Қўшма Штатларнинг The Forbes нашри дунёнинг энг тоза давлатлари рўйхатини чоп этди. Бунда Колумбия ва Йел университетлари томонидан ишлаб чиқилган The Environmental Performance Index методига амал қилинган ҳолда 140 давлат ўрганиб чиқилди. Ушбу баҳолаш мезони экологиянинг 25 жабҳасини қамраган (ҳаво тозалиги ва ичимлик суви сифатидан тортиб, биологик ўзгаришлару пестицид – зараркунандаларга қарши қўлланувчи дори воситасидан фойдаланиш даражасигача).
Юқори ўнликнинг (рўйхатнинг) 1-поғонасини Швейцария эгаллади. Бу давлат The Forbes тадқиқотларининг саккиз экологик йўналиши бўйича 100 балл тўплади. Тоза ичимлик суви, ўрмонларга бойлиги ҳамда пестицидлардан ўта кам миқдорда фойдаланиши 1-ўрин соҳиби бўлишига сабаб бўлди. Швейцарияда узоқ умр кўриш учун барча имконият мавжуд, деб топилди.
Швеция юқори экологик кўрсаткичга эга бўлган иккинчи давлат сифатида тан олинди. Швецияда ҳавонинг ифлосланиш даражаси паст, ичимлик суви тоза, иссиқхона гази ҳам юқори эмас. Буларнинг барчаси, албатта, аҳоли соғлигига ижобий таъсир кўрсатади. 9 млн. шведлар ўрмонларига алоҳида эътибор билан қарар эканлар.
Дунёнинг учинчи энг тоза давлати бўлмиш Норвегия зилол суви, санитария ҳолати, оқова сувларни самарали тозалаши, мусаффо ҳавоси билан мақтанса арзийди. Норвегияликлар нафас йўллари касалликларига энг кам чалинар эканлар.
Марказий Америкада жойлашган Коста-Рика иқтисодиёти экотуризмга чамбарчас боғлиқ. Шу сабаб, бу ерда атроф-муҳитга жиддий эътибор берилади. Республика саноати ҳам ушбу мезон асосига қурилган. Қўшни Лотин Америка давлатларидан фарқли ўлароқ Коста-Рика дарахтлар кесилишини четлаб ўтмоқда. Бироқ, ўрмончилик соҳасидаги ютуқлар, ҳаво софлигига кўра жами 100 дан 97 балл тўплаган мазкур давлатда денгизбўйи экологиясида муаммолар бор.
Колумбиянинг гуллаб-яшнаши тўғридан-тўғри ер ҳосилдорлиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришига боғлиқ. Гап, шунингдек, экспортда юқори даромад келтирувчи кофе ва гул ўстирилиши ҳақида бормоқда. Ушбу Жанубий Америка давлати ерининг сифати, унумдорлиги учун қаттиқ қайғуради. Колумбиядаги мавжуд атроф-муҳит ўртача 73 йил умр кўрувчи аҳоли саломатлиги гаровидир.
Кам аҳолига эга бўлган Янги Зеландия туристлар учун мисоли жаннатдир. Ҳукумат табиат муҳофазасини оширишга кўп бош қотиради. Аммо саноат корхоналари СО2 (карбонат ангидрид)ни чиқариш билан экология ифлосланишига «ўз ҳиссасини» қўшмоқдалар.
Японияда ўртача умр кўриш 82 йилни ташкил этади. Бу бутун дунё бўйича энг юқори кўрсаткичдир. Бунга, қисман, сувни тозалаб берувчи ажойиб технологиялар, санитария қоидаларига амал қилиш, кимёвий пеститсидлардан фойдаланишни бартараф этиш, ҳавонинг ифлосланиш даражаси камлиги сабаб эришилган. Япониядаги асосий муаммо сувости биологик хилма-хилликнинг камайиши ҳамда қирғоқбўйи балиқ захираларининг тугаб бораётганидир.
Хорватиянинг ривожланган сайёҳлик тизими тоза, озода соҳилларни ўз фахри деб билади. Адриатика денгизи бўйида жойлашган ушбу давлат ўз сайёҳларига бир-биридан ажойиб балиқ маҳсулотларини тақдим этади. Шунга қарамай мамлакат ўтмиши ҳануз акс садосини бериб туради: социалистик давр саноати иссиқхона газларини чиқаришда давом этмоқда.
Албания Шарқий Европадаги қўшнилари сингари бенуқсон экологияга эга бўлган давлатлар сирасига кирмайди. Лекин печка билан иситишдан фойдаланишга бўлган мойиллик Албанияга ички ҳаво ифлосланиши йўналиши бўйича 47,7 балл тўплашга имкон берди.
Исроилнинг 7,2 млн. аҳолиси ичимлик суви сифати, ҳаво софлигидан роҳатланиб яшайди ва шу орқали Европанинг энг тоза давлатлари билан рақобатлаша олади. Исроилликлар ўртача 81 йил умргузаронлик қилишади, унча катта бўлмаган ўрмонларига ҳам оқилона муносабатда бўлишади. Давлатнинг «офати»: озиқ-овқатларга салбий таъсирини кўрсатувчи пестицидлардир.
Ш.Ниёзова таржимаси
«Маърифат» газетасидан олинди.