Хитойда шўроча қайта қуриш тажрибасини такрорлаш тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келади, деб ҳисоблайдилар.
2014 йил 1 октябрда Хитой Халқ Республикасининг ташкил этилганига 65 йил тўлди. ХХР тарихини икки даврга бўлиш мумкин. Биринчиси – 1949 йилдан 1977 йилгача – синовлар ва хатолар вақти. Иккинчиси – 1978 йилдан бошлаб – социалистик замонавийлаштиришни муваффақиятли амалга ошириш вақти.
Ҳокимият тепасига келгандан кейинги дастлабки йилларда Хитой Коммунистик партияси социалистик қурилиш – саноатлаштириш, жамоалаштириш ва маданий инқилобнинг ўша вақтда умум томонидан эътироф этилган тамойиллари йўлидан борди. Бунда таомилдаги жиддий хатолар ва камчиликлар ҳам бўлди. Халқ коммуналари, синфий душманлар билан курашиш, ниҳоят, роса ўн йил давом этган ва мамлакатни иқтисодий ва сиёсий бошбошдоқликка гирифтор этган “маданий инқилоб” шуларга киради. “Шу билан бирга, – деб таъкидлашади таҳлилчилар, – бугунги Хитойда бутун дастлабки даврни фақат биргина хатоларга олиб келиб тақаш нотўғри бўлар эди – Хитой Халқ Республикаси халқаро майдонда ўзини ёрқин намоён эта олган мустақил, кучли давлатга айланди”.
Ўтган асрнинг 70–80-йилларида Компартия раҳбарияти ўтмиш, ҳозир ва келажакка нисбатан қатор жиддий хулосалар чиқарди. Бу социалистик – айнан социалистик! – замонавийлаштириш дастури эди. Мазкур қоидалар мамлакат ичкарисида ҳам, ундан ташқарида ҳам тўпланган тажриба ва ўзгариб турувчи ҳолатларни ҳисобга олиб муттасил тузатиб-тўлдириб борилди.
Энг аввало, шундай хулоса чиқардикки, ҳар бир мамлакатнинг, айни ҳолда Хитойнинг тараққиёти унинг маданий-тарихий хусусиятларини белгилаб берувчи ўз миллий хоссасига эга.
Хитойда бошқа мамлакатларнинг иқтисодий ва сиёсий тажрибасини ўрганиш ва ундан фойдаланишни инкор этишмайди, аммо шу шарт биланки, агар у, яъни мана шу тажриба, Хитой давлатининг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти талабларига жавоб берса! Хитой раҳбарияти стратегик йўлининг ўзи “ислоҳотлар ва очиқлик сиёсати” деб аталади. Хитойнинг минглаб фуқаролари хорижий мамлакатларда касб тайёргарлигини ўтамоқдалар, чет эл тажрибасини ўрганиш учун давлат ва партия органларининг ходимлари мунтазам чет элга чиқиб келмоқдалар. Мамлакатда жаҳоннинг кўплаб давлатидан юзлаб таниқли сиёсатчилар, иқтисодчилар, олимлар хитой тингловчилари олдида ўз қарашларини бемалол баён этадилар. Бироқ иқтисодий ва айниқса, сиёсий қарорлар қабул қилишда Хитой эксперт ҳамжамияти ҳал қилувчи роль ўйнайди. Фақат Пекин ва Шанхайдагина эмас, балки мамлакатнинг чекка жойларида ҳам ўнлаб давлат таҳлил марказлари мавжуд.
Узоқ давом этган муҳокамалар натижасида “хитойда ўзига хос социализм концепцияси” ёки “Дэн Сяопин назарияси” шакллантирилган эди. Бу социализмнинг назарияси ва амалиётидаги янги, хитойча сўз эди. Бу концепцияга кўра социалистик жамият қуришнинг ўзи узоқ тарихий даврни – ўттиз-қирқ йилларни, эҳтимолки, асрларни эгаллайди, ҳар ҳолда бу даврнинг вақтинчалик чегаралари белгиланмаган. Ўтиш даврида мулкчилик шаклларига нисбатан муҳим қоидалар сираси мана шундан келиб чиқади. Хусусий мулк давлат, жамоат ва кооператив (ширкат) мулки билан бир қаторда тенгҳуқуқли шакл деб эълон қилинган. Бу фақат партия ҳужжатларида эмас, балки давлат конституциясида ҳам қайд этилган. Кўриб турганингиздек, тадбиркорлар социализм қурилишининг тенгҳуқуқли иштирокчилари ҳисобланадилар.
Айни вақтда иқтисодиётнинг бозор бошқаруви услублари хўжалик юритиш амалиётига кириб келди. Хусусий маблағ (сармоя) халқ хўжалигининг қатор соҳаларида муҳим аҳамият касб эта бошлади. Бироқ иқтисодиётнинг стратегик соҳалари – темир йўл ва авиация транспорти, нефть ва газ компаниялари, табиий бойликлар қазиб чиқарувчи корхоналар, масалан, кўмир конлари, банклар – давлат ихтиёрида қолмоқда. Дорихоналар ҳам давлатники саналади, шу боисдан дориларнинг нархи барча шаҳар дорихоналари учун барқарор ва ягона ҳисобланади. Айтгандай, китоб ва рўзнома маҳсулотлари нархи дўкон ва дўкончаларда сотилаётганда эмас, балки уни чоп этаётган вақтда белгиланади.
Илмий тадқиқотлар тараққиёти давлат режаларида устувор тусга эга. Хитой Фанлар академияси ва Хитой Ижтимоий фанлар академияси одатдаги тартибда бир меъёрда фаолият кўрсатмоқда. Муайян илмий ва ишлаб чиқариш вазифаларини ҳал этиш учун зарурат туғилганда чет эллик мутахассислар жалб этилмоқда.
Партия ва давлат органлари ходимларини тайёрлаш тўғрисида алоҳида гапиришга тўғри келади. Жўнгина айтганда – амалдорларни тайёрлаш тўғрисида. Партия мактаблари ва маъмурий муассасаларнинг кенг тармоғи ишлаб турибди. Масалан, Пекинда шаҳар партия мактабидан ташқари бундай муассасалар шаҳарнинг ҳар бир туманида ва ҳаттоки бир қанча йирик компанияларида мавжуд. Марказий партия мактабида олий даражадаги раҳбарлар ҳам – чекка вилоятлар партия қўмиталари котибларидан вазирларгача, университетларнинг ректорларидан тортиб, ижодий уюшмаларнинг масъул ходимларигача қайта тайёргарликдан ўтказилади. Уларга фақат мактаб ўқитувчиларигина маъруза ўқимайди, уларнинг олдида мамлакатнинг турли даражадаги раҳбарлари нутқ ирод этади.
Хитойликлар тажрибали ва ёш мутахассисларни қўшиб юборишга ҳаракат қиладилар. “Маданий инқилоб” амалиётига узил-кесил чек қўйилган, унда на зарурий амалий тажрибага, на касбий билимларга эга “мутахассис ходимлар – ракеталар” кўпинча раҳбар бўлар эди. Энди, чекка вилоятлар ва айниқса, марказий даражадаги раҳбар бўлиш учун қуйи ишлар борасида тажрибага эга бўлиш зарур, шу боисдан чекка вилоятлар партия қўмиталари вазирлари ва котиблари орасида 40 ёшдан, МҚ сиёсий бюроси аъзолари орасида – 50 ёшдан кичик шахс йўқ.
Натижада Хитойда барқарор ҳокимият устуни – вертикаль тизими вужудга келади. Бунда, биринчидан, қарорлар қабул қилиш бир одамга – илгари бўлганидек, бир шахсга боғлиқ бўлмайди. Иккинчидан, раҳбар лавозимлар, шу жумладан, энг олий лавозимларни банд этиш учун кенг захира мавжуд. Коррупция (порахўрлик) партия ва давлат ҳаёти учун асосий хавф деб эълон қилинган, у билан муттасил кураш олиб борилмоқда. Давлат компаниялари, чекка вилоятлар ва шаҳарлар раҳбарлари, йирик ҳарбий амалдорлар, вазирлар ва ҳаттоки Сиёсий бюро аъзоларига қарши суд жараёнларининг олиб борилиши – бунга ёрқин мисол.
Таъкидлаш жоизки, давлат даражасида қабул қилинадиган барча қарорлар Эксперт ҳамжамияти томонидан олиб бориладиган узоқ муддатли ва қунт билан муҳокама қилиш натижаси ҳисобланади, у, одатдагидек, тараққиётнинг анча қуйидан анча юқори босқичига аста-секин ўтишни афзал билади.
Масалан, “маданий инқилоб” ниҳоясига етиши биланоқ “социалистик режали иқтисодиётни тиклаш” йўли олға сурилган эди, кейин унинг ўрнини режанинг давлат ролини сақлаб қолган ҳолда бозор қурилмаларини татбиқ этиш зарурияти тўғрисидаги фикр олди. Энди бўлса, ўттиз йил ўтгандан кейин бозорнинг ҳал қилувчи аҳамияти тўғрисида гап юритилди. Фақат эндигина хусусий тижорат банклари пайдо бўлишига имконият туғилди. Бунда иқтисодий жараёнларнинг давлат томонидан бошқарилиши ва аҳамияти аввалгидек тан олинмоқда. Мана шундай ёндошув туфайли айрим мамлакатлар иқтисодиёти учун хос бўлган нарх-навонинг ошиши ва пулнинг қадрсизланишини четлаб ўтишга эришилди.
Юмшоқ қилиб айтганда, хитой олимлари Гайдарнинг “этни ўлдириб даволаш” сиёсатига шубҳа билан қарайдилар, унинг ўзини зинҳор буюк иқтисодчи деб билмайдилар. Олдин айтиб ўтганимиздек, стратегик тусдаги корхоналар хусусийлаштириш жараёнидан чиқариб ташланган эди.
Хитойда шу нарсани яхши тушунишдики, сиёсий ва ўз-ўзидан иқтисодий барқарорлик кўп ҳолларда мамлакатдаги маданий-мафкуравий вазиятга боғлиқ бўлади. Шу муносабат билан жамиятда Хитой ва Хитой Халқ Республикаси тарихини яхлит тушунишга ва ватанпарварлик туйғусини тарбиялашга имкон берувчи мафкуравий андозалар ва маданий меъёрлар тарғиботига катта эътибор қаратилмоқда.
Мао Цзэдун ҳаётининг, айниқса, сўнгги даврларидаги хатолари ҳақида гапирмоқдалар, аммо айни вақтда шуни ҳам таъкидламоқдаларки, буюк сиёсий арбоб, буюк инқилобчининг хатоларини кўп жиҳатдан Хитой Компартиясининг ғоятда қийин вазифаларни ҳал этишига тўғри келгани билан изоҳламоқдалар.
Моҳиятан, ҳозирги вақтда Хитойда қурилаётган социализм андозаси собиқ Совет иттифоқида мавжуд бўлган социалистик қурилиш билан кўпда умумийликка эга эмас. Энг аввало, у ушбу андозанинг иқтисодий таркибига тааллуқлидир. Хитой жамиятининг сиёсий тузумида ҳам муайян хосса мавжуд, ягона миллий фронт тобора кўпроқ аҳамият касб этмоқда, унга Компартиядан ташқари фақат унга раҳбарлик қилаётган жамоат ташкилотларигина эмас, балки саккиз “демократик партия” ҳам киради. Агар илгари бу партиялар соф безак вазифасини бажарган бўлса, энди улар ижтимоий-сиёсий ҳаётда муайян роль ўйнай бошлади: уларнинг вакиллари ҳокимият органларида, олий ўқув юртларида, илмий муассасаларда раҳбарлик ўринларини эгаллаб турибди. Марказий ҳукуматнинг икки вазири – коммунист эмас.
Ғарбда Хитой раҳбарларини мамлакатда демократия йўқлигида айблайдилар. Бироқ танқидчилар Хитойнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий-тарихий хусусиятларини, унинг миллий ўзига хослигини ҳисобга олмайди. Хитойликларнинг фикрича, Хитойда шўролар қайта қуриш тажрибасини такрорлаш тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин. Хитой Коммунистик партияси сиёсий тузум қурилмаси элтувчиси ҳисобланади, шу боис унинг обрўйига путур етказиш мамлакатда сиёсий барқарорликнинг барҳам топишини англатади.
Бугунги Хитойда барча муаммоларни бемалол муҳокама қилишга йўл қўйилган. Фақат “тўрт асосий тамойил”ни танқид қилиш мумкин эмас – Компартия томонидан жамиятнинг бошқарилиши, социализм қурилиши йўли, марксистик мафкуранинг раҳбарлик роли, халқ демократик диктатурасининг мавжудлиги.
Ҳаёт бир жойда тўхтаб қолмаслигини, халқаро аҳволнинг ўзгарувчанлигини, бутун дунёни қамраб олган глобализация марксизмнинг назарий қоидаларини муттасил янгилаб туришини талаб этишини хитойликлар аъло даражада тушунадилар. 1985 йилдаёқ Пекин университетининг таниш профессори мен билан суҳбатда айтган эдики, Маркс, Энгельс, Ленин, Сталин, Мао Цзэдун – худолармас, одамлардир, одамлар хатодан холи эмаслар. Бугунги кунда “хитой орзуси” ҳақида кўп гапирилмоқда, унинг маъноси шундан иборатки, Хитойни қудратли, гуллаб-яшнаган, бой давлатга айлантириш. Хитой раҳбарлари нутқларида Мао Цзэдундан иқтибослар деярли учрамайди, учраган тақдирда ҳам улар Дэн Сяопиндан олинган бўлади. Хитой жамиятшунослари олдига муҳим вазифа қўйилган – жаҳонда ва Хитойнинг ўзида содир бўлган улкан ўзгаришларни ҳисобга олиши мумкин бўлган XXI аср марксизмини, инновацион марксизмни яратиш, вассалом.
Албатта, мамлакатда жиддий муаммолар тўлиб-тошиб ётибди. Ғарбда иқтисодчи пайғамбар деб тан олинган машҳур Рубини 2011 йили кейинги икки йилда Хитой иқтисодиёти таназзулга юз тутади, деб башорат қилганди. Бироқ 2014 йил ҳам охирлаб бораяпти, Хитой эса жаҳонда ЯИМнинг ҳар йили барқарор ўсишини ўзида намоён этиб келаётган сал бўлмаса ягона мамлакат ҳисобланмоқда. Ҳозирги вақтда Хитой ўзининг иқтисодий қудрати бўйича жаҳонда иккинчи ўринда турибди. Кўплаб иқтисодчиларнинг башоратларига кўра, у шу кўрсаткичлар бўйича АҚШни 2020 йилда қувиб ўтади. Кўриниб турибдики, “Хитой хоссали социализм” концепцияси ўзининг ҳаётбахшлигини исботламоқда.
Ҳозирги Хитойнинг иқтисодий ва сиёсий ютуқлари хитой жамиятининг долзарб муаммоларини ҳал этишга ноандозавий, ўзига хос тарзда ёндошуви натижаси ҳисобланади. Хитой олимларининг айтишича, Маркс, Энгельс, Ленин мутлақо бошқа тарихий шароитларда яшашган ва шу боисдан уларнинг ишларида замонавий талабларга жавоб йўқ. Шунинг учун мустақил тафаккурли иш зарур. Бунинг учун эса Хитой партия ва илмий матбуотида мамлакатнинг муайян тарихий шароитини, албатта, ҳисобга олиш зарур, деган фикр ҳар доим ёдда туради. Мавҳум эмас, балки муайян марксизм – хитойлаштирилган марксизм талабининг келиб чиқиши шундан.
Дэн Сяопин бошлаб берган ижтимоий назария ва сиёсий амалиёт муаммоларига янгича ёндошув Хитой раҳбарларининг учинчи ва тўртинчи авлоди томонидан давом этдирилган эди. “Тараққиётнинг илмий концепцияси” ҳокимият тепасига 2002 йилда келган Ху Цзинтао бошчилигидаги Хитой раҳбарларининг тўртинчи авлоди сиёсатининг мафкуравий асоси бўлди. “Тараққиёт” тушунчаси ислоҳотлар йўлидан узлуксиз ҳаракат қилишни, инсон ижтимоий ҳаёти барча жиҳатларини бундан кейин ҳам ўзгартириб боришни англатади. “Тараққиётнинг илмий концепцияси” янгилиги, айтиш мумкинки, инновацион туси шундан иборатки, унда фақат иқтисодиётга эмас, балки жамиятнинг ҳар томонлама ривожланишига зўр берилади. Хитой социализми муваффақиятлари шу билан изоҳланадики, Хитой Компартияси мутаассибона марксизм ақидаларидан қатъиян юз ўгирди, мамлакат олдида турган муаммоларни ҳал этишнинг ўз оригинал услубларини таклиф этди.
Таниқли Россия хитойшуноси, РФА Узоқ Шарқ институти директори, академик М.Титаренко сўзларига кўра, хитой хоссали социализм концепцияси нимаси биландир собиқ Совет иттифоқидаги НЭП (Янги иқтисодий сиёсат)га ўхшаб кетади, аммо унинг “амалиёти НЭП сиёсатидан кўра анча олис ва теран бормоқда. Зеро, хитой хоссали социализм назарияси капиталистик унсурларни ўткинчи ҳамроҳ деб эмас, балки социализм қурилишининг тенгҳуқуқли иштирокчиси деб қарайди. Мулкчиликнинг барча шакллари, шу жумладан, хусусий мулкнинг турли шакллари давлат, жамоатчилик шаклидаги ҳуқуқларда тенглаштирилган. Хусусий мулкдор, сармоядор эртами-кечми йўқ қилиб юбориладиган синфий душман деб эмас, балки тенгҳуқуқли шерик сифатида қаралади. Хитой уйғонишининг, хитой миллати уйғонишининг умуммиллий манфаатлари – бу шундай нарсаки, у Хитой жамиятининг барча қатламларини бирлаштиради. Уйғониш ғояси бу – умуммиллий ғоя”.
2012 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган ХКПнинг XVIII съездида партиядаги ҳокимият Си Цзинпин бошчилигидаги Хитой раҳбарларининг бешинчи авлодига ўтди. У янги назарий қоидани – “хитой орзуси” ҳақидаги қоидани илгари сурди. Унинг маъноси қуйидагидан иборат: “хитой орзуси” давлатни гуллатиб-яшнатиш, миллатни уйғотиш ва халқ бахтидан иборат. Ўзининг кейинги нутқларида Си Цзинпин “хитой орзуси” мавзусига бот-бот мурожаат қилди.
Шуни ҳисобга олиш керакки, 1840 йилда Англия бошлаб берган “афъюн уруши” вақтидан буён (унда Хитой мағлуб бўлган эди) у, Мао Цзэдун рамзли қилиб ифодалаганидек, “яриммустамлака, яримфеодал давлат”га айланган эди. Хитой деярли ички ва ташқи сиёсатда мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган, ўз ҳудудининг бир қисмида мустақиллигини бой берган эди. Империалистик давлатлар ва энг аввало, Япония Хитойни тобе давлат деб қарар эди.
Бугунги Хитойда айнан 1840 йилдан “афъюн уруши”дан эътиборан “хитой орзуси”ни рўёбга чиқаришнинг олис йўли бошланган эди. Энди эса “хитой орзуси”ни аниқ рўёбга чиқариш вақти келди. ХХР ташкил топишининг юз йиллиги, яъни 2049 йилга келиб, Хитойда “бой, қудратли, демократик, тамаддунли, мутараққий, замонавий социалистик давлат” қуриш кўзда тутилмоқда. Фақат шундагина “хитой орзуси” рўёбга чиқади.
Маълумки, ҳар қандай одам қайси давлатда яшаётганидан, қайси миллатга мансублигидан қатъи назар юксак орзу ва интилишларсиз умр кечиролмайди, унинг ўз келажаги, ҳаётдаги ўз ўрни ҳақида орзуси бўлади. Бу миллатга ҳам дахлдор. Си Цзинпин сўзлари бўйича: “Хитой миллатининг уйғониши янги замон давридаги хитой миллатининг энг буюк орзусидир, бу орзуда кўплаб хитой авлодларининг эзгу истаклари мужассам топган. Ҳар бир одамнинг келажаги ва тақдири давлат ва миллатнинг келажаги ва тақдири билан йўғрилиб кетган. Агар давлатга яхши бўлса, миллатга яхши бўлса, шунда ҳаммага яхши бўлади”.
Си Цзинпин ХКП МҚнинг бош котиби этиб сайлангандан кейин ўзининг биринчи нутқида кенг омманинг орзуси қандайлиги тўғрисидаги масалани кўтариб чиқди: “Бизнинг халқимиз ҳаётни қадрлайди, янада сифатлироқ таълимни, янада барқарорроқ ишни, янада қониқарлироқ даромадни, янада мустаҳкамроқ ижтимоий таъминотни, янада юқори даражали соғлиқни сақлашни ва тиббий хизматни, янада қулайроқ турар-жой шароитларини, янада соғломроқ атроф-муҳитни истайди, болаларимиз янада яхшироқ шароитларда ўсишларини, янада мароқлироқ ишга эга бўлишни ва ҳаётлари тобора, кундан-кун яхши бўлиб боришини хоҳлайди”.
Хитойшунос бўлганим ўлароқ, неча йиллар Хитойга мунтазам бориб-келиб турганим сабабидан шу нарсаларни ўз кўзим билан кўриб ишончим комил бўлдики, сўнгги ўттиз йилдан сал кўпроқ вақт давомида, яъни ислоҳотлар ва ошкоралик сиёсати амалга оширилиши даврида миллионлаб хитойликнинг ҳаёти яхши томонга қараб ўзгарди, моддий ва маданий даражаси ўсди, турар-жой шароитлари яхшиланди, бу вақт ичида аҳоли даромади 30 мартадан кўпроққа ошди. Хитой шаҳарларидаги ресторанлар ва қаҳвахоналар гавжум. Сўнгги йилларда кўпсонли хитой сайёҳларини фақат Россияда, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларидагина эмас, балки Европада – Германия, Франция, Англия ва ҳ.к.ларда учратиш мумкин. Албатта, хитой жамиятида жиддий иқтисодий ва сиёсий муаммолар йўқ эмас, шулардан бири коррупцияни тилга олиш мумкин. Ҳудуди, аҳолиси бўйича бу қадар катта мамлакатда айни муаммолар бўлмаслиги ҳам мумкин эмас – ахир, оз эмас – 1 миллиард 300 минг нафардан ортиқ одам истиқомат қилади.
Си Цзинпин олға сурган “хитой орзуси” ҳақидаги қоида илмий нашрлар, оммавий ахборот воситаларида – босма ва электрон ахборотларда жонли муҳокамалар мавзуси бўлиб қолди. Муаллифлар – хитой жамиятининг турли қатламлари вакиллари. Мақолаларнинг аксарияти ҳозирда жаҳоннинг турли мамлакатларида истиқомат қилувчи хитой муҳожирларидан келиб чиққан шахсларга мансуб.
Бугунги кунда Хитойда фан ва техника тараққиётига катта эътибор қаратилмоқда, илмий тадқиқотларга катта-катта маблағлар ажратилмоқда, мамлакатда тўртта давлат академияси ишлаб турибди, Хитой Фанлар академиясидан ташқари (115 та институт), мустақил Хитой Тиббий фанлар академияси (18 институт), Хитой Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси (31 институт) мавжуд. Гуманитар йўналишдаги институтларни ўз ичига олган Хитой Ижтимоий фанлар академияси билан бир қаторда (улар ҳаммаси бўлиб 37 та) шундай академиялар марказга бўйсунувчи ҳар бир чекка вилоят ва шаҳарларда фаолият кўрсатиб турибди. Олий ўқув юртлари ходимлари ва ўқитувчиларининг лавозим маошлари анча оширилди, сўнгги маош оширишлари жорий йилда бўлиб ўтди.
Хитой матбуотида айтиладики, “хитой орзуси”ни рўёбга чиқариш учун теран тарихий илдизларга эга, Хитойнинг кўпасрлик тарихидаги “жабр чеккан” “хитойча йўл”дан бориш зарур.
Бундан ташқари, “хитой орзуси”нинг рўёбга чиқарилишида “хитой руҳи”га таяниш керак, у, биринчидан, юраги ватанпарварликдан иборат бўлган миллий руҳда мужассам топган бўлади, иккинчидан, юраги ислоҳот ва янгилик ҳисобланган давр руҳида акс этган бўлади. Ниҳоят, “хитой орзуси”нинг рўёбга чиқарилиши Хитойдаги барча миллатларнинг бирлигини талаб этади, зеро, “хитой орзуси бутун миллатнинг ва айни дамда ҳар бир хитойликнинг орзуси”дир. Хитой халқининг миллий анъаналарига урғу бериш деганда Хитойни бутун жаҳон ҳамжамиятидан ажратиб қўйиш йўли тушунилмаслиги керак. Хитойнинг келажакдаги тараққиёт дастури, бу – ислоҳотлар ва ташқи дунёга очиқлик сиёсати. Айни дамда шу нарса таъкидланадики, “хитой орзуси”нинг амалга оширилиши буюк Хан шовинизмининг намоён этилиши ҳисобланмайди, аксинча, у жаҳон тамаддунига ҳисса бўлиб қўшилади. Яқинда Хитой Ижтимоий фанлар академиясининг президенти Ван Вейгуан айтганидек: “Хитой миллатининг уйғониш йўли, бу – Хитойнинг тинч йўл билан тараққий топиш йўли, у ҳеч қачон бирон-бир давлатга қарши, бирон-бир миллий манфаатларга қарши қаратилган эмас. Хитой миллатининг буюк уйғониши ёпиқ эшиклар сиёсатини амалга ошириш, эскиликпарастлик нуқтаи назарини ҳимоя қилиш эмас, балки ошкоралик нуқтаи назаридир, турли тамаддунлардан ҳикматли нарсаларни ўзлаштиришдир, у хитой миллатининг уйғониши учун қулай воситадир, у фақат Хитойнинг ўзига эмас, балки бутун инсониятга бахт улашади. “Хитой орзуси” бутун башарият тараққиёти борасидаги орзуни жонлантиради, кучайтиради”.
“Хитой орзуси”ни рўёбга чиқаришда, табиийки, одамларнинг ишлаб чиқариш меҳнати катта аҳамиятга эга, шу боис илғор ишчилар билан учрашувда Си Цзинпин айтгандики, келажакка йўлни меҳнат қуради, кишилик жамияти тараққиётини жадаллаштирувчи асосий куч ҳам меҳнатдир. Бахт осмондан тушиб қолмаганидек, орзу ҳам ўз-ўзидан ушалиб қолмайди. Меҳнат бойлик ва бахт сарчашмасидир. Шу боис меҳнатни қадрлаш, билимни, одамлардаги истеъдодни ҳурмат қилиш керак.
“Хитой орзуси”ни рўёбга чиқаришда Хитой ёшларининг ҳозирги авлоди муҳим роль ўйнайди. “Ёшлар, – дейди Си Цзинпин, – куч-ғайратга ва орзуларга бой. “Хитой орзуси” ўтмишда бор эди, бугун ҳам бор, келажакда ҳам бўлади. “Хитой орзуси” давлатда, миллатда ва ҳар бир хитойликда мавжуд. У фақат бизнинг орзумиз эмас, ёш авлоднинг ҳам орзусидир, шу боис биз ёшларни ҳурмат қилишимиз, уларга ғамхўрлик кўрсатмоғимиз ва ишонмоғимиз керак. Ёшлар олий орзулар ҳақида, албатта, тасаввурга эга бўлмоқлари шарт, чунки улар ҳаёт йўлини белгиловчилардир, орзуларнинг йўқлиги эса “маънавий бўшлиқ”қа олиб келади”.
Ёшлар ўз салоҳиятларини ривожлантириб бормоқлари, муттасил ўқимоқлари, “замонавийлаштиришга, тинчликка, келажакка бағирларини кенг очмоқлари” керак. Ёшлар ижод ва инновациялар билан дадил шуғулланмоқлари, “онгларини ғайрат билан тозаламоқлари, замон билан ҳамнафас бўлиб ҳаракат қилмоқлари керак. Агар ёшлар гуллаб-яшнаса, давлат ҳам гуллаб-яшнайди, агар ёшлар кучли бўлса, давлат ҳам кучли бўлади”.
Қисқа қилиб айтганда, “хитой орзуси” бугун умуммиллий ғоя бўлиб, барча хитойликларни бир ёқадан бош чиқаришга ундамоғи керак.
Владилен Буров,
РФА Фалсафа институти бош илмий ходими
“Литературная газета”нинг 2014 йил, 24-30 сентябрь сонидан олинди.
Рус тилидан Назира Жўраева таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 10-сон