Кўпқаватли уйнинг пойида турибман. Тепага қарайман: бала-а-анд, осмонга тираб қўйилган устундай, боши булутларга тегай дейди; ўзиям ғалати қурилган, неча қаватлигини билиб бўлмайди. Қачонлардир пуштига бўялгани сезилади; қовурғасимон бўртиқ балконлар тўқроқ рангда, кўзга янада бўртиб кўринади. Бинонинг кунботар тарафидаги ойналарда шом шафағининг ёлқини жилваланади.
Сўраб-сўраб топиб келгунча бўларим бўлди. Яна, аксига олиб, лифт ишламаётган экан. Балки, умуман ишламас. Оғир қадамлар билан бир-бир босиб, зинадан кўтарилиб бораман. Қўлимдаги қоғозга манзил ёзилган: мўлжал, уй ва хонадон рақами… Худди ёрдам берадигандек тез-тез қараб қўяман. Нечанчи қаватга чиққанимни чалкаштириб юбораман. Тўхтаб, нафас ростлайман. Зина ҳам ғайриоддий тушган: ўртада эмас, ёнбошда. Деразалардан шаҳар манзараси кўзга ташланади: қуёш тоғлар ортига бекинмоқда, тилла баркаши сония сайин кичрайиб-кичрайиб, охири кўздан ғойиб бўлади; берироқда эса аллақандай иншооту иморатлар, кўчалар ёқалаб экилган дарахтлару қатор-қатор уйлар бижир-бижир чаплашиб кетади. Етимтоғ майда жониворларга енгилган динозаврдай шаҳар ўртасида дўмпайиб турибди, пойида эса қуп-қуруқ дарё ўзани… Яқин-орадаги йирикроқ биноларни номма-ном санаш мумкин. Биз танишган жой ҳам кўринади: ҳув анави почта идораси ва спорт мажмуасининг орқасидаги сарғиш-кулранг иморатнинг нечанчидир қаватида, нимқоронғи йўлакнинг энг охиридаги хонада, эски замондан қолган стол-стулда ўтирганча ҳикояни жон қулоғимиз билан тинг¬лардик.
Орзиқул Қаршибой хонанинг тўрини эгаллаган катта ёзув столига тирсакларини тираб, бошини икки кафти орасига олган кўйи овозини гоҳ баландлатиб, гоҳ пасайтириб ҳикоя ўқимоқда. Орқадаги деразадан тушаётган қуёш нурида унинг кенг-мўл кўк кўйлаги ичидан жиккаккина жуссаси ажралиб кўринади, оқарган сочларининг анчайин сийраклашгани ҳам сезилади. Қоқсуяк ияк-жағи тез-тез кўтарилиб-тушади, лунжи кириб-чиқиб туради. Асарининг ёш қаламкашларга ёқиб-ёқмаётганини билиш учун ҳар-ҳар замон қўй кўзларининг ости билан бизга қараб қўяди. Уч-тўрт ўғил-қиз сел бўлиб эшитамиз. Шоира опанинг шаҳло кўзларида ёш айланади, қаймоғи олинмаган қатиқдай сўлқилдоқ юзига милт-милт томади. Ҳамишабаҳор шоира қизалоқнинг ҳам чеҳраси тунд, “бахт куйчиси” ҳам ғам чекар экан-да, дея ҳайратланасан. Афғон уруши, визиллаб учаётган самолётлар, тоғ-тошни ўпириб портлаётган бомбалар, чумолининг инига қайноқ сув қуйгандек жувонмарг бўлаётган йигитлар – тақдирлар… ҳали-ҳамон кўз ўнгимда, қулоғим остида, юрагим қаърида.
Шом шафағида самолёт кўринади, пастлаб тоғлар ортига шўнғиб кетади. Мен нечанчи қаватда турганимни чамалайман. Турфа эшиклардаги рақамларга қарайман. Ҳаммасиям ҳашаматда бир-биридан ўтаман дейди. Манави қорақўчқил темирқопқага классик услубда жимжимадор нақш урилган. Анави мошранги эса банкларда бўладиган пўлат сейфни эслатади. Ҳа, шундай: бир оиланинг қандай кун кечиришини билиш учун уйининг ичига кириб кўриш шарт эмас, эшигининг ўзиёқ бор сирни сотиб қўяди. Масалан, мана буниси – кўм-кўкка бўялгани – дўхтирхонани ёдга солади ёки сувсозними-ей… Қўшнисиники эса юпқа фанердан, қайси бир ташкилотдан қўпориб келинган чиқар, ҳатто “Бош директор”, “Ҳисобхона” деганга ўхшаш лавҳанинг ўрни бўёқ тагидан сезилади.
Мен “… бўлими бошлиғи” деган лавҳали эшик қаршисида турардим. Илгариги хонадан битта пастки қаватда жойлашган. Ишқилиб, тушликка чиқиб кетмаган бўлсин-да, дея хавотирланаман. Бир дам нафас ростлаб оламан. Ҳаяжонимни босиб, оҳиста тақиллатаман. “Киринг”. Қия очилган эшикдан нимқоронғи йўлакка ёруғлик тушади. Секин ичкари мўралайман. Орзиқул Қаршибой олдингидай деразага орқа ўгириб ўтирибди. Парда кўтариб қўйилган, хонага кўчадаги чинорларнинг қуюқ шох-шаб¬баси орасидан шуълалар ёғилади. Ёзувчи бир қарашда худди нурга йўғрилгандек туюлади. Ҳали мактабни ҳам битирмаган мендек ҳавас¬корни – бир марта кўрган – танимаса керак, деб ўйлагандим. Адашибман. Бир бош ўсдим. Ўша галги суҳбатимизни ҳозир батафсил сўзлаб бера олмайман. Эсимда қолгани – очлик билан даволанаётган экан. “Самолечение”, деганди. Янаям озиб-тўзиб кетган, лекин ранг-рўйи тиниқлашган. Руҳи ҳам тетик. Ичишни ташлаганини эшитиб хурсанд бўлдим. Лицейни тугатгач, қайси институтга кирмоқчилигимдан сўроқлади.
– Яшашни билган одам мазза қилиб яшайверади. Буни эплолмаганлар эса ҳаёт машаққатлари ҳақида ёзиб, ахийри ёзувчи бўлади…
– Фолкнер! – деди гапимни шартта кесиб, кўрсаткич бармоғини ҳавога нуқиб.
Тепадан семиз одамнинг қадам товушлари эшитилади. Бор оғирлигини оёғига ташлаб юрганидан зиналар зириллаб кетади. Бўйнимни букиб, темир тутқичлар орасидан қарайман – аёл киши экан: қоп-қора кийиниб олибди, озғинроқ кўринаман, деб ўйлаган-да. Мана, энди ҳарсиллашлари ҳам эшитилаяпти. Ёнма-ён келганимизда деворга тисарилиб йўл бердим. Димоққа тер ҳиди гупиллаб урилади. Шошганда салом-аликни унутибман. Беш-олти поғона ўтиб тўхтадим, хатомни тўғриладим. Шу баҳонада нечанчи қаватга етганимни сўраб олдим.
– Ва-а алайкум, ҳаҳ… олти ярминчи… ҳаҳ…
Шу хотин ҳам қачонлардир гулдай бўйқиз бўлиб, дўнондай жувон бўлиб кўзларни яшнатиб юргани ақлингга сиғмайди. Тасаввур этиш қийин…
Кейинги борганимда мени янаям пастроқ қаватга йўлладилар. Аввалги самимий суҳбатлардан эркинсибми, сира тараддудланмай эшикни очдим. Дераза томонда хушбичим жувон ўтирибди. Токчада анвойи гуллар: очилгани қайси-ю, очилмаса-да кўзни қувнатадигани қайси…
Орзиқул ака ёзув столига ўнг қўли билан суянганча, қадди сал букилиб, худди энг муҳим сўзларини ҳамсуҳбати эшитмай қоладигандек энгашиб, фикрини уқтирмоқда:
– Агар… – менга кўзи тушиб, чап қўли билан “келавер” дегандек ишора қилди. – Агар Анна Григорьевнам бўлганида, мен Фёдор Достоевс¬кий бўлардим. Агар Зарифам бўлганида, мен Ойбек бўлардим…
Қолган гаплар аҳамиятсиз, мана шу ушалмас орзуга, тўғрироғи, адоқсиз армонга иловалар, холос. Эҳтимол, ҳаётнинг ўзи иловадир.
Хотин кишининг тўнғиллаши қулоққа чалина бошлади. Яқинлашганинг сайин бу шовқинга сув¬нинг шар-шури, тоғоранинг тиқир-тиқири ҳам қўшилади. Қачонлардир оққа бўялган, йиллар сарғайтириб юборган ёғоч эшик ланг очиқ. Ваннахонада озғин аёл эгилиб кир ювмоқда. Бошу елкаси кўринмайди. Гулдор кўйлаги хира чироқ нурида мап-малла тус олган. Қўли ҳам, оғзи ҳам тинмайди:
– Сассиқ пайпоқларингизни ювиб умрим ўтаяпти. Кирмошин сотволиш осмондаги ойни узволишдай гап. Манави ўлгур эшик ёзи билан ёпилмайди, каталакдай уй иссиқдан димиқиб кетади. Кондиционерни-ку раҳматли энамнинг олдига борганда…
– Жаннатга тушаман деб ўйлаяпсан, шекилли, – Орзиқул ака ўнг қўлдаги хонада, девор тагида узала тушиб китоб ўқияпти. Оловранг ҳарфлар билан “Қаватимдаги ёт қадрдон” дея ёзилган қоп-қора муқова унинг юзини тўсиб қўйган. – Дўзах бундан ҳам иссиқ…
– Сизни онангиз гапга туққан. Чиройли сўзларингизга учганман-да…
– Худога шукр қил. Мен уйланмаганимда, ким билсин, ҳозир қишлоқда таппи ёпиб юрармидинг?!
– Ҳечам-да, – янга менинг кузатиб турганимни пайқамас, ваннага энкайиб кир ювар, эрига паст келгиси келмас, бир гапдан қолай демас эди: – Мен сизга Ойбекдай катта шоир бўлади, шаҳарма-шаҳар олиб юради, Тошкенту Москвани кўрсатади, деб текканман. Эсингиздами, қишлоқда бизни қандай дабдабаю асъаса билан кузатиб қўйишган?! Етиб келган жойимиз мана шу – булбулнинг кетидай шаҳарча бўлди. Йигирма йилки, мен тугул, ўзингиз ҳам аэропорт нари турсин, э… вокзалнинг остонасидан ҳатламадингиз-ку!
– Узоқни кўра билмагансан. Косайи давроннинг айланиб кетиши тушингга кирибдими?!
– Қайтанга, Ҳошим иккичига тегсам бўлар экан, хотинини Анталияга обориб келибди. Қиш¬лоқда дув-дув гап.
– Ўйнашлари билан ўн борган жойга хотини билан бир борса, нима қипти?! – Орзиқул ака ҳалиям китобни юзидан олмаган; худдики гапирмаяпти, ўқиб бераяпти. – Анталия дейсанми?
– Ҳа, а…
– Қаерда экан? Дўзахнинг биринчи қаватидами?..
Янга қаддини ростлади. Сочини тепага йиғиштириб туккан, қулоғи атрофида турмакдан бўшаган сочлари бўйнини янаям узун ва ингичка кўрсатади. Зулукдай қоши, қуралай кўзи, қирра бурни… ёшликда анча-мунчани доғда қолдирганини айтиб турибди. Мени кўриб қолмасин деб ўзимни эшикнинг панасига олдим. Шу пайтгача пайқамабман, чап қўлдаги хона остонасида тўққиз-ўн яшар болакай ўтирган экан. Оғзини хиёл очиб, мунғайиб қаради. Лекин индамади. Унинг кўзлари… тағин бир боқишга ботинолмайсан. Шунча мунгни қаердан олдийкан?!
Ишхонасига охирги борганимда Орзиқул акани янаям қуйи қаватдан топдим. Деразадан ташқарини томоша қилиб турган экан. Ҳамма ёқни оппоқ қор қоплаган, фақат йўл қорайиб қолганди. Кўчанинг нарисидаги қалин арчазор орасига кириб кетган бир жуфт изга кўзим тушди. Спорт мажмуасидан қий-чув кўтариб болакайлар чиқди, қорбўрон ўйнай-ўйнай бекат томон юрдилар. Қаршидан келаётган қора “Ласетти” четлаб, уларга йўл берди. Ҳайтовур, ҳайдовчи инсофли экан, қор-сув аралаш шилта сачрамасин деди…
Орзиқул ака қўлидаги сарғиш қоғозга тикилиб:
– Бир шеър ёздим, – деди, салом йўқ, алик йўқ, дабдурустдан. Мулозаматимни ҳам кутмай, ҳирқироқ овозда ўқий кетди:
…Ҳаёт – армон, ютқизиқ – ҳар он,
Йиллар ўтар мисоли шарпа.
Икки ўғлим – Қодирбек, Даврон
Мендан сенга энг буюк зарба!..
Фикрим билан қизиқмади ҳам. Оппоқ оламга термулиб тураверди. Индамай хонадан чиқдим.
Эшик олдида серрайиб қолдим. Эр-хотиннинг айтишуви тугай демасди. Болакайга кўз қиримни ташлайман. Байроқли футболкасининг йиртиғидан елкаси кўринади. Оёғида эса тиши едирилиб кетган бутси. Шу туришида уйдан қочиб кетишга шайлангандек туюлади. Орзиқул Қаршибой ўз ҳаётини Фолкнернинг гапи устига қурган-ов. Болаларини эса Ҳеменгуэйнинг маслаҳати билан тарбиялаяптими дейман. Бахт¬сиз болалик буюк ёзувчиларни яратиши ҳақида айтган-ку!.. Ўқрайган нигоҳга кўзим тушди. Бояги мунг қаёққа йўқолди?! Эшик “ҚАРС” этиб ёпилди. Минғир-минғир гаплар ҳам тинди…
Дўрмон, 2014 йил