Абдураззоқ Самарқандий ҳижрий 12-шаъбон, 816 (мелодий — 7 ноябрь, 1413) йили Темурийлар давлатининг Ҳирот шаҳрида туғилди. Унинг тўла исми Камолиддин Абдураззоқ, отасининг исми Жалолиддин Исҳоқ Самарқандийдир. Абдураззоқ Ҳиротда туғилганлигига қарамай “Самарқандий” деган нисба билан шуҳрат топганлигига сабаб, отаси Жалолиддин Исҳоқнинг асли самарқандлик бўлганлиги ва яна бўлажак тарихнависнинг ўзи ҳам бир неча муддат Самарқандда яшаганлигидир.
Абдураззоқ Самарқандий дастлабки таълимни Ҳиротнинг ўзида олган. Кейинчалик Ҳиротдага Темурийлар саройида қозилик ва имомлик лавозимида бўлган отаси ва ўз даврининг зиёлиларидан бўлган акалари Абулғаффор, Абдулқаҳҳор, Абдулваҳҳоблар кўмагида тафсир, ҳадис, фиқҳ, тарих ва тил-адабиёт фанлари бўйича чуқур маълумот эгаси бўлиб етишган. Атоқли адиб Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида Абдураззоқ Самарқандийнинг мазкур илмлар бўйича яхши билимга эга эканлигини қуйидаги сўзлар билан тасдиқлайди: “Мавлоно Абдураззоқ… хушмуҳовара киши эрди… зоҳир улумин такмил қилиб эрди ва фазлиёти ҳам яхши эрди…”
Отасининг саройдаги тутган мавқеига кўра тахмин қилиш мумкинки, Абдураззоқ Самарқандий ҳам давлат ишлари билан яқиндан таниш бўлган. Унинг яхши таҳсил кўрганлиги, бу борадаги иқтидори баландлиги туфайли отаси вафотидан сўнг, 1437/38 йили, 24 ёшида Темурийлар саройига хизматга олиниши бежиз эмас. Шундан сўнг, то 50 ёшига қадар, аввал Шоҳрух, кейин Ҳирот тахтини эгаллаган бошқа Темурий ҳукмдорлар мирзо Абулқосим Бобур (1452—1457), Султон Абу Саъид (1451—1469) ватахтга ўтирган бошқа шаҳзодалар саройида давлат ишлари билан банд бўлади. Унинг замондоши Абдулвосе ан-Низомийнинг ёзишича, Абдураззоқ “хоқони саъид (яъни Шоҳрух)нинг давлати замонида узоқ муддатлар шуҳратли ишларни бажаришни бўйнига олган, баъзи соҳибдавлат шаҳзодаларнинг хизматида садоратлик олий мансабига етишган, баъзи бошқаларнинг мулозиматида эса ноиблик ва хосликка эришган”.
Бироқ Абдураззоқнинг ўзи асарларида мазкур садоратлик лавозимларини эслатмаса-да, тарихий воқеалар сирасидан унинг Темурийлар давлати хорижий дипломатик муносабатларни олиб боришда муҳим роль ўйнаганлиги англашилади.
XV асрнинг биринчи ярмида Темурийлар давлати билан Рум (Кичик Осиё), Миср, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа мамлакатлар орасида дипломатик алоқалар йўлга қўйилган эди. Бу алоқаларнинг амалга оширилишида Абдураззоқ Самарқандийнинг ҳам фаол иштирок этганлигига, унинг ўз элчилик сафарлари ҳақида келтирган ахборотлари яққол далил бўла олади. Чунончи “Матлаъи саъдайн”га киритилган “Ҳиндистон сафари достони ва у ернинг ажойиб-ғаройиботлари” деб номланган ўз сафар эсдаликларида Абдураззоқ Самарқандий 1442 йили Шоҳрух томонидан жанубий Ҳиндистонга юборилган элчиларга бошчилик қилганлигини ёзади. Элчилар 1442 йили 13 январда Ҳиротдан йўлга чиқиб, шарқи-жанубий Эрон, Арабистон, Хурмуз бандаргоҳи, Маскат, Арабистон денгизи орқали 1442 йил 17 октябрида Калкуттага етадилар ва бу шаҳарда беш ой, Вижаянагарда эса 1443 йил охиригача туриб, сўнг орқага қайтадилар. Қайтишда яна денгиз йўли билан Хурмузга, у ердан 1444 йил декабрь ойида Ҳиротга етиб келадилар.
Шу каби “Матлаъи саъдайн”да Абдураззоқ Самарқандийни Шоҳрух Гилонга ва бошқа ерларга элчиликка юборганлиги эслатилади. Абдураззоқ охирги марта Мисрга элчиликка юборилаётган пайтида Шоҳрух вафот этади ва шу боис элчилик амалга ошмайди. Шу каби дипломатик алоқаларда Абдураззоқ кейинги Темурий ҳукмдорлар Абулқосим Бобур, Султон Абу Саъидлар даврида ҳам фаол иштирок этганлиги, унинг ўз сўзларидан маълум.
1463 йилга келиб эса Абдураззоқ Самарқандийнинг ўз илтимосига биноан уни давлат ишларидан озод этдилар ва Ҳиротдаги Шоҳрухия хонақоҳига шайхлик вазифасига тайинлайдилар. Ҳижрий 887 йил жумод ал-аввал (1482 йил, июл—август) ойида шу шаҳарда оламдан ўтади.
Абдураззоқ Самарқандий шеър, араб тили грамматикасига оид рисола ёзганлиги маълум бўлса-да, лекин унинг бизгача етиб келган ягона тарихий асари — “Матлаъи саъдайн ва мажмаъи баҳрайн” (“Икки саодатли юлдузнинг чиқиши ва икки денгизнинг қўшилиш жойи”)дир. Асар форс тилида ёзилган бўлиб, икки жилдни ташкил этади.
Асарни Абдураззоқ Самарқандий асосан 1467—1469 йиллар орасида ёзиб тамомлаган ва 1470 йили яна давом эттириб, шу йилнинг сафар ойида тугаллаган.
“Матлаъи саъдайн”нинг биринчи жилдида қисқа тарзда Чингизхон авлодидан бўлган Эрон ҳукмдори Абу Саъид (1316—1335) ҳақида сўзлагач, сўнг соҳибқирон Амир Темур тарихи бошланади ва умуман 1304 йилдан 1405 йилгача Марказий Осиё, Афғонистон, Эрон, Озарбайжон, қисман Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар та-рихига оид маълумотлар келтирилади. Тарихий воқеалар баёни Амир Темурнинг 17-шаъбон, 807 (18 февраль, 1405) йили Ўтрорда вафот этганлиги, унинг набираси Халил Султоннинг Самарқандда тахтга ўтирганлиги билан тугалланади.
Иккинчи жилднинг сўз бошисида муаллиф Амир Темур авлодлари ҳақида сўзламоқчи эканлигини айтиб, воқеаларни Шоҳрухнинг Ҳиротда тахтга ўтирган вақтидан (март, 1405) бошлайди. Сўнг Шоҳрух вафоти (1447)дан кейин ҳукмронлик қилган Темурийлар: Мирзо Абулқосим Бобур, Султон Абу Саъид ва бошқа шаҳзодалардан сўзлаб бўлгач, Ҳусайн Бойқаронинг Ҳиротда Ёдгор Мирзони қатл этиб, иккинчи марта тахтга ўтириши ҳақидаги маълумотлар билан асарни тугатади.
Абдураззоқ Самарқандий “Мутлаъи саъдайн”да тарихий воқеалар баёнини солнома тарзида жойлаштирган. Асарнинг муаллиф ўзи яшаган даврдан (XV аср ўрталари) илгариги қисмлари солномаси аввал ёзилган асарлар асосида тузилган. Бу ҳақда Абдураззоқнинг ўзи 1427 йил воқеаларини якунлар экан: “Ҳофизи Абрўнинг ёзгани… “Зубдат ут-таворихи Бойсунғурий” шу ерда тугади”, дейди ва ўзининг асосий манбаи ушбу асар эканлигини таъкидлайди. Бундан кейинги йиллар тарихининг ёритилишига келсак, айтиш мумкинки, уларнинг аксарини Абдураззоқ Самарқандий ўзи кўриб билган ёки шоҳидлар сўзларига асосланиб ёзган. Қандай бўлганидан катъий назар “Матлаъи саъдайн” саҳифаларида баён этилган тарихий воқеалар, хоҳ Ҳофизи Абрўдан олинган қисмлар, хоҳ ундан кейинги қисмлар бўлсин тадқиқотлар учун манба сифатида муҳим аҳамиятга эгадир.
Маълумки, “Матлаъи саъдайн”да кўпроқ сиёсий воқеалар баён этилган. Лекин шу билан бирга Темурий ҳукмдорларнинг мамлакатни иқтисодий, маънавий ва маданий ҳаётида ўйнаган бунёдкорлик роли ҳам Абдураззоқ Самарқандийнинг диққат марказида бўлган. Шунинг учун ҳам XV асрнинг деярли уч чорагида Самарқанд ва Ҳирот шаҳарларидаги илм-фан, маданиятнинг юксаклиги ҳамда бу борада Мирзо Улуғбек, Мирзо Бойсунғур ва баъзи бошқа шаҳзодаларнинг фаолиятлари ҳам изчиллик билан ёритиб берилган.
Эътиборга сазовор томони шуки, Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаъи саъдайн” асари ўз даврида шуҳрат топган ва бир қанча тарихнавислар томонидан эътироф этилган. Сўнгра бу асар Темурийлар даври ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий ва халқаро муносабатлари тарихига оид нодир ва ишончли манба сифатида Оврўпода ҳам танилиб, унинг айрим қисмлари XIX асрдан бошлаб бир неча марта француз (Ланглэ, Катрме, Блоше), инглиз (Эллиот), рус тилларида чоп этилган.
“Матлаъи саъдайн”нинг форсча матни 1936 йили Лоҳурда (Покистон) матншунос олим Муҳаммад Шафе томонидан чоп этилган. Абдураззоқ Самарқандийнинг 1442—44 йиллардаги Ҳиндистон сафарномаси 1960 йили ўзбек тилида ва форсий танқидий матни билан, асарнинг 1405—1427 йиллар воқеалари (I жилд, 1-қисм) 1969 йили ўзбек тилида Тошкентда чоп этилди. 1992 йили эса “Матлаъи саъдайн”нинг шу қисмига киритилган Ғиёсиддин Наққошнинг Хитой сафари кундалиги ўзбек тилида чоп этилди. Асарнинг II жилд 2—3-қисмлари ҳам ўзбек тилидаги таржимаси амалга оширилган бўлса-да, ҳанузгача чоп этилгани йўқ.
т.ф.д. А. Ўринбоев