Либос – инсон зийнати. Даврлар, замонлар янгилангани сари либослар ўзгариб боради. Бир-биридан ранг-баранг, узун-калта, тор-кенг, дабдабали-кўримсиз, қиммат-арзон либослар. Кўпчилик учун бу либосларнинг ярашгани, ўзига муносиблиги, ёшига, қоматига, киядиган даврасига тўғри келиш-келмаслиги муҳим эмас. Янги чиққан нарса, албатта, кийилиши керак, тамом. «Мода»нинг талаби шу.
Сўнгги пайтларда ёшларимизнинг кийиниш маданияти ҳақида жуда кўп гапириляпти. Уларнинг аксариятида ёшлар шаънига нисбатан кескин, эътирозли фикрлар билдирилаяпти. Айрим йигит-қизларнинг кўр-кўрона мода изидан қувиши, уларнинг кийиниши миллий анъаналардан узоқлашаётгани, тор, калта, очиқ кийимларга қизиқиш борган сари ортаётгани, бу одатлар ўзбекчиликка зидлиги танқид остига олинмоқда. Албатта, бундай муносабатда жон бор. Ҳақиқатан ҳам охирги вақтларда ёшларнинг кийиниши мислсиз даражада ўзгарди. Вазиятнинг бундай тус олиши кишини ўйлантиради.
Хўш, аслида ҳам «мода» ёшларимизни бузаяптими? Уларнинг миллий анъаналаримизга хос кийинишларига нима тўсқинлик қилаяпти? Ёки модани тақиқлаш керакми? Умуман, мода тушунчаси нима? Уларнинг ташаббускорлари ким? Кийиниш маданияти ўзгариши ёки бузилишига фақат янгиликка ўч ёшлар сабабчими? Мазкур муаммога ойдинлик киритиш мақсадида фикр-мулоҳазаларимизни айтиб ўтсак.
Аввало, кийим-кечак инсон ҳаётида қандай рол ўйнайди? Саволнинг бундай қўйилиши бежиз эмас. Чунки ҳар бир инсон ўзи кияётган кийимнинг фойда-зарарини, қандай матодан тикилганини, керак бўлса, тарихи ва аҳамиятини билиши лозим. Ҳеч ким ҳеч қачон тўғри келган матони устига илиб кетавермайди. Кийинишнинг инсон руҳияти, феъл-атвори, кайфияти, тарбияси, дид-фаросати билан боғлиқ жиҳатлари бор. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, кийиниш, шунингдек, урф ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Кишилик жамиятида кийим-либос қачон пайдо бўлганлиги ҳақида якуний тўхтамга келинмаган.
Дастлаб тери ва жундан мато тўқиш ва тикишни ўрганган одамзод, кейинчалик пахта ва ипак толаларининг пайдо бўлиши билан либосларга қулайлик ва гўзаллик бахш этди. Демак, инсон тафаккурининг ривожланиши унинг либосига ҳам маданийликни олиб кирди.
Аждодларимизнинг кийиниш маданиятига назар солсак, либослари, зебу зийнатлари ўзига хос, ранг-баранг бўлганлигини кўрамиз. Умуман, ҳар бир давр либоси—ўша замон маданиятининг маълум маънодаги кўзгуси ҳисобланган. Яъни, либосга қараб ҳар бир давр кишиларининг кийиниш одоби, маданияти хусусида фикр юритиш мумкин. Қолаверса, бир мамлакат ёки миллатнинг кийиниш маданиятида бошқа бир халқ маданиятининг таъсири, албатта, сезилади.
Вақт ўтиб, фақат либосларгина эмас, шу билан бирга бош кийим, поябзал, зебу зийнатлар, соч турмаклаш, пардоз қилиш — ҳаммаси биргаликда костюм ансамблига айланди. «Костюм» сўзи франтсуз тилидан олинган бўлиб, инсон ташқи кўринишининг, кийинишнинг бутун бир тизими — системасини англатади. Ана шу костюмлар бугунги кунда маълум шахслар, ижодкорлар, яъни моделерлар, либос дизайнерлари томонидан яратилади. Бу костюмлар ҳам ижод маҳсули ҳисобланади. Ҳозирги пайтда либослар саноати билан шуғулланувчи «Кристиан диор», «Версаче», «Пол Маккарти», «Шанел» компанияларининг маҳсулотлари дунё бозорида энг юқори ўринларни эгаллайди. Уни урфга, одатда эл назарига тушган кишилар, яъни кийим намойиш қиладиган манекенлар, машҳур артистлар, қўшиқчилар, спортчилар олиб кирадилар. Бошқалар, айниқса, шундай кишиларнинг ихлосмандлари ўз-ўзидан уларга эргашадилар. Қарабсизки, ўша кийим русуми кўчага чиқади. Мисолларга мурожаат қилсак, Россия эстрада юлдузи Алла Пугачеванинг кийган либослари ёки соч турмаклаши 70—80-йилларда бутун аёлларнинг урфи-модаси бўлган ёки Мадонна, Патрисия Касс, Уитни Хюстон, Бритни Спирс каби қўшиқчиларнинг кийинишларига Европа ва Америкада эътибор катта. Баскетболчи Майкл Жордан, футболчи Роналдо, қўшиқчилар Таркан, Стинг ёки бошқалар кийган кийим тез орада ёшлар орасида урфга айланади.
Узоққа бормайлик, ўзимизда ҳам шундай ҳолатларни кузатиш мумкин. Қўшиқчилар, айниқса, бу борада ҳақиқий «жарчилар»дир. Уларнинг кийган кийимлари, соч турмаклашлари тез орада мухлислар томонидан ўзлаштирилади. Хулоса қиладиган бўлсак, маълум бир даврда пайдо бўлган ва урфга айланган кийиниш услуби бу — модадир.
Модани иккига бўлиш мумкин. Биринчиси, тор доирада, яъни маҳалла, қишлоқ, шаҳар миқёсида ҳамда иккинчиси, кенг доирада мамлакат, дунё миқёсидаги модалар. Тор доирадаги либосларда миллий ўзига хослик устун бўлади. Кенг доирада, яъни бутун дунёда урф бўлган кийиниш маълум мамлакатда пайдо қилинса-да, унга бошқа мамлакатларнинг таъсири ҳам бўлади.
Бугунги кунда турли мамлакатларда пайдо бўлаётган ҳар қандай либослар, костюмлар тез орада дунё миқёсида урфга айланяпти. Бунинг сабаби нимада? Бунинг иккита сабаби бор. Биринчиси, урфга айланаётган костюмни тарғиб қилувчи воситаларнинг ҳозирги пайтда кучли тараққий этгани, яъни сунъий йўлдошлар, оммавий ахборот воситалари, интернет орқали жаҳонда пайдо бўлаётган кийиниш янгиликлари ҳақида ахборотга эга бўлиш. Иккинчиси, ҳозирги пайтда эркинликка интилиш ҳамда маданиятларнинг ўзаро яқинлашув жараёни билан боғлиқ. Муаммолар умумийлашмоқда. Бу ҳодиса ўз навбатида маданиятга ҳам таъсир қилмай қолмайди. Масалан, Бразилияда пайдо бўлган кийиниш Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам бир хил қабул қилинаяпти.
Бугунги ёшларимиз жуда қизиқувчан, янгиликка ўч. Улар ҳар бир воқеа-ҳодисани эътиборсиз қолдирмайдилар. Айниқса, дунёда пайдо бўлаётган модалар ҳамиша уларнинг диққат марказида.
…Фарзандларим билан бозорга кийим-кечак харид қилгани боргандик. Кичик ўғлим тинмай Америка байроғи ёки бургут ва ёхуд бошқа тимсоллар акси туширилган тўртбурчак кичкина рўмолдан («панду», деб номланар экан) олиб беринг, деб хархаша қилаверди. «Ўғил бола рўмолни нима қилади», десам, «Шоҳруҳ реппер рўмол ўраб устида кепка кийиб юради» дейди. Жаҳлим чиқди. Аммо икки кундан кейин ўғлимнинг мактабига байрам тадбирига борсам, синфдош ўртоқлари бозорда кўрган рўмолдан ўраб, устидан кепкани бостириб, қўлларига қўлқопларни кийиб, ашула айтишди. Ҳеч нарсага тушунмадим. Лекин болаларнинг қилиқлари, ўзларини тутишларини кўриб, катталар кулишди. Наҳотки, байрам тадбирини тайёрлаган устози унинг мазмуни, таъсирига эътибор бермаган бўлса? Демак, кийимнинг аҳамияти, мазмунини болаларимизга биз ота-оналар, устозлари тушунтиришимиз керак экан.
Қайд этиш керакки, модаларнинг ривожланиши ва тарқалиш даражаси баланд. Энг қизиғи, модалар бир мамлакатдан иккинчисига эмас, балки бир пайтнинг ўзида дунёга тарқалаяпти. Бу албатта, тсивилизатсиянинг натижасидир. Аммо тсивилизатсиянинг таъсирига кўр-кўрона тушиб қолмаслик керак. Балки уни қабул қилишда ҳам дид, фаҳм-фаросат ва билим зарурдир.
Кўчадаги ёшларга эътибор берсангиз, масалан, қизларимиз эгнида тор шим, очиқ кофталар, узун-тор ёни очиқ, этаги кенг, калта юбкаларни кўпроқ кийишаяпти. Йигитларимиз эса оқ, қизил, алвон, яшил рангли шим, турли хил енги бор, енги йўқ майкалар, тиззасидан юқорида шортиклар кийишади. Муаммо шундаки, кўпчилик ёшларимиз қайси жойда қандай кийимни кийиш кераклиги, ўзининг бўй-бастига нима кўпроқ ярашиши мумкинлиги ҳақида ўйламайдилар ҳам.
Агар ҳар бир инсон ўзининг бўйи, гавда ва юз тузилиши, сочи, кўзи, терисининг рангини, қоматига нима ярашишини билса, кўр-кўрона моданинг кетидан қувмайди. Қолаверса, бу соҳада уларга ёрдам берадиган мутахассислар бор. Улар янги мавсумий кийимларни реклама қилишда ёки модалар ҳақида матбуот, радио, телевидениэ орқали чиқишларида юқоридаги меъёрларни ҳисобга олиб тавсиялар берадилар.
Ёшларимиз кийган кийимлари уларнинг муомаласи, юриш-туриши, хатти-ҳаракатлари, ўзини тутиши, оғизларидан чиқаётган сўзларига ҳам таъсир этмай қолмайди. Натижада, баъзан ноўрин сўзлар, хатти-ҳаракатлар жамоатчилик орасида норозилик кайфиятини уйғотади. Ҳар бир шахс оилада камол топади. Унинг атрофида тергайдиган ота-онаси, буви-бобоси, амма-холаси бор. Аммо баъзан улар ўзлари ўртоқларидан қолмасин, деб қизларига тор шим, калта юбка ёки елкаси, қорни очиқ кийимларни кийишга изн бераётган экан, демак, бу борада фақат ёшларни айблаш адолатдан эмас. Қолаверса, маълум маънода оиладаги, мактабдаги муҳит ҳам бунга сабабчи. Айнан оиланинг ўзи шундай кийимларни кийишни, «замонавий» бўлишни талаб қилиши афсусланарлидир.
…Бир ўзбекона тарбия кўрган қиз ўзга хонадонга келин бўлиб тушди. Бу хонадон аъзолари ўта «замонавий» экан. Қиз уйда атлас кўйлак-лозим кийиб юрганда мийиғида кулишибди. Бундан уялган ёстиқдоши эса унга спорт костюми совға қилиб, «Уйда шундай юр» дебди. Қизнинг не-не орзу-ҳаваслар билан тиктирган сарполари жавонда тахи бузилмай қолди. Уйдан кўчага чиққанларида тор шим, калта юбка, меҳмонга, томошаларга борганда елкаси очиқ кўйлаклар кийишга ўргатишди. Дастлаб буларнинг ҳаммаси унга эриш туюлиб, онасига юрагини ёрди. Онаси ҳам «Болам, оиланг, турмушингнинг тинчлигини ўйла, энди биз сенга хўжайин эмасмиз, энди куёв нима деса, шуни қиласан-да» деди. Шу-шу қиз ҳам «мода»да кийинадиган бўлди. Шунга қараб аввал бир гапни гапиришга ийманадиган қиз, ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, хонаси келса, сўкиб юборадиган бўлди.
«Мода»да кийинишга қарши бўлганлар жон куйдириб бундай ҳолатга чек қўйиш, ўқув муассасаларида тақиқлаш лозимлигини куйиниб айтадилар. Модани тақиқлаш мумкинми? Инсон табиатида тақиқланган нарсага қизиқиш кучли бўлади. Ота-онаси тақиқласа ҳам бола аввал шуни қилиб кўради. Ёмон томонига гувоҳ бўлгач, бу ишдан ўзини тортади. 70-йилларда баъзи олий ўқув юртларида калта кийишни тақиқлаш ҳоллари бўлган. Шунингдек, яқингача Тошкент давлат техника университети қошида малайзияликлар билан ҳамкорликда очилган «Менежмент» факултетида ҳам ўқув даргоҳига йигитлар кроссовка ёки жинсида, қизлар калта юбка ёки жинсида келишлари ман қилинган. Аммо бугунги ёшларимиз бунга кўнадими? Ман қилишдан кўра ёшларга тушунтириш, уларнинг диди, фаҳм-фаросатини тарбиялаш кўпроқ ижобий натижалар бермайдими? Шундан кейингина танлаш ҳуқуқини ёшларнинг ўзларига қўйиш керакдир, балки. Муҳими, бу борада ота-оналар ҳам фарзандларини тушуниб, ўзларини уларнинг ўринларига бир зум қўйиб кўрсалар, ёмон бўлмасди. Тўғри, инкор қилмаймиз, меъёр бузилган. Шу маънода, миллий либосларимиз ноёб намуна сифатида фақат маълум бир давраларда, айтайлик, байрамлар, тўйларда кийилади. Шунда ҳам замонавий тус берган ҳолда, албатта. Айниқса, бу пойтахтда жуда билинади. Вилоятлар, туманлар, қишлоқлар нисбатан кичкина ҳудуд бўлганлиги, ҳамма бир-бирини танигани боис, одамлар ҳар ҳолда андиша қиладилар.
Ёшликнинг ўзи гўзал. Бугунги ёшларимизнинг ғарб модасига муккасидан кетаётгани, улар миллий кийиниш анъаналарини унутдилар, дегани эмас. Ўзбегимизнинг миллий ифтихори бўлган атласга ҳамиша эътибор катта. У бизда ҳеч урфдан тушмайди. Шу билан бирга яқин-яқингача унутилган адрас, банорас, беқасам матолар яна урфга киряпти. Бу қувончли ҳол, албатта. Ҳозирда бу матога қизиқиш ортди. Замонавийлик ҳамда миллий уйғунлик акс этган андозаларда тикилган либослар қизларимиз ҳуснига яна ҳам кўркамлик бахш этади. Бу матоларни фақат тўю тантаналарда эмас, иш шароитлари учун ҳам мослаштириш ниятида мутахассисларимиз изланмоқдалар. Уларнинг намуналари ёшларимизнинг эгнида пайдо бўлганлиги ҳали бу борада янги-янги миллий либос русумлари яратилишига умид уйғотади.
Фақат модада кийиниш замонавийликни билдирмайди. Замонавийлик аввало инсоннинг ички ва ташқи дунёсини замонга уйғунлаштириш демакдир. Шу маънода ҳар бир костюм, либоснинг ўз мазмуни бор. Унинг тўғри танланиши, атрофдагилар томонидан илиқ қабул қилиниши ҳам урфни белгилайди. Шу билан бирга кишининг кайфияти, қандай иш билан шуғулланишида ҳам костюм кийишнинг ўрни бор. Шу ўринда миллий меъёр масаласига тўхталмоқ жоиз, деб ўйлаймиз. Барча ривожланган давлатларда оиладан ташқари мактабда, ўқув юртларида инсоннинг турли давраларда ўзини тутиши, муомаласи, буюмларнинг ишлатилиши, ўзи учун муносиб кийимни танлаш борасида махсус билимлар берилади. Бизда бундай билимлар мактабларда «Одобнома», «Оила психологияси», олий ўқув юртларида «Этика», «Эстетика» сингари фанларда умумий ўргатилади. Ваҳоланки, бу фанларни ҳар бирининг ўз вазифаси бор. Айтмоқчи бўлганимиз, ёшларнинг модага ружу қўйиши, очиқ-сочиқ кийинишини фақат танқид қилиш, ёмонлаш билан чекланиб қолмай, унинг олдини олиш чораларини, яхши томонга ўзгартириш йўлларини излаш лозим.
Ҳар кимнинг келбатига яраша диди, фаҳм-фаросати ҳам бор. Энг зарури, ана шу дидни, фаҳм-фаросатни тўғри тарбиялай билиш кишини безайди, янада хушсурат қилиб кўрсатади. Тарбиялайдиган эса, жамоатчилик, яъни сизу биз — барчамиз.
Назира Қурбон,
журналист
“Маърифат” газетасидан олинди