Синов (Эртак)
Қадим замонда бир шаҳри азим четидаги катта кўлда жуда кўп балиқлар бўлган экан. Лекин кўл жонзотларини тутиб ейиш хавфли ҳисобланаркан, баъзи кунлари заҳарли, баъзи кунлари эса заҳарсиз бўлиб қолар экан. Қайси вақтда заҳарли бўлишини ҳеч ким билмасмиш. Очкўз бир бой нафси ҳакалак отиб, ўша балиқларни тутиб егиси келибди.
Ҳар қандай хавф-хатарни унутиб, ўз хизматкорларига бу балиқлардан келтириб, қовуришни буюрибди.
Хизматкор эътироз билдирибди:
– Тақсир, бу кўлнинг балиқларини ейиш зарарли-ку, биз тутган куни улар заҳарли бўлиб қолиши мумкин!
– Мияси айниган чол, нега менинг гапимни икки қиласан, сенинг вазифанг амримни бажариш, уқдингми? – ўдағайлабди бой.
Бойнинг айтгани вожиб бўлибди. Иштаҳаси карнай бой балиқни дарҳол егиси келибдию, қарори ўзгарибди. Ахир, дастурхонда ҳил-ҳил турган мана шу егулик чиндан ҳам заҳарли бўлса-чи? Шу пайт кўчадан бир гадонинг тиланган овози эшитилибди. “Тўхта, гадога хайр-садақа қилиб шу таомдан бераман”, деб хаёлидан ўтказибди бой ва гадога пиширилган балиқдан узатибди. Тиланчи кўздан узоқлашибди.
Орадан анча вақт ўтгач, “Ўлмади шекилли, овози эшитиляпти” дея нафсини тиёлмасдан, сабр-қаноат топа олмасдан балиқларни паққос туширган бой тақиллаган эшикни очибди. Қарасаки, ҳалиги тиланчи.
– Нега яна келдинг? – деб сўрабди ҳайрон бўлган бой.
– Мен балиғингизни еган-эмаганингизни билмоқчийдим. Агар улар заҳарсиз бўлса, емоқчиман! – деган эмиш гадо.
Буни эшитган бойнинг эсхонаси чиқиб кетибди, бу пайтда заҳарланган балиқлар унинг танасига таъсир қилиб, безовталана бошлабди ва жон таслим қилибди. Нафсини жиловлай олган гадо эса омон қолибди.
«Пичоқ» ерга тушди (Воқеа)
“Директор жамғармаси” деганлари кони фойда экан, ўйлаб топганлар умридан барака топсин. Ахир, мактаб раҳбарининг ҳам кўкрагига шамол тегадиган вақт келаркан-ку. Ҳар ойда бу жамғармага мактабдаги ўқитувчиларнинг ойлик маошларига тенг ярим миқдорда маблағ келиб тушади. Гарчанд бу маблағдан қачон, қанча миқдорда ва қайси мақсадларда фойдаланиш бўйича Низом ишлаб чиқилган ва жорий қилинган бўлса ҳам, ким амал қиларди дейсиз? Ҳамма мактаб раҳбарларида ҳам жиғилдон деган нарса бор, бола-чақа ташвиши бор. Мабодо “комиссия” келса, хамир учидан патир деганларидек, биттасига моддий ёрдам расмийлаштирса, олам гулистон, ўзи ҳам тинч, текширувчи ҳам хурсанд. Ахир, нафс деган нарса кимда йўқ?
Шу тариқа мактаб директори Фалончи Фалончиэвнинг «пичоғи» мой устида айлана бошлади. Жамғарма – нақ хазинанинг ўзгинаси. Ўқитувчиларнинг ойлик иш кўрсаткичларига қараб тўланадиган устама ҳақ, муҳтож бўлиб қолган муаллимларга моддий ёрдам худди шу хазина ҳисобидан бўлади. Фалончи Фалончиэв дастлабки ойларда белгиланган мақсадлар учун 50-60-70 минг сўм миқдоридаги суммаларни тартиб-қоидага мувофиқ, ўз эгаларига улашганида, унинг шаънига раҳматлар ёғилди. Аммо раҳбар бундан кўпчиликнинг баҳраманд бўлишидан чўчир, кейинги ойларда ўз чўнтагига ўзлаштирган 200 минг сўмнинг “эгалари”га шарманда бўлишдан қўрқарди. Уларнинг номидан чиройли қилиб аризани ҳам ўзи ёзди, имзоларини қўйишга эса анча қийналди. Ведомостдаги имзога ўхшатиш учун анча машқ қилди, ниҳоят, уддалади. Бировнинг имзосини қўйишдек машаққатли иш бўлмас экан-э…
…Ўқув йилининг охирларига бориб, текширув бошланди. Оббо, «пичоғи» ерга тушадиган бўлдию. Фалончи Фалончиэвнинг кўнгли ниманидир сезиб, ҳузур-ҳаловати йўқолди, қон босими кўтарилди, кўзига ҳамма ўқитувчилар, ҳаттоки, болалар ҳам балодек кўрина бошлади. Кимдир нимадир сезиб қолгани ва қаэргадир “сигнал” юборгани аниқ эди. Ахир, ҳаммасини сир тутаётган эди-ку, директор жамғармасидан тўғри мақсадларда фойдаланган пайтлари ҳам бор-ку? Бу қилган хизматларини инобатга олишмасмикан? Йўқ, ҳаммаси чиппакка чиқадиганга ўхшайди, ўзлаштирган 1 миллион сўмни қачон, кимнинг номидан олгани ойдинлашади энди. Аризалар ҳам, имзолар ҳам қалбаки эмаслигини исботлай олмайди.
…Фалончи Фалончиэв текширувдан сўнг ўз вазифасидан бўшатилди ва шахсий манфаати йўлида ўзлаштирган суммани қарз-ҳавола қилиб мактаб ғазнасига қайтарди.
Кунда еган оч, ойда еган тўқ (Нақл)
Қайси даврда яшашидан қатъи назар, одамзот ўз нафсининг “қули” бўлган. Аҳли донишлар таъкидлашадики, ҳеч қачон тўлдириб бўлмас нафс ўз эгасининг энг яқин душмани ҳисобланар экан. Қону жонга жипслашиб кетган бу душман ҳар дафъа, ҳар лаҳза эгалик туйғуси ила қўзғолиб, соҳиби устидан ғолиб келишга муваффақ бўладики, уни мағлуб этишга, енгишга ожиз одамизот бунинг орқасидан не бир кулфат-мусибатларга гирифтор бўлади. Сабр-қаноат, борига шукр қилиш, йўғига чидашдек марҳаматли туйғудан кўпчилик очиқдан очиқ юз ўгиради. Шарқ алломаларидан бирининг адабий меросида шундай жумлаларни ўқийсиз:”Эй фарзанд, огоҳ бўл, кечалари китоб мутолаа айлаб, уйқуни ўзингга ҳаром қил. Агар ниятинг обрў-эътибор топишу, мол-мулк тўплаш ё бирон бир мансаб, лавозим эгаллаш бўлса, унда ҳолингга вой. Ва агар мақсадинг Расулуллоҳ шартларини тирилтирмоқ ёки хулқингни покламоқ ила ёмонликка буюрувчи нафс ўйинини синдирмоқ эса сенга эзгуликлар ва эзгуликлар бўлсин”.
Узоқ йиллар муқаддам Тошкентнинг Ал-Хоразмий мавзесида истиқомат қиладиган камтар ва одамохун Муаззам опа қайсидир маъракада “Кунда еган оч, ойда еган тўқ” деган нақлни айтиб, барча аёллар каби мени ҳам таажжубда қолдирди. Гарчанд бу мақолни аввал ҳам эшитган бўлсам-да, маъноси қандай эканлиги ҳақида ўйлаб кўрмаган эканман. Ҳар нечук, “коса тагига ним коса” яшириб қўйилган бу халқона иборанинг нотўғри жойи бўлмаса керак.
– Муаззам опа, бу нима дегани? Аслида аксинча айтилса тўғри эмасми яъни “Кунда еган тўқ, ойда еган оч” дейиш мумкин эмасмикан? – дея даврада барчанинг диққатини ўзига қаратиб ўтирган муҳтарама онахонга сўз қотди аёллардан бири.
– Ота-боболаримиз айтган гапнинг бирор жойини ўзгартириш, бошқа сўз қўшишга ҳаққимиз йўқ, ўргилай. Чунки бари топиб, ақл билан, етти ўлчаб айтилган. Сиз айтгандек бу мақолни ўзгартирсак, маъноси бутунлай тескари айланиб кетади. Кунда еган чиндан ҳам оч бўлади, сабабики, нафси бузуқ одамнинг кўзи ҳар хил ноз-неъматларни кўриб ўрганган ва шунга яраша нафсини қондириб турган, у емаса, ичмаса туролмайди. Энди ойида ёки йилида тўкин дастурхон қаршисига ўтирган боланинг назари тўқ бўлади, чунки у ойлаб, йиллаб тансиқ таому ноз-неъматларни кўрмагани учун ўзида сабр-қаноат топа олади, нафсини жиловлаш қўлидан келади. Шу боис ҳам бундай одамга “тўқ” деб таъриф берилган.
Қари билганини пари билмас, деган мақол шу ўринда ўзини яна бир карра оқлади. Даврада ўтирганлар Муаззам опа келтирган ҳикматни маъқуллагандек бир-бирларига қараб қўйишди.
Ўзгалар ҳақида ҳам ўйла (Психолог фикри)
Одамнинг ичидаги “мен” ҳамиша ғалаён қилади. Киши қачон, қандай вазиятда бўлмасин, ана шу “мен”и билан ҳисоблашиб яшайди, баъзан унга бўйсунади, баъзан эса рад этади. Табиийки, яхши нарсаларга эга бўлиш, ёмонликни ўзига раво кўрмаслик, умуман, ҳамиша ҳокимлик қиладиган “мен”да ўз-ўзини яхши кўришдек хусусият борлигини психология фани тадқиқ этади. Нафс туйғусини қанчалик жиловлашга уринмасин, у одамдан аксарият ҳолларда устун келишига ҳаётда мисоллар кўп. У инсон феъл-атворида гегемонлик яъни яккаҳокимлик хусусиятига эга эканлигини психология фанлари номзоди, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўқитувчиси Феруза Акромова қуйидагича изоҳлайди:
– Мавжуд ҳузур-ҳаловатдан шундай фойдалангинки, келгусида бўладиган ҳузур-ҳаловатга зарари тегмасин, деган фалсафий фикр бор. Бу менимча, нафс туйғусига берилган таъриф. У психологик табиатига кўра, инсоннинг ўзига керак ва нокерак нарсаларга нисбатан эгалик ҳиссининг намоён бўлишини ифодалайди. Чунки шахсий ва ижтимоий муҳитда ҳар бир индивид бошқалардан ажралиб туриши билан бирга ўзгалар каби ҳаёт кечириш, моддий неъматларга эга бўлиш ва улардан фойдаланиш туйғусини ўзида мужассам этганлигини кўрамиз. Тирик жонзотлар орасида нафсга нисбатан муносабат бир хил эмас. Масалан, одамларда нафсни тушуниш, унинг маънавий, моддий турларини идрок этиш билан баҳоланса, ҳайвонларда нафснинг ақлан идора қилинмайдиган турлари кузатилади.
“Инга-инга”лаб дунёга келган гўдак вақт ўтиши билан ёқимтойгина болага айланади. У ақлан ва жисман ривожлана бошлайди. Атроф-муҳит таъсири, яқинлари билан муносабат, жамиятга мослашув жараёнида у ҳам катталар сингари ўз ичига жойлашиб олган “мен”нинг ҳукмига қулоқ тутади. Унинг нутқи, онги ривожланиш палласига кирган пайтдан бошлаб, ота-она болага ака-ука ёки опа-сингиллари, тенгқурлари ҳақида ҳам ғамхўрлик кўрсатиш, ўзгаларга меҳр-мурувват ёки хайр-саховат қилиш инсоний фазилат эканлигини уқтириб борганда, ўсиб келаётган фарзандларимизда нафсни жиловлаш меъёрида шаклланади. Боласига ҳамма нарсани муҳайё қилиш, моддий эҳтиёжларини тўлиқ қоплаш ундаги нафс туйғусининг ҳаддан зиёд ошиб кетишига замин ҳозирлайдики, гоҳида ота-она томонидан рад қилинган истакни амалга ошириш учун бола қинғир ишларга қўл уради. Бу эса ўпқондек тўлдириб бўлмас нафс туйғусининг шахсга келтирадиган энг катта зарари ҳисобланади.
Биз – аввало инсонмиз. Нафс ҳодисасининг психологик моҳиятини англаб, унга буткул таслим бўлмаслигимиз лозим. Яшаш учун берилган турли имкониятларга онгли муносабатда бўла олишимиз, яъни физиологик ва маънавий эҳтиёжлар – озиқланиш, дам олиш, хавфсизлик, саломатликни сақлаш, ҳиссий яқинлик, ўзимизни ўзгаларга яқин тутиш, ҳурмат-эътиборга сазовор бўлиш, ҳалол меҳнат қилиш кабиларнинг таъсирини тўғри идрок этишимиз керак.
Қонуний жиҳатдан олиб қараганда (Ҳуқуқшунос шарҳи)
Ҳар қандай жамиятда кишилар руҳиятида юзага келадиган иллатларга йўл қўймаслик учун ўзига хос таъсир чоралари қўлланиб келинган. Жамоат тартибини сақлашга доир кўрсатмалар, турли қонунлар, кодекслар, қарор ва буйруқлар шунга хизмат қилади. Шахснинг манманликка берилиши, турли ножоиз ишларга қўл уриши, қонунни била туриб, бунга зид иш қилиши кўпинча ундаги ички ва ташқи эҳтиёжларни қоплаши, яъни нафс туйғуси билан чатишиб кетади.
– Қонуний жиҳатдан олиб қараганда, содир этиладиган жиноятларнинг аксарияти ўз нафсини қондиришга қаратилган мақсад туфайлидир. Бунинг қандай юзага келишини ўрганишда илмий асосланган тавсияларга таяниш муҳим аҳамиятга эга. Бошқача айтганда, жиноятнинг ҳар қандай турига жазо белгиланади. Ўзбекистон Республикаси “Жиноят кодекси”нинг 164, 165, 166, 167, 168, 169-моддаларида босқинчилик, товламачилик, талончилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, ўғрилик каби жиноят турларига белгиланган жазо турлари кўрсатилган. Қайд қилинган жиноят турларида шахснинг ўз моддий эҳтиёжини онгли равишда қинғир йўллар билан қондириш муддаоси бор эканлигини англаш қийин эмас. Шахснинг мулкка бўлган интилиши унинг ижтимоий келиб чиқишига ҳам боғлиқ. Ўз манфаатлари, яъни нафсини қондириш учун ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларга зид равишда қилинган ҳаракат жазога тортилишини унутмаслик керак, – дея буни ҳуқуқий томондан шарҳлайди Тошкент Давлат юридик институти ўқитувчиси, юридик фанлари номзоди, дотсент Миродил Баратов.
Хулоса: “Қайси феълларни қилишинг осону, қайси феълларни қилишинг қийин эканини аниқ билиб ол. Қалбингни мол-дунёга боғланиб қолишдан асра. Шундагина сен мол-дунёни ноўрин сарфлашдан ҳам, бахилликдан ҳам омонда бўласан. Мол-дунё сен учун бамисоли сув. Бирон ташнанинг чанқоғини қондириш учун сен уни ушлаб турасан, бирон муҳтожнинг ҳожатини чиқариш учун сен уни сарфлайсан, бераётганингдан заррача қийналмайсан, аксинча, лаззатланасан. Қайси қалб шу даражага етса, билгинки, Аллоҳ таоло уни саломат сақлабди. Қалб нафақат саховат ва бахилликда, балки бошқа барча хулқларда ҳам дунёга заррача боғланиб қолмаслиги зарур. Нафс мол-дунё меҳридан узилсагина, сокинлашади”.
Бу – қадимда яшаб ўтган донишманд Ғаззолийнинг фикри.
Ҳулкар Тўйманова
“Маърифат” газетасидан олинди.