Муҳаммад Афифий Матар (محمد عفيفي مطر; 1935 – 28 июнь 2010) – миср шоири. Айн Шамс университетининг фалсафа факультетини тамомлаган. 10 дан ортиқ китоблари чоп этилган.
* * *
Орзулар тойчоғи ўтлар ўтлоқда –
Севгилим кўйлагин ҳиди келмоқда.
Атрофда уюм кул. Кулўчоқ. Демак –
Тунги базмлардан келмоқда дарак.
Қумдаги изларга кўз тикаман боз,
Бу ерда тўй бўлган. Рақс тушганлар. Соз…
Тўй изи. Тулпорлар. Тахтиравонлар.
Машшоқлар. Мақомлар. Рақслар. Жононлар.
Балки, ким билади, хаёлдир бари –
Тўй ҳақдаги ошиқ тасаввурлари…
Магар шундай бўлса, ошиқ хаёли
Сал вақтда учади сароб мисоли.
* * *
Манов соҳил майсалари
Зич чирмашибдир,
Бир-бирига мутаносиб,
Хўб ўрнашибдир.
Сув тагига қараб-қараб
Тикилган сари,
Келинчакдай чиқиб келар
Сув парилари.
Соҳил узра қуёш сочар
Тилла танга – нур,
Улар сенга келинрўмол
Бўлиб кўринур.
Камалакранг рўмол
Жимир-жимир, қилади,
Сув тагидан паривашлар
Чиқиб келади.
Музаффар Аҳмад таржимаси