Навоий ижодида ижтимоий фикр ва поэтик талқиннинг бетакрор намуналаридан бири шоир қаламига мансуб ўттиздан ортиқ васият ва васиятномалардир.
“Мажолис ун-нафоис” асаридаги Мир Шоҳий, Мавлоно Қабулий, Мавлоно Лутфий тўғрисидаги фиқраларда қалам аҳли, ижодий жараён билан боғлиқ васиятлар қаламга олинса,”Хамса” сюжетида фақат Лайли, Мажнун, Фарҳод, Ширин, Искандар каби бош қаҳрамонлар ҳаётининг муҳим жиҳатларини очиб берувчи васият ва васиятномалар талқин қилинган.
“Насойим ул-муҳаббат”да ҳам ўнлаб васиятларни ўқишимиз мумкин, аммо ҳамма учун ибрат бўладиган васият ҳамда васиятномалардан бири, бу — Жалолиддин Румийнинг ўн бир ҳикматдан иборат васиятидир. Навоий бу васият билан бизни тазкиранинг “Мавлоно Жалолиддин Муҳаммад Балхий Румий қ.с.” зикрида таништиради. Навоийнинг маҳорати шундаки, шоир айнан бир васият ёки васиятномани мазмунан бир хил, аммо шаклан турли усулда ёзишга ҳаракат қилган. Масалан, лирик ва эпик тур қонуниятлари асосида Доронинг Искандарга айтган учта васияти ҳамда Искандарнинг ўлими олдидан онасига ёзиб қолдирган машҳур васиятномаси ва аъёнларига васиятини “Садди Искандарий” достонида маснавий шаклида жуда таъсирчан, кенг ва батафсилроқ ёзган бўлса, худди шу мавзудаги васият ва васиятномаларни ”Тарихи мулуки Ажам”да насрий усулда қисқа ва лўнда баён этган. Бу жараён Навоийнинг бетакрор услубини намойиш қилади. Кузатишлар шуни кўрсатдики, китобхонлар кўпроқ анъанавий, бироқ Навоий ўзгача маҳорат билан тасвирлаган Искандарнинг ўлими олдидан онасига ёзиб қолдирган ҳаёт ва инсон, она билан ҳукмдор ўғил муносабати, жамиятда инсон қандай табақага мансуб бўлса ҳам “холи илик”, “шал илик”, “ялон илик”(Навоий иборалари) билан дунёдан кетиши ҳақидаги ижтимоий, фалсафий, дидактик фикрлар мужассам бўлган машҳур мактуб шаклидаги васиятнома ва васиятини биладилар. Чунки навоийшунослар ҳам ўз тадқиқотларида мазкур васиятномани васиятнома деб эмас, асосан, мактуб, нома жанрининг бетакрор намунаси сифатида муайян даражада тадқиқ этганлар. Навоий асарларини мутолаа қилганимизда, ўз-ўзидан онгу шууримиз, руҳиятимизда улуғ мутафаккир ёзиб қолдирган кўплаб ҳикматли мисра, байтларни ёки лирик лавҳаларни унинг инсониятга, хусусан, бизга ёзиб қолдирган васиятномалари деб қабул қилгимиз, гўё ўзимизни шунга маънавий ҳақли деб топгимиз келади. Қарангки, бу руҳий, маънавий бўшлиқни сезган зукко навоийшунос олима Суйима Ғаниева “Ҳазрат Навоийнинг васияти” рисоласини ёзиб, ушбу кемтикликни қисман тўлдирди.
“Хамса”даги Фарҳоднинг тоққа айтган васияти навоийона услубнинг бетакрор намунасидир. Навоий Бесутун тоғи, Армания тоғи тимсолида ҳам, умуман, барча тоғ тимсоли бор поэтик тасвирларда Фарҳод образини маҳорат билан ёнма-ён қўллаган. Бу “Фарҳод ва Ширин” достонининг 49-бобида Фарҳоднинг ўлими олдидан тоққа айтган васиятида яққол кўринади. Навоий Фарҳоднинг инсон юрагини ўртайдиган васиятини лирик лавҳада шундай ифодалайди:
Боқиб қилди васият тоғ сори,
Деди: “К-эй, офариниш бурди бори.
Улувви қадринг айлаб кўкка оҳанг,
Шукуҳи ҳилмдин зотинг гаронсанг,
Этакдин нотавонларға панаҳсен,
Ҳажардин хасталарға такьягаҳсен.
Санга мендин етубдур онча ётлик,
Ки, юзунгдин уётлиқмен, уётлиқ.
Гаҳи бағринг бўлуб тешам ғилофи,
Гаҳи жисмингда метиним шигофи.
Юзунг ёшимға хунолуд гоҳе,
Дамимдин бошинг узра дуд гоҳе.
Бори журмумға тиғи афв сургил,
Борур чоғимда афв айлаб кечургил.
Бор-йўғи етти байтдан иборат ушбу пурмаъно васиятда Навоий Фарҳод маскан қилган тоғни барча тоғлар сингари “нотавонларнинг паноҳи”, “хасталарнинг такъягоҳи”, деб сифатлар экан, шу билан бирга, китобхонга бундай умумий тасвир ва ифодадан ташқари инсоният учун ҳамма замонларда жуда қадрли ва қимматли бўлган қадр, ҳилм, уят, афв, кечиримлилик каби фазилату сифатларни эслатади. Биринчидан, Навоий бундай сифату фазилатлар соҳиби бўлган Фарҳод образини яна бир бор бизга таништирса; иккинчидан, ғам-ташвиши ва тешаси, метини билан тоққа ҳам жисмонан, ҳам руҳан озор берган Фарҳоднинг тоғдан қайта-қайта афв, кечирим сўрашини намуна қилиб кўрсатиб, китобхонни ҳайратга солади; учинчидан эса, васятнома матнида уятлиқ, афв сўзларини такрор қўллаш орқали шоир инсонларга қарата бир-бирингизга озор берманг, жабр қилманг, зулм кўрсатманг, мабодо ҳилмдан чекиниб, озор, жабр, зулмга йўл қўйсангиз, ўз вақтида афв сўранг ва дарҳол афв қилинг, кечиримли бўлинг, фазилат изланг, деб одамийлик, мардлик, огоҳликка чақиргандек, савобли ишларга, элу юрт хизматига чорлагандек бўлади.
Навоий ижодидаги ўзаро мантиқийлик ва изчилликни қарангки, у “Садди Искандарий”нинг фироқ ҳақидаги бобини гўё Фарҳод васияти асосига қургандек бўлади. Фарҳод васиятини эшитган тоғнинг жони энди баттар азобда, эртаю кеч фақат фиғон чекади, чунки энди тоғ Фарҳодсиз! Навоий айрилиқ, фироқ дардини муболаға, ташхис, интоқ санъатлари асосида шундай тасвирлайди:
Магар тоғ Фарҳодсиз жон чекар,
Садодин нега йўқса афғон чекар.
Мутафаккир Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарининг Биринчи ва Иккинчи мажлисида ёзиб қолдирган учта васият билан боғлиқ тарихий тасвирни, биринчидан, шоир ҳасби ҳолидан, бағри кенглигидан, одамийлигидан хабар берувчи тарихий воқеалар тасвири, деб изоҳласак; иккинчидан, ўзаро ижодий, маърифий мулоқотнинг, устоз ва шогирдлар муносабатининг намунаси дейишимиз мумкин. Чунончи: “Мир Шоҳий — сабзаворлиқдур. Асли сарбадорлардин бўлур. Бойсунғур Мирзо мулозаматида бўлур эрди. Оти Мир Оқмаликдур. Фароғатдўст ва хушбош киши эрди. Анинг шеърини чошин ва салосат ва якдастлик ва латофатида таъриф қилмоқ ҳожат эрмас. Ғазали агарчи оздур, аммо барча халойиқ қошида писандида ва мустаҳсандур. Фақир агарчи ани кўрмадим, аммо анинг била фақирни орасида эълом ва ирсол воқеъ бўлди. Мулк подшоҳи (Абулқосим Бобур — Б.Р.) отамни ҳукумат расми билан Сабзаворға юбориб эрди ва Мир Шоҳийни Астрабод ҳокими тилаб Журжон мамоликига элтиб эрди. Астрабодда анга қазо етиб наъшин Сабзаворға келтурдилар ва обо ва аждоди даҳмасида халойиқни ўтру сиқориб ани охират ерига дафн қилдилар. Астрабодда айтқон икки матлаи туганмай қолғон эрдиким, васият қилғондурким, Хожа Авҳад аларни тугатсун деб…
Хожа Авҳад иккаласини тугатти ва девониға битилди ва шаҳр шуаросиға марсия таклифи қилдиким, айттилар…”.
Кўриниб турибдики, тазкирада берилган ушбу Мир Шоҳий ҳақидаги лавҳа ҳам ўзига хос зикр бўлиб, унда фақат Мир Шоҳийнинг ижоди, ғазал бобидаги маҳорати ва эл назарида эканлиги, Астробод ҳокими билан ўзаро муносабати, ҳокимнинг уни Журжон мулкига ўзи билан олиб кетиши, тўсатдан Астрободда вафот этиши, жасадини эса Сабзаворга келтириб, ота-боболари қўйилган даҳмага дафн қилишлари, Астрободда ўлими олдидан икки мустақил матлаъсини ғазал шаклида якунлаш тўғрисида айтган васияти ҳақида битилишидан ташқари, ҳар бир давр китобхонларини, айниқса, тадқиқотчиларни долзарб мавзу бўлган Навоийнинг болалик даври воқеаларидан ҳам воқиф этади. Яъни, биринчидан, қисман сарбадорлар, Бойсунғур Мирзо, Абулқосим Бобурнинг давлат бошқарув даври, отаси Ғиёсиддин Баҳодирнинг Сабзаворга ҳоким қилиб юборилиши билан боғлиқ воқеалар изоҳи; иккинчидан эса, бола Алишернинг Сабзаворда Мир Шоҳий ҳақида эшитган тарихий воқеаларнинг тасвири, темурийлар даврининг Сабзавор, Астробод, Журжон каби шаҳару кентлари ҳақидаги топонимик билимлар билан муайян даражада танишиш ҳамдир. Демак, Навоийнинг бир шоир зикрида адабиёт, адабий танқид, тарих, давлат бошқаруви тарихи каби фанларга доир шунча қимматли билим, маълумотларни ёзиб қолдириши ҳам унинг қалами, маҳоратига хос бир намунадир.
Тазкирада берилган васиятлар билан таништиришни давом қилсак: “Мавлоно Қабулий — фақир киши эрди. Бозори Маликда ғазлфурушлуқ(ип) дўкони бор эрди. Бир сабоҳ ул маҳалладин жамъе келдиларким, ўтган кеча Мавлоно Қабулий бизларни тилаб васият қилдиким, бу кеча оламдин борурмен, такфин ва тажҳиз жиҳатидинким, ҳеч нима йўқтур, сабоҳ девонимни фалон кишига, яъни фақир(Навоий) қошиға элтиб ниёзимни еткуриб, илтимос қилингким, мени Содоти Мусриҳ гўристонида дафн қилдурсун. Сабоҳ хабар туттуқ, эрса ўтуб эрди. Васияти дастури била девонин сенинг қошингға келтуруббиз. Фақир анинг васиятини бажо келтуруб, тадфинидин сўнгра девонин очтуқ. Эрса бу матлаъ келдиким:
Агар қабули ту ёбам Қабулиям, вар на
Ба ҳар ду кавн чу ман ноқабул натвон ёфт.
(Мазмуни: Агар сенга маъқул бўлсам, Қабулийман, йўқ эса: икки дунёда мендек номақбул топилмас.)
Тазкирада ифодаланган иккинчи васиятни шоир Мавлоно Қабулий зикрида танишдик. Ип сотиб фақирона тирикчилиги ўтиб турган шоир ўлими олдидан Навоийга дўстлари орқали қуйидагича васият қилади. Яъни васиятида бу кеча оламдан ўтишини, ночор ва фақирлиги сабаб ўлигини кафанлаш ва кўмиш учун тайёрлашга ҳеч нимаси йўқлигини, тонгда девонини Навоийга олиб боришларини ва муҳтожлигини айтиб, илтимос қилишларини, Содоти Мусриҳ қабристонига дафн қилдиришини айтади. Не ажабки, васиятни эшитган дўстлари тонгда ундан хабар олишса, у оламдан ўтган бўлади. Дўстлари унинг васияти бўйича Навоийнинг ҳузурига келиб, у айтган васият шартларини унга сўзлаб беришади. Улуғ Навоийни қарангки, унинг васиятини сўзсиз бажаради. Бу ҳақда Навоийнинг ўзи фиқрада “Фақир анинг васятини бажо келтуриб, тадфинидин сўнгра девонини очтуқ”, деб хабар беради. “Соҳиби азо” Навоийга бағишлаб ёзиб қолдирилган Қабулийнинг байти ҳам алоҳида диққатга молик. Инсонларга Оллоҳ розилиги учун ўз имконидан ҳам баланд даражада ёрдам берган ва қўллаб-қувватлаган амир Навоий ўзининг бундай одамийлиги, инсонпарварлиги билан бизни яна бир бора ҳайратга солади. “Мажолис ун-нафоис” тазкираси эса, ўзида 459 ижодкор ҳақида маълумот берувчи китоб, шу билан бирга, муаллифнинг ноёб фазилатларини мужассам этган бетакрор манба сифатида ҳам қадрли эканлигини англаймиз.
Тазкирада келтирилган ўзига хос васиятлардан учинчиси, бу — тўқсон тўққиз ёшдаги Лутфийнинг вафоти олдидан Абдураҳмон Жомийга айтган васиятидир. Лутфий ўз васиятида якунлашига кўзи етмаган “афтад” радифли ғазалини Жомий маромига етказиб якунлаб, ўз девонига киритишини васият қилади. Ушбу табаррук васият билан боғлиқ воқеани ҳазрат Навоий бизга қуйидагича таништиради: “Мавлоно Лутфий ўз замонининг малик ул-каломи эрди, …аммо туркийда шуҳрати кўпрак эрди ва туркий девони ҳам машҳурдур… Тўқсон тўққуз яшади…
Ва ўтар вақтида бу ғазал матлаъинким, туганмайдур эрди, васият қилдиким, ҳазрати Махдумий Нуран тугатиб, ўз девонларида битисунлар ва ул матлаъ будурурким:
Гар кори дили ошиқ бо кофири Чин афтад,
Беҳ з-онки, ба бадхўи бемеҳри чунин афтад.”
(Таржимаси: Агар ошиқлар дилининг иши Чин кофурига тушса, шу сингари бемеҳр, бадфеълга тушгандан кўра яхшироқдир.)
Лутфий ҳақидаги маълумотда бизни қизиқтирган масала, бу — “Ва ўтар вақтида бу ғазал матлаъинким, туганмайдур эрди, васият қилдиким, ҳазрати Махдумий Нуран тугатиб, ўз девонларида битисунлар…” деган маълумот. Шоир берган маълумот қисқа ифодаланган бўлса-да, ноёб ва бетакрор маънавий ҳодисадир, деб айтиш мумкин. Лутфий девонини нашрга тайёрлаган навоийшунос олим С.Эркинов мазкур васиятнинг ижроси ҳақида китобнинг “Лутфий ва Жомийнинг муносабатларидан лавҳалар” бобида шундай ёзади: “Абдураҳмон Жомий Лутфий васиятига амал қилиб, у қолдирган матлаъни давом эттирган. Уни тугал ғазалга айлантирган. Абдураҳмон Жомий девонидан ўрин олган икки забардаст ижодкор ғазали билан юзага келган хотира ғазалнинг тўлиқ матнини келтирамиз”. Устоз навоийшунос С.Эркинов ғайрат кўрсатиб, икки буюк сўз устасининг бир-бирларига кўрсатган рағбат ва ташаббуси билан ёзилган, етти байтга айланган форсча хотира-ғазал матнини тўлиқ келтиради. Мазкур васият “Насойим ул-муҳаббат”дан ўрин олган “Мавлоно Лутфий зикри”да Навоий томонидан алоҳида меҳр ва завқ билан тилга олинган “Тўқсон ёшидин тажовуз қилғонда, Ҳазрат Махдуми н. м. н. отиға радифи “Сухан” сажъ қасидае айтиб эрдики, замон хушгўйлари барча хўблукқа мусаллам туттилар”, деган жозибали ҳикояни ёдимизга солади. Лутфийнинг ёш Алишерга “Оразин ёпқоч…” деб бошланувчи ғазали учун 12 минг мисра шеърини жўшиб ҳадя қилиб юбориши ва Абдураҳмон Жомий шарафига бундай марғуб ва маҳбуб қасида бахшида қилиши унинг устоз сифатидаги ажаб ҳолати, кенгфеъллигидир, дейиш мумкин.
Буробия Ражабова, филология фанлари номзоди
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 21-сон