Самад Беҳрангий. Қора балиқча (ҳикоя)

Қишнинг чилла кечаси эди. Денгиз тубида кекса бир балиқ ўн икки минг боласи ва набирасини атрофига тўплаб олиб эртак айтиб бераётган экан:
— Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда кичкинабир ирмоқда қора балиқча онаси билан бирга яшар экан. Ирмоқ баланд тоғдаги бир қоядан чиқиб водийнинг этакларигача оқиб борар экан. Она-бола балиқ ирмоқ тубидаги катта тош тагини ўзларига уй қилиб олишган экан. Тошни қоплаган йўсинлар уйнинг томи вазифасини бажарар экан. Балиқлар тунда йўсин остига кириб ухлашар экан. Қора балиқча бир марта бўлса ҳам йўсинлар остидан чиқиб ой нурини кўришни орзу қилар экан. Она балиқ ва миттивой эрталабдан кечгача бир–бирини ортидан сузиб айланиш билан кун ўтказишар, баъзида бошқа балиқлар билан бирга кичик ирмоқда у ёқдан бу ёққа сузиб юришар экан.
Бола балиқ ўзини жуда ёлғиз сезар экан. Чунки ўн минг увилдириқдан бор–йўғи шу қора балиқча тирик қолган экан. Қора балиқча бир неча кун ғамгин бўлиб қолибди. Худди бетоб бўлгандек, у ёндан бу ёнга секин-секин сузиб юрар, бошқа вақтдаям худди шундай жимгина онасига эргашиб юраверар экан. Онаси миттивойнинг аҳволидан ташвишланар, тезроқ тузалиб кетишини умид қилар экан. Аммо қора балиқчанинг дарди шунчаки ўткинчи бир дард эмас экан.
Митти балиқ бир куни эрта тонгдан, ҳали қуёш чиқиб улгурмасдан онасини уйғотиб:
– Ойижон, келинг, бироз гаплашиб ўтирайлик, – дебди.
Онаси уйқусираб:
– Болажоним, гаплашгани топган вақтингни қара-я. Кейинроқ гаплашсак бўлмайдими? Агар хоҳласанг бирга сайрга чиқишимиз мумкин, нима дейсан? – дебди.
– Йўқ, ойижон, сайр қилишни умуман хоҳламайман. Мен бу ердан бутунлай кетмоқчиман!
– Бутунлай кетмоқчиман, деганинг нимаси?
– Ҳа, ойижон, кетишим керак.
– Аммо, каллайи саҳарлаб қаерга кетмоқчисан?
– Шу ирмоқ қаергача боришини ўз кўзим билан кўрмоқчиман. Биласизми, ойижон, қачонлардан бери ирмоқнинг охири қаерда экан, деган ўй менга тинчлик бермайди. Ўйлаб ўйимга етолмаяпман. Кечадан бери уйқум қочиб ухлолмаяпман. Ниҳоят, ирмоқнинг охиригача бориб ўз кўзим билан кўриб келишга қарор қилдим. Бошқа жойларда нималар бўлиб ўтаётганидан хабардор бўлмоқчиман.
Онаси кулиб дебди:
– Мен ҳам сендайлигимда бу ҳақда кўп ўйлаганман. Болажоним, дарёнинг боши ҳам охири ҳам бўлмайди. Буни ақлингдан чиқарма! Дарё доим оқиб туради ва бирон жойга ҳам бормайди.
– Аммо, ойижон, ҳамма нарсанинг ҳам охири бўладику. Тун тугаб тонг отади, ой, йиллар ҳам шундай…
Онаси унинг сўзини бўлибди:
– Бундай бемаъни гапларни бас қил, қани бўлақол, бирга айланиб келамиз. Гап сотадиган вақт эмас, эрталабки сайр вақти бўлди.
– Йўқ, ойижон. Мен бунақанги сайрлардан зерикдим. Саёҳатга чиқиб, дунёни кезишни истайман. Бошқа жойларда нималар бўлаётганидан хабардор бўлишни хоҳлайман. Бу гапларни кимдир қулоғимга қуйган, деб ўйласангиз, билиб қўйинг, мен кўпдан бери бу ҳақда ўйлайман. Албатта, бошқалардан ҳам кўп нарсани ўргандим. Масалан шуни тушуниб етдим: Кўпчилик балиқлар қариганда умри бекорга ўтиб кетганидан шикоят қилишади. Тинмай нолишади, кимларнидир лаънатлаб, ҳуда-беҳуда қарғаш билан вақт ўтказишади. Мен шуни билмоқчиман: ҳаёт дегани ҳақиқатан ҳам шу бир ҳовуч жойда қариб ўлгунча айланишдан иборатми? Ёки бу дунёда бошқа шаклда ҳам яшаса бўладими?
– Болажоним, ақлдан оздингми, сен? Дунё, дунё дейсан… Дунё деганинг нимаси? Мана шу ер дунё бўлади. Эл қатори яшаб юрибмиз, ҳаёт дегани бундан бошқача бўлмайди…
Шу пайт уларнинг уйига бир катта балиқ яқинлашибди:
– Қўшни, болангиз билан боядан бери нимани тортишяпсизлар? Бугун сайрга чиқмайсизларми, дейман? – дебди.
Она балиқ қўшнисининг ёнига чиқиб дебди:
– Қандай кунларга қолдик, кўрмайсизми, қўшнижон! Болалар энди оналарига ақл ўргатадиган бўлиб қолишди.
Қўшни:
– Нима бўлди, ўзи?
Она балиқ:
– Манави нодоннинг айтган гапини қаранг. Кетмоқчиман, дейди. Дунёда нималар бўлиб ўтаётганини ўз кўзим билан кўрмоқчиман, дейди. Кетаман деб оёқ тираб олди. Бўйидан ошадиган гапларни айтиб ётибди!
Қўшни:
– Миттивой, сен қачон ўқиб олим, файласуф бўла қолдинг-а? Биз бехабар қолибмиз-ку!
Қора балиқча:
– Хола, сиз кимни олим-файласуф деяпсиз, мен билмайман. Аммо бундай ҳар кунги сайрлардан зерикдим. Бу бемаъни сайрларга чиқишни истамайман. Кўз очиб юмгунча сизлардек қариб қоламан. Кўзим кўрмас, қулоғим эшитмас бўлиб қоламан. Хоҳламайман, тушуняпсизми, хоҳламайман!
Қўшни:
– Вой тавба қилдим! Бу қанақа гап бўлди?
Онаси:
– Яккаю ягона ўғлим бу кўйга тушади деб сира ўйламагандим. Қайси яшшамагур ақлли болагинамни йўлдан урган экан-а?
Қора балиқча:
– Ҳеч ким йўлдан ургани йўқ. Ўзимнинг ақлим, ўй-фикрим бор, ахир! Кўзим бор, ҳаммасини кўриб-билиб турибман.
Қўшни балиқчанинг онасига қараб:
– Қўшнижон, ҳалиги ғийбатчи шиллиқ қурт бор эдику…
Онаси:
– Ҳай, эсим қурсин, яхши эслатдингиз, қўшни. Боламни атрофида гирди капалак эди. Вой, ярамас-ей!
Қора балиқча:
– Бўлди қилинг, ойижон. Ахир у менинг дўстим эди-ку!
Онаси:
– Балиқ билан шиллиққурт дўст бўларканми? Умрим бино бўлиб бунақасини эшитмаганман!
Қора балиқча:
– Балиқ билан шиллиққурт душман ҳам бўлмаган-ку! Бекорга гуноҳини оляпсиз.
Қўшни:
– Ғирт бемаънилик!
Қора балиқча:
– Ҳамма бемаънилик сизда-ку!
Онаси:
– Ўлимига ўзи сабабчи бўлди. Дуч келган ерда оғзига келганни валақлайверарди, эсингдан чиқдими?
Қора балиқча:
– Ундай бўлса, мени ҳам ўлдиринглар! Мен ҳам шунга ўхшаш гапларни гапиряпман. Онгингиз заҳарланиб қолмасин, тағин.
Тортишув кучайиб овозлар юксалгач бошқа балиқлар ҳам уларнинг атрофига йиғилишибди. Митти балиқчанинг гапи ҳамма балиқларни ғазаблантирибди.
Кекса балиқлардан бири:
– Шундай қилсам, ачинади, деб ўйлапсан, чоғи?!
Бошқаси:
– Миттивой бошига бало орттирмоқчими, дейман!
Қора балиқчанинг онаси:
– Бас қилинг! Менинг болам билан ишингиз бўлмасин!
Бир балиқ:
– Хоним, билиб қўйинг, болангизга ҳозирдан яхши тарбия бермасангиз, кейин азобини тортасиз.
Қўшни:
– Сизга қўшни бўлганимдан афсусдаман.
Бошқа бирови:
– Бошқаларни ҳам айнитмасидан, шиллиққуртнинг ёнига гумдон қилиб қўя қолайлик?!
Балиқлар митти қора балиқни жазолаш учун келишганида дўстлари унинг атрофини ўраб ҳимоя қилишибди. Қора балиқчанинг онаси эса: “Вой–дод! Боламни ўлдириб қўйишади! Бу кўргилик ҳам бормиди! Нима қилдим энди?! Бошимни қайси тошга урай?!” деб дод–фарёд қила бошлабди.
Қора балиқча:
– Онажон, мен учун йиғламанг. Шу ожиз, қари балиқларнинг ҳолига йиғланг.
Балиқлардан бири узоқда туриб бақирибди:
– Маҳмадона, оғзингга қараб гапир!
Иккинчиси:
– Кетсанг пушаймон бўласан, қайтиб келсанг сафимизга олмаймиз сени.
Учинчиси:
– Бу шунчаки ўткинчи ҳою–ҳавас, кетма, болакай! –дебди.
Тўртинчиси:
– Бу ернинг нимаси ёқмай қолди?
Бешинчиси:
– Бошқа дунё деганинг хомхаёл. Дунё мана шу ер, ақлинг борида қайт.
Олтинчиси:
– Эс–хушингни йиғиб, вақтида бу савдодан воз кечсанг, сенинг ақлли балиқ эканингга ишонамиз.
Еттинчиси:
– Биз сенга ўрганиб қолгандик…
Онаси:
– Менга раҳминг келсин, болагинам! Кетма!
Митти балиқнинг уларга айтадиган гапи қолмабди. Тенг–тўшларидан бир неча балиқ уни шалолагача кузатиб қўйибди. Кичик балиқ улардан айрилаётиб:
– Дўстларим, алвидо! Мени унитманглар! – дебди.
Дўстлари:
– Сени унутиб бўларканми?! Бизнинг кўзимизни очдинг. Етти ухлаб тушимизга кирмаган нарсаларни ўргатдинг. Йўлинг очиқ бўлсин, доно ва жасур дўстимиз! –дейишибди.
Қора балиқча шалоладан ўзини пастга отибди. Шалоладан ҳосил бўлган кўлчага тушибди. Аввал ҳадиксираб атрофни кузатибди. Кейин кўлчани айланиб томоша қилибди. Олдин бунақанги кўлни сира кўрмаган экан.
У ерда тухумдан энди чиққан минглаб қурбақа сузиб юрган экан. Митти балиқни кўрган қурбақачалар кула бошлашибди:
– Вой, манавинга қаранглар! Сен қанақа маҳлуқсан?
Балиқ уларни бошдан-оёқ кузатиб:
– Илтимос, одобингизни сақланг. Менинг отим “Кичик қора балиқ.” Сизлар ҳам исмингизни айтинг, танишиб қўяйлик. – дебди.
Бир қурбақа боласи:
– Биз бир–биримизни Қурбақача, деб чақирамиз, дейишибди.
Бошқаси:
– Насл-насаби улуғларданмиз.
Яна бири:
– Дунёда биздан чиройли маҳлуқ йўқ!
Бошқа бирови:
– Сенга ўхшаган хунук ва тасқара эмасмиз.
Қора балиқча:
– Сизнинг бу даражада ўзингизни ёқтиришингизни билмас эканман. Шундай бўлса ҳам сизларни кечираман. Чунки, нодонлигингиздан шундай деяпсиз.
Бир қурбақа боласи:
– Биз нодон эканмизми?
Қора балиқча:
– Нодон бўлмаганингизда эди, дунёдаги бошқа жонзотларнинг ўзига яраша чиройи борлигини билган бўлардингиз. Исмингиз ҳам йўқку, ҳатто!
Қурбақачалар бу гапларни эшитиб роса жаҳллари чиқибди аммо балиқчанинг гаплари тўғри бўлгани учун гапни бошқа ёққа буришибди:
– Сен бекорга овора бўляпсан. Биз ҳар куни эртадан кечгача сайру саёҳат қиламиз. Аммо шу пайтгача ўзимиздан ва ота–онамиздан бошқа ҳеч кимни кўрмаганмиз. Албатта қумурсқаларни ҳисобга олмаганда.
Қора балиқча:
– Шу кўлчадан нарига чиқмасдан туриб дунё айланамиз, сайру саёҳат қиламиз деганингиз нимаси?!
Қурбақачалар:
– Бу кўлдан ташқарида бошқа дунё ҳам бор эканми?
Қора балиқча:
– Албатта бор! Ўйлаб кўринг, бу сув кўлга қаердан келяпти ва сувдан ташқарида нималар бор?
Қурбақачалар:
– Сувдан ташқарида деганинг нимаси? Биз сувнинг ташқарисини ҳеч кўрган эмасмиз. Ҳа–ҳа–ҳа! Сен эсингни еб қўйибсан!
Митти қора балиқ ҳам кула бошлабди. Қурбақа болалари ёнидан тезроқ узоқлашгани маъқул эканлигини англабди. Фақат уларнинг оналари билан бир–икки оғиз гаплашишни ихтиёр қилибди.
– Онангиз ҳозир қаерда?
Қора балиқча соҳил томондан эшитилган бир қурбақанинг кучли овозидан чўчиб тушибди.
Соҳилда тош устида ўтирган қурбақа сувга сакрабди–да балиқнинг ёнига келиб:
– Мана, қаршингда турибман, гапир!
Қора балиқча:
– Салом, хоним!
Қурбақа:
– Зоти бетайин маҳлуқ! Олифтагарчиликни йиғиштир! Болаларимнинг бошини айлантиришга ким рухсат берди? Валдираганинг валдираган! Мен дунёнинг шу кўлдан иборат эканлигини англашга етадиган даражада узоқ яшадим. Қани, бўл, жўнаб қол. Болаларимнинг онгини заҳарлашингга йўл қўймайман!
Қора балиқча:
– Юз баробар ортиқ яшасангиз ҳам яна нодон ва ожиз қурбақа бўлиб қолаверасиз. – дебди.
Қурбақа аччиқланиб митти қора балиқнинг устига сакрабди. Балиқча сув тубига шўнғибди ва сувни лойқалатиб қурбақани чалғитиб қочиб қолибди.
Балиқча илон изидек узанган даралардан олға илгарилаб бораверибди. Ирмоқ суви ҳам тўлиб тошиб оқаркан. Аммо тоғдан дарага қарасангиз ирмоқ оқ арқондек бўлиб кўринар экан. Тоғдан катта бир қоя ажралиб дарага қулаб сув йўлини иккига ажратиб қўйган экан.
Катта бир калтакесак тошга ёпишган ҳолда бироз нарида қурбақани еяётган қисқичбақани кузатаётган экан. Балиқча қисқичбақни кўриб бирдан қўрқиб кетибди. Узоқдан салом берибди. Қисқичбақа менсимайгина унга қараб дебди:
–“Сен жуда одобли балиқ экансан. Қани яқин кел-чи, қоқиндиқ, кела қол!
Қора балиқча:
– Дунёни сайр қилиш учун йўлга чиқдим. Сизга ем бўлишни хоҳламайман.
Қисқичбақа:
– Намунча бадният ва қўрқоқ бўлмасанг, митти балиқ?!
Қора балиқча:
– Мен бадният ҳам эмасман, қўрқоқ ҳам. Кўзим кўрганини, ақлим ишонганини айтаман.
Қисқичбақа:
– Яхши, унда айт-чи, кўзинг нимани кўрди, ақлинг нима деди-ю сен емишга айланишингни ўйлаб қолдинг?
Қора балиқча:
– Гапни чувалатишнинг кераги йўқ.
Қисқичбақа:
– Қурбақани кўрганингни айтмоқчимисан? Сен ҳам жуда содда экансан, миттивой! Қурбақалар билан орамиз яхши эмас. Шунинг учун уларни овлайман. Дунёдаги ягона ва энг бахтли мавжудот деб билишади ўзларини. Мен уларга дунёнинг эгаси кимлигини кўрсатиб қўйишни истайман. Ана, энди қўрқмасанг ҳам бўлаверади, болажоним. Қани яқинроқ кел, кела қол.
Қисқичбақа сўзларини тамомлагач митти балиқнинг ёнига эшилиб-буралиб яқинлаша бошлабди. Уни кўриб қора балиқча беихтиёр қаҳқаҳ отиб кулиб юборибди.
– Бечора! Сен эплаб юришни ҳам билмас экансан-ку, дунёнинг соҳиби кимлигини қаёқдан билардинг?
Қора балиқча қисқичбақанинг ёнидан узоқлашибди. Ўша пайт сувга бир соя тушибди ва кучли зарб қисқичбақани сув остига кўмиб юборибди. Калтакесак қисқичбақанинг ҳолига кулаётиб сирғаниб сувга тушиб кетаёзибди. Қисқичбақа қайтиб чиқмабди. Митти балиқ сув бўйида кичик бир чўпон боланинг уларни кузатиб турганини кўрибди. Сувга қўй ва эчки подаси яқинлашибди. Қониб сув ичишибди, маъраб ўйнашибди. Овозлари водийда жаранглабди.
Митти қора балиқ қўй ва эчкилар сув ичиб кетишгунча уларни кузатибди. Кейин калтакесакка қараб:
– Калтакесакжон, мен митти қора балиқман. Дарёнинг охирини қидириб кетяпман. Сенинг ақлли жонзот эканлигингга шубҳа қилмайман. Бир нима сўрасам майлими? –дебди.
Калтакесак:
– Бемалол сўрайвер. – дебди.
Қора балиқча:
– Бирқозон, арра балиқ ва чағалайлар йўлда мени роса қўрқитишди. Улар ҳақида нималарни биласан, айтиб бер.
Калтакесак:
– Арра балиқ билан чағалай бу ерларда йўқ. Арра балиқ денгизда яшайди. Бирқозон қушлари баъзан учраб туради. Лаққа тушиб тўрвасига илиниб ўтирмагин.
Қора балиқча:
– Қанақа тўрва?
Калтакесак:
– Бирқозон қушининг томоғида каттакон тўрваси бўлади. Сувда сузиб юрганида балиқлар ўзлари билмаган ҳолда бирқозоннинг тўрвасига кириб қолади ва ўша ердан тўппа-тўғри ошқозонга тушади. Агар бирқозон оч бўлмаса илинган балиқларни ўша тўрвада сақлаб юради.
Қора балиқча:
– Агар балиқ тўрвага кириб қолса чиқиб кета олмайдими?
Калтакесак:
– Тўрвани тешишдан бошқа чораси йўқ. Мен сенга бир ханжар бераман. Бирқозон сени тутиб олса, айтганимни қил.
Калтакесак бир тошнинг орасига кириб кичкина бир ханжар олиб чиқибди. Балиқ ханжарни олиб:
– Калтакесакжон, жуда меҳрибонсан. Сенга қандай миннатдорчилик билдиришни ҳам билолмаяпман.
Калтакесак:
– Арзимайди, миттивой. Менда бундай ханжарлардан кўп. Бўш қолганда буталарнинг тиканидан ханжар ясайман ва сенга ўхшаш ақлли балиқларга бераман.
Қора балиқча:
– Мендан олдин ҳам бу ердан ўтган балиқ бўлдими?
Калтакесак:
– Кўп ўтди. Ҳозир улар бир гала бўлиб балиқчиларни қийратиб ётишибди.
Қора балиқча:
– Кечирасан, қизиқиб қолдим. Эзма экан деб ўйлама, тағин. Балиқчиларни қандай қийратишгани ҳақида айтиб бера оласанми?
Калтакесак:
– Ҳар доим бир жойда туришмайди. Балиқчилар тўр ташлашганида тўрнинг ичига тушиб олишади-да тўрни денгиз тубига тортишади.
Калтакесак тош орасига қулоғини яқинлаштириб диққат билан тинглай бошлади:
– Мен кетай энди, болаларим уйғонибди.
Калтакесак тош ёриғига кириб кетибди. Қора балиқча йўлида давом этибди. Миясига савол кетидан савол келаверибди. “Ирмоқ денгизга қуйилармикан? Бирқозонга дуч келиб қолмасмиканман? Арра балиқ ўз қавмидагиларни ҳам ермикан? Чағалайнинг бизга нима хусумати бор экан-а?”
Митти балиқ йўл-йўлакай шуларни ўйлаб борар экан. Ҳар бир қаришда янги нарсаларни кўрар ва бир нималарни ўрганиб борар экан. Шалолалардан пастга учиб тушиш ва сузишда давом этиш унга жуда ёқиб қолган экан. Қуёшнинг тафтини сезган сари кучли бўлиб бораверибди. Бир жойда кийик шоша-пиша сув ичаётганини кўрибди. Митти балиқ унга салом бергандан кейин:
– Ҳой, кийик, намунча шошиб сув ичяпсан? – деб сўрабди.
Кийик:
– Ортимдан овчи қувиб юрибди. Менга ўқ узиб яралади, мана қарагин.
Кичик балиқ ўқ теккан жойни кўролмабди аммо кийикнинг оқсоқланиб кетиб бораётганини кўриб унинг айтган гапини тушунибди.
Бошқа бир жойда эса тошбақалар офтобда тобланиб ётганини кўрибди. Қирғоқда какликлар сайрашаётган экан. Уларнинг овози водийга ёйилар, тоғ ўсимликларининг ҳиди ҳавода тўлқинланиб сувга қўшилиб борар экан.
Тушдан кейин водийдан ўтиб ўрмонга яқинлашибди. Ирмоқ ўрмонга етганида янада кенгайиб оқар экан. Сув шу даражада жўшиб оқар эканки, қора балиқча буни кўриб жуда хурсанд бўлибди. У ерда кўпгина балиқлар билан танишибди. Онасини тарк этиб келганидан буён балиқ кўрмаган экан. Бир неча кичик балиқ унинг атрофини ўраб сўроққа тутибди: “Бу ерга бегонасан шекилли?!”
Қора балиқча:
– Ҳа, бегонаман. Узоқдан келяпман.
Кичик балиқлар:
– Қаёққа кетяпсан?
Қора балиқча:
– Ирмоқнинг охирини кўриш учун кетяпман.
Кичик балиқлар:
– Қайси ирмоқнинг?
Қора балиқча:
– Ичида сузиб юрганимиз ирмоқни-да!
Кичик балиқлар:
– Биз буни дарё деймиз.
Қора балиқча индамабди. Кичик балиқлардан бири:
– Бирқозон қушлари йўлимизни пойлаб туришини биласанми?
Қора балиқча:
– Ҳа, биламан.
Бошқа балиқ:
– Бирқозоннинг каттакон тўрваси борлигини ҳам биласанми?
Қора балиқ:
– Буни ҳам биламан.
Кичик балиқча:
– Шундаям кетаверасанми?
Қора балиқча:
– Ҳа, нима бўлса ҳам йўлимдан қайтмайман.
Бир зумда бу хабарни барча балиқлар эшитишга улгуришибди. “Митти бир қора балиқ узоқлардан келганмиш. Ирмоқнинг охирини кўришга кетаётганмиш. Бирқозондан ҳам сира қўрқмасмиш!” Бир неча кичик балиқ унга эргашишни хоҳлабди лекин катталардан қўрққанлиги учун индамай қолаверишибди. Бир нечтаси “Бирқозон бўлмаганда эди сен билан келган бўлардик. Бирқозоннинг тўрвасидан қўрқамиз.” дейишибди.
Ирмоқ бўйида бир қишлоқ бор экан. Қишлоқ аёллари ирмоқда кир ювиб ўтиришган экан. Митти балиқ бир муддат уларнинг суҳбатига қулоқ тутибди. Бироз болаларнинг сувга шўнғиб ўйнашаётганини кузатиб турибди-да яна йўлида давом этибди. Кеч киргач бир тошнинг остига кириб ухлабди. Тун ярмида уйғонибди. Қараса, ой нури сувга тушиб ҳар томонни ёритаётганмиш.
Митти қора балиқ ойни жуда яхши кўраркан. Ой нури сувга тушган пайтларда йўсинлар остидан чиқиб уни томоша қилишни хоҳлар экан аммо онаси ҳар сафар уни йўсин остига тортиб ухлашга мажбур қилар экан.
Митти балиқ ойдинга чиқиб:
– Салом, гўзал ой!
Ой:
– Салом, митти қора балиқ. Сен қаёқда эдинг? Қаёқларга келиб қолибсан?
Балиқ:
– Дунё кезиш учун чиқдим.
Ой:
– Дунё жуда катта. Ҳар ерни кўролмайсан.
Балиқча:
– Майли, улгурганимча кўрсам етади.
Ой:
Тонггача ёнингда қолишни истардим, аммо катта бир қора булут бу томонга келяпти. Нуримни тўсиб қўяди.
Балиқча:
– Гўзал ой, мен сенинг нурингни жуда ёқтираман. Нуринг доим йўлимни ёритишини хоҳлардим.
Ой:
– Балиқча, агар тўғрисини билишни хоҳласанг, айтай сенга: Менинг нурим йўқ. Қуёш менга нур беради. Мен эса уни ер юзига ёяман. Эшитмадингми, инсонлар бир неча йил ичида учиб устимга қўнишмоқчи.
Қора балиқ:
– Бунинг имкони йўқ.
Ой:
– Қийин иш, аммо инсонлар нимани қилишни истаса…
Ой сўзини тугата олмабди. Қора бир булут келиб ойнинг юзини беркитибди. Осмон қоп-қоронғи бўлибди. Митти балиқ ёлғиз қолибди. Бир муддат атрофга қараб турибди. Кейин тош остига кириб уйқуга кетибди.
Эрта тонгда уйғонибди. Тепасида пичирлаб гаплашаётган балиқчаларни кўрибди. Қора балиқчанинг уйғонганини кўришгач ҳаммаси бир овоздан:
– Хайрли тонг! дебди.
Қора балиқча уларни танибди:
– Хайрли тонг! Барибир мен билан келишга қарор қилибсизлар-да!
Кичик балиқлардан бири:
– Ҳа, аммо барибир қўрқяпмиз.
Бошқа бири:
– Бирқозонни ўйлайвериб тинчимиз йўқолди.
Қора балиқча:
– Сизлар кўп ўйлайверманглар! Тинмай ўйлайвериш керакмас. Йўлга чиққанда қўрқув ўз-ўзидан ғойиб бўлади.
Энди йўлга тушамиз деганларида сув кўпирибди. Устларида бир қопқоқ ёпилибди. Атроф қоп-қоронғи бўлибди. Қочадиган йўл қолмабди. Қора балиқча бирқозоннинг тўрвасига илиниб қолишганини англабди.
Митти қора балиқ:
– Дўстлар, бирқозоннинг тўрвасига тушдик. Аммо бу ердан чиқиш йўли тамоман ёпилган эмас.
Кичик балиқлар йиғлай бошлашибди. Ичларидан бири:
– Энди чиқадиган йўл қолмади. Сени деб бўлди! Бизни йўлдан урдинг.
Бошқаси:
– Энди ҳаммамизни ютиб юборади. Тамом бўлдик!
Шу пайт бирдан даҳшатли қаҳқаҳа эшитилибди. Бу бирқозонннинг кулиши экан.
– На қадар кўп кичик балиқ овладим бугун. Ҳа–ҳа–ҳа… Сизларга ачиниб кетяпман! Ютиб юборишга кўзим қиймаяпти! Ҳа–ҳа–ҳа…
Кичик балиқлар бор овозлари билан ёлвора бошлашибди:
– Бирқозон ҳазратлари! Биз сиз ҳақингизда кўпдан-кўп мақтовли гаплар эшитдик. Бизга марҳамат кўрсатиб муборак тумшуғингизни бироз очинг, ташқарига чиқайлик. Бундан кейин умримиз сизни дуо қилиш билан ўтади.
Бирқозон:
– Сизларни ҳозир еб-ютмоқчи эмасман. Сақлаб қўйган балиқларим бор. Пастроққа қаранглар…
Тўрванинг тубида катта-кичик бир неча балиқ бор экан. Кичик балиқлар:
– Бирқозон ҳазратлари! Биз ҳеч нима қилмадик. Айбсизмиз. Манави митти қора балиқ бизни йўлдан урди…
Қора балиқча:
– Қўрқоқлар! Бу айёр қушдан марҳамат кутдингизми? Нега ёлворасиз?
Кичик балиқлар:
– Оғзингдан чиққанини қулоғинг эшитяптими? Кўрасан кунингни. Бирқозон жаноби олийлари бизни кечиради, сени эса ютиб юборади!
Бирқозон:
– Тўғри, сизни кечираман, фақат бир шарт билан.
Кичик балиқлар:
– Марҳамат, қандай шарт экан?
Бирқозон:
– Маҳмадона балиқни ўлдирсангиз озодликка чиқасиз!
Митти қора балиқ бурчакка чекинибди ва кичик балиқларга:
– Рози бўлманглар! Бу айёр қуш орамизга нифоқ солмоқчи. Бир режам бор…
Кичик балиқлар фақат ўзларини ўйлаганлари учун митти қора балиқни йўқ қилиш пайига тушишибди. Митти балиқ тўрванинг бир четига сурилиб, секингина:
– Қўрқоқлар! Энди барибир ҳеч нима қилолмайсиз. Қочадиган жойингиз ҳам йўқ. Бундан ташқари кучингиз менга етмайди…
Кичик балиқлар:
– Сени ўлдирамиз. Биз озод бўлишни хоҳлаймиз.
Қора балиқча:
– Ақлингизни еб қўйибсизлар! Мени ўлдирсангиз ҳам қутилиб кета олмайсизлар! Унга ишонманглар!
Кичик балиқлар:
– Жонингни қутқариш учун шундай деяпсан. Бизни ўйлаётганинг учун эмас!
Қора балиқча:
– Ундай бўлса, менга қулоқ беринг. Сизга бир йўл кўрсатаман. Жонсиз балиқлар ичига ўтиб ўзимни ўлик балиқдек тутаман. Қани кўрамаиз. Бирқозон сизни қўйиб юборадими ёки йўқми? Айтганимни қабул қилмасангиз шу ханжарим билан ҳаммангизни ўлдираман ва тўрвани ёриб қочиб кетаман сиз эса…
Балиқлардан бири унинг сўзини бўлибди:
– Бўлди бас қил! Бу гапларни эшитишга чидай олмайман… дея уввос солиб йиғлабди.
Қора балиқ унинг йиғлаганини кўриб:
– Шу йиғлоқини нега олиб келдингиз? – дебди.
Кейин ханжарини чиқариб кичик балиқларга кўрсатибди. Балиқлар наилож унинг таклифини қабул қилибди. Ёлғондакасим жанжални бошлашибди. Қора балиқ ўзини ўлганга солибди. Кичик балиқлар тумшуқнинг юқори қисмига чиқиб дебди:
– Бирқозон ҳазратлари! Маҳмадона балиқни ўлдирдик…
Бирқозон кулибди:
– Яхши қилибсизлар! Мукофотига сизларни тириклайин ютаман! Шунда ошқозонимни сайр қилган бўласизлар.
Кичик балиқлар қимирлашга ҳам фурсат тополмай қолишибди. Бирқозон уларни бир зумда ютиб юборибди.
Қора балиқча эса ханжарини чиқариб бирқозоннинг тўрвасига санчибди. Тўрвани ёриб сувга сакрабди. Бирқозон азобдан қийқириб бошини сувга уриш билан банд бўлгани учун митти балиқчани ортидан қувмабди.
Қора балиқча тушгача тинмай сузиб йўл босибди. Тоғ ва водий ортда қолибди. Ирмоқ теп-текис қирдан оқиб ўтаётган эмиш. Ўнгу сўлдан майда жилғалар ҳам келиб ирмоққа қўшилганидан сув тўлиб-тошиб оқар эмиш. Қора балиқ сувнинг кўплигидан завқ олиб суза бошлабди. Бирдан ўзига келибди ва соҳилсиз ва тубсиз сувда сузиб бораётганини пайқабди. У томонга бу томонга бориб қирғоқни кўра олмабди. Қора балиқча сувда адашиб қолган экан. Сузаверибди, сузаверибди аммо соҳилга етиб бора олмабди. Бирдан узун ва катта бир жонзотнинг унга томон шиддат билан келаётганини кўрибди. Кўз ўнгида икки томони тишли дастарра тургандек бўлибди. Қора балиқ арра балиқнинг ҳайбатидан қўрқиб чора излай бошлабди ва унинг кўзини шамғалат қилиб сув юзасига сузиб чиқибди. Маълум муддат ўтгач яна денгиз тубига шўнғибди. У сузиб бораётган бир тўда балиқни кўриб қолибди. Бу тўдада мингларча балиқ бор экан. Улардан бирига қараб:
– Дўстим, мен бегонаман. Узоқдан келяпман. Бу ер қаер?
Балиқ дўстларига қараб сўз бошлабди:
– Қаранглар, яна бир дона…
Кейин қора балиқчага:
– Дўстим, денгизга хуш келибсан!
Бошқа бир балиқ:
– Барча ирмоқ ва дарёлар шу жойга келиб қуйилади. Ботқоқликка кетадиганлари ҳам бор, албатта.
Бошқаси:
– Хоҳлаган пайтинг бизнинг сафимизга қўшилишинг мумкин.
Денгизга етиб келгани учун қора балиқча бағоят хурсанд эмиш.
– Яхшиси, олдин бир айланай. Кейин сизнинг сафингизга қўшиларман. Балиқчининг тўрини тортишда мен ҳам сиз билан бирга бўлишни истайман.
Балиқлардан бири:
– Яқинда ниятингга эришасан. Энди бориб сайр қил. Сув юзасига чиқадиган бўлсанг, чағалайга диққат қил. Шу кунларда ҳеч кимнинг кўз ёшига қарамайдиган бўлиб қолди. Кунига тўрт-беш балиқ тутмагунча тинчимаяпти.
Қора балиқча денгиз балиқлари тўдасидан айрилиб бир ўзи суза бошлабди. Маълум вақтдан кейин сув бетига чиқибди. Қуёш нури иссиқ экан. Қора балиқ қуёш нурини сиртида ҳис қилган сари бундан бениҳоят хурсанд бўла бошлабди. Мириқиб сув бетида сузиб борар экан “ҳар он ўлим билан юзма-юз келишим мумкин. Аммо ҳаётда эканман, хушёр бўлишим керак. Бир кун хоҳласам ҳам хоҳламасам ҳам ўлим билан юзлашаман. Бу муҳим эмас. Муҳим бўлгани менинг ҳаётда эканлигим ва ўлимим бошқа инсонларга қандай таъсир кўрсатишида…” деб ўйлабди.
Митти қора балиқнинг бошқа нарсаларни ўйлашга фурсати қолмабди. Чағалай яқин келиб уни тутиб олибди. Митти балиқ чағалайнинг узун тумшуғида қанча питирчиламасин фойдаси бўлмабди. Чағалай унинг белидан қаттиқ қисиб олган экан. Энди бечоранинг қимирлашга мажоли ҳам қолмабди. Кичик бир балиқ сувсиз қанча ҳам яшай олардики? Балиқ ўйлай бошлабди. Кошки чағалай уни ямламай ютиб қўя қолса. Камида ошқозонга тушгач у ердаги нам ва сувда яна бир неча дақиқа яшаган бўлармиди? Шуларни ўйлаб чағалайга:
– Нега тириклайин ютиб қўя қолмайсан? Мен ўлган заҳоти бадани заҳарга тўлиб қоладиган балиқларданман.
Чағалай ҳеч нима демабди. Фақат ичидан шундай ўйлабди:
– Айёрлигини қаранглар! Ўзича нималарни ўйлаётган экан? Мени гапиртириб оғзимни очишим билан жуфтакни ростлаб қолмоқчими?
Узоқда ер кўринибди. Чағалай борган сари қирғоққа яқинлаша бошлабди. Қора балиқча: “Соҳилга борсак, ишим битган бўлади” деб хаёлидан ўтказибди.
– Биламан, мени полапонларингга олиб кетяпсан. Қирғоққа боргунча мен ўлган бўламан. Бир зумда баданим заҳарга айланади. Полапонларингга раҳминг келмайдими?
Бу сафар қора балиқча ўйлай бошлабди: “Эҳтиёт бўлган маъқул. Сени ўзим ейман-да болаларимга бошқа балиқ овлайман… Аммо бу ишда бир найранг бўлмасин тағин! Йўқ йўқ ҳеч нима қилолмайсан…”
Чағалай буларни ўйлаб кетаётганда қора балиқнинг шалвираб қолганини сезибди. Яна ўйга толибди: “Ўлиб қолган бўлса-я?! Энди мен ҳам еёлмайман буни. Бунақанги юмшоқ ва кичкина балиқни ўзимга раво кўрмайман!”
“Ҳой, миттивой! Ҳали яримжонсан! Шу ҳолда сени есам бўладими?” демоқчи бўлибди аммо сўзини тугатолмабди. Тумшуғини очар-очмас қора балиқ сакраб қочиб қолибди. Чағалай алданганини тушуниб етибди. Бор кучи билан қора балиқчани қувибди. Балиқча шиддат билан тушиб бораверибди. Сувга етиш орзуси билан ўзида йўқ хурсанд эмиш. Қуриган оғзини денгиз шабадасига очибди. Сувга тушиб ўзига келиб улгурмай ортидан чағалай ҳам етиб келибди ва уни тутиб ўша ондаёқ ютиб юборибди. Ҳар томони нам ва қоронғи бир ерда ўзига келибди қора балиқча. Ҳеч қандай йўл қолмаган экан. Шу пайт йиғи овози эшитилибди. Кўзи қоронғуликка кўниккач бир чеккада ўтириб йиғлаётган кичик бир балиқчани кўрибди. Балиқча тинмай йиғлаб онасини чақираётган эмиш. Қора балиқча унга яқинлашиб дебди:
– Жажживой, тур йиғлама! Унинг ўрнига бир чора қидир! Йиғлаб онангни чақирганинг билан фойдаси йўқ.
Жажжи балиқ:
– Сен кимсан? Кўрмаяпсанми, ўляпман. Вой дод, онажоним, вой дод! Энди сиз билан бирга балиқчиларнинг тўрини сув тубига торта олмайман… Вой дод…
Қора балиқча:
– Бас қил йиғини! Барча балиқларни шарманда қилдинг!
Жажжи балиқ йиғлашдан тўхтабди. Қора балиқча:
– Чағалайни ўлдириб, балиқларни қутқаришни ва озод қилишни истайман. Аммо олдин сени ташқарига чиқаришим керак. Бўлмаса, ҳамма режамни барбод қиласан.
Жажжи балиқ:
– Сен ўзинг ўлиб боряпсанку! Чағалайни қандай ўлдирасан?
Митти қора балиқ ханжарини чиқариб кўрсатибди.
– Ичкаридан қорнини ёриб ўлдираман. Энди мени эшит. Чағалайнинг қитиғини келтириш учун у ёқдан бу ёққа югуриб айланаман. Оғзини очиб кула бошлаганда сен ўзингни ташқарига от.
Жажжи балиқ:
– Яхши, ўзинг нима қиласан?
Қора балиқча:
– Мени ўйламай қўя қол! Бу очкўзни ўлдирмасдан ташқарига чиқмайман.
Қора балиқча бу гапни айтгандан сўнг у ёқдан бу ёққа югура бошлабди. Чағалайнинг қитиғи келибди. Жажжи балиқ қушнинг жиғилдонида пойлаб турган экан. Чағалай оғзини очиб кула бошлабди. Жажжи балиқ фурсатдан фойдаланиб ўзини ташқарига отибди ва тўппа-тўғри денгизга тушибди. Қора балиқни кутибди аммо ундан дарак бўлмабди. Ўша пайт чағалай ўзини ҳар ёнга уриб тўлғониб типирчилай бошлабди. Кейин “шўлп” дея сувга тушибди. Сувда ҳам типирчилаши давом этибди. Қора балиқча шунда ҳам кўринмабди…

***

Кекса балиқ эртагини тугатибди ва ўн икки минг боласи ва невараларига:
– Энди ётиб ухлайдиган вақт бўлди. Қани ҳамма жойига ётсин! – дебди.
Болалари ва неваралари:
–Энажон, жажжи балиққа нима бўлганини айтмадингиз… – дейишибди.
Кекса балиқ:
– Уни эртага айтиб бераман. Энди ётиб ухланглар. Хайрли тун болажонлар… – дебди.
Ўн бир минг тўққиз юз тўқсон тўққиз кичик балиқ “хайрли тун” деб хайрлашиб уйқуга кетибди. Кекса балиқ ҳам ухлаб қолибди. Аммо бир дона митти қизил балиқ нима қилса ҳам ухлай олмабди. Тонгга қадар денгиз ҳақида ўйлабди…

Маъруфжон Йўлдошев таржима қилган