Бу йил туғилган кунига 100 йил тўлган Мақсуд Шайхзода ўзбек адабиётини жаҳон халқлари адабиётлари билан ўзаро боғлаган “олтин кўприк”ларимиздан биридир. У қарийб қирқ йиллик ижодий фаолияти мобайнида миллий адабиётимизнинг шеърият, драматургия, публицистика сингари соҳаларида самарали ижод қилибгина қолмай, адабиётшунослик ва бадиий таржима масалалари билан ҳам фаол шуғулланди. Абдулла Қаҳҳор ифодаси билан айтсак, унинг биргина адабий танқид ва адабиётшунослик соҳасида яратган мақолалари тарозининг бир палласини бемалол босади. Агар Шайхзода мақолалари рўйхатига назар ташласак, унинг ўзбек халқини А.Н.Радишчев, А.С.Грибоедов, А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов, В.Г.Белинский, Н.Г.Чернишевский, Н.А.Некрасов, А.Н.Островский, А.ПЧехов, А.М.Горький, В.В.Маяковский сингари рус, Ш.Руставели, Низомий, Фузулий, Тарас Шевченко, Самад Вур-ғун, Нозим Ҳикмат сингари яқин хорижий, Шекспир, Гёте, Байрон, Беранже сингари жаҳон мумтоз адибларининг ҳаёти ва ижоди билан таништирганини кўриб, ҳайратга тушамиз. У мазкур ёзувчиларнинг айримлари тўғрисида бир эмас, турли муносабат билан беш-олтиталаб мақолалар ёзган.
Грузин адабиётининг буюк асосчиси Шота Руставели асарининг 800 йиллиги нишонланган 30-йиллар адоғига қадар нафақат ўзбеклар, бошқа аксар халқлар ҳам “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достони ва унинг муаллифи ҳақида жиддий тасаввурга эга бўлмаганлар. Шайхзода шундай тарихий-маданий бир даврда мазкур асарни ҳамкасб дўсти Миртемир билан таржима қилибгина қолмай, у ҳақда катта тадқиқот ҳам яратди. Бу мазмундор мақолада Шайхзода достонда тасвирланган даврни ҳам Шота Руставели ижодини ҳам нуқул ёритиб беради. Жумладан, у шундай ёзади: “Грузиянинг сиёсий ва жуғрофий мав-қеи, унинг Шарқ ва Ғарб ўртасида кўприк ролини ўйнаши бу мамлакатнинг маданий ва адабий ҳаётида ҳам икки маданиятнинг омухта бўлиб кетишига, Европа ва Осиё халқлари маданий алоқаларининг бу юртда алоҳида бир ҳусн билан жилваланишига имкон очди. Ўша даврда Тбилисида эронлик, араб, туркистонлик олим ё шоирлар билан бир қаторда юнонлик ёки мағриб диёрларидан келган файласуфларни ва санъаткорларни учратиш мумкин эди”.
Кўрамизки, Грузия ХII асрда секин-аста давлат қиёфасини олгунига қадар турли халқлар ва маданиятлар туташган маконлардан бири бўлган. Бошқа халқлар ва мамлакатлар учун ҳам муштарак ҳисобланадиган бу ҳол кишилик маданиятининг қадимдан ўзаро алоқа жараёнида пайдо бўлиб ва ривожланиб келганидан далолат беради. Агар Руставелига қадар малика Тамара даврида яшаган шоирлардан бири Чахрухадзенинг Эрон, Ҳиндистон, Хитой, Туркистон, Россия, Арабистон ва Миср каби ҳудудларда бўлганини эътиборга олсак, “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достони муаллифи эмаслиги ҳам тахминан шу мамлакатларга сафар қилгани ва шу ҳудудларда содир бўлган воқеалар грузин жамияти учун ҳам ёт эмаслиги бир қадар равшанлашади.
Шайхзода асар яратилган даврдаги Грузия давлатининг шаклланиш жараёни, Шота Руставели ҳаёти, “Йўлбарс терисини ёпинган” достонининг ғоявий мазмуни ва бадиий хусусиятлари тўғрисида мукаммал маълумот беради. Адиб шу билангина кифояланмай, мазкур асар воситасида Шарқ шоирлари, хусусан, Навоий ижоди ўртасидаги муштарак нуқталарни топади ва уларга кенг эътиборни қаратади.
“Йўлбарс терисини ёпиниш, – деб ёзади Шайхзода, – Шарқ адабиётларида Руставелидан илгари ҳам, ундан кейин ҳам қўлланиб келган усуллардан биридир. Масалан, улуғ форс-тожик шоири Абулқосим Фирдавсий (Х аср) нинг “Шоҳнома”сидаги бир қанча қаҳрамонлар (Сом, Рустам, Асфандиёр, Суҳроб ва бошқалар) йўлбарс терисини ёпиниб юрадилар ва жангга кирганда ҳам уни ечмайдилар. Фирдавсий қаҳрамонлари наздида, бу – мардлик, қаҳрамонлик, йўлбарсдек беомонлик ва чаққонлик аломати саналар эди.
Шуниси қизиқки, буюк ўзбек шоири Алишер Навоий ижодига бу сурат (йўлбарс ёхуд қоплон териси ёпинган киши) бегона бўлмай, у ҳам ўзининг бир қитъасида бу “либос”ни ишлатади. Унинг қитъаларидан бирида Ҳайдар деган киши ҳақида гап боради. Бу Ҳайдарнинг қандай киши эканини мазкур қитъанинг сарлавҳасидан англаймиз: “Ҳайдар қаландарнинг бозорни даврон урғоники, фалак давронида мундоқ савдо кишига даст бермади”. Сарлавҳадан маълум бўлишича, Ҳайдар исмли киши Навоийнинг замондоши, ўзи девонасифат бир қаландар бўлиб, шаҳар ва бозорда юрар экан. Энди қитъанинг ўз мазмунини кўрайлик:
Эрур даврин урарда Мирҳайдар
Жаҳон саргаштаси гардун мисоли,
Ёпинган эгнига қоплон терисин,
Тутубдур илгига кушти ҳилоли.
Навоийнинг бу чизиб берган портретида биз жаҳонгашта ва саргардон бўлиб юрган Мирҳайдарнинг орқасига қоплон териси ёпиниб, қўлига ойболта ушлаб юрган ғалати бир киши эканини кўрамиз…”
Шайхзода, тадқиқотни давом эттириб, Мирҳайдарнинг ким бўлганлиги ҳақидаги маълумотни ахтариб кетади ва бундай маълумотни Навоийннг “Мажолис ун-нафоис” асаридан топади. Аён бўлишича, Мирҳайдар Мажзуб истеъдодли ва ҳақгўй одам бўлиб, адолатсизликларга чидолмай, ақлига шикаст етказган. Бироқ ўзига келган пайтларда бирор олим у билан баҳслаша олмаган: у шу қадар билимдон бўлган. Унинг девоналар қаторида мажзуб (жазавага берилган киши) бўлиб юриши жазо ва таъқиблардан холи бўлишига имкон берган.
“Хулоса қилиб шуни айтсам бўладики, – деб ёзади Шайхзода, – йўлбарс терисини ёпиниш Фирдавсий қаҳрамонлари учун мардлик ва жанговарлик рамзидек талқин этилган бўлса, Тариэлда бу “либос” муҳаббатда садоқат белгиси бўлиб хизмат қилади. Навоийнинг замондоши Мирҳайдарда эса, қоплон терисини ёпиниш фалсафий-сиёсий бир аломат бўлиб, жамият қонунлари билан келишмаслик жасоратли байроқдек англашилади”.
Юқоридаги узундан-узоқ тафсилот бир халқнинг адабий меросидаги унсур ёки унсурлар бошқа халқлар жумладан, ўзбек халқининг ҳам адабий мероси учун ёт эмаслигини, аксинча, турли миллий адабий мерослар ўртасида муштарак ҳоллар оз бўлмаганлигини, бинобарин, халқлар қадимда ягона маданий-маиший маконда яшаганларини яна бир бор тасдиқлайди.
Шайхзода бошқа Ғарб ва Шарқ ёзувчилари ижодини тадқиқ этишга бағишланган мақолаларида ҳам кишилик маданиятининг ўзаро алоқа ва таъсир жараёнида ривожланиб келганини меҳр билан кузатади. Афсуски, шу қонуний ва ҳаётбахш жараён сўнгги асрларда турли ижтимоий сабаблар натижасида тўхтаб қолган эди. Шунинг учун ҳам Шайхзода ўтган асрнинг 30-йилларидан қайта тиклана бошлаган адабий алоқалар равнақига ўз ҳиссасини қўшишга астойдил киришди. У жаҳон мумтоз ва замонавий адабиёти намояндалари тўғрисида мақолалар ёзиш билан бирга уларнинг энг яхши асарларини ўзбек халқининг бадиий мулкига айлантириш учун бадиий таржимага алоҳида эътибор билан қаради.
Шоир-таржимон юқорида тилга олинган Шота Руставелининг ”Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достонидан ташқари, юнон адабиётидан Эзоп ва Эсхил асарларини, Европа адабиётидан Шекспир, Гёте, Байрон, Мицкевич, рус адабиётидан Пушкин, Лермонтов, Маяковский, украин ва белорус адабиётидан Шевченко, Янка Купала ва Петрусь Бровка, озарбайжон адабиётидан Низомий, Фузулий, Мирза Фатали Охундов, Самад Вурғун, Усмон Саривали, Сулаймон Рустам, Расул Риза, турк адабиётидан – Нозим Ҳикмат, арман адабиётидан Егише Чаренц, Аветик Исаакян, тожик адабиётидан Боқи Раҳимзода ва бошқа шоирларнинг асарларини маҳорат билан ўзбек тилида жаранглата олди. У биргина Пушкиннинг лирик шеърлари билан бирга “Мис чавандоз” достони ҳамда “Моцарт ва Сальери” драмасини, Лермонтовнинг лирик шеърлари билан бирга “Кавказ асири” достонини, Шекспирнинг сонетларидан ташқари, “Ҳамлет” ҳамда “Ромео ва Жульетта” трагедияларини Навоий ва Абдулла Қодирий тилида жаранглашига муносиб ҳисса қўшди.
Қарийб бутун ҳаёти давомида ҳозирги Тошкент Давлат педагогика университетида хизмат қилган, республиканинг адабий-маданий ҳаётида фаол иштирок этган санъаткорнинг ўз ижодидан ортиб, яна шунча асарини таржима қилиши том маънодаги ижодий жасоратдир.
Кези келганда шуни айтиш керакки, Шайхзоданинг билим доираси бениҳоя кенг эди. У билан Хоразм сафарида бирга бўлган Жуманиёз Жабборовнинг нақл қилишига кўра, атоқли шоир Хоразм тарихинигина эмас, Урганч ва Хивадаги ҳар бир қадимий кўча ва меъморий ёдгорлик тўғрисида ҳам мукаммал билимга эга бўлиб, улар ҳақида соатлаб сўзлаган. Ҳиндистон сафарида Шайхзодага ҳамроҳлик қилган ватандошларимизнинг хотирлашларича, у Маҳатма Ганди ва Жавоҳарлаъл Неру ватанида бир неча марта бўлган кишидек, шу ердаги обидаларнинг қачон ва қайси подшо замонида барпо этилганлиги ҳамда Абу Райҳон Беруний, Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат сингари ўртаосиёлик олим ва шоирларнинг ҳинд юртидаги ҳаёти тўғрисида жўшиб сўзлаб берган. Шайхзода нафақат ўз ватани, балки жаҳон халқлари тарихи ва маданияти бўйича пухта билимга эга бўлган улкан сиймо эди. Унинг шундай бой ва ҳар томонлама кенг билими турли соҳаларга оид илмий ва бадиий адабиёт орқали шаклланган эди.
Шундай чуқур билим соҳиби бўлмиш шоирнинг жаҳон адабиёти намуналарини таржима қилишга катта эътибор ва аҳамият бериши тасодифий эмас, балки табиий жараёндир.
Шайхзода-таржимон учун шу нарса муҳимки, таржима қилинажак ҳар бир асар муаллифи ўз асарига юрак қўрини бағишлабгина қолмай, уни муайян бадиий мақсад билан амалга оширган, унда ўзининг муайян воқеликдан олган таассуротларини, ундаги ҳаётий жараёнларни тасвирлаш орқали шу таассурот ва жараёнлар тасвиридан келиб чиқувчи фикр-ғояларни ёниқ сўз ёрдамида ифодалаган. Шунинг учун ҳам у шу муаллифнинг руҳий ва бадиий оламига киришни, унинг таржима қилинажак асардаги бадиий ниятни, фикр-ғояни аниқ ифодалашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Шу мақсадга эришишнинг бирдан-бир йўли, унинг назарида, таржима этилаётган миллий тилнинг ички имкониятлари ва бойлигидан маҳорат билан фойдаланиш эди.
Ўзбек саҳнасида намойиш этилган таржима асарлари орасида Шекспирнинг “Ҳамлет”идек халқ муҳаббатини қозонган бошқа асар оз бўлса керак. Сўнгги йилларда турли театрларда энг истеъдодли режиссёрлар томонидан саҳналаштирилганига қарамай, томошабин ҳатто “Отелло” трагедиясига ҳам шунчалик меҳр билан муносабатда бўлмаган. Аммо 1937 йилда “Ҳамлет” таржимони Чўлпоннинг манглайига “халқ душмани” тамғаси ёпиштирилиши билан бу асарнинг саҳна тақдирига ҳам чек қўйилган эди. Шунда ҳозирги Ўзбекистон Миллий драма театри “Ҳамлет”ни қайта таржима қилиш ишига Шайхзодани ҳам жалб этди. Гарчанд артистлар “Ҳамлет”ни Чўлпон таржимасида ижро этишда давом этган бўлсалар ҳам, Шайхзоданинг “Ҳамлет”и ҳамон китоб тарзида мустақил яшаб келмоқда.
Шубҳасиз, Чўлпоннинг доҳиёна таржимасидан кейин Шайхзоданинг бу буюк асар таржимасига қўл уриши осон эмас эди. Аммо шоир ғайрат камарини маҳкам боғлаб, мазкур асарни катта масъулият туйғуси билан таржима қилди. Чўлпон ўз вақтида Шекспир асарини феодал аристократияси тилида таржима қилганликда айблангани боис у асар тилини бир қадар халққа яқинлаштиришга уринди. Яна шуни ёдда тутиш лозимки, асар таржима қилинган 40-йилларнинг охирларида ўзбек тилига форс ва араб тилларидан кириб келган сўзларга қарши шафқатсиз кураш кетаётган, Ойбек сингари тарихий мавзуларда асар ёзган адиблар эса форс ва араб тилларига сажда қилишда айбланаётган эдилар.
Чўлпон Ҳамлетнинг машҳур монологини насрий йўлда таржима қилгани маълум. Шайхзода устоз таржимондан фарқли ўлароқ, шу монологни ўзбек тилида шеърий йўлда таржима қилишга уринган:
Ҳ а м л е т
Ўлайми ё қолайми? Ана масала.
Недур афзал: диловар чархи фалакнинг
Даккисига, зарбаларига бардошлар бермоқ?
Ёки бало денгизини мардона кутиб,
Тўлқинларни бир карра узиб битирмоқ?
Ўлиш… Унутилиш. Масала тамом.
Бу шундай бир уйқуки, дил ғамларига,
Танимизга хос бўлган минглаб дардларга
Илалабад чекади сўнгги хотима.
Бу эмасми кўнгилнинг, зотан, армони?
Ўлиш… Унутилиш… Сўнгра ухламоқ.
Ва яна тушлар кўрмоқ? Жавоб бу, холос.
Модомики, бу фоний дунёнинг жумла –
Сезгилари у ёқда қолар белибос –
Нелар кўрар эканмиз ўлим тушида?
Мана бизнинг ҳаётда мусибатларнинг
Муҳлатини кўп йиллар чўзаётган сир.
Ҳамлет шу сўзлардан кейин юрагини тўлдириб турган оташин ҳис ва туйғулари жиловини қўйиб юборади. Унинг сўзлари вулқон лавалари янглиғ отилиб, ҳамма ёқни, “ёндириб” юборади. Шайхзода Ҳамлет монологидаги ана шу янги тўлқиннинг лавасимон шиддатли оқимини бундай ифодалайди:
Йўқса, замонларнинг ҳақоратига,
Қувғиндилик доғига, тентак сўзига,
Рад этувчи севгига, ҳақнинг сабрига,
Соҳиби фармонларнинг такаббурига,
Улуғвор ҳимматларни андозалашда
Бачканалар ҳакамлик қилишларига –
Бутун бу разолатга – ким чидарди, ким?..
Агар Ҳамлет монологидаги “Tu bi, a not tu bi?” (Ё ҳаёт, ё ўлим”) сўзлари Чўлпоннинг сўнгги таржимасида (у актёрларнинг талаффуз имкониятларини ҳисобга олиб, шу сўзларнинг бир неча шаклларини уларга тавсия қилган) “Ё ўлиш, ё қолиш” тарзида таржима қилинган бўлса, Шайхзода бу иборани, бизнингча, ҳаддан зиёд ўзбекчалаштириб юборган. Таржимон, умуман, асар тилини соддалаштириш йўлидан борган. Гарчанд бу ҳол театрнинг хоҳиш-истаги ва мафкуравий даврнинг талаби билан юзага келган бўлса-да, таржима тилининг соддалаштирилиши Чўлпон билан “рақобатлашаётган” таржимон фойдасига хизмат қилмаган. Шунга қарамай, Шайхзоданинг асар ғояси ва руҳини таржимада тўла сақлаб қолганлиги ва асарни асосан катта маҳорат билан таржима қилганлиги таҳсинга сазовордир. Бу буюк асарнинг Чўлпон қаламига мансуб доҳиёна таржимаси билан бир қаторда Шайхзода таржимаси ўзбек таржима санъатининг дурдоналаридан бири сифатида бир умрга қолади деб бемалол айта оламиз.
Шайхзода жаҳон адабиёти дурдоналарини таржима қилиш ва ўз халқини шу дурдоналарнинг муаллифлари билан ҳам таништиришдек хайрли ва муқаддас ишга беқиёс даражада катта ҳисса қўшди. Унинг ижодий меҳнати туфайли нафақат оддий халқ, балки шоир ва ёзувчилар ҳам жаҳон адабиётининг бой хазинасидан баҳраманд бўлдилар. Шайхзоданинг жаҳон адабиёти намуналарини, айниқса, Шекспирнинг ўлмас трагедияларини таржима қилиши ва улардан ижодий сабоқ олиши унинг, “Мирзо Улуғбек” асари майдонга келишида маҳорат мактаби вазифасини ўтади. Шунинг учун ҳам биз “Мирзо Улуғбек” трагедиясини томоша қилар ё ўқир эканмиз, бу асардаги шекспирона кўлам ва психологик теранлик, бу драма билан Шекспир трагедиялари ўртасидаги муштарак нуқталар нодир ижод мевалари янглиғ ял-ял товланиб туради.
Мақсуд Шайхзода яратган оташин шеърлар, достонлар, драмалар, илмий ва адабий-публицистик асарлар ўзбек адабиёти чаманида барҳаёт яшайди.
Улардан ҳали кўп наслларнинг дилига завқ, ҳаяжон бағишлайди ва улкан маҳорат мактаби сифатида авлодларга сабоқ беришда давом этаверади.
Наим Каримов, филология фанлари доктори, профессор
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 11-сон