Йўлдош Шамшаров 1907 йилда Наманган вилоятининг Чуст тумани Олмос қишлоғида туғилган. 1933 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Фарғона ўқитувчилар олий илмгоҳининг адабиёт куллиётини тугатди. Кейин “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Туркистон”) газетасининг масъул котиби, “Ленин учқуни” (ҳозирги “Тонг юлдузи”) газетасининг бош муҳаррири бўлиб ишлади. Давлат идоралари ва нашриётларида фаолият олиб борди.
Йўлдош Шамшаров адабий ижодини очерк жанридан бошлади. Унинг “Ғурумсаройликлар” туркумидаги очеркларида ўша давр Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги муҳим муаммолар кўтарилди. Аммо ижодкорнинг асл истеъдоди унинг жаҳон адабиёти дурдоналаридан қилган таржималарида ёрқин намоён бўлди. Улар орасида И.С.Тургеневнинг “Рудин”, “Арафа”, “Дворянлар уяси”, “Ася”, “Баҳор сувлари”, “Муму”, Д.Дефонинг “Робинзон Крузо”, Г.Николаеванинг “Ўрим” ва бошқа асарлари кўзга яққол ташланиб туради. ХХ асрнинг 2-ярмида халқпарвар рус адиби И.С.Тургенов ижоди, унинг асарларидан уфуриб турган инсонпарварлик, лиризм, нафосат ўзбек адибларини ҳам мафтун қилди. И.С.Тургеневнинг “Муму” ҳикояси Й.Шамшаров таржимасида кўп марта нашр этилди.
Ҳар бир ёзувчи ва шоирнинг ижоди пухта шаклланишида кўпроқ у яшаган муҳит ва уни қуршаб олган одамлар роль ўйнайди. Йўлдош Шамшаров Ойбек, А.Қаҳҳор, Миртемир, Ҳ.Ғулом, Шуҳрат, С.Анорбоев билан бир қаторда адабиёт майдонида жавлон урди, адабиётни ҳам адиб, ҳам мухлис сифатида қаттиқ севди, ўзбек тилини бойитиш йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилди. Бу Й.Шамшаров таржималари пухталигида, сўзни хассослик билан, чертиб-чертиб ишлатишида аниқ кўринади. Бинобарин, у кишини ўтган асрнинг иккинчи ярмидаги энг сермаҳсул адиблари сирасига киритиш мумкин.
“Муму” – И.С.Тургеневнинг гуманизми, инсонпарварлик руҳи ёрқин ифодаланган, ўз замонасида бўлиб турган крепостнойлик ҳуқуқининг ғайриинсонийлиги, заминдорларнинг кибру ҳавоси, золимлиги дадил фош этилган ҳикояларидан биридир. Бу ҳикояни буюк адиб 1852 йилнинг баҳорида, чоризм сиёсатчилари томонидан қамалган вақтда ёзган ва у 1854 йилда “Современник” журналида босилган. Ёзувчи ўзи эслатишича, “Муму” ҳикояси қаҳрамони, соқов хизматкор Герасим ва золим бойбека сиймолари ўз онаси Варавара Петровнадан ва соқов хизматкор Андрейдан нусха олинган экан. Адиб заҳматкаш қул Герасимни меҳр билан тасвирлайди: “С детства привык он к полевым работам, к деревенскому быту. Отчуждённый несчастьем своим от сообщества людей, он вырос немой и могучий, как дерево растёт на плодородной земле…” Таржимон Йўлдош Шамшаров бу қуйма сўзларни ўзбекчада ҳам аслиятга жуда яқин қилиб беради: “Болалик чоғидан бошлаб у деҳқончилик ишларига, қишлоқ турмушига одатланган эди. У гунглиги орқасида одамларга аралашолмай, худди серунум ерда ўсган дарахтдек, тилсиз ва бақувват бўлиб улғайди…” (И.С.Тургенев. Муму. Т. “Ёш гвардия” нашр. 1985, саҳ. 6.)
Даҳо адиб И.С.Тургенев кичик бир ҳикояда ўз замонасидаги Россия жамиятида олий табақа вакиллари халқни одам ўрнида кўрмаслигини, ўз қўл остидаги қаролларнинг инсоний ҳуқуқларини поймол қилиб, истаганча оёқости қилишини ҳаётий жонли манзараларда кўрсатади. Бой хотин Герасим яхши кўрадиган Татьянани бошқа хизматкорига зўрлаб, ичкиликбоз, дангаса капитанга турмушга чиқаради. Капитан не қиларини билмай, герасимдан қўрқиб қалтирайди. Бой хотин Герасимнинг инсоний севгисини масхаралаб, бу ишни атайлаб қилади. Бой хотин бечораларнинг бахтига ҳасад қилади, ўзи ёлғиз, бахтсиз, ҳаётда бирорта овунчи йўқ, у бошқаларни ҳам бахтсиз қилишни истайди. Ҳикояда ёзувчи ижобий қаҳрамонларидан бири – чўри Татьяна бахтли бўлишга муносиб инсонлигини, аммо бой хотин уни бахтсиз қилиб қўйганлигини тасвирлайди. Бой хотин зулми остида чўри, дазмолчи Татьянанинг гўзаллиги ҳам тез йўқолади. “Татьяна (прачка) была женщина лет 28, маленькая, худая, белокурая, с родинками на левой щеке.., – деб ёзади адиб. – С ранней молодости ее держали в черном теле; работала она за двоих, а ласки никакой никогда не видела; одевали ее плохо, жалованье она получала самое маленькое; родни у ней все равно что не было… Когда-то она слыла красавицей, но красота с нее очень скоро соскочила. Нрава она была весьма смирного, или, лучше сказать, запуганного, к самой себе она чувствовала полное равнодушие, других боялась смертельно; думала что о том, как бы работу к сроку кончить, никогда ни с кем не говорила и трепетала при одном имени барыни, хотя та ее почти в глаза не знала”. (И.С.Тургенев. Повести. Рассказы. Стихотворения в прозе. Москва. “Вече”, 2003. стр. 270). “Муму” ҳикоясидаги бу аёлнинг портретини таржимон Йўлдош Шамшаров ўзбекчада бундай тасвирлайди: “Татьяна кирчилик вазифасида бўлиб, 28 ёшлардаги чуваккина, озғин, оппоққина, чап юзида холи бор аёл эди (қариқиз дейилса яхшироқ бўларди)… Ёшлик чоғиданоқ уни камситдилар: ёлғиз ўзи икки кишининг ишини қилса ҳамки, бирон марта яхши гап эшитмади; уни ёмон кийинтирардилар (унга дурустроқ кийим беришмасдилар дейилса, яхши бўларди); у ҳаммадан оз ҳақ оларди, қариндошлари деярли йўқ эди… Бир вақти у гўзалликда номи чиққан эди, лекин гўзаллик ундан тез йўқолди (чиройи тез сўлиб қолди, дейилса яхшироқ эди); у жуда мўмин табиатли, ёки дурустроқ айтганда, юрак олдириб қўйгандай эди; у ўзига бепарво қарар, бошқалардан ўлгудай қўрқарди, фақат ишни муддатида бажаришни ўйлар, ҳеч ким билан гаплашмас, у гарчи бой хотиннинг афтини кўрмаган бўлса ҳамки, унинг номини эшитган ҳамоно қалтираб кетарди”. Кўриниб турибдики, таржимон аслиятда И.С.Тургенев моҳирона чизган бечора аёл сувратини ва сийратини ўзбек тилининг лексикаси бойликларидан унумли фойдаланиб, Татьянанинг характерини, руҳиятини очувчи пурмаъно сўзларни топа олган.
И.С.Тургенев “Муму” ҳикоясида бечора аёл Татьянани масхара қилувчилардан соқов паҳлавон Герасим ҳимоя қилишини тасвирлар экан, инсоний фазилатлар олий табақа вакилларида эмас, мазлум халқ вакилларида сақланиб қолганини кўрсатади.
“Муму” ҳикоясида ёзувчи қаҳрамонларининг руҳий оламини, характерларини ёритишда диалоглардан, персонажларнинг жонли нутқидан моҳирона фойдаланади. Бу ҳолатларни ўзбекчада ҳам акс эттириш таржимонга мураккаб вазифалар юклайди. Чунки ўзбекча диалогларда ва персонажларнинг нутқида ҳам уларнинг характерлари, руҳий, маънавий қиёфаси барқ уриб туриши керак. Бошқача айтганда, таржимон ҳам аслият муаллифи даражасида, ёки шунга яқинроқ, маънавияти юксак ижодкор бўлиши зарур. Биз кўрган, суҳбатлашган ўзбек адиби, журналист, ношир, таржимон Йўлдош Шамшаров ана шундай софдил, шогирдларига меҳрибон, мънавияти мусаффо ижодкорлардан бири эди.
И.С.Тургеневнинг “Муму” ҳикоясини таржима қиларкан, Йўлдош Шамшаров бу асарда рус адиби ўз ватанида бир гуруҳ бойлар, мулкдорлиги билан кибрланиб, шахс сифатида тубанлашиб кетганини, золимлигини, бу золим, такаббур бойлар эмас, балки қулликда қийналса ҳам олижаноб инсоний қиёфасини йўқотмаган соқов деҳқон Герасим ва унинг итида мазлум халқнинг гўзал фазилатлари сақланиб қолганини юксак бадиий маҳорат билан тасвирлашига қойил қолган ва ўз таржимасида мана шу халқчил руҳни сақлашга интилган ва бунинг уддасидан чиққан эди.
Буюк француз мутафаккири бу романга юксак баҳо бериб, бундай ёзган эди: “Менинг қаҳрамоним Эмилнинг биринчи марта ўқиган китоби шу рмоан эди. Узоқ вақтлар унинг кутубхонасидаги ягона бойлик шу китоб эди… Бу қандай сеҳрли китоб экан? Арасту асарими, … асарими? Бюффон асарими? Йўқ, бу асар “Робинзон Крузо” эди”. Чиндан ҳам бу роман жаҳоннинг барча маърифатли халқларининг тилларига таржима қилиниб, севиб ўқилади. Русча таржимада ҳам, Й.Шамшаровнинг ўзбекча таржимасида ҳам аслият тилининг соддалиги, равонлиги, ширадорлиги сақланиб қолган. Йўлдош Шамшаров таржимага ижодий ёндошиб, сўзма-сўз ўгирмай, мазмун-моҳиятини, руҳини беришга интилган: “Мен болалик чоғимданоқ денгизни оламдаги ҳамма нарсадан яхши кўрардим… Бир неча соатлаб денгиз бўйида туриб, кемаларга кўз узмай қараб қолардим. Менинг бу ҳаракатим ота-онамга сира ёқмасди. Кекса, дардчил отам менинг катта амалдор (юрист сўзи ўзгартирилган) бўлишимни… истар эди. Мен эса денгиз сайёҳи бўлишни орзу қилардим. Денгиз ва океанларда кезиб юриш, назаримда, буюк бир бахт эди…”
Русча мукаммал таржимадан ҳам сезиладики, Англия фуқароларига хос пуританлик – тақводорлик, ота-онага буюк ҳурмат, уларнинг панд-насиҳатларига қулоқ солиш, аксинча, ота-онани ранжитиб, айтганларини қилмай, осийлик қилганлар албатта фалокат ва ҳалокатга учраши каби ахлоқ ва дин қоидалари кучли ифодаланган. Шўролар даврида чиққан турли русча нашрларда диний, ахлоқ-одобга доир мулоҳазалар қисқариб кетган. У ўзбекчада ёш Робинзонга ғамхўр ота, она насиҳатларини тўлиқ беради: “Ойим мендан жуда хафа бўлиб, бундай деди: Отанг ўзга ўлкаларга боришни бутунлай эсдан чиқаргин, деган эди-ку… Ўзингни хароб қилгинг келса, ҳозироқ жўнаб кетавер, аммо амин бўлгинки, сенинг саёҳатингга отанг иккимиз асло розилик бермаймиз”. Романда ота-онани норози қилишнинг оғир оқибатлари ҳақида Робинзон афсусланиб, кимсасиз оролда ҳам инсондай ҳаёт кечириш учун бор ақл-заковатини, ғайрат-шижоатини ишга солиши инглизчада ҳам, русчада ҳам, ўзбекчада ҳам муфассал тасвирланади.
Таржимон Йўлдош Шамшаров ўзбек тилининг бойлиги, ширадорлиги, лексик, фразеологик имкониятларидан фойдаланиб, денгизда бўрон, довулда, тоғдай тўлқинлар остида кемалар ҳалокатга учраши манзараларини аниқ-равшан ифодалайди.
Биз устоз таржимонлар Ваҳоб Рўзиматов, Миркарим Осим, Мирзакалон Исмоилий, Миртемир, Йўлдош Шамшаров, Алибек Рустамов, Чустий, Қодир Мирмуҳамедов, Мирзиёд Мирзойидов, Ҳасан Тўрабековлар билан бирга ишлаш бахтига муяссар бўлганмиз. Булар ижодда ҳам, ҳаётда ҳам бағридарё, самимий, камтарин инсонлар эдилар. Устозларнинг бу фазилатлари бизга ёрқин намуна эди.
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 6-сон