Кеча институтга ҳужжат топширганй бордим. Ўша ерда Дилдорани учратдим. Юрагимнинг туб-тубидаги исмсиз дардлар қайта бош кўтарди, уч йил олдинги сирли-сеҳрли хотиралар тасаввуримда аста-секин жонланди.
Гўё ям-яшилликка, нурга кўмилган мовий диёрга тушиб қолгандай эдим. Бироқ тўсатдан турган шиддатли шамол ҳамма нарсани ағдар-тўнтар қилиб юборди, менга уч асрдай туюлган уч йил мобайнида асраб-авайлаб юрган туйғу-хаёлларим ўт тушган сомон ғарамидек лаҳзада ёниб кул бўлди. Улардан алам-изтироб кулигина қолди, холос…
Сизга бор гапни айтиб бераман, шундай қилмасам бўлмайди. Юрагим қайғу зардобига лиммо-лим тўлиб кетди.
Бу тарих лицейга ўқишга кирганимдан сўнг бошланган. Еттинчи синфни тугатиб ўқишни туман марказига – иқтидорли болалар лицей-интернатига кўчирдим…
* * *
Янгиман. Лицейга келганимга тўрт кун бўлди. Иккита саккизинчи синф бор, «А»га киритишди. Қолганлар еттинчи синфда келган, бир-бирлари билан аллақачон апоқ-чапоқ бўлиб кетган. Менга бегонасираб, беписандлик билан қарашади. Ҳали бирортаси билан дўстлашиб, вазиятга киришиб кетолганим йўқ. Фақат битта нарсани билиб олдим: синфимиздаги етти-саккизта қизнинг ичида битта чиройликкинаси бор экан. Қолган қизларимиз ҳам чиройли бўлгандир, лекин у бошқача эди-да. Ўзимни билмаганга солиб сўраб, билиб олдим. Исми Дилдора экан. Доим кулиб турувчи қуралай кўзлари, қоп-қора сочларию бодом қовоқлари – ҳаммаси бошқача. Яна қандай сифатларини санасам экан?.. Негадир, шу қизни ҳеч қачон кўнглимдагидек тасвирлай олмайман.
Кўп фурсат ўтмади, мен дунёнинг энг бахтиёр кишиларидан бирига айландим – Дилдорани севиб қолдим. Фикру хаёлим шу қизда: қандай гаплашсам экан.
Пахтага кетадиган бўлдик. Саф тузилиб, ўқувчилар йўқлама қилингач, йўлга тушдик. Биз борган жой Меҳнатободдаги қанақадир ширкат эди. Ул-бул нарсаларимизни шийпонга ташладигу теримга киришдик. Октябрнинг ўрталари. Куннинг тафти қайтиб қолган. Сарғая бошлаган ажриқлар устида тутбарглар чачала қилингандай бетартиб сочилиб ётибди. Бу ерларда мол-қўй жуда кам. Бепоён дашт. Пахта пайкаллари осмоннинг адоғигача чўзилган. Осмон тип-тиниқ. Куёш меҳрибон қўллари билан бошимизни силаб қўяди гўё. Олис-олисларда тўп-тўп булутлар сузиб юрибди. Ғалати: бири худди мўйсафид чолнинг юзига ўхшайди, биттаси қўлида камон билан учиб келаётган бола… Беғубор кенгликларга тикили-иб турибман, олдимдан бир нарса пир этиб учиб кетдию хаёлимни бўлди. Қорашақшақ экан. Зовурларнинг қирғоғидаги ҳар хил қумтепаларда турли-туман ўт-ўлан, қиёқлар ўсиб ётибди. Бир томонда ёввойи жийдалар. Биз ялоқжийда деймиз, китобларда қандак жийда деб ҳам ёзишади. Таъми сал тахир-у, лекин ма
за! Қо-рашақшақлар шу ерларга ин қуради, шохдан шохга қўниб сайраб юради.
Теримга тушиб кетдик. Пайкал иккинчи теримдан чиққан, ўзи «теримлиги» қолмаган. Лекин кўсак чувишга рухсат йўқ. Очилган пахтани терасан! Барибир йўл-йўлакай кўсакни оламиз-да, карсиллатиб тишлаймиз – оғзингиз ғалати бўлиб кетади. Кейин чувиб этакка… Ҳамма шерик-шерик бўлиб теряпти: айримлар пайкалнинг ҳўв этагига бориб қолган, айримлар бу бурчакда. Бутун майдон бўйлаб сочилиб кетганмиз. Ёлғиз теряпман. Фақат гоҳ-гоҳида нарироқда юрган қизларга, тўғрироғи, Дилдорага қараб қўяман. Бир гал қўлга тушдим: тикилиб тургандим у ҳам қараб қолди. Дарров пахтага энгашдим: э, мен меҳнаткаш эдим-ку! Шундай қилиб пинҳоний аҳд тузилди – бир-биримизга қараб-қараб қўямиз.
Ўзим билан ўзим бўлиб пайқамабман. Менинг қаторимдан қандайдир бола келаётган экан. Параллел синфдан бўлса керак, танимадим. Масофа яқинлашяпти. Аччиғим чиқди, йўл бўшатгим келмади. У атайин келаётган эди. Мендан гавдалироқ, юзи мўғулларникига ўхшаб кетади. Чайирлиги шундоқ сезилиб турибди. Юзма-юз бўлдик.
– Нега менинг қаторимдан келяпсан-ов?! – деб гап бошлади у.
– Ўзинг нимага менинг қаторимдан келяпсан? – саволга савол билан жавоб бердим.
Ҳеч ким унга бунақа гапирмайди, шекилли, жаҳли чиқиб кетди. Лекин ўзини босиб олгандай, бироз тўхтам қилиб сўз қотди:
– Ҳм-м, менга гап қайтардинг. Бунинг учун сени роса дўппослашим керак. Лекин, майли, мен раҳмдилман, эвазига ярим пахтангни берасан.
– Шу гапни гапирганинг учун сени роса дўппослашим керак эди, майли, мен раҳмдилман, эвазига бор пахтангни менга берасан, – дедим яна гап қайтариб.
Фиғони фалакка чиқди. Бу орада икков синфнинг болалари йиғила бошлаган, текин томоша қўйилаётган эди.
– Ие, бу бола ўзидан кетган экан-ку! – деди рақибим атрофдагиларга қараб. Гапини тугатар тугатмас шиддат билан келди-да, тепди. Ўзимни олиб қочишга улгуролмадим – тўпиғимга ғўзапоя аралаш «бир шингил» тепки тушди. Энди ўзимни олишувга чоғлаган эдим, қайдандир хабар топган тарбиячи етиб келди.
– Нима бўляпти? – олазарак бўлиб сўради шопмўйлов домла.
– Бедана бор экан, ўшани тутгани келдик. Учиб кетди: бит-билдиқ, – иржайди қийиқкўз.
– Ҳеч қанақа бедана-педанаси йўқ, пахтани теринглар, кун кеч бўляпти, – шопмўйлов танбеҳ бергандай гапирди-да, қайтиб кетди.
– Лекин гапимиз чала қолди, бола, – таҳдид қилди рақибим. – Кейин гаплашамиз.
– Бўпти, – дедим-да, пахта теришга киришдим.
Ҳамма яна пайкал бўйлаб ёйилиб кетди. Бир пайт сочлари жингалак, кўккўз синфдошим – оти Қудрат эди чоғи, кўп ўтмай лицейдан ҳайдалиб кетди – ёнимга келиб насиҳатга киришди:
– Бекор қилдинг, Ойбек. Саккизинчи синфнинг энг зўри шу – Салим. Бекорга уни Чингизхон дейишмаган. Ҳеч нарсадан тап тортмайди.
– Нима қипти, қўрқадиган жойим йўқ.
– Сенга раҳмим келганидан айтяпман. Сени деб биз ҳам балога қолмайлик. Калтак ейишни истамаймиз.
Кўзимга балодай кўриниб кетди.
– Шуни айтгани келувдингми?
– Ҳа.
– Энди туёғингни шиққиллат, кўзимга кўринма!
– Эй, ўзингдан кўр. Сенга яхшилик қиппан-а.
* * *
Қош қорая бошлади. Болалар пахталарини торттиради-да, автобусга чопишади – жой олиш керак. Бўлмаса қирқ километр тик туриб кетасан. Аввал «А» синфнинг пахтасини ўлчашди. Автобусга ўрнашиб олдик. Кейин «Б» синф чиқди. Кетяпмиз. Рўпарамга Салим келиб тўхтади:
– Тур, менга жой бер!
– Жойингни топивол!
Қийиқ кўз ёқамдан чангаллади-да, даст кўтарди:
– Чакагингни ўчириб қўяман!
Шовқин-суронимиз олдинги қаторга ҳам эшитилди, шекилли – ҳамма ялт этиб қаради.
– Нега уришяпсанлар, – ўшқирди шопмўйлов тарбиячи. – Яна сенми, Салим, анави боланинг оти нима? Икковингниям устингдан рапорт ёзаман. Лицейдан ҳайдаласан!
Ўшанда дунёда иккита фожиа бўлса, биттаси лицейдан ҳайдалиш эди мен учун. Дарров ҳовуримдан тушдим. Қишлоқдаги одамларнинг миш-миши, ота-онамнинг дашноми кўз ўнгимга келдию ғазабимни ичимга ютдим. Бошқаларнинг назарида «попугим пасайган» эди. Кетяпману жаҳлдан дағ-дағ титрайман, хўрлигим келади. Бу ерда менинг ҳеч кимим йўқ. Қишлоқда бўлганда, бу мўғулбашарани мириқиб дўппослардим!.. Хуллас, тик туриб келдим, роса алам ўтди. Ёш боланинг дўпписини яшириб қўйиб қийнашади-ку, худди ўша боладай нима қилишни билмай аччиғланаман. Етиб келдик. Автобус катта йўлда тўхтади. Ичкарига бир километр пиёда кириш керак. Ҳамма олдинлаб кетди. Охирида келяпман. Ярим йўлда бир тўда бола тўхтаб турибди. Сездим, мени кутишяпти. Яқинлашдим. Яна Салимнинг ўзи гап бошлади:
– Эй, ўғилболачасига гаплашамиз. Ўғил боласан-а?
– Исбот керакми?
– Кўп гапиришни ёқтирмайман. Ҳамманг чеккага чиқ.
Шундай деди-да, лаш-лушларини бир чеккага улоқтириб менга юзланди. Мен ҳам ҳозирлик кўриб олдим. Хўрозлардай давра айлана бошладик. Биринчи бўлиб қўл кўтармоқчи эмасдим – ахир мен қўрққаним йўқ-ку! Ён атрофдагилар Чингизни олқишлар эди.
Яна ўша ҳолат – қўққисдан ҳужумга ўтди. Ўзимни олиб қочишга барибир улгуролмадим: бу сафар оғриқни биқин татиб кўрди. Атрофдан: «Ур уни, Чингизхон!», «Аяма!» деган ҳайқириқлар эшитила бошлади. Шу пайт Нодар Думбадзенинг ўзим яхши кўрадиган «Ҳелладос» ҳикоясидаги муштлашув воқеаси ярқ этиб хаёлимдан ўтди. Мен Жамолга ўхшаб жимгина калтак еб кетавермайман, дедим ўзимга ўзим.
Калтак еганингдан кейин калланг тузукроқ ишлар экан. Муштим унинг чакаги билан танишди. Ўзимнинг юзимда ҳам муҳрлар пайдо бўлганини сезиб турардим. Охири икковимиз ҳам чарчадик, лекин «жанг»ни тўхтатишни истамасдик. Бир ўнғай вазият туғилиб қолди: қош-қовоғи аралаш мушт туширдим. Кўзидан ўт чиқиб кетди, шекилли, инграб юборди. Мен эса ғалабадан сармаст бўлиб кутиб турдим. Энди этак-халталарни олгани энгашганимни биламан: ўнг биқинимга тузуккина тепки келиб тушди. «Номард!» деб бақирдим беихтиёр. Биқинимни чангаллаганча, чўккалаб қолдим. Лекин бу мен ўйлаганчалик Чингиз эмас, чеккадаги томошабинлардан бири – тақирбош пакана эди. У қойил қилдимми, дегандай Салимга ишшайиб қараб турарди. Салим югуриб келди-да, тақирбошни тарсаки билан «сийлади». У ҳўнграганча нари кетди.
– Олишамиз. Жанг ҳали тугамади, – бурунги шаштидан тушиб деди Чингизхон.
– Майли, – дедим мен ҳам.
Яна муштлашишга тушиб кетдик. Атрофдагилар муҳим бир қарорни кутаётгандек жим турарди. Уларга қараб қолибманми, юзимга бехос мушт тушди. Энг ёмон кўрганим – уришаётган пайтингда бурун қонаши. Шундай бўлди. Тутақиб кетдим. Салим эса худди менга раҳми келгандек тикилиб турди-да, нарсаларини йиғиштиришга тушди.
– Йўқ, уришамиз, – дедим мен.
– Майли, ихтиёринг. Лекин бошқа сафар. Бундай ҳолатда муштлашмайман, – деб ўртоқлари ёнига кетди.
Аслида, иккаламиз ҳам ортиқ уришишни истамасдик. Бурун қонашига ҳам эътибор бермай лаш-лушларимни олдим. Болалар аллақачон олдинлаб кетган, Салимни мақташаётгани элас-элас эшитилиб турарди. Лекин бу жангдан мен ҳам хурсанд эдим – автобусдаги аламимга малҳам қўйиб олгандим. Кийимларим чанг-тупроқ, юз-кўзим бир аҳвол кетяпман. Лицейга яқинлашиб қолдим. Ўқув биноси ётоқхонадан хийла узоқ. Аллақачон кеч кирган. Ётоқхона ҳовлисида катта-кичик чироқларнинг айқаш нурлари, дарахтларнинг уч-тўрт томонга кетган соялари кўзга ташланади. Худди контсерт залларидагидек. Болаларнинг аксарияти жанжалдан хабардор, кичик синфдагилар бир-бирини нуқиб менга ишора қилади.
Юз-қўлимни ювишим керак эди. Кран олдига бордим. Бизда артезиан суви оқадиган бундай кранларни тўғридан тўғри «артизон» деб қўя қолишади. Хуллас, ювина бошладим. Кимнингдир келганини пайқадим. Қарасам, Дилдора. Кутиб турибди деб ўйлаб йўл бўшатдим.
– Вой, чаккангизга нима қилди, қон-ку!
– Ҳеч нима қилмайди, йиқилиб тушдим.
– Ҳозир, тўхтаб туринг.
Бироздан кейин рўмолча олиб югуриб келди:
– Намлаб босинг, оғриқни олади.
Бунақанги меҳрибончиликни кутмаганим учунми, нима қилишни билмай довдираб қолдим. Рўмолчани олаётиб қўлим унинг нозик бармоқларига тегиб кетди. Ҳаяжондан тутила-тутила «Раҳмат» дейишгагина қудрат топдим ўзимда. Дилдора югуриб хонасига қайтиб кетди.
Ётоққа кирдим: синфдошларим ҳайрат билан жим қараб туришибди. Мен ҳам индамадим.
Шу куни ширин хаёлларга берилиб, шифтга термилиб тун ўтказдим. Нима сабабдан менга рўмолча бериб меҳрибончилик кўрсатди экан, ё уям мени ёқтириб қолдимикан?.. Шундай бўлса керак. Эртага рўмолчани қайтариб бериш баҳонаси билан яна гаплашаман…
* * *
– Тур, ҳалиям ётибсанми, ошқовоқ!
Тепамда ола калтагини, ўз таъбири билан айтганда «шайтонкалтаги»ни кўтариб бош тарбиячи Ўткир домла турарди. Ҳали бу таёқнинг зарбини татиб кўрмаган бўлсам-да, у ҳақдаги бир-биридан даҳшатли афсоналарни эшитишга улгургандим. Дик этиб ўрнимдан турдим.
Машқ, ювин-таран, эрталабки нонушта. Яна далага.
Чошгоҳгача дала шабнам ичида чўмилиб ётади. Пахтанинг ҳар бир нафис толасида заррин қуёшчалар милт-милт этади. Шабнам кўтарилмагунча далага кириш йўқ. Бир соат уёқ-буёқни томоша қиламиз. Ажриқ, янтоқ, совун ўт ва ҳар тусдаги қиёқлар макон қурган қумтепалар томонга қараб кетаман. Нима дейсиз? Қизлар шийпонда, ўчоқбошида. Бўлмаса аллақачон Дилдоранинг олдига борган бўлардим…
Қумтепада ўтирибман. Чумолилар. Айримлари шунчаки уёқдан-буёққа юради, айримлари бисотини – майда дон-дун, чўпларни офтобшувоққа ёяди. Бир томонда қоралари, бир томонда сариқ-қизил тусдагилари. Кичкиналигимда тенгқурлар билан бирга шуларниям уриштирардик. Биттамиз у томон, биттамиз бу томон…
Қуёш аста кўтарилиб, кун қизий бошлайди. Пайкалга оралаймиз, терим бошланади. Бир-иккита қиз ўз йигитлари билан четроқда теряпти. Мен ҳам белни маҳкам боғлаб, Дилдоранинг олдига жўнадим.
– Ҳорманг, Дилдора, – дедим яқин келгач.
– Саломат бўлинг.
Ёнидаги икки ўртоғи «Майли, бизга етиб оларсан, кеч колма», дея кулиб-кулиб олдинлаб кетди.
– Тушунган қизлар экан, – дедим нима гап гапиришни билмай.
– Чаккангиз оғримаяптими? – маъюс тортиб деди Дилдора.
– Йўқ, раҳмат. Рўмолчангизни қўйганим заҳоти оғриши эсидан чиқиб қолди.
– Сизга, олаверинг. Чаккангиз оғриганда керак бўлади.
– Ие, ҳар куни чаккам оғримайди. Оғриққа қўшилиб эс-ҳушим ҳам учиб кетмаса бўлди.
Дилдоранинг юзлари лов-лов ёнди, киприклари пир-пир учди. Юпқа лаблари жуфтланиб менга ни-мадир демоқчи, эътироз билдирмоқчидай бўлди-ю, индамади. Шу пайт қизларни чақириб қолишди. Ўчоқбошида иш бор, шекилли.
Ёлғиз қолдим. Овозим яхши деб айтолмайман-у, лекин хиргойи қилиб тураман. Айниқса, ишлаганда. Чарчаганимни, зерикканимни сезмаслик учун. Ашулани баралла қўйиб пахта тераётгандим, кимдир номимни айтиб чақирди. Ўгирилдим, Салим келаётган эди. Кечаги олишув Салимда анчагина «чизгилар» қолдирган экан, лекин меникиям ундан кам эмас.
– Юр, гаплашадиган гап бор, – ярим дағдаға оҳангида сўз бошлади Чингизхон.
– Сўйла, эшитяпман.
– Бу ер тўғри келмайди, холироқ ерда гаплашамиз.
– Биров эшитиб қолади деб ўйлаяпсанми, сирингни очавер, бировга айтмайман, – ҳазиллашган бўлдим.
– Тўғри, бу гап орамизда қолиши керак.
Нариги бўлакнинг бир бурчига бордик. Зирк жингиллари орасига яшириниб олиб, гоҳ-гоҳ мўралаб қўяётган читтакни ҳисобга олмаса, ҳеч ким йўқ.
– Мен сени билдим, мард бола экансан, – гап бошлади Салим. – Лекин бугунги ишни атайин қил-дингми-йўқми, билмайман.
– Қайси ишни?
– Ана, истаган болангдан сўра, Дилдорани мен яхши кўраман…
– Яхши… – довдираб қолганимни сездирмаслик учун тезда сўзимни давом эттирдим. – Лекин менда айб йўқ, биродар. Дилдоранинг ўзи мени яхши кўради…
– Йўғ-э, ўзи айтдими?
Салимнинг кўзлари пирпирар, ғалати саросимага тушиб қолганди. Ярасига тузни қалинроқ сепишни хоҳлардим:
– Ишонмасанг, ўзидан сўра, севгимиз рамзи бўлсин деб исмимизнинг бош ҳарфини ёзиб рўмолча тикиб берди. Мана истасанг ўзинг кўр, – деб кеча Дилдора берган рўмолчани чўнтагимдан чиқардим.
Салимнинг тили анча вақт калимага келмай қолди, ранги ўчди. Қўлимдаги рўмолчага ижирғаниб қаради-да, ҳеч нима демасдан келган йўлига қайтиб кета бошлади.
Мен уни руҳан мағлуб этганимдан ўзимда йўқ хурсанд эдим.
* * *
Эртасига Салимни кўрмадим.
Бир ҳафта ўтгач терим тугаб, ўқиш бошланди.
Кейин билсам, Салим ҳужжатларини олиб лицейдан кетибди. У пайтлари оғирроқ шарт-шароитга ўр-ганмаган, ота-онасининг папалаши натижасида «офтоб кўрмай» ўсган болалар қийинчиликка чидолмай ўқишни ташлаб кетарди. Чунки ётиш-туриш қатъий тартиб асосида, ўқимасанг лицей рўйхатидан осонгина ўчириб ташлашади. Менимча, Салим ундайлардан эмасди. Бошқа бирор сабаби бордир. Лекин ортиқ сўраб-суриштирмадим.
Келаси ҳафта Дилдора ҳам ўқишга келмади. Пахтадан қайтгач гаплашмоқчи бўлгандим, «Сиз билан гаплашадиган гапим йўқ», деди-да, ётоқхонасига кириб кетди. Устимдан бир челак совуқ сув қуйилгандек бўлди. Нима қилишимни билмай сўппайиб туриб қолдим. Гўё бу шармандачиликни ҳамма кўриб тургандай ўзимдан ўзим уялиб кетаман, вужудим ловуллайди. Охири, аҳмоқ одам суймаганга суйкалади деган хулосага келдим, ётоқхонага кириб ўзимни каравотга отдим. Лекин уйқум келмади, қандайдир номаълум ҳис юрагимга оғир тошдай ботиб турарди.
Уч-тўрт кун Дилдорани кўрмагач ўзимга берган ваъдаларимни унутдим. Қизлар ўзи шунақа бўлади: баъзан яхши муомала қилади – севади деб ўйлайсан, баъзан эса яқинига йўлатмайди. Ўша куни Дилдоранинг кайфияти йўқроқ эди, шекилли. Шунинг учун гаплашгисиям келмаган бўлса керак… Хуллас, шунга ўхшаш ўй-хаёллар билан ўзимни алдаб олдим.
Энг яқин ўртоғи бирор нарса билса керак деб, Муаттардан Дилдора ҳақида сўрадим. У ҳам аниқ бир гап айтмади, мазаси йўқ, шекилли, деб қўя қолди.
Орадан яна бир ҳафта ўтди. Нима бўлди экан? Муаттардан гап сўрайвериб безор қилдим. Унинг айтишича, Дилдоранинг соғлиғи яхши эмас экан, шунинг учун лицейдан бутунлай кетибди. Ҳозир шаҳарда, қайсидир қариндошиникида яшаяпти экан. Сал бўлса ҳам калаванинг учини топгандай эдим, лекин Дилдорани ортидан суриштириб бормадим. «Нимага келдинг, сен билан гаплашадиган гапим йўқ дегандим-ку!» деса нима қиламан? Яна «Қизлар ўзи шунақа бўлади…» деб минғирлаб қайтиб келавераманми? Йўқ, бунақаси кетмайди. Бир марта ўлиб бўлдим, кейингиси ортиқча.
Шундай қилиб, илк муҳаббатимни унутишга қарор қилдим. Лекин ўзимни овутишнинг чорасини тополмай қийналардим…
Бор-йўқ воқеалар – шу.
Одам баъзан битта тушни такрор-такрор кўриши мумкин. Балки сиздаям шундай бўлгандир, кичкиналигимда бир хил ёки давомли тушларни кўриб турардим. Кеча Дилдорани учратган пайтим хира туман ичида қолган, энг қизиқ жойида узилган тушимнинг давомини кўраман деб ўйлаган эдим. Бироқ…
Мен бир пайтлар орзу қилган, кўнглимни аллалаган туйғулар сароб бўлиб чиқди. Тушида жуда катта бойликка эга бўлиб турганда уйғониб кетган камбағалдай дилимни ожизлик ва алам эгаллаб олди…
– Ўзгариб кетибсиз, – деб гап бошлади Дилдора салом-аликдан сўнг. – Мендан хафадирсиз-а?
– Йўқ, нимага?
– Сизга хат қолдирган эдим-ку.
– Қанақа хат, мен ҳеч қанақа хатни кўрганим йўқ.
– Муаттар ҳеч нима бермаганмиди?
– Йўқ, ҳеч нима бермади, айтмадиям.
– Яхши қилган экан, ўша воқеалардан кейин бутун ғазабимни, аламимни қоғозга тўкиб солгандим.
– Тушунтириброқ гапиринг, ҳеч нарсага тушунмаяпман.
– Сиз Салимга Дилдора мени яхши кўради, исмимизни ёзиб рўмолча тикиб берди дебсиз. Мен ундай бўлгани йўқ деб қасам ичсам ҳам ишонмади, ўз кўзим билан кўрдим деб туриб олди. Биргина шу ёлғон гап учун ҳамма нарсадан воз кечиб кетди. Муҳаббатидан ҳам, мендан ҳам. Ахир, мен уни севардим…
Шу ерга келганда бутун вужудимга чумоли ўрмалагандай бўлди, юрагимнинг туб-тубида оғриқ турди, кейин бу оғриқ бошдан оёғимгача тарқади, ҳамма ёғим увушиб, кўз олдимни қоронғилик қоплади.
– Ўшанда сиздан ҳам, ўзимдан ҳам нафратланиб кетдим. Салим ўқишни ташлаб кетгач, мен ҳам у ерда ортиқ қолишни истамадим. Бутун хаёлимни банд қилган аламли саволлардан қочишга уриндим.
Салим билан ортиқ кўришмадик. Эшитишимча, ўқишни буткул ташлаб юборибди, Россияга бориб устачилик қилаётган экан.
Дилдорага бирор сўз деб жавоб қайтаролмадим, ўзимнинг дардим ўзимга етарди.
* * *
Эрталаб қатъий бир қарорга келдим. Бугун институтга бораман, қабул комиссиясига учраб, ҳуж-жатларимни қайтариб оламан. Сирли-сеҳрли тушлар ортиқ давом этишини истамайман.