• Бошқалардан устун бўлишимиз муҳим эмас. Асл муҳим бўлган нарса, кечаги ҳолимиздан устунлигимиздир.
• Дўстингизни тез-тез зиёрат этинг, чунки устида юрилмаган йўллар тикан ва буталар билан қопланади.
• Қувватига ишониб заифларни хор қилганнинг қуввати бошига бало бўлади.
• Ўғирланган молни арзонга сотиб олган ҳам — ўғри.
• Ўзга юртдаги бутундан ўз юртингдаги ярим афзал.
• Ишсиз юргандан бировга қарам бўлиб меҳнат қилган афзал.
• Тухум бўлса, жўжа ҳам очилади.
• Тезда қилинган иш самарали бўлмайди.
• Куч — бирликда.
• Бир қинга икки қилич сиғмайди.
• Ҳунарнинг осони йўқ.
• Шинни қаерда бўлса, пашша ҳам ўша ерда.
• Гул қаерда бўлса, тикан ҳам ўша ерда.
• Аҳмоқ қўрқув билмайди.
• Ўн пуд совун ҳам кўмирни оқартиролмайди.
• Ҳадя қилинган бузоқнинг тишига қарама.
• Дарахтни мевасидан биладилар.
• Ёғоч идиш оловга бир марта қўйилади, холос.
• Бир отадан бўлган фарзандлар феъли ҳар хил.
• Очга қаттиқ нон ҳам мойдек ўтади.
• Битта гулдан гулдаста ясаб бўлмайди.
• Ҳар ишнинг ўз вақти бор.
• Ража қандай бўлса, қўл остидагилари ҳам шундай бўлади.
• Ёнғин ўчгандан сўнг қудуқ қазиш бефойда.
• Ўлим яқинлашганда ит ҳам ибодатхонага боради.
• Ҳўкизга унинг шохи оғирлик қилмайди.
• Гўзал юзни ҳамма ўпгиси келади.
• Итнинг ҳуриши филни қўрқитмайди.
• От ҳеч қачон эшак бўлмайди.
• Мой билан оловни ўчириб бўлмайди.
• Сукут — ярим ризо.
• Ўз кўчасида ит ҳам — йўлбарс.
• Тоза жойда кир жуда хунук кўринади.
• Кирга оёқ қоқсанг чангги юқади.
• Эшитганингга эмас, кўрганингга ишон.
• Ташқи кўринишига қараб баҳо берма.
• Кутилмаган ҳадя жуда ёқимли бўлади.
• Чақирилмаган меҳмон илтифотга қарамайди.
• Ўз тану жонингга жабр қилмасдан туриб, осонлик билан бахтли бўлиш мумкин эмас.
• Беғараз — ҳамиша хушбахт.
• Ҳасадчи ҳамиша биров шодлигига ғамгин бўлади.
• Олмос оҳактошдан фарқ қилганидек одам ҳам одамдан фарқ қилади.
• Битта балиқ бутун кўлни лойқалатиши мумкин.
• Тилладан бўлган тақа ҳам оғирлик қилади.
• Бахтни ким ҳам инкор эта оларди?
• Шошмашошарлик — ақлсизлик.
• Ҳақиқат оловдан қўрқмайди.
• Касалликнинг олдини олиш уни даволашдан осонроқ.
• Одатлар феъл-атворга айланади.
• Ўз ишинг учун нариги қирғоққа ҳам сузиб ўта оласан.
• Бир қўл билан сочиб икки қўл билан йиғ.
• Ҳеч ким ўз фарзандининг қийшиқлигини айтолмайди.
• Бировнинг бойлиги ва ўз ақлинг доим ошириб гапирилади.
• Ўзи қилган овқатни ким ҳам шўр дерди?
• Айтилган сўз бегонага айланади.
• Кўр ит ҳуримайди.
• Аёлнинг сўзи қатъий бўлмайди.
• Аввал ишла, кейин талаб қил.
• Аввал ўйла, кейин сўзла.
• Қушлар орасида яшасанг, қушлар тилида гапир.
• Қари тўтига ҳеч нарсани ўргатиб бўлмайди.
• Қўрқув ва севги бир юракка жойлашолмайди.
• Бахтлига ҳамма бахтлидек кўринади.
• Йўлбарс ҳам, эчки ҳам бир қирғоқдан сув ичади.
• Ўз ишини шошилмасдан, пухталик билан бажарганга омад ёр бўлади.
• Буғдойи бўлмаган арпага ҳам хурсанд бўлади.
• Мўътадиллик — катта бойлик.
• Парҳез юзта табибдан афзал.
• Парҳезкор доим соғлом.
• Оқилга — таъзим, нодонга — таъзир.
• Чарчаган туя карвонсаройга ошиқади.
• Яхши бошланиш — ярим муваффақият.
• Инсон қадри у ўлганда билинади.
• Инсон фақатгина ибодатхонага боргани билан яхши бўлиб қолмайди.
• Шоқол шер терисини ёпигани билан шер бўлиб қолмайди.
• Танчадаги чўғ бир арава ўтиндан афзал.
• Тил ўткир қайчига ўхшайди.
• Ақлли инсон ақлсиз энг сўнг қилган ишни аввал бажаради.
• Оқ бўлган ҳар нарса ҳам сут эмас.
• Қушлар донни еб кетгандан сўнг ачинишнинг нима фойдаси бор?
• Ғазабнинг кўзи йўқдир.
• Ақлли ва фидокор инсонлар билан эшлик эт — фазилат қозонасан.
• Ёлғончининг чин дўсти бўлмас.
• Абадий яхшиликка интилмовчи ва фақат худбинлик қилувчи киши афсусга сазовордир.
• Ҳаётни еб-ичиш, ухлаш ва лаззатдан иборат деб билган кишининг ҳайвондан фарқи йўқ.
• Сут ва насл бермас сигирнинг кимга кераги бор?
• Денгиз тўлиб-тошса ҳам дарё сувига муҳтождир.
• Ҳосил кўплигидан дарахт шохи эгилади, мард киши кўп вақт азоб-уқубатга дучор бўлади.
• Сен қанчалик ўз ҳаётингни эҳтиёт қилсанг, бошқа кишиларнинг ҳаётини ҳам шунчалик эҳтиёт қила бил.
• Бахт ўткинчи, ҳаёт ўткинчи, кишининг тани ва ёшлиги ҳам ўткинчи; аммо олийҳимматлик ва шуҳрат абадийдир.
• Бирлашиб курашсалар ожизлар ҳам ғалаба қилиши мумкин.
• Инсон шарофати авф ва эҳсон фазилати билан зиёда бўлади.
• Бахт чуқур мулоҳазани талаб қилади.
• Қошиқ шўрванинг лаззатини билмаганидай нодон оқил билан юрса ҳам ҳеч нарса ўрганмайди.
• Бошқаларга ярамаган ақл соҳибига зарар беради.
• Дарахт ўқлар ва болталар билан ҳам яраланса ўз ҳолига қайтади, аммо тил яраси битмайди.
• Бир эшик ёпилса, иккинчиси очилади.
• Бир берган минг олади.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.
Ҳиндлар, ҳиндустонийлар — этник гуруҳ, Ҳиндустон тарихий вилоятининг асосий аҳолиси (255 млн.дан зиёд). 1 миллионга яқини Ҳиндистондан ташқарида яшайди. Кўпгина маҳаллий гуруҳлардан иборат. Ҳинд тилида сўзлашади. Диндорлари, асосан, ҳиндуизмга эътиқод қилади.