзим қоламан. Э, воҳ!
Ёнимдаги бўшлиқ – қолар суратинг –
Эсимдан чиқмайди бу сўнгги нигоҳ.
Кейин жим кетасан. Лек мен сен эмас,
Жума келишига бор яна ҳафта!
Кейинги сафар мен топаман журъат,
Сен билан тушаман мен ҳам бекатда.
ОЛИС ЁШЛИКДА
Ёп-ёруғ баландда
Олис болалик,
Асрарди онамнинг қўли
шамолдан.
Энг эзгу эртаклар –
кўзлари юмуқ,
Тушларимда қолган,
Тушимда қолган.
Сеҳрли эртаклар
пуштиранг тусда,
Ям-яшил ўт узра
қанот ёзар от.
Қайсидир ўлкада
жуда олисда –
Ўзини кўрсатиб
турарди ҳаёт.
Қаноти бор отни
излайман ҳануз,
Хаёлан учаман –
билмай ғам-ташвиш.
У ерда осмон соф –
эмасдир ёвуз,
Орзулар чексиздир.
Мақсадлар таниш.
О, қанча йил ўтди.
Тугади эртак,
Аммо тушларимда
этмоқда давом.
Эсимдан чиқмайди,
онамнинг қўли –
Ва қаноти бор от
ҳамон меҳрибон.
Сокин тун.
Туш кўриб ухлайди қизим,
Мушт қилиб тугилган
қўллари юмшоқ.
Укам бор.
Худдики мен каби юзи –
Тушида шу отни
Қидирар узоқ.
ЎЛИМДАН СЎНГ…
Нақадар совуқ ер. Оқ, оппоқ мозор,
Шундай ўламан, деб ўйлаганмидим?
Йўл шилта. Учириб келар машина –
Оҳ, шу пайт сирпаниб кетди оёғим.
Нима бу, қаерга кетмоқда олиб,
Тўхтатинг! Керакмас бундай мусиқа.
Бас қилинг, юрагим бормоқда ёниб,
Аза қўшиқлари туюлар сийқа.
Наҳотки, бошимда ҳамма нутқ сўзлар,
Ҳамдардми дўстларим, қариндош-уруғ?
Кимнингдир нафратин яширар кўзлар –
Кимнингдир севгиси қалбга санчар туғ.
Албатта, энди кеч. Бариси аён,
Аксинча… ётибди энг сўнгги сурат.
Юзини ўгириб тескари томон –
Оҳ, кимдир йиғлашга этади журъат,
Тобутга мих урар кимдир… Тақа-тақ!
Эшитилмай қўяр қушларнинг саси.
Нега юрагимдан ўчиб борар завқ,
Шуми ҳаёт билан ўлим ораси?
Кимнингдир овози келди…
жуда зид.
Кимнингдир юлдузли онлари келди,
эшитиб турибман.
Ҳамма ёқ жимжит,
Ҳовучлаб отишар юзимга ерни…
ҚИСМАТГА
Мендан бунча бўлма дарғазаб,
Қисмат, қара ўнгу сўлингга.
Қўйиб юбор, турмагин ушлаб –
Мени солиб қўйгин йўлимга.
Ҳеч кимсага қилмагайман арз,
Ҳеч кимсага қилмам шикоят.
Юрак оғриб, кўнглим кетса дарз –
Сабр қилгум, ўқигум оят.
Этиксиз ва қўлқоп, қамчисиз,
Мен жангларга чиқаман пешвоз.
Ортда турса изма-из –
Ёпиқ жангга бераман овоз.
Қиздирилган найза қўлимда,
Юрагимни куйдирар бешашт.
Эндиям ғов чиқмас йўлимдан,
Мумкин эмас бу ҳолда яшаш.
Қоч, ортимдан-изимдан келма,
Беролмайман ўзимга жавоб.
Мен оловдан қўрқмайман сира,
Куйганимни қилай эътироф.
Етар энди! Кел, тин олайлик!
Хавотирлар босилгунча то.
Қўл силкиб тез хайрлашайлик,
Бошқа йўлдан кетайлик танҳо.
Мендан бунча бўлма дарғазаб,
Қисмат, қара ўнгу сўлингга.
Қўйиб юбор, турмагин ушлаб –
Мени солиб қўйгин йўлимга.
МЕНИ ЧАҚИР…
Мени чақир… етиб келаман дарҳол,
Сен менга кераксан – кераксан, ёлғиз.
Сен менинг ягонам, умидим-иқбол –
Мен сенинг ҳақингда ўйлайман ҳаргиз.
Гўё бораяпман уммонда чўкиб,
Шунда ҳам ўйлайман сени кун узоқ.
Гўёки хаёлим олгандай кўкни,
Қалбимда йиғилиб қолгандай сўроқ.
Кўп нарса керакмас… сўрамайман йўқ,
Фақат жим қоламан – сени кўрганда.
Титроққа тушаман – ургандай совуқ,
Сени унутишим – эсга келганда.
Менга қалбингдаги оппоқ ранг муҳим,
Сенга керак эмас… шошилган пайтинг.
Ёлғиз қолганимда чақиргин ва жим –
Менга севишингни шивирлаб айтгин!
Азизим, сен менинг борар манзилим,
Ягона йўлимсан – Тангри яратган.
Мени тушунмасанг оҳ чекар дилим,
Сен менга барибир қисматсан қайтган.
Сен менинг қалбимсан – ёруғ офтобим,
Чақиргин ўзингга! Ва узатгин қўл.
Кечиксанг – йиғлайман, ошар хунобим,
Тополмай қоламан юрагингга йўл.
Йўлимизни очиб берсин юлдузлар,
Чақирмасанг бугун… Боришимни кут.
Бораман бўронлар, ёмғирлар узра –
Уришиб қолсак ҳам тезгина унут.
Эшикни ёпаман жаҳл отида,
Ортимдан янграйди “Тўхта!” деган сўз.
Кипригим пирпирар кўнглим ортидан –
Олис-олисларга қарар икки кўз.
Рус тилидан Хосият Рустамова таржимаси