Ҳерта Мюллер Германиянинг нуфузли Генрих фон Клайст мукофоти (1994), Европа Иттифоқининг “Аристейон” мукофоти (1995), Халқаро IMPAC Дублин адабий мукофоти (1998), Франц Кафка номидаги (1999), Йозеф Бройбахт (2003), Конрад Аденауэр (2004) номидаги мукофотлар ва ниҳоят Халқаро Нобель (2009) мукофоти совриндори, Германия тил ва адабиёт академияси аъзоси (1995), шеърлари, романлари, ҳикоя ва эсселари хитой, япон, инглиз, швед, поляк, рус, француз, испан сингари дунёнинг йигирмадан зиёд тилларига ўгирилган.
Жаҳон адабий жамоатчилигининг бу қадар эътирофларига сазовор бўлган бу ёзувчи аёл ким экан деб бир ўзбек китобхони сифатида қизиқиб қолишингиз табиий. Чунки ҳали унинг бирор асари ўзбек тилига таржима қилинмаган.
Ҳерта Мюллер 1953 йил 17 августда Руминия ғарбидаги Банат ҳудудининг Ницкидорф қишлоғида таваллуд топган. Беш юз хонадон истиқомат қиладиган бу қишлоқда бир неча аср олдин бўлиб ўтган Австрия-Венгрия урушидан сўнг қолиб кетган немисларнинг авлодлари яшарди. Ҳертанинг бобоси фермер, отаси юк машинаси ҳайдовчиси бўлган. Иккинчи жаҳон уруши даврида қишлоқнинг асосий қисми нацистлар тарафида бўлиб, Ҳертанинг отаси ҳам ССда хизмат қилган. Совет қўшинлари томонидан Руминия эгаллангач, Ҳертанинг онаси Катарина 19 ёшида Украинага, меҳнат лагерига сургун қилинган. Беш йилдан сўнг қайтиб келгач, мажбурият юзасидан Мюллер билан никоҳга рози бўлган. У қизига доим: “Агар уруш бўлмаганда ҳеч қачон отангга турмушга чиқмаган бўлар эдим”, деб таъкидлар эди. Ҳерта мактабни тугатганида онаси унинг тикувчи бўлишини хоҳлаб, гимназияда ўқишига қаршилик қилади, чунки у гимназия китоб ўқитиб одамларни бузади деб ҳисобларди.
Ҳерта нафақат гимназияда, балки Тимишоардаги университетда ҳам ўқиди, немис ва румин тиллари, адабиёти бўйича мутахассис бўлди. Талабалик даврида немисзабон адабиётчи ёшларнинг “Банат акция гуруҳи” деб номланган норасмий тўгарагига аъзо бўлади. Бу тўгарак фаоллари орасида унинг бўлажак турмуш ўртоғи, ёзувчи Рихард Вагнер ҳам бор эди. Ушбу гуруҳ мавжуд социалистик тузимга фитна уюштиришда айбланади ва 1975 йилда тақиқланади. Ҳерта Мюллернинг рус тилига таржимонларидан бири Марк Белорусецнинг ёзишича, гуруҳ аъзолари Мандельштам ва Цветаевани ғоявий маслакдошлари сифатида севиб ўқишган.
1977-1979 йилларда Ҳ.Мюллер “Технометалл” трактор заводида таржимонлик қилади. ГДР, Австрия, Швецариядан келадиган дастгоҳлар ва техник жиҳозлар йўриқномаларининг таржимаси билан машғул бўлади. Ўша пайтда Руминия раҳбари бўлган Н.Чаушескунинг махфий полицияси – секуритате уни ҳамкорлик қилишга ёлламоқчи бўлади. Ҳерта рад этади ва уни душманлар рўйхатига киритиб, ишдан бўшатишади. Узоқ йиллар давом этган таъқиб ва таҳдидлар бошланади. Бу даврдаги руҳий террор ҳақида Ҳерта Мюллернинг ўзи шундай хотирлайди:
– Биз йўқ пайтимизда махфий полиция уйимизга кирар, ўзининг шу ерда бўлганини билдириб атайлаб излар қолдириб кетарди – сигарет қолдиқлари, ағдарилган стуллар, девордан кўчириб олинган фотографиялар… Энг даҳшатлиси – полда ётган тулки терисини марҳумникига ўхшатиб оёқ-қўлини чалиштириб кетишарди. Тимишоарда мен ўзимни хавфсиз сезадиган бирор жой йўқ эди. Тунда ўрнимда ётиб лифтнинг кўтарилаётган овозини эшитсам, мени олиб кетишга келишяпти деб ухламай чиқардим. Олиб кетишган пайтлари эса уйга қайтиб келаманми-йўқми, билмасдим.
Секуритате Ҳертани руҳан синдириш учун у ҳақда турли хил туҳматлар тарқатади, жосус деб эълон қилади. Ҳерта тишини тишига босишга, муттасил сукут сақлашга, қўрқувда яшашга кўникади. Махфий полиция агентлари ўзларининг бу таҳдид ва сиқувлари билан катта бир ёзувчини дунёга келтираётганликларини билмас эдилар.
Шундай қилиб Ҳерта Мюллер қалам ва қоғозга мурожаат қила бошлади. У овозини чиқариб эркин гапира оладиган даргоҳ – адабиёт дунёси бўлиб қолди.
1979 йили Ҳ.Мюллер “Тубанликлар” номли 14 миниатюра ва қиссадан иборат насрий асари қўлёзмасини ниҳоясига етказади. Асарнинг қайчиланган ва “таҳрир қилинган” нусхаси 1982 йилда Бухарестда нашр этилади. Унда унутилган ва умидсиз Ницелдорф қишлоғининг ҳаёти сюрреалистик нигоҳ ила тасвирланади. Нашрдан кўнгли тўлмаган адиба китобнинг асл нусхасини махфий равишда Германияга юборади ва у 1984 йилда тўла ҳолича чоп этилади. Жамоатчилик ва танқидчилик томонидан илиқ кутиб олинади. Она қишлоғида эса уйдаги жанжални кўчага олиб чиққани учун унинг юзига тупуришади. Секуритате ҳам ғазаб отига минади. Ҳерта Мюллер устидан тўпланган маълумотларда бу китоб ҳақида “Бирорта ҳам некбин образ йўқ, бирорта ҳам ижобий жумла йўқ” – деб ёзишади. “Тубанликлар” Германияда чоп этилгач, Ҳертага Руминиядан чиқишни тақиқлаб қўйишди, сўнгра китоб мукофотлар билан тақдирланганини кўриб, тақиқ бекор қилинади ва улар таъқибнинг бошқа усулларига ўтишади.
Ҳерта Мюллер боғчада тарбиячи бўлиб ишлайди, немис тилидан хусусий дарс бериб тирикчилик қилади. Ниҳоят, турмуш ўртоғи Р.Вагнер билан биргаликда 1987 йили Германияга доимий яшаш учун муҳожир сифатида чиқиб кетишга мажбур бўлади.
1989 йили Чаушеску режими таназзулга юз тутиб, диктатор шошилинч тарзда рафиқаси билан биргаликда қатл қилинади.
Шунга қарамасдан, орадан 20 йил ўтиб, Руминияга ташриф буюрган адибага уни кузатишлар давом этаётганлиги, у ҳали ҳам махфий хизматлар эътиборида эканлиги аён бўлади.
Нобель мукофотини олиш арафасида Ҳерта Мюллер махфий полиция томонидан ўзи ҳақида тўпланган маълумотларни кўришга муяссар бўлади. Таъқиблар ва кузатувларнинг ҳисоботлари, телефонда сўзлашганларининг протоколлари, яқинлари, танишлари ҳақидаги маълумотномалар жамланган уч жилд – 914 саҳифалик хуфияномада даҳшатли тазйиқлар ва сўроқлар ҳақида ҳеч гап йўқ эди.
Европа Ҳерта Мюллерни германиялик деб ҳисобламайди, аммо немисзабон ёзувчи деб эътироф этади. Авлодлари ва она тили немис бўлишига қарамай, у ҳам ўзини Германияда муҳожир деб билади. Гарчи у Руминиядан кетган бўлса ҳам, бу мамлакатни тарк этолмади. Руминия булутлари, дарахтлари, итлару чорва моллари билан, партиянинг малайлари, исёнчилари, маккажўхори далалари, Тимишоардаги асфалт кўчалари, шваблар қишлоғининг ўзига хос немисча тили билан унинг китобларида яшаб қолди.
Ҳерта Мюллер ёзувчилик билан отасининг ўлимидан сўнг шуғуллана бошлаганди. “Мен ортга қайтишим ва болалигимни, отам, онамни, қишлоғимизни қайта яратишим лозим эди”, – деганди у. Унинг асарлари ана шу замин ва тузум туғдирган руҳий оғриқлар ҳақида, ёлғон ва сотқинликлар ичра кечган кунлар ҳақида, инсон шаъни, ор-номусининг ўз маъносини йўқотиши ҳақида, қўрқув ва диктатура фикр ва тафаккурни ўлдириши ҳақида. “Балки бошқа нарсалар ҳақида ҳам ёзишни истаган бўлармидим, аммо менга танлаш имкониятини қолдиришмади”, – дейди Ҳерта Мюллер.
Дарҳақиқат, уруш, диктатура, қатағонлар ичидан ўтган ёзувчилар мавзуни эмас, мавзулар уларни танлайди. Ҳерта Нобель маърузасида:
– Адабиёт ўтмишдаги ёвузликларни ўзгартира олмайди, аммо руҳий қадриятлар таназзулга юз тутган пайтда бизнинг ичимизда, атрофимизда нималар юз бергани ҳақидаги ҳақиқатларни тил воситасида излаши, аён этиши мумкин, – деган эди.
“Тубанликлар”дан сўнг унинг “Вазмин танго” (1984), “Оёқяланг февраль” (1987) номли насрий тўпламлари нашр этилади. Маънавий таназзулга юз тутган Румин қишлоғининг бола нигоҳи ила тасвири, камсонли немислар турмушининг сатирик манзаралари, сиёсий ривоятлар, сюрреалистик ҳикоя ва эсселардан иборат бу тўпламларда асосан ўз бошидан кечирган ҳаёт лавҳалари акс этиб туради.
Шундан сўнг бирин-кетин унинг романлари эълон қилина бошлайди. Уларнинг ичида адабий мукофотга сазовор бўлганларидан бири “Ўлик пашшани судраган чумоли” романидир. Бу романдаги лупа орқали тасвирланган ҳаёт парчасида давлат террори таъсирида истиқболнинг йўққа чиқарилиш хавфи акс эттирилади.
“Бир оёқлаб саёҳат” (1989) романида 30 ёшли немис-румин муҳожир қизи Ирен дуч келган муаммолар орқали сиёсий фикр ва ғояларнинг қандай қилиб шахсий ғояларга эврилиши тасвирланган.
“Тулки ўшанда ҳам овчи эди” (1992) романида эса юқорида тилга олинган тўпламларидаги Румин қишлоғи одамларининг руҳий-маънавий ҳаётининг янги қирраларига дуч келасиз.
Ҳерта Мюллернинг номини жаҳонга машҳур қилган “Юракдаги махлуқ” (1996) романи дунёга келгунча ўтган тўққиз йил мобайнида унинг олтита китоби нашр қилинган эди. Романда Чаушеску ҳукмронлик қилган йиллардаги этник ёш немисларнинг – бир қиз ва уч ўспириннинг ҳаёти акс эттирилган. Юлия Штутина “Трансилвания фахри” мақоласида шундай ёзади: “Мюллер бу романида даҳшатли бир иқтибосни ёрита олган: диктатурадан хўрланган, ҳуқуқсиз румин немислари Гитлерга беқиёс муҳаббат билан бошқа диктатурани орзу қилиб тасалли топадилар”. Роман рамзларга бой, бир қараганда оёғи осмонда жумлалар билан ёзилгандай туюлади, аммо сирли ва шоирона тили мафтун қилади.
1997 йилда ёзиб тугаллаган “Бугун ўзимни учратмасам яхши эди” романида эса жамиятдан ажралган, тузум ва атрофдагиларнинг рисоладагидай яшаш меъёрларига сиғмайдиган шахснинг ички дунёсини, ҳиссиётларини тасвирлайди.
“Нафас арғимчоқлари” (2009) Ҳерта Мюллер ижодининг чўққиси, Нобель мукофотига сазовор бўлган асар. Романда 1945 йилда СССРга сургун қилинган ўсмир немис йигитининг ҳаёти қаламга олинади. Асарни Ҳерта Мюллер яқин дўсти, юртдоши, шоир Оскар Пастиор билан ҳаммуаллифликда ёзишни режалаштирган эди. У 2001 йилдан бошлаб Оскарнинг Донбассдаги меҳнат лагерида ўтказган беш йиллик ҳаёти ҳақидаги хотираларини ёзиб ола бошлайди. 1945 йилда совет қўшинлари Руминияни эгаллагач, Сталин буйруғи билан 17 ёшдан 45 ёшгача бўлган румин немислари текин ишчи кучи сифатида СССРга жўнатилади, уларнинг сафида 18 ёшли Оскар ҳам бўлган. Бир йил давомида Ҳерта Оскарнинг хотираларини ёзиб олади, сўнгра улар бирга Украинага келишади, Оскар ишлаган цемент заводини бориб кўришади. Аммо 2006 йилда Оскар тўсатдан вафот этади ва Ҳерта Мюллернинг романни бир ўзи ёзишдан бошқа иложи қолмайди. Нобель мукофоти маърузасида Ҳерта Мюллер Оскарнинг номини миннатдорчилик билан тўққиз марта тилга олади. Буни қарангки, 2010 йилда ҳатто Оскарнинг ҳам 1961-68 йиллар давомида секуритатенинг махфий хабарчиси бўлганлиги фош бўлади. Журналистлар бу воқеани немис маданий ҳаётидаги бомба портлашига қиёслашади, 1999 йилда Нобель мукофотини олган ёзувчи Гюнтер Грасснинг бир пайтлар СС аъзоси бўлганлиги маълум бўлиб қолганлиги воқеаси билан тенглаштиришади.
– Бу янгиликни тарсаки егандай қабул қилдим, – дейди Ҳерта Мюллер. – Барибир мен учун иккита Оскар бор – бири мен билган, бири – мен билмаган Оскар.
Айни пайтда Ҳерта Мюллер Берлинда яшайди, университетларда адабий ижод маҳорати ҳақида маърузалар ўқийди, мақола, эссе ва ҳикоялари мунтазам чоп этилади. Унинг ёзувчилик маҳорати ҳақидаги “Кўзгудаги шайтон” маърузалар мажмуаси, “Очлик ва ипак”, “Қаҳва тутган рангпар жаноблар” сингари қатор китоблари кўп тилларга таржима қилинган.
Ҳерта Мюллер замонавий немис адабиётига улкан ҳисса қўшган ижодкор сифатида қадрланади. Унинг Нобель мукофотига сазовор бўлиши ўша вақтда дунё адабий жамоатчилигини бироз ҳайрон қолдирган бўлса-да, у ҳайъат аъзоларининг “ҳамма нарсадан бебаҳра кишилар ҳаётининг насрдаги ифодаси ва бадиияти учун” деган таърифига муносиб эканлигини ўз асарлари билан исботлади.
Биби Робиъа Саидова тайёрлади
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 8-сон