Бу сўзлар жаҳонгир Амир Темурнинг Фарангистон қиролига жавоб мактубидан олинди. Дарҳақиқат, одамзод пайдо бўлибдики, олди-берди билан, савдо-сотиқ билан машғул. Ва, табиийки, у инсон ҳаётининг муҳим қисмини ташкил қилади.
Жуда кўп қадимий китоблардан маълумки, Шарқ халқлари ўз фарзандларини 10—11 ёшданоқ савдога ўргатганлар. Тижоратнинг сир-синоатидан воқиф этишга ҳаракат қилганлар. Бозорларга бирга олиб бориб, кўзларини пишитганлар. Сарф-харажатнинг мураккаб томонларидан хабардор этганлар. «Пул топиш осон, сарфи қийин» деб қўйишарди ёшлигимизда кексалар.
Мана, «Тошкент ишбилармонлар учрашуви»нинг тугаб, амалий фаолиятга ўтилганлигига ҳам анча-мунча вақт бўлиб қолди. Аммо мен ғоят муҳим бўлган бу учрашув ҳақида ҳамон ўйлаяман, мушоҳада қилаяпман. У она Ўзбекистон учун нима берди, нима беради? Чет эллардан ташриф буюрган ишбилармонларнинг ҳаммасига ҳам ишонса бўладими? Ўзимизнинг ишбилармонларимиз лафзларида тура оладиларми? Хўб, хорижликларнинг-ку ўз эрки ўзида, бизларники-чи?.. Ҳолбуки, чет эллар билан барча алоқалар эркин асосга қурилмоғи керак. Бусиз ҳеч бир иш амалга ошмаслиги аён.
Агар тўғри бўлса, хорижга сотиладиган маҳсулотлар даромадининг валюта ҳисобидаги 40 фоизи Иттифоқ ғазнасида қолар экан. Бу тартиб бекор қилинмаса, яна ўз қозиғимиз атрофида ўзимиз айланавермаймизми?
Чегаралар-чи? Чегаралар… Ҳамма қилинган амалий ишлар натижаси шу ерда барҳам топмайдимикан? Иттифоқ деган мустаҳкам қўрғон сарҳадлари эркин тижоратга йўл очармикин? Ахир, ҳали Ўзбекистоннинг ўз чегараси йўқ-ку?! Ўзбекистон Марказ тасарруфида-ку?.. Қадимги вақтлар эмаски, Самарқанддан чиққан тижорат карвони ҳеч қандай ҳужжатсиз Термиз орқали истаса Афғонистонда чўкса, истаса Эронда, истаса Хитойда, истаса Маккаи Мадинада чўкса… Ёки у ерлардан истаган молни олиб қайтиб Бухоро бозорига туширса…
Бундай гаплар билан мен «Тошкент ишбилармонлар учрашуви»ни заррача шубҳалар бўрони остига қўймоқчи эмасман. Гумон имондан ажратар, дейишади яхшилар. «Учрашув» кунларида «Саудия мармар компанияси» президенти Абдул Ғаффор Нур билан бир неча бор суҳбатда бўлдим. У киши катта умидлар билан Саудия Арабистонига учиб кетди. Абдул Ғаффор ака баъзи ишбилармонлар каби биздан ўз мамнуниятини, фикрларини яшириб ўтирмади: «Ўзбекистондан, қутлуғ тупроқ ватанимдан хурсандман, унинг ўктам, ҳурматли Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовдан жуда миннатдорман. Президент ташаббуси Ўзбекистон тақдирида жуда катта бурилиш ясайди. Фақат бир истиҳола у кишига етказилса… Бозорга борган харидор ҳам, сотувчи ҳам фойдани кўзлайди. Доим катта фойданинг пайида юрадиган бизнесмен ҳеч қачон ўз рақобатчисининг ишлари юришиб кетишини хоҳламайди. Бу ерда энг аввало хорижда истиқомат қилаётган ва юртга, она Туркистонга ҳурмат-эътиқодини кўнглида авайлаб-асраётган ватандошларимизга суянилса!!! Турли хорижий давлатларда 5 миллиондан зиёд туркистонлик — миллатдошлар истиқомат қилишяпти. Уларнинг аксарияти жаҳон тараққиёти даражасида фаолият юритаяпти. Тақрибан бўлса-да, 5 миллион рақам ҳазилакам эмас. Уларнинг манфаатларини ҳам ҳурмат қилган ҳолда ўзаро муносабатларни ҳеч иккиланмасдан тикламоқ керак. Ватан, юрт туйғуси, фарзандлик, қарздорлик, бурч туйғуси ўлмас бўлиб, бундан ҳатто жониворлар ҳам бенасиб қолмаган. Чин (Хитой) оғир бўҳрон (кризис)га тушиб қолиб, сўнг дастлаб дунё бозори билан боғланишда фақат чет давлатлардаги Чин ишбилармонларига таянишганини бутун бани башар билади. Ўзингники ўзингники-да. Буни ҳали дунё рад этгани йўқ».
Ўша кунлари Абдул Ғаффор Нурнинг лафзига, яъни берган ваъдасининг устидан чиқиш учун қилган ҳар бир ҳаракатига гувоҳ бўлиб, мутлақ тонг қолдим. У киши қандайдир билим юрти билан шартнома тузган, бир қанча болаларни Саудия Арабистонига ўқиш учун шахсан ўзи саралаб олиши керак эди. Абдул Ғаффор ака, у кишининг яқин бир таниши — менинг ҳам дўстим, учаламиз «Волга»да кетаяпмиз. «Сизга бошдан-оёқ Ўзбекистон мармаридан қурилган бинони (В. И. Ленин номидаги музей биносини назарда тутди) бирров кўрсатаман, ахир Сиз биринчи галда «Мармар» компаниясининг президентисиз», — деди дўстим машинага чиқар эканмиз. У киши индамади, ўтирганимиздан кейин шофёрга ваъда қилинган жой номини айтиб: «Ҳайданг!» — деди. Музей биносига етай деганда чорраҳа-кесишувга келганда дўстим яна бояги гапини такрорлади. Абдул Ғаффор ака шартта машина эшигини очиб тушиб кетмоқчи бўлди. Зўрға ушлаб қолдик. «Лафз қилдингми, устидан чиқ. Мен фалон пайтга ваъда берганман, боришим керак. Вассалом», — деди жаҳл билан. Қайта ҳеч ким оғиз очмади.
Мен онг-тонг қолиб ўйлаб кетдим. Лафз… У бизда қолдими? Биз ҳам ҳар бир ишимизда ўз лафзимизнинг устидан чиқсак эди, қатъиятлик билан ваъдаларимизни амалга оширсак эди… Лафзсиз одамларга айланиб қолмаяпмизми, ишқилиб?! Худо асрасин! Инсон — ўз лафзи билан улуғ! Давлат — ўз лафзи билан барқарор. Айниқса, тижорат ишларида пул эмас, лафз ва иш бирламчидир!
Ҳа, айтаверсанг, гап кўп. Қайта қуриш Ер юзидаги ижтимоий аҳволни ўзгартириб юборди. Узоқ вақт давом этган тоталитар тузум сарҳадлари рамзий маънода кўтариб ташланди. Шўро фуқароларининг кўксига эркинлик шабадаси тегди. Бу эркинлик миллий туйғуларни уйғотди.
Миллийлик доим байналмилалликка интилади. Бугун шундай вазият вужудга келдики, ҳеч бир миллат, ҳеч бир давлат ўз қобиғига ўралиб яшай олмайди. Амриқо қанчалик тараққий этмасин, у барибир ўзга миллатлар, ўзга давлатлар билан муносабатга эҳтиёж сезаверади. Бу хусусият давлат сифатида Ўзбекистонга ҳам тааллуқлидир.
Тоталитар системанинг қатъий тартиблари Ўзбекистонни узоқ вақт ана шу ҳаракатдан тийиб турди. Республикамиз ўзининг барча халқаро ҳаракатларини Марказ орқали амалга оширди. Бу ерда эса мақсадга номувофиқликлар содир бўлди. Натижада бир пайтлар жаҳонга қомусий алломаларни берган Ўзбекистон XX асрда жаҳон тараққиётидан узилиб қолди. Бу узилиш ночорлик билан якунланди. Иқтисодий-технологик ва маънавий турғунлик қашшоқликни келтириб чиқарди.
Қашшоқ ўлкада эса илм, фан, маданият, санъат таназзулга юз тутади. Биз бугун ана шу инқироздан қутулмоқ учун ҳам мустақил давлат сифатида жаҳонга чиқишимиз зарур!
Бунинг учун Ўзбекистонда қайта ишлаш саноатини жаҳон стандарти даражасига етказиш керак. Вақт беҳуда ўтмасдан, тараққий этган мамлакатлардан унумли технологияни Ўзбекистонга келтириш керак. Ана шундай қилинганда, Ўзбекистон хом ашё етиштирувчи базадан маҳсулот ишлаб чиқарувчи ўлкага айланади. Аммо бу жуда қийин кечадиган жараён. Бироқ қўрқадиган нимамиз қолди?..
Агар биз етиштирилаётган маҳсулотларни қайта ишлашга эришсак, бундан катта миқдорда иқтисодий наф кўрамиз. Агар Ўзбекистоннинг хазинасида катта миқдорда пул бўлса, биз учун танқис ҳамма нарсани рақобатчиларимиздан сотиб олишимиз мумкин. Эндиги гап қурилиш материаллари ҳақида кетаяпти. Агар унинг таъминоти ҳозирги даражада қоладиган бўлса, Ўзбекистонда иморат қурилиши масаласи 2000 йилгача ҳам кўнгилдагидек ҳал бўлмайди. Асосан қишлоқларда қурилишни яхшилаш керак. Чунки, қишлоқ обод бўлмаса, шаҳар, демакки, Ўзбекистон обод бўлмайди.
Бундан кейинги қурилишларимизда Шарқ колорити устун бўлиши керак. Жумҳуриятнинг географик иқлими ана шуни тақозо этади. Совуқ ўлкаларга мос иморатларни Ўзбекистонда қуриб ташлайверган билан мурод ҳосил бўлмайди.
«Тошкент ишбилармонлар учрашуви»даги яна бир суҳбатдошим Анқара университетининг кўп йиллик ректори, машҳур икки жилдлик «Тарихда Турк давлатлари», «Тарихда турклар» асарларининг муаллифи, кимё фанлари доктори, профессор Тарик Сомер жаноблари бўлди. У юқоридаги муаммоларнинг ҳал этилишини мисоллар билан исботлашга ҳаракат қилди.
— Хусусан, — деди у, — Ўзбекистон пахта етиштирар экан, тўқимачилик фабрикаларини мутлоқ қайта қуриши ва технологиясини ўзгартириши зарур. Бу борада Туркия катта ёрдам бериши мумкин. Чунки Туркияда ҳам — Адана, Марашда, Эгей денгизи соҳилларида пахтадан мўл ҳосил етиштирилади. Оврупо давлатлари, Амриқо, Покистон, Хитой, Корея, Янги Зеландия каби мамлакатлар билан узвий алоқаларда бўлганлиги сабабли пахтадан унумли ҳосил олиш ва унинг технологиясини мукаммаллаштириш борасида катга тажриба тўплаган. Қолаверса, тилимиз бир, динимиз бир — битта халқмиз. Бир-биримизга ёрдам бериш, ҳамкорлик этиш, тижорат — савдо-сотиқ ишларини биҳамдиллоҳ ривож топтириш барчамизга фарз ҳам қарз.
Профессор Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги Туркиядаги дунёга донғи кетган «Турк» қурилиш ширкати билан шартномалар тузса, тижорат ишлари ҳисоб-китобини ҳамкорлиқда ишлаб чиқса, уй-жой тиклаш масалаларини ҳал этиш мумкин, деб ҳисоблайди. Унинг гапларида жон бор: ахир «Турк» ширкатидан ҳатто Москва ҳам бир неча йилдан буён фойдаланаяпти-ку.
Ҳа, таклифлар кўп. Аммо ҳамма нарсага пул, маблағ керак. Ҳолва деган билан оғиз чучимайди. Тижорат лозим. Савдо-сотиқ ривожи керак. Айтайлик, мен Истанбул университети Шарқий Туркистондаги асосий илмий марказ ва Ўзбекистон Фанлар академияси тезда ўзаро шартномалар тузишиб, ягона туркшунослик илмий маркази ташкил қилишни зарурият, деб биламан. Ўша илмий марказ қошида умумтуркий маданият обидаларини муҳофаза қилиш фондини ташкил этиш лозим бўлади.
Ҳозир жаҳон тараққиёти шу даражага эришдики, уни компьютерсиз тасаввур этиб бўлмайди. Япония, Корея каби давлатлар билан Ўзбекистон кибернетика илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамкорликда махсус компьютерлар ишлаб чиқарадиган корхона, заводлар ташкил қилсин, дейман. Ўзбекистонда махсус япон тили курсларини очиш лозим, ахир Японияда японча-ўзбекча луғат аллақачон тузилган.
Америкадаги «Боинг» самолётсозлик компанияси билан Чкалов номидаги авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамкорликда тижорат масалаларини кун тартибига қўйишларини таклиф қиламан. Бундан икки йил олдин «Боинг» самолётининг асбоб-ускуналарини тайёрлаб, етказиб берувчилардан бири жуда катта завод эгаси ўзбек эди.
Ўзбекистон Фанлар академияси иқтисодий илмий институти Англиядаги (АҚШ, Швейцария) иқтисодий масалалар билан шуғулланувчи бирор илмий марказ билан алоқа ўрнатиб, капитализм иқтисодиёти назарияси ва амалиётидаги ибратли, муҳим томонларни жумҳуриятимизда тагбиқ этишга киришсинлар, дегим келади. Ахир Европа мамлакатлари билан барча алоқаларимиз Амир Темур давридан кейин тўхтаб қолди-ку?!
Ўзбекистонда ғўзапоя ва пахтадан қоғоз ишлаш технологиясини ишлаб чиқиш ҳамда йўлга қўйишни тезлаштириш зарур, дейман.
Чет элга чиқаётган ватандошимиз тилмочнинг ёрдамига муҳтож бўлмаслиги, бунинг учун Ўзбекистон чет тилларни ўрганишни ҳозиргидан бир неча баробар кучайтириши лозим. Аммо бу жуда қийин. Шунинг учун Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон сингари йирик шаҳарларда чет тилларни (бирваракайига инглиз, француз, араб ва бошқа) ўргатишга ихтисослашган махсус мактаблар очиш, уни битириш муддатларини сиқиқлаштириш керак. Бундан ташқари лотин алифбосини ўргатадиган қисқа муддатли курслар даркор. Лотин алифбосини ўрганиш Америка, Олмония, Англия, Фарангистон (Франция), Италия, Австралия, Канада, Туркия ва бошқа давлатлар билан алоқамиз кучайишида кўприк, яъни ҳарф таниш, тил ўрганишга зина бўлади, дейман. Техника, медицина ва ҳоказо соҳаларда лотин алифбоси қўлланилади, ахир.
Ўзбекистонда етиштирилаётган, жаҳоннинг турли нуқталарида ноёб ҳисобланган маҳсулотларни тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланадиган махсус маҳкамалар бўлиши шарт, дегим келади.
Хуллас, истакларимиз, таклифларимиз, орзуларимиз мўл-кўл. Улар инобатга олиниб босқичма-босқич амалга оширилиб борилса, халқимиз бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилса, илло Ўзбекистонимиз истиқболи ёмон бўлмас, дейман.
Ҳар қандай давлатнинг бош раҳбари бугун учун эмас, келажак учун ҳам ишлайди (Пётр I нинг кўзлаган мақсадлари қадим Туркистонда XIX асрнинг иккинчи ярмида амалга ошди). Яқинда ҳафтаномамизда бир ажойиб истак билдирилди. Унинг қисқача мазмунини бераман: жумҳуриятимиз жуғрофий жиҳатдан жаҳон океанига яқин ерда жойлашган. Океанга чиқиш учун Эрон ёки Туркия ҳудуди бўйлаб жанубга темир йўл қуришимиз керак. Агар шу иш амалга ошса, Ўзбекистонни жаҳон билан боғлайдиган йўл бир неча бор қисқариши мумкин. Ҳозирги кунда Ер юзи аҳолисининг салкам ярми жаҳон океанига 200 километр радиусдаги ерларда яшамоқда. Ташилаётган юкларнинг 60 фоизи денгиз транспорти улушига тўғри келади. Жаҳонда Ўзбекистонга ўхшаш давлат кўп эмас. Денгизга чиқиш учун халқаро ҳуқуқдан фойдаланишимиз лозим. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош ассамблеяси томонидан қабул қилинган 1028 (Х1)-сонли резолюцияси шунга имкон беради. Агар келишилса, бу йўл Туркия ва Эрон учун ҳам фойдали. Порт қуриш учун ер керак. Келишилади. Ва ниҳоят, ўз миллий флотимиз учун кадрлар тайёрлашни ҳам йўлга қўйиш пайти келди.
Қолаверса, Термиз орқали маҳсулотларимизни Афғонистон, Покистон, Ҳиндистонга — денгизга олиб чиқолсак, нур устига нур бўларди. Ёки Туркманистон орқали: Мари — Машҳад йўли билан Эронга, Туркияга — денгизга чиқиш керак.
Ва ниҳоят: нарх ҳукумат монополиясидан чиқиши, давлат мулкининг хусусийлаштирилишини тезлаштириш лозим бўлади.
Ушбу ишларни иқтисодий, сиёсий, социологик, маънавий жиҳатлардан қаттиқ амалга оширишда Президентимиз миллий кадрларга таяниши жоиз, деб биламан.
Хулоса қилиб айтганда, биз дунёга талпинмоқдамиз, дунё эса бизга интилмоқда. Қарс икки қўлдан. Ҳурматли муштарийларимиз мени кечирсинлар… аммо бугун дўстлик ҳам қуруқ қўл билан бўлмайди. Тижорат йўли — яшаш тарзи! Начора. XXI аср бўйламоқда. Лекин ҳар қандай асрда ҳам инсон инсон бўлиб қолажак! Бинобарин, «Дунё тижорат ила ободдир!»
«Халқ сўзи», 1991 йил 18 июль.