Икки сиёсий етакчи Макка шаҳрида сулҳга келишганидан кейин мухториятда миллий бирлик ҳукумати ташкил этилиши овозаси тарқалди. Коалицион ҳукумат таркибига ХАМАС, ФАТҲ ҳаракати вакиллари, шунингдек, сиёсий гуруҳларга мансуб бўлмаган «партиясиз» арбобларнинг кириши мўлжалланган. Миллий бирлик ҳукуматига айни пайтда муваққат тартибда истеъфога чиққан Исмоил Хония бошчилик қилади.
Бир қарашда янги ҳукуматнинг тузилиши билан барча муаммолар хамирдан қил суғурган каби ҳал бўладигандек:
ХАМАС бошчилигидаги ҳукуматни террорчиликда айблаётган АҚШ ва Исроил томони турли сиёсий гуруҳлардан иборат ижроия ҳокимиятини тан олади ва музокараларга киришади;
ХАМАС ҳокимиятни тўлиқ эгаллаганидан кейин нони яримта бўлган ФАТҲ ҳаракати ҳукуматдаги маълум ўринларни яна қўлга киритади;
халқаро ҳамжамият, хусусан, АҚШ ва Исроил томонидан кескин танқидлардан зада бўлган ХАМАС ташкилоти ҳам янги бирлик ҳукумати тузилиши билан танбеҳ ва маломатлардан қутулади.
Бироқ бу бор-йўғи дастлабки тасаввур ва хулосалар, холос. Аслида эса ФАТҲ ва ХАМАС ўртасидаги қуролли ихтилоф замирида юзага келган миллий тарқоқликни бартараф этиш осон кечмаслиги аён. Нега десангиз, Фаластинда турли сиёсий гуруҳ вакилларидан иборат миллий бирлик ҳукуматининг ташкил этилиши амалда ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Дунёнинг буюк давлатлари мухторият ҳукуматини эътироф этиши ва тўхтатиб қўйилган молиявий кўмакни яна давом эттириши учун ягона талаб қўйилган: Фаластин ҳукумати Исроил давлатини қонуний деб тан олиши керак! Ярим асрдан зиёдроқ вақт мобайнида ўз ҳудуди ва давлати учун курашаётган фаластинликлар, хусусан, муросасиз ва жангарилиги билан танилган ХАМАС ҳаракати учун бу талаб ҳаётий маслагингдан воз кеч дейиш билан баробар. Ўта эҳтиёткор ва шамол йўналишини яхши фарқлайдиган Маҳмуд Аббос бошчилигидаги ФАТҲ ташкилотику, ҳар доим ҳам етти ўлчаб бир ҳаракат қилади. «Афсонавий» Ёсир Арафотдан кураш «эстафета таёқчаси»ни мерос қилиб олган ҳаракат Исроилга қарши кайфиятини усталик билан яшира олади. ХАМАСнинг эса йўриғи бошқа: ташкилот бино бўлганидан бери Исроил давлати, «сионистлар тузуми»га қарши ошкора курашиб келяпти.
Хуллас, ҳозирги шароитда янги ҳукумат тузиш ҳаракатида юрган Исмоил Хония мураккаб аҳволда, таъбир жоиз бўлса, икки ўт орасида қолган. Бир томондан, у раҳбарлик қиладиган янги ҳукумат Исроил давлатини тан олиши керак (Агар Хония жаноблари бунга журъат қилса ва яҳудий давлатининг қонунийлигини эътироф этса, ХАМАС ҳаракати уни бир кун ҳам бош вазирлик лавозимида қолдирмаслигини яхши билади). Иккинчи томондан, Исмоил Хония Фаластинда катта таъсирга эга бўлган сиёсий гуруҳлар билан тил топишиши, хусусан, уларнинг Исроил давлатига қарши сиёсатини ҳам маълум даражада қўллаши зарур. Бундай ҳолатда эса, яъни янги бош вазир ХАМАС ҳаракати талабидан келиб чиқиб, яҳудий давлати қонунийлигини рад этса, мухториятга халқаро ҳамжамият бир тсент ҳам молиявий кўмак бермайди. Ўзи охирги пайтларда шундоқ ҳам барча молиявий кўмакдан маҳрум этилган Фаластин халқининг аҳволи анчайин оғирлашган, эл орасида қашшоқлар янада кўпайган.
Яна саноқли кунлардан кейин Исмоил Хония янги миллий ҳукумат таркибини эълон қилиши ва ўз сиёсий мақсадларини оммага ошкор этиши зарур. Ғарб мамлакатлари – АҚШ ва Европа Иттифоқи мухториятдаги сиёсий жараёнлар ва уларнинг пировард натижасини диққат билан кузатиб турибди. Оддий фаластин халқи ҳам ўз мамлакатидаги сиёсий ўйинларга бефарқ эмас. Улар ҳам Исмоил Хония аталмиш арбоб мураккаб вазиятдан қандай чиқиб кетиши мумкинлигини хавотир, ҳадик ва қизиқиш билан кутишяпти.
Собиржон Ёқубов