Яхши китоб ўқиётганимда ўзимга маъқул келган ва келмаган жойларининг тагига чизиб, ҳошиясига ҳар хил белгилар қўймасам кўнглим кўлчимайди. Бу журналистнинг “касб касали” билан боғлиқ бўлса керак. Теша тегмаган гап, нозик ўхшатиш, дилни чарақлатиб юборадиган мағзи тўқ фикр, фалсафа, янги факт ва рақамлар… Газетачи икки оёғи бир этикка тиқилганда суянадиган тап-тайёр иқтибос, “хом ашё”, зевар шу-да! Таниқли ёзувчи Эркин Аъзамнинг асосан истиқлол йиллари матбуотда чоп этилган тарҳи тоза публицистик асарлари жамланган “Эрталабки хаёллар” китобини мутолаа қилишим жараёнида ҳам шундай бўлди. Аввалига икки-уч варақда – бир, сўнг ҳар саҳифада – икки-уч, кейин эса тагига чизилмаган сатри, ҳошиясига белги тушмаган жойи қолмади ҳисоб. Китоб жонивор “бўялиб кетди”. Кимгадир ёқар, кимгадир – йўқ, кимгадир – эриш, кимгадир “аччиқ” туюлар, лекин улкан самимият билан йўғрилган ушбу тўплам ўқувчини бефарқ қолдирмаслиги аниқ.
Аслида-ку, адибнинг барча бадиий асарлари – роман, қисса, ҳикоя ва пьесалари доим катта қизиқиш билан ўқилиб, қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Сиёҳи қуримасдан бошқа тилларга таржима қилинган. Адиб сценарийси асосида суратга олинган фильмлар, пьесалари бўйича саҳналаштирилган спектакллар нафақат мамлакатимизда, хорижда ҳам машҳур. Улар қатор халқаро кинофестивалларда юксак совринларга лойиқ кўрилгани шундан далолат. Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси томонидан Вашингтонда инглиз тилидаги, Парижда эса фаранг тилидаги китобларининг, кинофильмларининг тақдимотлари ўтказилгани, бундай олиймақом маросимларда иштирок этган мутараққий мамлакатларнинг таниқли жамоат, фан ва маданият арбоблари, мутаржиму мунаққидлари ўзбек адибининг асарларига юксак баҳо бергани ҳам бор гап. Нуфузли оммавий ахборот воситалари томонидан мазкур тадбирлар тўғрисида тарқатилган хабарларда алоҳида таъкидланганидек, “Бугун ёзувчининг ижоди мустақил Ўзбекистоннинг иқтидорли ёш ижодкорлари учун ўзига хос адабий мактаб бўлиб хизмат қилмоқда”; “Асарлари адабиёт ва санъат ихлосмандлари томонидан доимо юксак қадрланади. Уларда илгари сурилган эзгу ғоялар ва орзулар авлодларни инсонпарварлик, озодликка интилиш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда”.
Адибнинг “Эрталабки хаёллар” тўплами, яхлит асар бўлмаса-да, бош кўтармай ўқилади. Шу ўринда бир андишамни баён этсам. Бу “ёзувчи публицистикаси” деб аталмиш тушунча билан боғлиқ. Ёзувчига “комфирқанинг мардикори” деб қаралган шўро замонида кенг истеъмолда бўлган бу атаманинг зиммасига ғоят муҳим “вазифа” юкланган эди. Уни “разведка жанри” деб аташлари ҳам шундан. Сабаби – йирик асарга қўл уришдан олдин адиб ишни “разведка”дан бошлаши маъқул ҳисобланарди. У улкан қурилиш объектлари, замонавий саноат корхоналарида “жавлон ураётган” ёшлар, “қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган” саҳроларни “боғу бўстонга айлантираётган” илғор чўлқуварлар “ҳаётини ўрганар”, улар билан ҳафталаб нон-туз бўларди. Сўнг сафар таассуротлари асосида аввал майдароқ жанрда, дейлик, очеркнамо бирор нарса ёзиб, матбуотда эълон қилар, шундан кейингина “замон қаҳрамонлари” ҳақида йирик асар – қисса ёки романга қўл урарди. “Семизлиги”ни ҳисобга олмаганда, аслида, бири иккинчисидан деярли фарқ қилмайдиган бундай “буюртма битиклар”ни ҳозир деярли ҳеч ким эсламайди.
Мени бир китобхон, журналист сифатида қувонтиргани – “Эрталабки хаёллар” ана шундай ийиғи чиқиб кетган “разведка маълумотлари”, бозори чаққон матоҳ – ялтоқланиш ва ситойишлардан буткул холи. Айни чоқда китобга жамланган мақолалар, эсселар, сафарномалар, адабий ўйлар, хотиралар, гурунглар – барчаси замондошларимиз, бир сўз билан айтганда – Инсон ҳақида. Янада аниқроғи, уларда оламни, одамни тўкисроқ кўриш орзуси ўз инъикосини топган. Жанри, мавзуси, ҳажми ва чоп этилган вақтидан қатъи назар барчасини буюк бир туйғу – Ватанга муҳаббат, юрт озодлиги ва мустақиллигини мустаҳкамлашга эзгу даъват бирлаштириб турибди. Китобнинг долзарблиги ва аҳамиятини шоён оширган жиҳатлардан бири ҳам шу. Чунки замон – долғали. Кимнинг кимлиги синовдан, имони чиғириқдан ўтадиган пайт. Лекин биз ким бўлишимиздан қатъи назар, “шу юртсиз, шу элсиз ҳеч ким, ҳеч нарса эмаслигимиз ҳақиқат”. Адиб юртга фарзандлик меҳри билан таъкидлаганидек, “Мустақиллик – фуқаронинг кўнглини тўқ тутадиган эрк, ифтихор. Ана шу туйғугина уни Ватанга беминнат хизмат қилмоққа, зарур бўлса, Ватан йўлида жонини фидо этмоққа ундайди”. Андиша шуки, ҳушёрлик, Ватан тақдирига дахлдорлик ва фидойилик ҳар биримизнинг эзгу аъмолимизга айланмоғи, “ҳар ким ўз ўрнида туриб, ўз ишини астойдил адо этмоғи даркор. Ватан ана ўшанда юксалади”. Ҳаётимиз янада тинч, хотиржам бўлади. “Томошабинлик театрда ярашади”.
Беш бўлимдан иборат мажмуанинг ўз вақтида “Тафаккур” журналига пешлавҳа сифатида битилган фиқралардан иборат “Шап-шап дегунча” фасли алоҳида эътиборга молик. Гарчи “фиқра” деб зикр этилган бўлса-да, тўпламдан жой олган қирқ тўрт лавҳанинг ҳар қайсиси тугал бир шингил ҳикоя. Эркин Аъзамга хос “сўзга зиқналик” билан битилган қисқа-лўнда, баъзан латиф юмор, баъзан беозор киноя, баъзан жиндак “қалампир сепилган” фикрлар кишини ром қилиб қўяди. Улардан бири – “Тўймас” боболаримиз “орият саройи” деб атаган дунё каби кўҳна мавзу – нафсга бағишланган. Атрофингизга тузукроқ разм солсангиз, ўзи тўйса ҳам, кўзи тўймайдиган дарди бедаволар кам эмаслигини кўрасиз: “Битта ҳовлим иккита бўлсин дейди, иккита мошинаси тўртта бўлишини хоҳлайди”. Гўё минг йил, йўқ, мангу яшамоқчи! Гўё “муқаррар ажал билан шартнома тузган”. Нафс аталмиш гирди бало чархида тинимсиз айланиб, одамга ўхшаб бемалол, баҳузур яшамайди, яшай олмайди. Ҳаловатини, имонини дунё матоҳига алмаштириб юборган ҳарис банда бир куни туйқусдан оёғини узатади-қўяди. Не ранжу машаққатлар билан йиққан-тергани бари исқот, сабил, садқаи сар! Ҳар аъмолнинг меъёрию мезони – адлу инсоф. Инсоф, ҳадду ҳудуд, тамкинлик бой берилган жойдан барака кетиши, фожиа ва кўргиликлар кўпайиши тайин. Бировлар борки, қилмишини даврнинг гарданига осонгина юклаб юборишга уринади: замоннинг зайли-да, ака! “Наҳотки, бандаси ёруғ оламга фақат мол-дунё йиғиш, емоқ, тўймоқ илинжидагина келса?! Унда инсонга берилган билмоқ, англамоқ, ўрганмоқ саодати нима бўлади?” Тўпламдаги юксак дид билан тартиб берилган ва мароқ билан ўқиладиган барча асарлар каби фиқралар ҳам китобхонни ана шундай мангу саволларга жавоб излашга, ўйлашга, оламга кўнгил кўзи ва ақл назари билан қарашга ундайди.
Сирасини айтганда, инсонни муҳтарам ва муҳташам кўрмоқ орзуси, диёнат, фидойилик, меҳр-шафқат – ўзини камтарлик билан “нурга интилувчи қаламкаш деб биладиган” адиб асарларининг доимий ва бош мавзуси. Бундан 26 йил бурун – 1990 йилда, бир журналист ёзувчига савол берган экан: “Фараз қилайликки, ўзга сайёрага парвоз этдингиз. Манзилда сизга ажойиб зотлар пешвоз чиқиб, “Эй азиз меҳмон, кўнглингиз тусаганини сўранг, дарҳол бажо этамиз” дейишса, улардан нимани тилардингиз?” Эркин Аъзамнинг жавобини қаранг: “Шундай оламшумул мўъжиза, бахт менга насиб этса-ю, ўзимнинг майда-чуйда истакларимни айтсам уят бўларди, албатта. Масалан, ўн йилдан буён бир бедаво дард мени қийнайди – қулоғим тинимсиз шанғиллаб туради, шуни тузатиб беринг, ўзга сайёралик дўстим, деб илтимос қилишим кулгили эмасми! Чунки Ер шарида менга ўхшаган тўрт миллиард одам борки, ҳаммаси ҳам ўзига яраша бирор дардни орқалаб юради. Ёки, менга битта “Мерседес” совға қилсанглар-чи, десам ниҳоятда уятли иш бўларди. Нега бу қадар пастсанлар, эй ерликлар, деб ўлдириб қўйишлари тайин”. Шунинг учун танти адиб уларнинг олдида тиз чўкиб таваллолар қилмоқни лозим топади: “Қўлингиздан келса, биз, аҳли заминни энди озгина комил қилинг, бир-биримизга озгина кечиримли қилинг, озгина меҳр-шафқатли қилинг! Қолгани ўзимизнинг қўлимизда”. Ушбу жавобда бани башарни азалдан ўйлантириб келаётган дард, йирик ижодкорнинг эзгу орзулари, самимий изтироблари мужассам.
Ҳа, “умри капалакникидек қисқа” деб анчайин менсимай қараладиган публицистика жанрида ҳам ана шундай умуминсоний масалалардан сўз юритса, йирик “гаплар” айтса, йиллар, замонлар силсиласига бемалол дош бера оладиган асарлар битса бўлар экан. Бу энди ёзувчининг маҳоратига боғлиқ, албатта.
Сўнгги йилларда адибларимизнинг китоб ҳолида нашр этилган публицистик асарлари анча сийраклашиб қолганининг сабаби ҳам балки шунда – ғалвирни кўтарганда қўлга илинадиган, тагига қалам билан чизиб-чизиб, бўяб-бўяб, завқланиб ўқиладиган фикрларнинг камлигидадир. Шу жиҳатдан “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан тақдим этилган “Эрталабки хаёллар” тўпламини матбуотимиз, адабий ва маънавий ҳаётимиздаги муҳим ҳодиса дейиш мумкин.