Раззоқ Ҳамроев орамиздан кетганларига эса 30 йилдан ошди. Ҳали-ҳамон ёдимда, Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида ўқиб юрган кезларимиз, у киши кўринишлари билан йўл бериб, орқаларидан қараб қолардик. Раззоқ ака талабами, ўқитувчими бирдай илтифот билан саломлашиб, кимгадир ҳазил қилиб, кимнидир кўнглини олиб шаҳдам қадамлар билан аудиторияга кириб кетардилар…
Институтда Раззоқ Ҳамроевга исми шарифлари билан эмас, “домла” деб мурожаат қилишарди. У кишига қараб “домла” сўзининг нақадар улуғ мартаба эканлигини тасаввур қилардик. Ҳозир эсласак, талабалик йилларимиз ана шундай том маънодаги, чинакам “ДОМЛАЛАР” ардоғида ўтган экан… Бир куни институт ўқув театрида Домланинг ижодий кечаси бўлиб ўтди. Профессор-ўқитувчилар, шогирдлар, келган меҳмонлар у кишини табриклашди, дил сўзлари, куй-қўшиқлар янгради. Шу куни институт жуда кўп машҳур артистлар билан яшнаб кетди. “70 ёш – санъаткор учун авжи етуклик палласи, хали яна кўп йиллар ўзларининг беназир санъатлари билан халқимизни баҳраманд қилишлари” тўғрисида эзгу тилаклар билдирилди. Кеча сўнгида Домла ўзлари давраларда севиб ўқийдиган, машҳур “Учи тугук дастрўмол” шеърини ўқиди.
Қўшним ишга кетаётир саҳарлаб,
Бир қўлида учи тугук дастрўмол…
Домла шеър ўқир экан, томоша залига сукунат, жимлик чўкди. У кишининг бутун саҳна бўйлаб тобора баландлаб бораётган ширали овози, ўйчан, айни пайтда, ниҳоятда ўткир нигоҳи, гўё шеърнинг мағзи, мазмун-моҳиятини тасвирлаб бераётгандай ҳавода муаллақ сузаётган қўл ҳаракатлари ҳаммани сеҳрлаб, ўзига бутунлай ром қилганди. Кичик саҳнада ўқилаётган мўъжазгина шеър, гўё катта ҳаёт йўлини босиб ўтган инсон умрининг рангин манзараларини чизиб бергандай, инсон қалбининг туб-тубида яширин орзу, армон, қувонч, ташвиш, севги, муҳаббат, изтироб, шукроналик…сингари туйғуларни жунбушга солувчи оташин монологдек жаранглади.
Шошма дўстим, барча ишинг битади,
Битмас иш йўқ, ошиқмасин юрагинг.
Инсон умри ахир елдек ўтади,
Бош кўтариб атрофингга қарагин.
Шеър тугагач, томоша залида гулдурос қарсаклар янгради, саҳнада эса қўлларида дастрўмол, сал жилмайган кўйи, тавозе билан қоматини тик тутганча машҳур Раззоқ Ҳамроев турарди. (Баҳонада Эркин Воҳидовнинг ушбу шеъри кўпчилигимизга ёд бўлиб қолди). Орадан кўп ўтмай, у киши бир муддат кўринмай қолдилар. Кейин яна институтда учратиб қолдик, қўлларида ҳасса пайдо бўлибди. Ўшанда билмаган эканмиз, тез орада бизни бутунлай тарк этишларини…
1981 йил йил, 5 май. Хайрлашув маросимида тумонат одам йиғилди. Каттаю кичик, ёшу қари, таниш-нотаниш ҳамманинг юзида қайғу, юраклар безовта, оғриқли урарди. Магнитофондан эса Раззоқ Ҳамроевнинг овози янграб турарди.
Ҳаёт аста сўнар экан кўзингда,
Юрак сендан ҳисоб сўрар ўша кун.
Бўлганми ҳеч ихтиёринг ўзингда,
Бирор соат яшадингми бетугун?
Назаримда,ушбу дақиқаларда ҳамманинг кўз ўнгидан Раззоқ Ҳамроев билан боғлиқ хотиралар ўтди, у кишининг ҳаёти, ижоди, ўйнаган роллари ҳамкасблари, партнёрлари, шогирдлари хаёлида бир зумга жонланди…
Раззоқ Ҳамроев 1910 йил Бухоро вилояти Шофиркон тумани Тезгузар қишлоғида оддий деҳқон оиласида дунёга келди. Табиатан илмга, шеъриятга, санъатга мойиллиги уни 1925 йилларда Тошкентдаги ўзбек ўлка эрлар билим юртига етаклаб келди ва ўша жойда очилган драма тўгарагининг фаол иштирокчисига айланди. Кейинчалик “Кўк кўйлакликлар” тўгарагига қатнаша бошлади. Тўгаракка Сотти Ҳусайн раҳбарлик қиларди, Миртемир адабий эмакдош, яна бир қатор ижод аҳли биргаликда уюштирган бадиий кечалар, интермедиялар ва қатор спектакллар ўша давр театрчилик ҳаракатларининг илк намуналари сифатида тарихга муҳрланиб қолди. Ёш Раззоқ ҳам ана шундай қизғин ва қизиқарли ижодий муҳитда саҳналаштирилган бир неча ҳаваскорлик спектаклларида роллар ижро этди, томошаларни кўриб завқланган инсонларнинг қувончу олқишларини ҳис қилди ва умрининг охиригача саҳнага боғланиб қолди.
Билим юртини тугатгач, йўлланма билан Наманганга ишга юборилди ва у ердаги мактаблардан бирида ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси сифатида ўз меҳнат фаолиятини бошлади. У ҳар сафар дарс ўтиш жараёнида мумтоз адабиётимиз намуналаридан, бирон бир ғазал, шеър ёки масал ўқиб берарди. Айниқса, Навоий, Фирдавсий, Муқимий, Фурқат ғазалларини севиб ўқир, аудиторияни бутунлай ўзига ром қиларди. Унинг драма тўгаракларида қатнашиб орттирган озгина тажриба ва кўникмалари ҳам беҳуда кетмаганди. Санъатга лаёқати бор ёшларни тўплаб драма тўгараги ташкил қилди. Тўгарак аъзолари билан турли бадиий кечалар, композициялар, кичик-кичик лавҳалар, интермедиялар тайёрлади, кейинчалик эса спектакллар саҳналаштиришга уриниб кўрди. Унга табиат актёрлик касбини эгаллаши учун зарур бўлган ички ва ташқи имкониятларни мўл қилиб берган эди. Бўй-басти келишган, ҳозиржавоб, таъсирчан, кенг диапазонли овоз, айниқса катта-катта, ниҳоятда сермаъно кўзларида бутун бошли драмани ўқиш мумкиндек туюларди. Бунинг устига тобора етилиб бораётган педагоглик маҳорати ҳам атрофига йиғилган ёш истеъдодларни бирлаштириб, кучли ижодий жамоа туза олишига имкон берди. Айнан шу жамоа 1931 йили Наманган вилоят театрининг ташкил топишига баҳона бўлди ва янги театрнинг ўзагига айланиб қолди. Раззоқ Ҳамроев ўзи асосчиларидан бири бўлган ушбу театр жамоасида 15 йил давомида актёр, адабий эмакдош, режиссёр, бош режиссёр бўлиб ижод қилди, ўз устида тинимсиз изланди, пьесалар ёзди, спектакллар саҳналаштирди, роль ижро этди, кўплаб санъаткорларни тарбиялаб вояга етказди. Москва Бадиий театри қошидаги студияда, кейинчалик Тошкент театр ва рассомлик санъати интитути режиссёрлик бўлимида таҳсил олишга ҳам улгурди. Эътибор берсангиз, гўё ҳаммамиз яхши таниган ва нуроний қиёфасига ўрганиб қолган машҳур халқ артисти Раззоқ Ҳамроев ҳақида гапираяпмиз-у, аслида бу ҳаммаси, нафақат санъат оламига, балки катта ҳаёт саҳнасига эндигина қадам қўйиб келаётган 20-25 ёшли йигитчанинг эҳтироси, балки тасаввуридаги ширин орзулар сари илк интилишлари эди холос. Лекин, барининг негизида улуғ бир мақсад ётибдики, у ҳам бўлса ўз иқтидори, санъати ва ёшлик шижоати билан юрт корига яраш, манзур бўлиш, назарга тушиш, ҳаётда яхши ном ва амаллар қолдириш. Шулар ҳақида ўйлар эканмиз, беихтиёр яна магнитофондан янграган овоз хаёлимизни олиб кетади:
Одам яшар замон юкин орқалаб,
Серғалвароқ кечасидан бугуни.
Ором бермас кўкрагида бетинч қалб,
Бамисоли дастрўмолнинг тугуни.
1946 йили санъатда анчагина суяги қотиб, ижодий изланишлари ва ютуқлари билан танилиб қолган Раззоқ Ҳамроевни Тошкентга, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқий театрига таклиф қилишади. Бу даргоҳда умрининг охиригача актёр, режиссёр, бош режиссёр сифатида фаолият юритиб, турли жанр ва мавзуларда қатор спектакллар саҳналаштирди, ўзи ҳам роль ўйнаб, қўшиқлар айтди. Шу билан бирга, Тошкент давлат санъат институтининг профессори сифатида кўплаб шогирдлар етиштириб, истеъдодли санъаткорлар авлодини қолдириб кетди. У саҳналаштирган “Фарҳод ва Ширин”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Навоий Астрободда”, “Равшан ва Зулхумор”, “Тошболта ошиқ”, “Алпомиш”, Паранжи сирлари”.”Фарғона тонг отгунча”,“Ажаб савдолар”, “Жон қизлар”, “Нурхон” “Ёшликда берган кўнгил” сингари ўнлаб спектакллар Муқимий театрининг шоҳ асарлари сифатида тарихга абадий муҳрланиб қолди. Албатта, Раззоқ Ҳамроев ҳақида гапирганда, 1947 йили Комил Ёрматов томонидан суратга олинган “Алишер Навоий” фильмидаги бош қаҳрамон Навоий образини эсламаслик мумкин эмас. Бу роль санъаткор ижодининг яна бир муҳим қиррасидир. Гарчи, шунгача у “Тоҳир ва Зуҳра” фильмида Нозим (1945 йил), айниқса, “Насриддиннинг саргузаштлари” фильмида (1947 йил) Насриддин обазларини яратиб танилган ва бир мунча тажриба орттирган бўлса-да, актёрга шон-шуҳрат айнан шу роли орқали келган эди. Навоий образи Раззоқ Ҳамроевни нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон бўйлаб машҳур актёрлар қаторида тилга олинишига сабаб бўлди. Навоий образидан кейин Раззоқ Ҳамроев кино санъати билан бир умрга мустаҳкам боғланиб қолди. Узоқ йиллар мобайнида актёр томонидан яртилган Беруний (“Ибн Сино”), Муқимий (“Фурқат”), Уста Шариф (“Маҳаллада дув-дув гап”), Фармоншоҳ (“Улуғбек юлдузи”), Мирзакарим Қутидор (“Ўткан кунлар”), Ибн Ироқ (“Абу Райҳон Беруний”), Ота (“Тўйлар муборак”) сингари 70 дан ортиқ турли характердаги теран образлар ўзбек кино санъатининг энг ёрқин намуналари сифатида шу кунгача томошабинларни тўлқинлантириб келмоқда.
Ўзбек театри ва кино санъатининг тарихий ривожланиш босқичларида жуда катта мавқе ва салоҳиятга эга бўлган, кўпқиррали актёр, истеъдодли режиссёр, моҳир педагог, устоз-мураббий Раззоқ Ҳамроевдан авлодларга бой маънавий хазина билан бирга, ажойиб санъаткорлар сулоласи ҳамда ўнлаб истеъдоли шогирдлар ҳам меърос қолди. 2003 йилда санъаткорга “Буюк хизматлари учун” орденининг берилиши ҳам бежиз эмас. Зеро, Раззоқ Ҳамроев бутун умри, ақл-идроки ва истеъдодини миллий санъатимиз йўлида бахшида этган, чинакам фидойи санъаткорлардандир. Унинг 1979 йили нашрдан чиққан “Ҳаётим мазмуни” китобини варақлар экансиз, бунга яна бир карра ишончингиз комил бўлади. Ўз ҳаёт йўлини мактаб ўқитувчиси сифатида бошлаган, орзу-умидлари бир дунё, ҳаётга, муҳаббатга, ижодга, буюк ишлар қилишга чанқоқ йигитчанинг, эл суйган, номдор санъаткор бўлиб етишгунгача бўлган мураккаб, айни пайтда ёшларимизга катта мактаб ва сабоқ бўлишга арзигулик ҳаёт йўлларини эслар эканмиз, беихтиёр яна магнитофондаги овоз ёдимизга тушади:
Ўйла, дўстим, келмай туриб ўша дам,
Исроф қилма ёш юракнинг кучини.
Мана бу гап ҳеч чиқмасин ёдингдан,
Тугиб қўйгин дастрўмолнинг учини.
Омонулла Ризаев,
санъатшунослик фанлари номзоди
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 11-сон