Ҳозирги даврда Америкага бўладиган ёки қилган саёҳатингиз билан кимниям қизиқтира олардингиз. Колумб, Америка жанобларидан сўнг минг-минглаб саёҳлар ушбу мавзуни қаламга олган бўлса, бизга йўл бўлсин.
Мана 25 йил бўлдики, замон бизнинг халқимизга нисбатан яхши тамонга ўзгарди, тўрт томонимиз қибла. Қаерга борамиз десак бора оламиз.
Новвой тандирини кўтариб, Исроилга йўл олган бўлса, мен новвой эмас олим бўлганим сабаб тандирни эмас, постеримни кўтарволиб Америка тамон йўл олдим. Мақсадим АҚШнинг Дембер шаҳридаги конференцияда маъруза қилиш эди.
Аслида Америка эмас, Японияга кетиб қолишимга сал қолганди. Бирданига икки буюк давлатдан, Америка ҳамда Японияда бўладиган конференцияларда илмий маърузаларим билан иштирок этиш ҳақида таклифнома келган эди-да. Япония, Америка дея икки парча қоғозга ёзиб халтага солдим-да, яхшилаб аралаштириб, бармоғимга илинганини тортиб олдим. Қарасам, бармоғимга Америка илинган экан. Бўлди, Америка бўлса Америка. Японияни ҳам бир кун бориб кўрарман, насиб қилса, илмий маъруза ҳам қиларман, дедим-да, Америка саёҳатининг тайёргарлигига бел боғладим. Бел боғладим-у, уни дарровдан ечиб ташладим. Сабаби, АҚШ элчихонасида суҳбат бўлар, суҳбат бўлиши учун олдиндан 100 АҚШ доллари ташлашим керак экан. Суҳбатдан ўтолмасам, пулга куярканман. Маблағдан бироз сиқилиб турган пайтим эди. Бор-эй, бормадим шу Америкасига ҳам, конференциясига ҳам. Икки орада йўқ пулдан ҳам айрилиб ўтирмай тағин, деган хаёл билан Америкага боришни хаёлимдан ҳам чиқариб ташлаб, хотиржам ишлаб юравердим. Бир замон Америка элчихонасидан мени сўроқлаб уйимга қўнғироқ бўлиб қолди. Мени Америкадаги конференцияда кутишаётган эмиш.
Конференция ташкилотчиларининг шартига асосан, еб ичиш, тураржой улардан-у, йўлкира ҳақи мендан бўлиши керак эди.
Йўлкирани Америкадан қайтиб келиб бирор мени қўллашга кучи етадиган “танк” топгач, ундиришга аҳд қилдим-да, қарз қавола қилиб Америкага бориш-келишга чипта олдим. Визага тўланадиган пулимни Новосибирск ярим ўтказгичлар физикаси институтида ушбу институт директори Россия фанлар академиясининг академиги Александр Асеевнинг таклифи билан тайёрлаган маърузаларим учун улар тўлаган пулнинг бир қисми сақланиб турарди, ўшани бера олдим. Маърузамнинг постери ҳам салмоқли пулга тайёрланар экан. Буни ҳамда визиткаларимни бир эътиборли танишим ўзининг янада эътиборли танишига айтиб, тайёрлаб берди. Самолёт чиптасини арзонроқ кўрингани учун Бритишайрвайз кассасидан олдим. Самолётдаги ўриндиғимда ўтирган эдим, бир кўринишга содда, мендан ёши каттароқ киши келиб ёнимдаги бўш ўриндиққа ўтирди. У Америкадан бир неча ой олдин келган бўлиб, яна қайта ишлаб пул топиб келиш мақсадида йўлга отланган экан. Нима бўлса-да, тил биладиган ҳамроҳ топганимга жуда хурсанд бўлдим. Кўринишидан жуда ҳам содда бўлиб кўринган у ҳамроҳим аслида жуда ҳам ичидан пишган, кўп нарсани кўрган, ўта ишига пишиқ, ҳалол қўл одам экан.
Биз ўтирган самолёт Ереван орқали Лондонга борар ҳамда Лондонда бошқа самолётга ўтириб, Нью-Йоркка учишимиз керак эди. Тошкентдан самолётимиз ўз вақтида кўтарилиб, Ереванга етиб олишимиз қийин бўлмади, лекин Ереван аэропортидан кўтарилишимизга салкам икки соатча вақт кетди. Бунча вақт кишини самолёт ичида эзиб юборишини айтиш шарт эмасдир. Нима гаплигини билмадигу, лекин бизлар баъзан ҳангомалашиб, баъзан мудраб ўтирибмиз. Осмонга кўтарилганимиздан сўнг орадан анча вақт ўтиб самолётимиз пастлай бошлади. Ойнакдан мўралаб, кўринаётган шаҳар Лондон бўлса керак, дея ўйлаётирмиз-у, шаҳар мутлақо Лондонга ўхшамаётганини сезаётирмиз. Машиналар ҳаракати биздагидек, уйлари ҳам коробкасимон, СССР уйларига, стадиони жуда ҳам таниш стадионга ўхшайди. Бир маҳал стюардесса хоним “Тбилиси шаҳрига хуш келибсиз” деса бўладими, ҳамма нарса ойдин бўлди-қўйди. Бизнинг самолётимиз осмону фалакда ўзига ёнилғи қидириб сарсон бўлиб юрган ва ниҳоят, Тбилисидан ёнилғи олишга илож топган экан. Ана сизга, бир кунлик уруш-жанжал кечган жойдан 40 кун барака кўтарилганига кичик бир мисол. Боку ёнгинасида бўлган Ереван Гдлян-Ивановнинг лампашишасига ҳам ёғ тополмаса…
Гапнинг қисқаси Лондонга бизнинг транзит самолётимиз Америкага учиб кетгач, мўлжалдагидан бир неча соат кечикиб етиб бордик. Ҳамма йўловчилар қатори юриб кетаётган эдик, мен ва ҳамроҳимни аэропорт ходимаси маҳкам қўлимиздан ушлаганича югуртириб қайсидир томонга олиб кетди ва қарасак, бир самолётнинг ичида ўтирибмиз. Бизлар арзон бўлсин дея экономклассга чипта олган эдик, албатта. Энди бизнинг ўриндиқларимиз 350 кишилик аэробуснинг 1-класси ўриндиғида эди. Хизмат ҳам, эътибор ҳам, еб-ичиш ҳам ўзгача бўлиб қолди. Ҳар биримизнинг рўпарамизда бир монитор. Хоҳласангиз, у мурватини бурайсиз, хоҳламасангиз, бошқасини… Америкага етиб боргач, юкларимизни олмоқчи бўлган эдик, ҳали етиб келмаганини айтишди. Аэропорт ходими “сизлар адресингизни ташлаб кетаверинг, ўзимиз шу бугуноқ юкларингизни етказиб берамиз” деса ҳам кўнмадик. Чунки борар манзилимиз нотайинроқ эди. Орадан бир соат ўтар-ўтмас Лондондан бошқа самолётда юкларимиз ҳам етиб келди. Кўнглимиз жойига тушиб, такси ушлай бошладик. Шеригим таксининг шахматсизи икки баробарига арзонга манзилимизга элтиб қўйишини билар экан. Бир қора ранг бизда “Жип” дейиладиганини шеригим арзон-гаров кира қилди-да, бизлар Нью-Йоркнинг Брайтон бич деган ерига етиб бордик. Юкларимизни тушириб бўлиб келишганимиз бўйича кира ҳақини ҳайдовчига узатган эдик, у яна қўшишни сўради. Шеригим кўнмади, шунда у машинасини ғизиллатганича, жўнаб кетди. Бир пайт қарасам, конференциядаги маърузамга ўта зарур постерим йўқ. Машинада кетибди. Ҳайдовчи шу постерни мабодо, яна пул қўшсак беришни мўлжаллаган экан, чамамда. Энди буёғи қандоқ бўлди, дея бошим қотиб қолди… Тонг-саҳар эди. Шеригим иккимиз шу атрофдаги уч қаватли уйнинг иккинчи қаватида жойлашган ошхонасига кириб, тонг отгунча ўтириб чиқдик. Ушбу ошхона бурчагида бир сарғиш рангли мен илгари кўрмаган нарса турарди. Шеригим менга уни кўрсатиб буни яхшилаб таниб олинг, пол ювадиган дастгоҳ, бизга бундай матоҳ кўп асқотиши мумкин, деб қўйди. Мен “бу гап шунчаки бир гапдир” дедим-да, унга унчалик эътибор бермай мудрашда давом этавердим…
Кун ёришгач, шеригим Юлдуз ака деган америкалик ўзбек одамни қидириб кетди. Унинг шу ўрамда уч-тўртта кўп қаватли уйлари бўлиб, бизга ўхшаган мусофирларга ижарага жой бериб тураркан. Шу тобда биз ошхонасида ўтирган уй ҳам ўша кишининг уйи экан. Шунча уй-жойи, мол-дунёси бўлса-да, Юлдуз ака бирда Тошкентдан қайтиб келаётган отасини кутиб олгани аэропортга чиққанида қимматсираб машинасини аэропорт стоянкасига қўймай (соатига 13 АҚШ доллари) аэропорт атрофида айланиб юрган экан…
Бир пайт шеригим хомуш қайтиб келди. “Ҳа” — десам, “жой йўқмиш. Юкларимизни жойлаштиришгагина жой берди. Ўзимизга ҳу анави уйга қоронғи тушгач, кириб ётиб юрсангизлар бўлади” деди, дея ошхона ойнасидан кўриниб турган бинойидек уч қаватли уйни кўрсатди. Бу уйни хитойлик бир киши сотиб олибди. Яқинда уни бузиб, янгисини, ҳашаматлисини қурар экан.
Юкларимизни жойлаштирдик-да, ухламаган бўлсак-да, шаҳар айланмоқчи, метро ўриндиғида бироз мизғиб ҳам олмоқчи бўлдик. Мен Денверга боргунча бир ҳафтача Нью-Йоркни томоша қилишни мўлжаллаб чипта олган эдим. Шунинг учун шаҳарни айланишга ошиқардим.
Бироз юрганимиздан сўнг русчада “стол находок”га ўхшаш бир ёзувга кўзим тушиб қолса бўладими. Умид учқунлари пайдо бўлиб, ўша ёзув томон юрдим. У ерда ўндан ортиқ одамлар нимадир ишлар билан банд, ёзиб-чизиб ўтиришибди. Ҳаммасининг олдида бир-иккитадан одам. Бир келишгангина ўрта ёшлардаги рус аёлини холи кўриб, олдига бордим. У аёлга эндигина дардимни айтмоқчи эдим, тўлиб турган эканми, ўзининг ҳаётидан гап бошлаб қолди. Одоб сақлаб, уни тинглай бошладим.
“Биласизми, мен кимнинг хотиниман? Менинг эрим Фалончи Фалончиевич. Челябинск трактор заводи бош директорининг биринчи ўринбосари эди. Челябинск заводи бош директори дегани, бу Иттифоқ министри дегани, шуни биласизми? Тушуняпсизми?! Бу ёққа келганимизга бунча йил бўлди. Келганимиздан бери эримнинг қилмаган иши қолмади. Ҳозир метро рельсининг уланган жойларини, ғилдиракларни мойлаб юради. Киноларда кўрганмисиз шунақа ишлар қилиб, поезд ғилдиракларини мойлаб, тарақ-туруқ қилиб юрадиган одамларни? Ҳа балли, шулар каби” дея анча ҳовридан тушиб, кейин менинг саволимга ким жавоб бериши мумкинлигини қўли билан кўрсатиб юборди. Албатта, постерим топилмади. Икки энлик ариза ёзаман десам, фалон пул тўлаш керак экан, ёзмай қўя қолдим, чунки улар постерни топишгунича конференция якунига етишига ақлим етиб турар, мен бир ҳафтадан сўнг Нью-Йоркдан Денверга учиб кетишим керак эди. Пул бор-ку, бирор жойда постерни қайтадан тайёрлатиб оларман ўша аризага кетадиган пулга” дея ўзимча юпанган бўлдим.
У ердагиларга раҳматимни айтиб ҳамроҳим олдига чиқдим. Унга бор гапни айтиб бердим. У ҳам тақдирга тан берганимга хурсанд бўлди-да, “бу ерда автобусларга қоғоз пул ўтмайди, танга пул керак бўлади. Метродан ташқари автобусда ҳам кўп юрамиз. Анави газета сотадиган киоска Обид аканики. Шу кишининг олдига боринг-да, ўн-ўн беш сўмлик танга қилиб олинг. Мен унга тайинлаб қўйганман. Унгача мана бу дўконга кириб бир танишим билан ҳол-аҳвол сўрашиб оламан” деб менга маслаҳат берди.
Америкалик ўзбеклар ўзаро гаплашганда долларни сўм деб аташар экан. Мен ҳам киоскага бориб Обид ака билан салом-алик қилиб, ўзимни таништирган бўлдим-да, бироз пулимни тангага айлантириб, киоскадан икки қадам узоқлашганимни биламан, бир одам мени худди эски қадрдонини қучоқлагандек ачомлаб олди-да, киоска рўпарасида ҳар хил майда-чуйдалар сотиладиган дўкони томон бошлаб бориб, у ердаги катта-катта тўғноғичлардан олиб менинг кўкрак ва шимим чўнтакларини тўғноғич билан танғий бошлади ва пулни мунақа очиқ-сочиқ олиб юрмаслик кераклигини, чўнтаклар тўғноғич билан танғиб қўйилса, пул маҳкам туришини қайта-қайта тайинлади. Мен унга раҳматлар айтиб ҳамроҳимни қидириб кетдим. У ҳам ошнаси билан хўшлашиб, келаётган экан.
Ўта содда одам эканман… Бироздан сўнг ҳалиги тўғноғичлар қадалган чўнтакларимни кавлаштирганимни биламан, бир “сўм”им ҳам қолмаганини кўрдим. Ҳалиги дўкондор ўзбек “қадрдоним” бор пулимни эпчиллик билан олиб қўйган экан. Нима қилишни билмай, гарангсиб қолдим. Обид акада пул майдалаётганимда пулларга кўзи тушган дўкондорнинг қўлига пулларим ўтиб кетган эди. Яхшиям паспортим билан Тошкентга қайтар авиачиптам ўзимда қолибди. Ана қинғир қўлнинг чаққонлиги. Тошкентнинг манаман деган киссовуриям у дўкондорнинг олдида ип эша олмаса керак. Дамим ичимга тушиб кетди.
Барча режаларимнинг оёғи осмондан бўлди. Яхшиямки, сал олдинроқ мендан қарз сўраган ҳамроҳимга 100 сўм бериб қўйганим… Унга ҳам бир сўз айтишга мажолим қолмади. Ноилож бироз вақт ўтиб унга ёрилдим. У менга томоша қовоққа қарагандек анграйганча пича боқиб турди-да: “Бўлар иш бўпти, “билса — ҳазил, билмаса — чин” дебди-да номард! Берса шу пайтгача берарди. Бу гапни кўтарсак шармандагарчиликдан бўлак нарса бўлмайди. Бу ерда яшашимиз оғирлашиб кетади. Энди иккимизнинг шароитимиз бир хил бўлибди. Мен ҳам пулсизман, сиз ҳам пулсиз қолибсиз. Ишламасангиз бўлмайди. Иш топиш керак! Иш топиш керак! Иш топиш бу ерларда жудаям қийин. Ёки уйдан пул сўраб кўрасизми?” деб менга жиддий қараб қўйган эди, мен уйдан пул сўрашга ботинолмаслигимни билдирдим. Икки пулсиз ҳамроҳ беш кечани ўша хитой сотиб олиб бузмоқчи бўлган 40-50 хонали иситилмайдиган, ҳарорати 0 градуслар атрофидаги муздек, бунинг устига чироқсиз уйнинг бир хонасида ўтказдик. Устимиздаги кийимларимиз: тўшак, кўрпа, ёстиғимиз дастурхонимиз бўлди. Ушбу “музхона”да ухлаб кунимизни ўтказиб юрган кезларим ҳамроҳим бир куни эрта саҳар уйғонганимизда: “Қандай, ўтиб кетган яқин-йироқларингиз тушингизга кириб турибдими?” деб қолди. Мен “ҳа” дедим. Шунда у: “Бу ерда шунақа, нима учундир бетиним бизнинг юртимиздан келганларнинг тушига бир-икки ҳафта давомида бу оламни тарк этиб кетган яқинларининг руҳи кириб туради, ажабланарли ҳолат, а?” деб қўйди. Мен ўша суҳбатдан буён бунда қандай синоат бор экан, дея кўп ўйлайман, чунки бундай бўлишини мен бировдан эшитсам, “ҳа, энди одатдаги лофлардан биридир-да, ёлғон-яшиқ аралаш гапдир-да”, деб унча эътибор қилмаслигим мумкин эди, лекин бу воқеа ўзимнинг бошимдан ўтган эди-да…
Товуқнинг сонини қовурмоқчи бўлдим-у, қандай қовуришни билмай гаранг бўлиб турувдим, ушбу биз биринчи кечани Фаррух ака билан бирга ўтказган ошхонага бирин-кетин олтита ўзбек аёли кириб келиб, бир стол атрофига ўтириб ўзларининг бир ҳафта мобайнидаги ҳаётлари қандай ўтгани ҳақида суҳбатлаша бошлади. Мен фурсатдан фойдаланиб, уларга мурожаат этган эдим, нисбатан ёши каттароғи иккинчисига: “Фалончи, туринг, кўрсатиб юборинг” дея мурожаат қилди. У иккинчи аёл чап қўли кафтига бир ош қошиқча туздан тўкди-да, қўлимдаги товуқ сонини олиб, икки томонини яхшилаб тузлаб сингдиргач, уни қизиб турган мойга ташлаб, бир томони бироз қизигач, иккинчи томонини ағдариб, уни ҳам бироз тобига келгач, қозондан олиб, тарелкага қўйди ва иккинчи товуқ сонини ҳам шундай қилишимга мени ундади-да, “қизартириб олгач, ҳаммасини биратўла қозонга соласиз-да, пастроқ оловда димлаб қўясиз”, дея пазандаликдан таълим бериб, суҳбатини давом эттира кетди.
Мен товуқ сонларининг ҳаммасини эндигина димлаб бўлган эдим, Фаррух ака келиб, аёллар билан эски қадрдонлардай сўраша кетди. Аёллар бироз ўтиргач, тарқаб кетди. Шунда мен бўлган воқеани айтиб бердим. Фаррух ака: “Биласизми, сизга товуқ қовуришни ўргатган ким бўлади?”, деб қолди. Мен билмаслигимни айтдим. У эса аёл машҳур “ўзбек Пелеси” деб ном чиқарган таниқли футболчининг номини тилга олиб, унинг беваси эканини айтди.
Бир-икки кун ўтиб, ҳамроҳим Юлдуз аканинг уйи ошхонасида ёши 50-60 ларни қоралаб қолган, оқ мағиздан келган, хушрўйгина ўзбек аёли билан гаплашиб турганини кўрдим. У аёл мендан иш топган-топмаганимни ҳамда перашка пиширишни билсам, иш борлигини айтди. Мен перашка пиширишни билмаслигимни айтиб, “Мана, Фаррух ака — дўстим! Ўзигаям, менгаям иш ахтариб юрибди, топилиб қолар” деган эдим, у аёл: “Америкада дўст бўлмайди. Ўзингизга ўзингиз иш қидиришингизни маслаҳат бераман”, деди. У кетгач, “ким бу аёл?” деб сўраганимда, Фаррух ака: “Бу машҳур кўприк опа” деб жавоб берди. Мен ҳайрон бўлганимни кўргач, “Бу аёл тўққиз йиллик бевалигимдан хабардор бўлганидан буён менга турмушга чиқишга кўп иштиёқманд. Гап-сўзига қараганда, жудаям бадавлат. Тошкентда қанақадир савдо базаларини узоқ йиллар бошқарган экан. Пул, мол-дунё дегани унда ажиб-бижиб кетганмиш. Уй-жойларига анграйиб қолармиш киши. Бу ерларда неча йилдан бери перашкачилик қилиб бойлигига анчагина бойлик қўшганига шубҳа йўқ. Орттирган пулига бриллиант кўзли узук, зираклардан сотиб олиб, Тошкентга қайтмоқчи. Шунга мени эртага бирга ҳамроҳ бўлиб юришимни сўраб келибди”, — деди. — Ҳа, майли, ўтган ишга саловат. Мен бугун сизга бир иш топдим. Бир пайтлар ўша ерда ишлаганман. Ошпази Карен деганлари ғирт аблаҳ одам. Ўшанинг сассиқ гапига, кибри ҳавосига чидасангиз, ишлаб юраверасиз. Нью-Йоркдаги энг аблаҳ одамлар ошпазлар бўлади, ҳали кейинчалик бу гапимнинг мағзини чақиб оларсиз. Мен у Кареннинг инжиқлигига бир ойдан ортиқ тоқат қила олмаганман. У ресторанни, бу ерда бизлардаги кафеларни ҳам ресторан, “ЕвроАзия” дейишади. Хўжайини Юра, ўзимизнинг Бухоро жуҳудларидан. Сизни, майли, эртадан иш бошласин, деди. Борасизми? — деган эди, бошқа иложим йўқлиги боис, тасдиқ ишорасини қилиб “раҳмат” дедим.
Карен деганлари биринчи куни дашном бермади, гўёки мени сезмагандек юрди. Бизнинг миллий таомларимиз: лағмон, манти, шашлик кабиларни тайёрлашда жуда ҳам моҳир экан. Айниқса, лағмонни жуда ҳам эшиб қўяркан. Мазза қилиб бир коса сергўшт лағмонни еб тушлик қилиб олдим. Асосий ишим идиш-товоқ ювиш экан. Кейин у ёқ-бу ёқларни артиб-суртиб юриш билан шуғулландим. Ўзимча яхши ишлаган бўлдим. 8 соат ўрнига 12 соатча ишлаб бердим. Иш ҳақи эса кунбай ва 8 соатга берилади. Эртасига ҳам ишга келишимни айтишди. Шунда улар билан нонушта қилдим. Нонушта дегани иккита қовурилган тухум, бир-икки бурда нон ва чой экан. Эртаси куни Кареннинг аблаҳ қиёфаси соат сайин очила бошлади. Устига-устак улар қўйнинг устки ёғини қириб ахлатга ташлашар экан, мен шу ёғларни турар маконимдаги ҳамроҳимга олиб кетсам бўладими, деб сўраб бошим балога қолди. Бундай қилиб бўлмас экан. Ахлатга ташланса ташланар экан, лекин ҳеч ким у ердан бирор нарса уйига олиб кетиши мумкин эмас экан. Бу бир айбим бўлса, иккинчиси Каренни бир бора ҳамманинг олдида роса бўралаб сўкиб ташладим. Албатта, энди у ерда ишлашим ҳақида гап бўлиши мумкин эмас эди. Иш кунининг охирида Юра ҳозирча менинг меҳнатимга ҳожат қолмаганини, шунинг учун манави иш ҳаққинг, дея 100 сўмни қўлимга тутқазиб, керак бўлиб қолсам, чақиришини айтиб, дўстона хайрлашди.
Фаррух ака иш қидириб аллақаёқларга кетиб қолди. Мен Юлдуз акага Юрадан олган пулимни бериб, қолганини қарз қилиб туринг, дея илтимос қилиб, хоналаридаги каравотлардан бирининг иккинчи қаватидан жой олдим. Хонани шифти паст бўлиб, каравотда ўтириб қўлимни кўтарсам, шифтга тегарди. Ушбу хонада ухлаган биринчи куннинг ярим кечасида бирданига ўнг оёғимнинг болдири томири тортишиб қолса бўладими?! Дод деворишимга оз қолди. “Их. Их” дейман, холос. Чироқ йўқ — зимистон. Ишдан чарчаб келган нотаниш ҳамроҳлар пишиллаб ухлаяпти. Оёғимни силаганим билан бўлмаётир. Тик туришнинг иложи йўқ, шифт пастаккина. Пастга тушишнинг ҳам иложи йўқ, оёқ бунга мутлақо йўл бермаётир. Билмадим, бу азоб қанча вақт давом этганини… Шу-шу, ўрнимга шимим билан ётадиган бўлдим…
Ушбу хонага жойлашганимнинг эртасига кечга томон Юлдуз ака Ҳусан ака исмли мўмин-мулойим одам билан мендан ҳол-аҳвол сўрагани кириб келди. Бироз гаплашиб ўтирган ҳам эдикки, бир замон қўшни хона томонда “дупур-дупур” бошланиб кетди. Шунда Юлдуз ака “Бугун тағин араб кўпроқ ичиб келган кўринади” деб Ҳусан акага маъноли қараб қўйди. Қўшни хонадаги “дупур-дупур” бироздан сўнг “гурс-гурс”га айланиб, нақ рўпарамиздаги гипс девор тешилди-да, арабнинг этик кийган бир оёғи биз томонга деворнинг ўпирилган жойидан чиқиб келди…
Иш қидириб юриб “Одесса” деган росмана катта ресторанга кўзим тушиб қолди. Ўзбекларда паловхонни пишира олмайдиган эркак кам топилса керак. Таваккалига шу ресторанга кириб бориб унинг хўжайини Маратга ўзимни Тошкентнинг “Гулистон” ресторанида ошпаз бўлиб ишлаганман, деб таништирдим. Марат шеф ошпаз аёлни чақиртирди. У аёл мендан қандай таомлар тайёрлашим мумкинлиги ҳақида сўрай бошлади. Оғзимдан “Киев котлети” номи чиққанида бу котлетни тайёрлаш технологияси қанақа бўлишини мендан ижикилаб сўрай бошлади-да, жавобимдан қаноатланмай Маратга қараб бош чайқаб қўйди. Марат эса “балки Тошкентда Киев котлетини шунақа тайёрлашса керак-да, ҳа майли, бизга бир ош қилиб кўрсатиб берсин-чи”, деди.
Мен шеф ошпаз билан иккинчи қаватга кўтарилдим. Ресторан анчагина катта — 400—500 мижозга мўлжалланган эди. Шу кун кечки овқат маҳалига уларда тўй ўтказиш мўлжалланган бўлиб, 5-6 кило гуручли ош бу тўй қатнашчиларига етиб ортиши аниқ эди. Ўн-ўн беш нафар аёлу эркак турли таомлар: қизил балиқ, қораю қизил икра, ҳар хил “закуска”ларни тайёрлаш билан машғул, мени мутлақо сезмагандек бари бепарво эди. Ошпаз менга гўшт ва бошқа масаллиқлардан олаверишим мумкинлигини айтиб, ўзимга маъқул газ ўчоғини танлаб олишимга имкон берди. Олти кило гуручни дамлашга қурби етадиган яхшигина қозонсифат идишни танлаб, газ ўчоғини ҳам кўнгил тўларини олдим. Гўшт-сабзиларни қовуриб, гуручни сувга ивитиб қўйиб, у-бу иш билан машғул бўлиб турсам, бир чаққон гуруч ивитиб қўйган идишимни ағдариб ташлабди. Буни билгач, тезда оқиб кетмаган гуручларни йиғиштириб олиб мўлжаллаб кўрдим. Хийлагина камайган. Қозонда қайнаб турган масаллиқ сувидан чамалаб бир қисмини бўш идишга олиб қўйиб, гуручни қозонга солдим. Мўлжални яхши олган эканман. Ош чунон ўхшадики, асти қўяверасиз. Бош ошпаз келиб ошдан бир-икки чўқим еганидан сўнг бир нарса деган эди, худди товуқ жўжаларини чақирганидек ўн-ўн беш чоғли одам бари қозонни ўраб олиб ҳар бири ликопчасига ошдан солиб ея бошлади. Ошпаз ошдан Маратга етказишимни буюрди. Мен бир ликопча ошни олиб Маратга олиб тушдим. Марат ошдан бир икки чўқим еган бўлди-да, чўнтагини кавлаб менга 20 сўм узатди. Керак бўлиб қолсам, қандай топиш мумкинлигини сўради. Мен пулсиз бўлсам-да, 20 сўмни олмадим. Марат берган пул қилган меҳнатимга арзимас эди. Хафа бўлиб ресторандан чиқиб кетдим…
Нью-Йорк шаҳрида мабодо 911 рақмига қўнғироқ қилсангиз, уч хизмат: полиция, тиббиёт ва ўт ўчирувчилар командалари алоҳида-алоҳида бўлиб айтган жойингизга етиб боради ва ҳаммаси мустақил равишда чора кўра бошлайди. Юлдуз аканинг уйида ростми-ёлғонми икки ўзбекистонлик ўзаро муштлашиб жанжал қилаётганларидан безор бўлган бир мексикалик аёл шу рақамга қўнғироқ қилгач, етиб келган полициячилар у жанжалкашларни ўз машиналарига тиқиб кетиш билан бирга ўша ердаги бошқа баъзи хоналардаги ижарада яшовчиларнинг ҳам ҳужжатларини текширишиб, бундан бор-йўғи 15 кунча олдин Ўзбекистондан келган бир йигитни жанжалда иштирок этмаган бўлса-да, депортация қилиб юборган экан. Менга Фаррух акадан етиб келган узуқ-юлуқ гапларга қараганда, у шўри қуриган ўз визасини 18000 АҚШ долларига расмийлаштирган экан. Мен элчихона ходимининг бундай ишга қўли боришини мутлақо кўз олдимга келтира олмайман. У визанинг қалбаки эканини ўша полициячилар балки бирор усул билан сезиб қолишгандир-да, ўша шўрлик камида 18000 долларга тушиб қолгандир-да, дедим. Жанжал қилганларнинг бири “мен Американи, америка халқини жуда ҳам яхши кўраман…” деган экан, эртасигаёқ бўшатиб юборишибди…
Касал бўлиб қолганим сабабли конференция ишида иштирок эта олмаслигимни минг хижолат билан узр тариқасида интернет орқали Денверга ёзиб юборишга мажбур бўлдим. Уйдагиларга ҳам бу ерда мўмай пул берадиган иш топганим сабабли 5-6 ой ушланиб қолишимни билдириб қўйдим. Албатта, бу хатимдан уйдагилар, айниқса, хотиним хурсанд бўлди. Пул олиб бораман-да…
Яна иш қидиришга тушдим. Пул йўқ. Қорин ўлгудек оч. Ҳеч кимга додингни айтолмайсан. Фаррух акадан ҳам дарак йўқ. Брайтон кўчасидаги Обид аканинг киоскасидан сал наридаги жамадонлар сотиладиган дўкон томон кетаётсам, бир таниш чеҳра аёлга кўзим тушиб қолди. Не кўз билан кўрай, ўзим билан бир пайтлар ишлаган Шоира Расулевна. Омонлашдик. Шоира Расулевна ҳам мени кўрганидан қувониб кетди. Бизлар кўп йиллар бир тизимда ишлаган бўлсак-да, камдан-кам кўришганмиз. У ташкилотимизнинг Тошкент шаҳар бўлимини бошқарарди. Мен бош аппаратда эдим. Бу ерда эса дарров эски қадрдонлардек бўлиб кетдик. У жамадон дўконидаги бир-икки буюмни кўргандек бўлди-да, иккимиз бир чақиримча нарида одамлар бола-чақаси билан дам олиб сайр қилиб юрадиган кўл атрофига бориб бир скамейкага ўтирдик. Шоира Расулевна қанча муддатга келганимни билгач, “Келганиз яхши бўлибди. Энди бу олти ой дегани бир пасда ўтади-кетади. Йўлкира харажатини қоплашнинг ўзигаям анча меҳнат қилишингиз керак. Бу муддатни чўзишга қандай ҳужжатлар тўлдириш керак бўлган қоғозлар менда бор. Уй эгалари соат тўртда уйдан чиқиб кетишади. Унгача мен уйга боришим мумкин эмас. Соат тўртда мен турган уйга бирга борамиз-да, сизга у қоғозларни бериб тураман. Бир нусха кўчириб оласиз” деди. Ўша атрофда бир-икки соатча айланиб юрган бўлдик. Шоира Расулевнанинг “уйи”га кириб бораётганимизда эшик ёнидаги айвончада икки-уч маҳаллий оқбадан аёл гаплашиб ўтирган экан. Улар билан омонлашиб ичкарига ўтдик. Шоира Расулевна мени бир мўъжазгина стол четидаги стулга ўтқазгач, олдимга иккита қайнатилган тухум, бир-икки бурда қора, оқ нон яна қуритилган картошка япроқлари бор қутичани қўйди. Бир чашкада чой берди. Мен тортиниб ҳам ўтирмадим. Кечадан буён туз тотмаган эдим-да. Маза қилиб у таомларни еб олдим. Шу орада Шоира Расулевна ўша атрофда кимнингдир гўдагига қараб юрган ўзи тенги баодоб дугонасини телефонда чақиришга улгурган экан, у аравачадаги гўдак билан келиб қолди. “Бегона эркак билан ёлғиз уйингда бўлди” деган гап-сўздан ўзини эҳтиёт тутган ва лекин ушбу ноқулайчилик бўлган тақдирда ҳам менга Шоира Расулевна ҳиммат кўрсатиб, келажакда нафи тегар бунга, дея ҳалиги қоғозларни беришга жазм қилганига тасаннолар айтмай иложим йўқ. Мен Шоира Расулевнага пулимни олдириб қўйганим ва кечадан буён туз тотмаганим ҳақида гапириб ўтирмадим. Қоғозларни кўчириб олганимдан сўнг стол устидаги картошка япроқчалари солинган қутичани қўлимга тутқазиб, икки дугона аравачани галма-гал ғилдиратиб бориб анча жойгача кузатиб қўйишди. Шу билан у опа билан на Америкада ва на Тошкентда бошқа кўришганимиз йўқ.
У ердан қайтар чоғимда “Одесса” ресторани олдидан ўтиб қолдим. Шунда мен ҳалол пулим-ку, 20 сўм бўлсаям, олиб кета қолай деб ичкарига кирган эдим, эшик олдида турган швейцар таниб қолиб, мен пиширган паловни бир мақтади-бир мақтади, қўяверасиз. Ошнинг мазаси оғзида қолганмиш. Кейин билсам, Марат берган паловимнинг идишда қолганини ўша швейцарга берган экан. Марат мени кўргач, индамасдан 20 сўмни чўнтагидан чиқариб узатди. Мен раҳмат айтиб, чиқиб кетавердим. Мабодо, бир ишга зарурат бўлиб қолса-чи, дея у пулни ишлатишга қўрқар эдим. Шаҳарни айланиб томоша қилиш эса мутлақо хаёлимдан кўтарилиб кетди. Ҳаётим учун ўзим билганча курашаётган эдим.
Бир “коробка”ча картошка япроқларни икки кун эрмак қилдим. Анчагина силлам қуригандек бўлди. Бир вақт бостирмадаги хонамга Саёҳат (баъзи исмларни мажбуран ўзгартириб бораман) исмли эллик ёшлар чамаси қотмадан келган бир ўзбек аёли кириб келди. У ҳақда менга Фаррух ака бир учрашиб қолганда: “Уч-тўрт йилдан буён шу ерда. Бола-чақаси Тошкентда. Қуда-андали аёл. Бу ерда ҳам ўзимиздан келган биттасига тегиб олган”, деган эди… Аёл ичкарига кирар-кирмас, салом-аликдан аввал дабдурустдан: “Ошпаз экансиз, шундайми?” деб сўраб қолди. Мен “шундай” деб жавоб бердим.
— Гена ва Карен исмли тошкентлик йигитлар ресторан очишган. Шунга миллий таомлар тайёрлай оладиган ошпаз керак бўляпти. Ҳафтасига 450 сўм бермоқчи, борасизми? — деди. “Бораман” дедим. (Буни қаранг, бу сафар ҳам томоқ илинжида Карен деганга рўпара бўларканман-да!).
У ерда сизга бир ўрис ошпаз бош бўлади, бошланишида икки кун текинга ишлаб берасиз” деб қўйди гап орасида.
Мен раҳмат, дедим-у, Тошкентдаги “Гулистон” ресторанининг ошпазиман деб, ўша ресторанчага бордим. Бу ёғи Марк Твеннинг аҳволи… Тирикчилик қилишим керак-ку, ахир, нима қилай? Очимдан ўлай деб турган бўлсам. Гадойликка бўйин ёр бермаса, умуман олганда, Америкада бирорта ҳам тиланчи ёки “бомж”ни учратганим йўқ. Менинг Америкада биринчи гадой ёки “бомж”га айланиш эҳтимолим унча узоқ эмас эди…
Ошпаз Иван мени яхши кутиб олди. Ич-ичимдан хурсанд бўлдим. Зора яхши одамни учратган бўлсам, деган умидда барча айтганларини қилиб юрдим. Иванбой ишига пухта йигит экан. Лекин у ҳам хасис чиқиб қолди. Чамамда ўзим мустақил равишда иш бошламагунимча менга лоақал бир дона тухум ёки бир бурда нон ҳам бермайдиган кўринади. Қўл остимда шунча егулик бўлса-ю, ботиниб еёлмасам… Ўзимча бирор нарса пишириб ей десам, Иваннинг жаҳли чиқиб кетишидан қўрқаман. Бу киши оқиб турган дарёдан бир пиёла сув ҳам илинмайдиган, ичи қора одам экан. Орадан тўрт кун ўтгач, Карен менга энди ўзимизнинг миллий таомларни тайёрлашни бошлашим шартлигини айтиб қолди. Унинг менга қилган одамгарчилигини ўлгунимча унутмасам керак. “Хўп” деб ишга киришдим-у, балога қолдим. Шу кундан бошлаб, Иваннинг “фашист”лиги тутди. Юрсам ҳам, ўтирсам ҳам калака қилади. Камситади, ғашимга тегадиган гаплар қилади. Қўлидан келган барча ҳунарини ишга солди. Менимча, Юранинг ҳу ўша Карени Иваннинг олдида авлиё экан.
Халқимизда бир ажойиб нақл бор: “Яхши бўлса, ошини, ёмон бўлса, бошини ейди” деган. Ўзимизнинг Каренжон бир куни Иванни ишдан қувиб юборди. У менга ёмон муомала қилгани учун қувилдими ёки бирор айб иш қилиб қўйдими, ишқилиб, даф бўлди. Тагига етолмадим.
Хуллас, хўжайинларим менга палов тайёрлатиб бир ёққа бериб юборишди. Саёҳат ўзи келиб ошнинг таъмини татиб, мақтаб кетди. У ўша ерда залда официант экан, чамамда. Кейин чўзма лағмон буюришди. Буниям эпладим. Ўзимга қойил қолдим, лекин шу пайтгача “гвоздика” деган нарсанинг лағмонга солинишини билмас эканман. Шундан панд едим. Кабобниям унча ўхшата олмадим, чоғи. Саёҳат ўша ердаги эрини айтиб келди. У менга кабобпазликдан пича сабоқ берган бўлди. Кейинчалик ўша йигитни аэропортда Саёҳатни Тошкентга кузатаётганида яна бир бор учратиб қолиб, ҳар эҳтимолга қарши Тошкентдан олиб келган икки почка “Родопи” сигаретини бериб, хурсанд қилиб қўйдим.
Америкадан тугун-тугун совға-саломларни олиб борган Саёҳатни пойтахтимиз аэропортида тошкентлик эри оғзи қулоғида, қуда-андалари, фарзандлари, қариндош-уруғи, бир замонлар космонавт Терешковани кутиб олишганидек тантаналар билан қучоқ очиб қаршиладилар.
Хуллас, хўжайинларимнинг истаги билан қайнатма шўрвага навбат келди. Ўзимча бундан осони борми, дея сервитамин бўлсин деб роса кўкатларни қозонга босибман, денг. Ичган одамнинг ичини ачитиб юборганига шубҳам йўқ. Мантини ҳам бир амалладим. Чучвара ҳам тугдим. Бир гал Кареннинг отаси уч-тўртта сўйилган қўйни бутунлигича олиб келиб олдимга ташлади. “Разделяй” деди. “Разделяй” дегани ошпазларнинг тилида гўштини суякдан ажратиш бўлса керак, деб тушуниб, шундай қилдим… Беш-олти кун 18 соатлаб ишлаганимдан тинка-мадорим қуриб кетди. Иш охирида яна идиш-товоқ ювиш ҳам каминанинг зиммасида эди. Яхшиям Карен иш бошлаганимнинг бешинчи куни мақтаб-мақтаб аванс сифатида 350 сўм бериб қўйганди. Пулни энди тўғноғич етмайдиган жойга маҳкамлаб олдим-да, яна икки кун ишлаб, ҳақимниям олмай, хайр-маъзурни насия қилиб қочиб қолдим.
Бир-икки кун ўзимга келгач, яна иш қидиришга тушдим. Бироз тажриба ошгани учунми ёки бетим қаттиқлашиб қолдими, иш сўрашдан уялмайдиган бўлиб қолдим. “Золотая Рибка” деган Гастрономсифат жойда Лёва исмли украиналик йигит билан танишиб қолдим. У мени ўз хўжайини деб танитган аёлнинг тасдиғидан ўтказиб, ишга олди. У ерда ҳам икки кун ишладим. Лёва менга товуқ сонлари терисини шилишни ҳамда унинг ичига турли сабзавотлардан солиб худди товуқ оёғидек қилиб ўраб қўйишдан дарс берди. Мен бу ишни дарров ўрганиб олдим-да, икки кун ичида юзлаб товуқ сонларидан айтганидай қилиб тайёрлаб ташладим. Биринчи иш куним перашкачи аёл мени перашкаси билан меҳмон қилди. Хом товуқ гўштини ушлайвериб, шилимшиқ бўлиб кетган қўлимни ҳам ювмасдан перашкани апил-тапил, чайнамай ютдим-да, қорним тўйганига хурсанд бўлиб ишимни давом эттирдим. Иккинчи иш куним туш пайтида кимдир менга қандайдир егуликдан косага ўхшаш идишда узатди. Тик турган ҳолда тамадди қилмоқчи эдим, Лёва меҳрибонлик қилиб, панароқ ерни кўрсатиб, бир курсичага ўтириб овқатланишимга ижозат берди. Мен одамгарчилик бор экан-ку, дея курсига ўтириб эндигина оғзимга бир-икки қошиқ овқат олиб борганимни биламан, қаёқдандир паканадан келган, хўжайин аёлнинг эри, шекилли, Павел исмли иш юритувчи тепамда пайдо бўлиб менга ўшқира кетди. Шунда Лёва уни бир четга тортиб, 10 дақиқача нималардир дея куйиб-пишиб изоҳ берди. Гапнинг қисқаси, шу сабабми ўша куниёқ бу ерда ҳам ишлашим поёнига етди. Хизмат ҳақимни икки-уч кундан кейингина (Лёва ундириб қўйган экан) олиб кетдим.
Яна иш қидириб юриб Лёвани кўриб қолдим. “Иш борми?” деб сўраган эдим, “йўқ, ҳали ўша товуқ сонлари сотилгани йўқ. В Америке собачая жизнь” дея жавоб қилди. Уни бошқа учратмадим. Аммо унинг “В Америке собачая жизнь” деган сўзини кейинчалик яна бир бора эшитдим…
Фаррух ака бизлардаги спринтга ўхшаш бир сўмлик лотерея ўйинини яхши кўрарди. Қўлига пул тушди дегунча шаҳардан узоқроқдаги Лас Вегас деган қиморхонага бориб, компьютерда қимор ўйнарди.
Лотерея ўйналадиган жойга кириб турган эдик, бир рус аёли бизга яқинлашди-да, “Тошкентданмисизлар?” деб сўради. Биз: “Ҳа” дедик. У аёл мен ҳам Тошкентданман. Бир пайтлар Шайхонтоҳур туман ҳокимиятида ишлардим. Сизларга Америка ёқдими?” деб сўради. Биз сир бой бермай, “Яқинда келдик. Ҳали у-бу нарсани кўрганимизча йўқ” деб муғомбирлик қилган бўлдик. Ўшанда аёл дабдурустдан “В Америке собачая жизнь” деб қолди…
Лас Вегас қиморхонасида америкаликлар шу даражада ўйинга берилиб кетишарканки, ҳатто ҳожатхонага боришга ҳам вақтларини аяб, бир талай эркагу аёл қиморбоз, чолу кампир памперс кийиб олишар экан. Фаррух ака у ерда қимор ўйнаганида памперс кийган-киймаганидан хабарим йўқ…
Ўшанда Лёванинг ўзиям мен сабаб ишдан ҳайдалиб кетганмиди, деб ўйлаб қоламан гоҳо, яна билмадим. Америкадаги менга ўхшаганларга иш берувчилар тушлик қилдириш деган нарсани билишмас экан. Умуман, Америкада бундай ишларда тер тўкадиган одамларга ўтириш мутлақо ман этилган чоғи. Улар учун “танаффус”, “тушлик” деган тушунчалар мутлақо ёт. Яхшиям, нафас олишга дахл қилишмайди. У ерлардаги мен каби меҳнаткашлар бу масалада мутлақо ҳимоясиз, чунки икки оғиз ўз хуқуқини ҳимоя қилмоқчи бўлган одам ўша куниёқ силлиққина ишдан бўшатиб юборилади. Номига 8 соатли иш, аслида иш вақти 18 соатгача ҳам етиб боради. Пулни ҳам инсоф қилса, меҳнат ҳақи қилиб беради, инсоф қилмаса, додингизни кимга айтсангиз, айтаверинг. Иш ҳақини ундиролмай юрганларни кўп учратдим. Бирор кафе, ресторанда шикоят дафтари ёки қонунни ҳимоя қилиш ташкилоти телефони ёзилмаган. Ёзилган тақдирда нима ҳам келарди қўлингиздан. Нолегаллигингиз маълум бўлади-да, депортация қилиниб юртингизга жўнатиб юбориласиз. Бундай кам иш ҳақига меҳнат қилиб юрганларни, менимча, бирор-бир ҳимоялагувчи куч ёки қонун Америкадек демократик давлатда мутлақо йўқ.
Менимча, Американинг демократик қонунлари, асосан, ўзининг фуқароларининг ҳимоясига қаратилган. Ўша қонунлар мен каби яқинда келган ҳамда бирор ишнинг бошини тутмаганлар, айтайлик, тадбиркорликни йўлга қўйганларни бойитиш учун жуда ҳам қулай имконият беради. Туб аҳоли соатига 25-30 сўмга бажарадиган ишни мен кабилар ноилож қолганидан 3-4 сўмга ҳам жон-жон деб бажариб юраверади ва яна кетидан раҳмат ҳам айтиб қўяди. Бундай одамлардан эса, айтайлик, Мексикадан келганларининг ўзи 12 миллиондан ошади. Мексика ташқи ишлар вазирлигининг берган маълумотларига суянсак, АҚШда 33,5 миллион насл-насаби мексикалик бўлганлар яшайди, уларнинг Америка иқтисодиётига қўшган ҳиссаси ЯИМнинг 8 фоизига тенг.
20 миллионча тили қисиқ, тентираб юрганларга нисбатан ўзини кўрмаганга солиб қонун бузилишига, демократиянинг бузилишига бунинг мутлақо алоқаси йўқ, дея дадил айта олиши учун Американинг ўзида мен каби жаҳоннинг турли мамлакатларидан келган меҳнаткашларни нолегаллар дея, Россияда собиқ иттифоқ республикаларидан борган неча миллион ҳалол кун кўрувчи одамни гастарбайтер дея, Европада неча миллион меҳнаткаш одамни мигрант дея ном бериб, уларнинг аксариятини кўп нарсаларда мутлақо хуқуқсиз қилиб қўйганлар, деган хулосага келдим.
Америкага бориб меҳнати орқали кун кўрмоқчи бўлган, пул топмоқчи бўлган одам маълум бир ҳуқуқларга эга бўлиш учун гринкарднинг қайсидир турини ютган бўлиш керак. Гринкарди йўқми, у қонундан ташқари одам.
Америкалик ўзбекларнинг бир неча бора меҳмони бўлдик. Фаррух ака бир куни “Юринг, уч тўрт йил бурун гринкард ютиб бу ерга Тошкентдан турғун яшаб қолиш учун кўчиб келган Турғун ака деган собиқ ҳамшаҳаримиз иккимизни меҳмонга чақиряпти, шуникига бориб келамиз” деб қолди. Бироз автобусда юришга тўғри келди. Биз иккимиз бошланғич бекатда чиққанимиз учун автобуснинг олди эшиги яқинидаги ўриндиқларидан жой олган эдик. Бироздан сўнг автобус ўта тиқилинч бўлиб кетди. Бир ҳассаси бор, оппоқ сақолли қария автобусга чиқиб келди. Мен одатимиз бўйича дарров ўрнимдан туриб унга жой бермоқчи эдим, Фаррух ака секин оёғимни сиқиб қўйиб, ўтираверинг жойизда, бу ерда ҳеч ким ҳеч кимга жой бермайди, ҳали бундан ҳам қизиғларини кўрасиз, биз ҳозир томошабинмиз” деб қўйди. Бироздан сўнг бир аёл қўлида боласи ва яна бир кичкинтойни етаклаган ҳолда автобусга чиқиб келди. Унга ҳам ҳеч ким ўрнини бўшатиб жой бергани йўқ. Бу ҳолат ғоятда мени ажаблантирди. Мен кейинчалик “нега бундай” деб Фаррух акадан сўраган эдим у: “Америка халқи пулсиз юрмайди. Бу давлатда камбағал одам йўқ. Зарурат бўлса, бироз пулингни аямагинда таксида мазза қилиб ўтириб кетавер, деган ёзилмаган қонуни бор”, дея менга изоҳ берди. Шунда ҳам мен ушбу кўрган ҳолатимни ҳазм қила олмадим. Тошкентда мутлақо тиқилинч бўлмаган трамвайга бир ўрта ёшлар чамаси ўзбек аёли чиқиб келганида қўлида тарвуз ва қовунни қучоқлаб ўтирган бир русийзабон йигит дарҳол туриб жой бергани эсимга тушди.
Турғун ака деганлари 60 ёшлар атрофидаги ўрта бўйли тўлароқдан келган, қора тўри, қориндор тошкентлик ўзбек бўлиб, уч қаватли иморатнинг иккинчи қаватидаги икки хонали квартирада ойига 1300 сўмга ижара ҳақи тўлаб, хотини ҳамда иккинчи ўғли билан яшар экан. АҚШ армиясида хизмат қилганлар учун олий таълим масканига кириб ўқишидаги сармоя сарфида имтиёз бўлгани сабабли катта ўғил оилавий маслаҳатдан сўнг ўз ихтиёри билан армия хизматига кетган бўлиб, орадан уч ой ўтгач қирғинбарот бўлиб ётган Ироққа жўнатилган ва шу сабаб ўшандан бери ҳар куни оилада болаларнинг онасини ваҳима босар ҳамда кўзёшини тўхтата олмас экан. Йигит армия хизматига бормаса уни ўқитишга оиланинг мутлақо қурби етмайдиган бўлиб, бу Турғун ака бизни меҳмон қилиш учун “безаган” дастурхонидан ҳам кўриниб турарди. Турғун ака олдимизга бир ликопчада мошкичири қўйди. Столда меҳмондорчиликдан асар ҳам йўқ эди. Бир кишини ўртача тамадди қилишига етарли у-бу бор эди, чамамда. Бироз ундан-бундан гаплашиб ўтиргач, Турғун ака биз “қишлоқи, ҳақиқий цивилизация ҳаётдан ҳў-ў орқада қолиб кетган ўзбек эркакларини” ўзининг цивилизация ҳаёти билан таништириш мақсадида телевизори бор икки киши ётиши учун мўлжалланган каравотли шинамгина хонага бошлаб кирди.
Турғун ака телевизори мурватини бир у ёққа, бир бу ёққа бураб “мана, мана” деди-да, бизларнинг ёнимизга келиб ўтирди. Телевизор экранида 5-6 қипяланғоч, оқ-қора бўйчан қизлар… Турғун ака эса уларнинг хати-ҳаракатларидан худди ёш болалар каби завқланар, ҳар замон қийқириб ҳам қўярди. Менимча ёш болалар сўзини ноўрин ишлатдим, чамамда, чунки мен билган ёш болаларнинг бариси ўғилми-қизми телеэкранда сал-пал андишасизлик ҳолати намойиш этила бошланса, кўзларини телевизор экранидан олиб қочишга, баъзилари мурватни босиб ёки бураб бошқа дастурга ўтишга ва ёки ўрнидан туриб бирор зарур иши эсига тушиб қолгандек, ташқарига чиқиб кетишга ҳаракат қила бошлашади. Бизнинг Турғун ака эса 60 яшар. Нақ телевизор ичига кириб, ўша беҳаё қизлар ичида бўлиб қолиш орзусида эканини бизлардан мутлақо яширмас ва бизларни ҳам ўзининг ҳамфикрларидан, деб биларди чоғи. У одам назаримда қиём ейман деб қиём идиш ичига тушиб ҳалок бўлиш олдидан типирчилаётган чумолига ёки пашшага ўхшаб кетарди.
Бугун бўлмаса эртага Тошкентга йўлга чиқай деб турибман. Ёзганларимни ўқиб, Америкага фақат енгил табиат аёлларимиз, эркакларимиз келарканда, деб хулоса чиқариб юрманглар. Мен кўплаб одоб-ахлоқларига ҳавас қилгудек ҳамюртларимизни кўрдим. Уларнинг бари бу ердаги хору зорликларни бола-чақаси деб, она юртимизнинг мустақиллиги барқарор бўлиши учун деб ўзлари билганича ҳисса қўшаётирлар. Қилмаган ишлари, ўрганмаган ҳунарлари қолмаётир. Бу ўрганган ҳунарларини эртами-кечми юртимизда ё ўзлари, ё бола-чақалари йўлга қўйишади.
Мансурхон Тоиров, физика-математика фанлари доктори, профессор
“Ҳуррият” газетаси, 2017 йил, 1-5-сонлари