Кўп узоқ эмас, 1908 йилларда ҳам мадрасада ўқуб юрган вақтимизда газет-журналларни бировлар номига ёздуруб олуб, қўлтиғимизга ёшуруб, шул мадрасанинг қозон қўядиган қоронғу ҳужраларинда эшикни ичидан беклаб, ўшанда ҳам қўрқуб-қўрқуб ўқур эдик. Шунда газеталарда тотор қизларининг муаллима ва шоира ва муҳаррирлари тарафиндан турмуш ҳақиндағи ҳар хил ширин ва қувончли мақола, фельетон ва шеърларни ўқуб бўлганда, шу қоронғу ҳужранинг деворига суянуб, соатларча бу ҳақиқий илм-маорифдан маҳрум қолған Туркистонимизнинг хотин-қизлари ҳақинда ўйлануб-ўйлануб кечурган фожиона ўша ҳолларимни кўрган инсон боласи мени жонсиз, музейларга қотируб қўйғон қуруқ бир ҳайкалдан ажрата олмас эди. Албатта, у ҳолда фикримдан кечган нимарсаларни баён қилув у тарафда турсун, бу оз муддат ичида амалий суратда ниҳоят тез ва яхши бир усул била амалга қўюлуб кета бошлағонлиғини кўз била кўрила бошлади. Газеталарда «Хотин-қиз товуши» сарлавҳаси билан Туркистон қизлари-да ўзларининг ҳуқуқи нисвон ва ҳаётларининг аччиқ ва ширинлиғи тўғрисинда ҳар бир мақола ва шеърлар кўрила бошлади. Албатта, халқ учун қайғуруб юрган, бир камчиликни ўзи ҳаёт вақтинда кўзи ила кўрган кишининг нақадар шодлиқни ёзуб битира олмаслиги ҳар кимни маънавийидур. Шунинг учун сўзни ҳар биридан тутуб ола-була қилуб ёзсам ҳам мақсаддан дебочани кўпайиб кетувин назардагина тутуб, бошқа сўзни кейинга қолдуруб, муддаони ёзарға тутилдим.
45-нумер «Иштирокиюн» саҳифасинда «Хотин-қиз товуши» сарлавҳаси била Қундузхоним тарафиндан бир мақола жозибона кўрилдики, бу мақола нақадар содда ва қисқа кўрилса ҳам маъно жиҳатидан зўр фикр ва узоқ тасвирларни хаёл манзараларинда жавлон эттирадур.
Қундузхоним[нинг] шу мақолалари яна маданий бир ҳаёт учун Туркистон туркларининг қиз-йигитлари орасига ўқув қайғусиндан бошқа бир қанча ёрдам кўрсатадурган аларни бир-бир изоҳ қилув учун неча боб ва неча фасллардан иборат бўлган бир зўр китобларни ёзуб англатурга эҳтиёж воқе ўлур. Шунинг учун мен бу ерда бир-икки қисқароқ амалий фойдалариндан ёзиб ўтувни лозим топаман.
Қундузхонимнинг бу ёзғон мақоласига эргашиб, албатта, бошқа хонимлар ҳам ўзларининг бирор жиҳат била олар тарафиндан мажбурий ёки асоссиз паранжи-чиммат хосияти билан маслак ва идеёл, илм ва хаёлларига қаршу бирор жоҳилнинг тўрига тушуб қолувидан мумкин қадар эҳтиётлануб, мана шундай газета саҳифалари муносабати ила (вақтинча бўлса керак) истаганларига ёзишуб чиқишурлар-да ҳаётлари ҳар қандай фожиалардан муҳофаза ўлур.
Иккинчи тарафдан, Қундузхоним айтганларидак, «ўзимизда йўқ!» деб бирор рус орзу ила дейлик серфудра (упа) мухоркаларин совуқларда театрхона ва бурчакларинда қорин оч, дир-дир қолтираб, пойлаб ўлтирув ўрнига бундай бўш вақтларни таҳсили илм ва қироатга сарф қилиб, ана шундай пучмоқлардан ўз ғайрат ва ижтиҳодлари билан тайёрлануб чиққан қаҳрамон турк қизлари била уйланувға саъй қилурлар.
Қундузхоним, сизнинг бу мақолангизи ман вақти била табрик этиб, бўлим-бўлим изоҳлар берувга ваъдалар берувим ила баробаринда юрагимдаги бир муддаони ёзиб ўтаман. Ота-она таассуфи ва ҳукумат истибдоди, фақирлик, бир тарафин очиб айтганда, дангасалик бўлиб, у қадар юқори мактабларни тамом қилмағон бўлса ҳамки, сизга ўхшаш саъй ва ҳайратлануб алифбоси орқасинда чала-пула ўқув, ёзувни тонув баробаринда замона важоҳи ва тарбиясига мувофиқ унча-мунча эрмак китобчаларни ҳам ёзуб юборганман.
Мана шунинг учун ман ҳам ўша сизга ўхшаш бир озгина ўқиған халқи учун дардликкина қиз ўзимизнинг шарқлик турк наслиндан чиқуб қолар умидида ҳозиргача юрган эдим. Мана бу сизни мақолангиз ўша мани кечалари узун-узун, ширин-ширин ўйлаган умидларимга етқизди. Шунинг учун ман ҳам шу мақолани ёзув муносабати била шундай бир хонимани тонув ва они бирла ширин ҳаёт қилув умидида эдим. Албатта, илгари маҳалламизнинг дастурхончиси Пошшохоним воситаси била баъзи хотин-қизларнинг ораларинда одатга кирмиш бир хил пес расмларни кўзим ила кўруб (у вақтда ўн беш ёшларда эдим, хотунлар баъзи эрлардан қочмас эдилар) хаёлимда қолғонларин «Садои Туркистон» газеталарига мақола ва шеър воситаси била халққа англатуб ўтган эдим. Энди хотин-қиз ораларига кириш мумкин бўлмаганга мана шундай ўқишли оилалар воситаси била яна баъзи ёшурун сирлардан хабардор бўлуб, икковимиз бирлашуб, бу ҳақда театр рисолалари ёзсак ҳамда икковимиз бирлашуб, хотин-қизлар учун алоҳида кечалар ясасак ва хотин-қизлардан труппа (артист уюшмаси) ясаб, хотин-қизларни турмушларин зеҳнлайдурган пьесаларни ёзиб, хотин-қизларга махсус саҳналар бўлгунча эрлар саҳналаринда махсус хотин-қизларға театрлар берсак, ҳоказо, ҳоказо.
Мана шундай улуғ умид ва буюк хизматлар умидинда бир тил, бир диллик бир хонимга эришув умидинда ёзган шу пала-партиш мақолами шояд қориинларим айбга санамаслар. Анқони қўлга етушдирадирган ҳумо ҳимоёти остидан кўчирадурган улуғ қуролсолар, инсоннинг самимий ҳиммат, ҳақиқий аҳди ила боғлудур. Мана шу фикримга қўшиладурган бирор қаҳрамон турк қизининг товушини кутуб қоламан.
«Иштирокиюн» газетаси, 1920 йил, 16 март