Ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара асарларини аниқлаймиз

“Ҳуррият” газетаси 1999 йил 12-18 май сонида ХХ аср ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг яхши асарларини аниқлаш бўйича ўтказилган сўров натижалари эълон қилинган эди. Ушбу анъанани давом эттирган ҳолда Ziyouz портали зиёлилар ўртасида сўров ўтказишга киришмоқда.

Порталда чоп этилган китоб, бадиий асар ва турли мавзудаги мақолалар юзасидан ҳар куни ўнлаб мактублар оламиз. Муштарийларимиз орасида мутолаа борасида маслаҳат сўрайдиганлари ҳам талайгина. Шу боис асосий аудиторияси ёшлар бўлган порталда зиёлиларнинг тавсияларини бериб бориш айни муддаодир.

Фикр ва ижод аҳлига тўрт савол билан мурожаат этамиз:

  1. Сизнингча, жаҳон адабиётининг энг сара 10 та китоби қайси?
  2. Жаҳон адабиётининг энг сара 10 та ҳикояси сифатида қайси асарларни эътироф этасиз?
  3. Ўзбек адабиётининг энг сара 10 та китоби рўйхатига қайси нашрларни киритган бўлардингиз?
  4. Ўзбек адабиётидаги энг ўқишли 10 та ҳикоя қайси?

Сўровномада олимлар, шоиру адиблар ҳамда китобга ошуфта зиёлилар иштирок этиши кўзда тутилган. Иштирокчилар саволлар бўйича ўз талқинларини ҳам ҳавола қилишлари мумкин.

Энг қадимги даврдан ҳозирги замон адабиётигача танланган асарлар ўнтадан ошиб кетса, қўшимча рўйхат илова қилиниши мумкин. Саноққа қўшилган асарлар ҳақида мухтасар маълумот бериб ўтилса, нур устига нур бўлар эди. Сўровнома иштирокчисининг розилигига кўра, энг яхши дея эътироф этилган асарлар, умуман, мутолаа маданияти ҳақида 20-25 дақиқали видеоролик суратга олиниб, муштарийлар ҳукмига ҳавола қилинади.

Сўровнома жавоблари Ziyouz портали ва ҳамкор сайтларда чоп этилади. Пировардида энг кўп зикр этилган асарлар рейтинги тузилади.

Анкетани PDF форматда сақлаб олинг

Сўровномага жавоб берганлар (тўлдириб борилмоқда)

Қудрат Дўстмуҳаммад — олим ва ёзувчи
Шарифжон Аҳмедов — таржимон ва ёзувчи
Набижон Боқий — ёзувчи
Фахриёр — шоир ва таржимон
Абдуқаюм Йўлдошев — ёзувчи
Жаббор Эшонқул — филология фанлари доктори

«Ҳуррият» газетаси ўтказган “ХХ асрнинг энг яхши асарлари” сўровномасига қуйидаги адиб ва олимлар фикр билдирган эдилар:

Озод Шарафиддинов (1929-2005) — адабиётшунос олим, профессор.
Салоҳиддин Мамажонов (1931-2005) — адабиётшунос олим, академик.
Муроджон Мансуров (1941-2014) — ёзувчи.
Омон Мухтор (1941-2013) — шоир ва ёзувчи.
Ҳожиакбар Шайхов (1945-2002) — фантаст ёзувчи ва публицист.
Иброҳим Ғафуров — мунаққид, таржимон ва ёзувчи.
Наим Каримов — адабиётшунос олим.
Нўъмон Раҳимжонов — адабиётшунос олим.
Умарали Норматов — адабиётшунос олим.
Тоҳир Малик — ёзувчи.
Норбой Худойберганов — мунаққид.
Сувон Мели — адабиётшунос олим.
Аҳмад Отабоев — мунаққид ва таржимон.
Абдулла Улуғов — мунаққид.
Қозоқбой Йўлдошев — адабиётшунос олим.
Раҳмон Қўчқор — адабиётшунос олим.
Азиз Саид — шоир.
Иброҳим Ҳаққул — адабиётшунос олим.
Муртазо Қаршибоев — мунаққид.