(Халқ санъатининг ривожланиш тимсоли)
Бизнинг севимли мамлакатимизда ингичка санъат ишларига бошқача аҳамият берилмоқда. Нариги дунёда – капиталистик Ғарбда – ингичка санъатдан ва унга мансуб кишилардан ҳар бир нарса йўқ бўлган бир даврда санъатнинг биздаги бу азизлиги кўп нарсаларни англатиб туради. Бизда кундан-кун ўсаётган ингичка санъат, айниқса, сўнг вақтларда жуда ажиб ва гўзал товушлар бермоқда, яъни, биринчидан, у ўз ижоди учун халқдан ва халқ адабиётидан руҳ ва озиқ олмоқда; иккинчидан, қуруқ шаклчилик ўйинларидан қутулиб бормоқда; учинчидан, мамлакатнинг кенг қучоғида яшовчи турли-туман халқларнинг санъатларини у халқларнинг бири-бирига кўрсатиш йўли билан интернационал тарбия жиҳатидан катта ижобий рўл ўйнамоқда.
Бутуниттифоқ Халқ Комиссарлари Совети қошида, шу билан бирга, миллий республикаларнинг Халқ Комиссарлар Советлари олдида санъат ишларига қарайтурған алоҳида қўмита тузилгандан кейин ҳалиги учинчи жиҳат, яъни миллатларнинг санъатларини уларнинг бир-бирларига кўрсатишга алоҳида аҳамият берила бошлади. Бу йўлда Бутуниттифоқ Халқ Комиссарлари Совети қошидағи Санъат қўмитасининг ташаббуси, айниқса, махтарликдир. Яқиндағина Масковда бўлуб ўткан Қозоғистон санъати ўн кунлиги*, Қозоғистон чолғи тиётрининг Масковдаги муваффақиятлари, чолғи тиётрининг томошаларига …бутун партия ва ҳукумат раҳбарларининг келиб туриши, қозоқ санъати арбобларининг олий нишонлар билан мукофотланиши – булар ҳаммаси юқорида айтилган вазиятни тасвирлайди. Қозоғистон ўн кунлигидан бурун Масковга Украина ўпера тиётри келиб, катта муваффақиятлар билан Украина совет санъатининг ютуқларини кўрсатиб кетган эди. Масков академик бадиий тиётрининг бу ёз ичи Украина советлар республикасининг маркази бўлган Киев шаҳрига бориб, томошалар бериши бу йил ҳар йилгидек оддий гастролчилик шаклидан чиқиб, катта бир тўй-томошага айланаётир. Тиётрнинг келишига бир ойдан кўпрак вақт бор бўлса ҳам, советлар Украинасининг янги ва гўзал маркази Бадиий тиётрни яхши қаршилаш учун жиддий ҳозирликларга киришган эди. 1937 йилда Масковда Ўзбекистон ва Арманистон санъатларининг ўн кунликлари белгиланган.
Мана шундай гўзал ва катта ташаббуслар чоғида Украина давлат копелласи (чолғи тўдаси)нинг Тошкентга келиб консертлар бериши жуда вақтида бўлган ва унумли бир ишдир. Бу консертларни ташкил этган Қизил қўшун уйи мудирлигидир.
Бир замонлар Польша ҳукумдорлари, ундан кейин Русия чорлиги* томонидан, яна бир томондан – ўз бойлари ва мулкдорлари томонидан ҳар тарафлама жабр-зулм кўриб келган Украина халқининг шу узун қуллиқ йиллари орасида яратган адабиёти, куйлари, чолғиси жуда бойдир. Масковда катта муваффақият билан кўрсатилган икки чолғили асар асосан халқ ижоди устига қурилған нарсалар эди. У асарларнинг Украинанинг ўзидаги муваффақияти яна ҳам каттадир.
Шаҳримизга келган копелла ўша кенг ва бой чолғи санъатининг бир шаклини, бир бўлагини кўрсатади. Тўдада энг кўп ва асосий асбоб «бандура»* (мандолин шаклида бир асбоб)дир. Фақат бунинг овози нозик, таъсирли ва ёқимлидир. Тўдада бандурадан бошқа асбоблар ҳам бор (чилдирма, чанг, цимболи ва бошқалар). Бандура билан бирга туб рўлни мукаммал хор, чолғи ва ёлғиз ашулалар ўйнайди, хор, чолғи ва ёлғиз ашулаларнинг ҳаммаси музика билимининг талабига кўра яхшилаб ишланган. Шу учун хорларнинг овози бир хилда ва тўлдиручи эмас: ҳар хил товуш беради. Тўдада яхши овозли ашулачилар бор. Программадаги куйларнинг ҳаммаси деярлик халқ куйлари. Орада «Виночок» аталган уч куйли шўх, қувноқ ўйин мақомлари бор. Булар бутун томоша залини ҳаракатга келтирадилар. Куйлар орасида Украина куйларидан бошқа рус куйлари ҳам бор. (Қизил қўшунда айтилатурған «Приамур» қўшиғи.) Украинанинг машҳур тарихий қаҳрамони «Мамлюк»нинг қўшуғи томошачини эски замонларга, Украинанинг поплар (мулкдорлар) қўл остида эзилган даврларига, олиб кетади. Бундай мунгли, ғамли куйлар програмнинг бошиға қўюлған. Програм секин-секин қувноқ куйларга ўтади.
Биз қўшни совет республикалари халқларининг санъатлари билан кўпрак танишув кераклигини тегишли уюшмалар эсига солиб ўтамиз.
_____________________
Мақола «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1936 йил 8 июнь сонида «Чўлпон» имзоси билан босилган. Кейин «Адабиёт надир» мақолалар тўпламида қайта чоп этилган.
«Қизил Ўзбекистон» газетаси асосида нашрга тайёрланди.
«Яқиндагина Масковда бўлиб ўтган Қозоғистон санъати ўн кунлиги…» – мазкур ўн кунлик ўзбек санъати декадасидан бир йил аввал (1937 йил май) 1936 йил 17 – 26 май кунлари Москвада бўлиб ўтган.
Русия чорлиги – подшо Россияси демоқчи.
Бандура – украин халқ чолғу асбоби. Бандуранинг кашф этилиши XIV – XV асрларга бориб тақалади. Тузилишига кўра у русларнинг «гусли»си ва биздаги чангни эслатади, бармоқ билан чертилади.