Ўлмас Умарбеков. Йўлда (ҳикоя)

Тошкент — Наманган поезди йўлга чиққанда, қош қорая бошлаган эди. Боягина кўзга ташланиб турган паст-баланд иморатлар, дарахтлар аста-секин қоронғилик ичига ғарқ бўла бошлади. Шаҳардан чиқилганда эса, ҳеч нарса кўринмай кетди. Фақат олисларда туп-тўп бўлиб чироқлар милтиллар ва вагон деразаси ортида семафорларнинг кўм-кўк кўзлари липиллаб ўтиб турарди.
Олис сафарга чиққанингда атрофингдаги одамлар билан тезроқ танишиб, бирпасда кадрдон бўлиб кетасан ва кўпинча ҳаммадан, ҳатто энг яқин дўстларингдан ҳам сир тутган нарсаларни уялмай-нетмай айтиб берасан, бу ҳам етмагандай, сирли, нозик, фақат ўзингга, жуда бўлмаганда, дўстингга тегишли бўлган орзуларингни ўртага ташлаб, бегона одамлардан маслаҳат сўрайсан. Хуллас, бошқа пайтда иззат-нафсингга тегадиган анча-мунча гаплар билан ўзингни овутиб, сафарни кўнгилли ўтказишга ҳаракат қиласан. Бизнинг купеда ҳам шундай бўлди. Поезд бир станция йўл босар-босмас, ҳаммамиз танишиб олдик. Ҳамроҳларимнинг биттаси ёши элликлардан ўтиб қолган банк инспектори экан. Қора қундуз ёқали, кўкимтир пальто кийиб олган бу одам асли наманганлик бўлиб, ҳисобот ишлари билан марказга тушган экан. У вагонга чиққанидан бери қора майиз ейишу кўк чой ичиш билан овора эди. Айтишига қараган-да, майиз билан чой ҳар қандай дори-дармондан афзал эмиш.
— Ота-боболаримиз бунинг сирини яхши билишган, — дерди у гап орасида. — Ёзда нонуштадан узумни канда қилишмаган, қишда майизни. Шунинг учун-да, касал нималигини билишмаган. Мана, мен ўзим ҳам шу ёшга келиб, ҳалигача бирон марта докторга мурожаат қилганим йўқ. Ё ишонмайсизми?
Унинг гапларига ишонмай бўлмасди. Қип-қизил мағиздек юзлари, оқ оралай бошлаган соч-соқолидан соғлом, бақувват одамнинг нафаси уфуриб турарди.
Иккинчи ҳамроҳимиз биринчисидан бир оз кексароқ, қотмадан келган, кўз ости қовоқлари салқиб тушган… Чекса керак, мошкичири мўйлови сарғайиб кетган эди. Бу одам шаҳар архивида ишлар экан. Қариндошларини кўргани келаётган экан. Учинчи ҳамроҳ билан фақат салом-алик қилдик, холос. Чарчаган эканми, поезд юриши биланоқ, бир оз мизғиб оламан, узр, деб тепага чиқиб олган эди.
Поезд қандайдир бир станцияга келиб тўхтади. Банк инспектори термосини қўлтиклаб ғизиллаганича пастга тушиб кетди. Мен ҳам ўрнимдан турдим. Пастга тушайми, тушмайми, деб бирпас деразадан ташқарига қараб турдим. Станция кичкина бўлса керак, икки-уч жойдагина чироқ ёниб турибди. Бошқа ҳеч нарса кўринмайди. Тушишга ахд қилиб, энди эшик томон юрувдимки:
— Улгурмайсиз, — деб қолди хирилдоқ овоз билан мўйловли ҳамроҳим. — Бу ерда поезд кўп тўхтамайди.
Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди. У гапни тугатиши билан қўнғироқ чалинди. Поезд бир силтаниб, секин қўзғалди. Банк инспектори ҳовлиқиб кириб келди. Унинг юзида севинч барқ уриб турарди.
— Сал бўлмаса қолиб кетардим-а! — деди у нафасини ростлар экан. — Йўлда иссиқ чой бўлмаса қийин. Айниқса, мендақа чойхўрларга! — У катта оғзини тўлдириб кулиб қўйди. — Пиёладан буғ чиқиб турмаса, чой ичгандай бўлмайман, гапимдан адашиб кетавераман. Ҳозир янгитдан дамлаймиз. Қани, марҳамат қилинглар!
У менга рўпарасидаги бўш жойни кўрсатиб, пальтосини еча бошлади. Кейин, киссасидан бир сиқим майиз олиб столга сочди-да, чой дамлай бошлади. У бу ишни шундай ҳафсала билан қилдики, гўё чой дамлаш ҳаёт-мамот масаласини ҳал қиладигандек туюлди. Дамлаб бўлиб, оғир хўрсинди, ҳаммага бир-бир қараб чиқди. Ундан кўзимизни узмай турганимизга қаноат ҳосил қилгач:
— Қани, олинглар, — деди майизга ишора қилиб ва термоснинг кумуш ранг қалпоғига чой қуйиб биринчи ўзи ича бошлади. — Асил чой бўлибди.
Биз кулиб қўйдик.
— Қани, қарасинлар, тақсир, — деди кўп ўтмай у ва термос қопқоғини янгитдан тўлдириб, ёнидаги мўйсафидга узатди. — Бу, ошнамиз дейман, роса уйқуни уряптилар-ку, а?!
Беихтиёр тепага қарадим. Юқори полкадан енгил хуррак товуши эшитиларди.
— Ҳар кимнинг табиати ҳар хил экан-да, — инспектор жилмайиб кўйди. — Йўлда ухлаш у ёқда турсин, мен кўзимни ҳам юмолмайман.
— Мен ҳам шундай, — унинг гапини қувватлади архив-чи, — ўзимни мажбур қилсам ҳам бўлмайди. Йўл азоби — гўр азоби, дейишади-ку, аммо йўл қанчалик оғир бўлса ҳам уйқу келмайди. Ишхонада-чи? Қандай ҳужжатни текширма — қизиқми, қизиқмасми, барибир тушдан кейин эсноқ босаверади. Ҳа… ҳар кимнинг табиати ҳар хил. Гўё минг йиллик архив дейсиз. Қаёғидан кириб ўқиманг, тушуниб тагига етолмайсиз.
— Йўлда гаплашиб кетганга нима етсин? — инспектор яна оғзини катта очиб жилмайди. — Баъзилар вагонга чиқдими, тамом, ё ўзини уйқуга уради, ё бирор нарса ўқишга тушиб кетади. Зарурми шу, нозарурми, чўт қоқиб кўрмайди. Ишқилиб, биронта нарса устида кўз югуртириб турса бўлгани. Ҳа, айтгандай, янги газета олиб чиқдим, талабгорлар бўлса, марҳамат.
У қўлини чўзиб, купе эшиги ёнига осиб қўйган пальтоси чўнтагидан тўрт буклоғлиқ газета олди.
— Газета ўқисам, аввало тўртинчи бетини кўриб чиқаман. Қизиқ-а? Ҳамма ҳам шундаймикин? Тағин қаерини денг? Эълонларини. Қўйди-чиқдилар ёзилган ерини. Нега шундай, ўзим ҳам тушунолмайман. Айтгандай, бу газетда ҳам бир-иккита қўйди-чиқди бор.
Инспектор чойни қандай жиддийлик билан дамлаган бўлса, газетани ҳам шундай жиддийлик билан ўқий бошлади. Унинг бургутники каби ўйноқи кўзлари эълондан эълонга ўтар, лаблари худди майиз чайнаётгандай нималарнидир шивирларди. Бир маҳал қошлари чимирилиб кетди, пешонаси тиришди. Лекин дарров аввалги ҳолига қайтди.
— Тавба, ҳозирги ёшларга ҳайронман-да, — у юзини буриштириб, битта эълонни чертиб қўйди. — Мана бу йигит бултур уйланган эди, ажралишга тушиб қолибди. Тўйида бўлганман. Хотинини кўрганман. Суқсурдай жувон эдй. Нимаси ёқмайдикан?..
— Характерлари тўғри келмагандир-да, — сўз қотди мўйсафид архивчи.
— Характер? Характер нима ўзи? — инспектор қизишиб гапира бошлади. — Характер деб, мен феъл-атвор, одоб, тарбия, иззат-икромни тушунаман. Шундай эмасми?
У ўз гапини тасдиқлаш учун менга бир қараб қўйди. Жим ўтирганимни ўзича тушуниб, гапини давом эттирди:
— Шундай экан, характерлари тўғри келмади, деган гап — биттаси одобли, биттаси одобсиз, деган гап бўлади, менимча. Демак, бу йигит хотинини одобсизга чиқарган. Мен бунга қўшилмайман. Одамнинг қанақалигини бир кўришдаёқ билиб олиш мумкин. Тўй куниёқ бу қиз менга ёқиб қолган эди. Киройи келин қилсанг, шунақасини қилсанг-да, дебўйлагандим ўзимча. Шу қиз энди беодоб бўлиб қолдими?! Йўқ, бунга қўшилиб бўлмайди. Шунча ёшга кириб, одам ажратишни билсак керак, ахир!
Инспектор жаҳл билан купени айлана бошлади. Лекин жойнинг торлигидан баттар жаҳли чиқиб, мўйсафиднинг ёнига ўтирди.
— Мен сизга ростини айтсам, ҳозирги ёшларнинг, умуман, мазаси йўқ. Айниқса, йигитларнинг. Булар ўзларига шунақанги бино қўйган, шунақанги катта оғиз, маҳмаданаки, бунақаларни бизнинг давримизда қидириб топиб бўлмасди. Кийим танлаш, овқат танлаш, ўйин-кулги тушимизга ҳам кирмасди. Оилавий ҳаёт биз учун қандайдир сирли, муқаддас дунё эди. Ҳозир-чи, кечқурун топишиб, эрталаб ЗАГСдан ўтиб келишяпти.
— Бунчалик эмас, — деди истеҳзо билан архивчи. — ЗАГСда, бир ой ўйлаб келинг, дейишади.
— Боринг, шундай дейишсин ҳам. Бир ой нима деган гап? Бир ой ичида иккита бутун бошли одам бир-бирини ўрганиб, бир-бирига кўнгил қўйиши мумкинми? Албатта, йўқ. Ақл бовар қилмайди бунга. Лекин ҳозирги ёшларга шу муддат ҳам кўп. Бир ойнинг ичида бир неча марта қўйди-чиқди бўлишлари мумкин.
— Ҳамма ёшлар ҳам шундай эмас.
Биз ялт этиб тепага қарадик. Тўртинчи ҳамроҳимиз ўнг ёнига ёнбошлаганича, бизга тикилиб ётарди. Уйғонганига анча бўлган бўлса керак, қийиқ кўзлари тетик, суяги йўғон юзига қизиллик югурган эди.
— Ҳамма ёшлар ҳам шунақа эмас, — деди у яна дона-дона қилиб.
Инспектор, яхши овқат пайтида эшик тақиллаб иштаҳаси бўғилган одамдек, ўрнидан бир қўзғалиб қўйди. Кейин бизга кўзларини жавдиратиб, тепа томонга юзини бурди.
Мўйсафид архивчи бепарволик билан папирос тутата бошлади.
Мен инспектордан кўзимни узмасам ҳам, қулоғим тепада эди.
Купега бир зум сукунат чўқди.
— Ёшларнинг кўпчилиги ҳозир биз катталар қилолмаган ишларни қиляпти, — деди ниҳоят жимликни бузиб юқори полкадаги йўловчи. — Қурилишларда — ёшлар, қўриқ ерларда — ёшлар. Олий математика, физиканинг биз тушунмайдиган сеҳрли участкаларида ҳам ёшлар. Яна нимани истайсиз?
Инспектор кулиб қўйди.
— Сиз мени тушунмадингиз. Мен ёшларнинг фаолияти хақида гапираётганим йўқ. Бу ҳакда баҳс бойлаш ҳақиқатдан кўз юмиш бўлар эди. Мана, менинг бошлиғим ҳам худди сиз айтган ёшлардан. Эндигина йигирма саккизга кирди. Агар у ҳозирги ғайрати билан ишлайверса, билмадим, уч-тўрт йилда нима ишларни қилмасикин?! Мен бу ҳакда эмас, ёшларнинг ҳаёти ҳақида, уларнинг маънавий, ахлоқий томонлари; оилавий турмуш масалаларига бўлган муносабатлари ҳақида гапиряпман. Соддароқ қилиб айтганда, мен ёшларнинг муҳаббат, вафо каби нозик фазилатларга қараши ҳақида гапиряпман. Бу масалаларда уларни енгилтак деб ҳисоблайман. Мана, ўзингиз қаранг-а, ёшгина йигит, яхши касб эгаси бўлган одам уйланганига бир йил бўлар-бўлмас, хотинидан ажралмоқчи. Уйланмасдан илгари қаёқда эди эси? Бир йил турар-турмас ажралар экан, экан, нега уйланади?!
— Бунақалар жуда ҳам оз. Улар севги нималигини билишмайди. Ҳали ҳақиқий севги келмасдан туриб ё уни ўтказиб юбориб, ишқ-муҳаббат ҳақида лоф уришади. Натижада ҳаётлари бузилади. Бошқаларнинг ҳаётини ҳам бузишади. Лекин… лекин, биласизми, илгарилари..
— Илгарилари биз севги нималигини билмасдик, — гапни бўлди архивчи. — Бунақа сўзларни қариганимизда эшитяпмиз. Мен кампиримни никоҳ куни гўшангада кўрганман.
— Ажрашмаганмисиз, ишқилиб? — кулги аралаш сўради инспектор.
— Нега ажрашар эканман, яхши бўлгандан кейин, — ғурур билан жавоб қилди у. — Қирқ йилдан бери яшаб келяпмиз.
— Баракалла. Кўрдингизми? — инспекторга жон кирди. — Илгари бунақа қўйди-чиқдилар кам эди ёшлар орасида.
— Балки шундайдир. Лекин сиз битта эълонга қараб баҳо берманг. Ёшлар биз кексаларга қараганда, ҳаётни яхши тушунади. Чунки уларнинг кўз олдида шундай воқеалар содир бўляптики, бу воқеаларнинг ҳар бири катта тарих. Бизнинг илгариги бир йилимиз ҳозирги ёшларнинг бир кунига ҳам тенг келмайди. Буларнинг ҳаммаси, шубҳасиз, ёшларнинг ички дунёсига таъсир этяпти. Кўп нарсаларни ўйлашга мажбур қиляпти, ёшлар жиддийлашиб кетяпти. Агар хўп десаларинг, мен бир воқеани айтиб бераман.
Ҳаммамиз рози бўлдик.
Ҳикоячимиз ўрнидан туриб, пастга туша бошлади. Шу маҳал дераза ортида чироқлар кўриниб кетди. Поезд юришини секинлатди.
— Станцияга келиб қолдик шекилли? — деди инспектор ихтиёрсиз равишда термосга қўл чўзиб. — Ҳа, станцияга келибмиз. Қаер экан?
— Билиб бўлмаяпти, — деди архивчи янгитдан папирос тутатиб.
— Бунинг аҳамияти йўқ. Доғ сув бўлса, бўлди. — Инспектор шундай деб эшик томон юрар экан, ҳикоячимизга қараб жилмайди. — Янги чой билан эшитадиган бўлдик-да энди, а?
Поезд тўхтаганда, мен ҳам тамбурга чиқдим. Эшикни очишим билан юзимга гуп этиб муздек ҳаво урилди. Беихтиёр орқамга тисарилдим, эшикни ёпдим-да, деразадан осмонга қарадим. Ҳаво очилибди, у ер-бу ерда юлдузлар чарақлаб турибди. Икки соат чамаси булутлар орасида яшириниб юрган кулчадек ой сезилар-сезилмас нур сочяпти.
— Шунақа станцияларнинг садағаси кетсанг арзийди-да! — Термосини кўтариб вагонга инспектор чиқди. Совуқдан қизариб кетган юзларида ҳар доимгидек севинч барқ уриб турарди. — Доғ сув бор экан. Қани, юринг!
Унинг кетидан купега кирдим. Кўп ўтмай яна йўлга тушдик. Инспектор яхшилаб чой дамлаб, ҳаммамизга бир сиқим-бир сиқимдан майиз улашиб чиққач, тепадаги ҳамроҳимиз ўз ҳикоясини бошлади.
— Мен қурувчи-инженерман. Тошкентдаги Олмазор массивида бўлган бўлсаларингиз керак. Шу массивдаги янги услубдаги кўп қаватли турар-жой биноларини биз қурганмиз. Илгарилари Олмазор номига мос тушмаган қуп-қуруқ дашт эди. Сув йўқ, дарахт йўқ. Битта-яримта машина ўтиб қолса, ёзда тупроққа, қишда лойга ботарди. Сўнгги икки йил ичида массив ўзгарди-қўйди. Биринчи бино қад кўтариши билан кўпчилик қурувчилар бутун мавсум бўйи шу ерда яшаб ишлашга ахд қилишди. Бинонинг қуёш кам тушадиган томонига чодирлар тикиб яшай бошладик.
Мен кўп қурилишларда бўлганман. Мирзачўлда ҳам, Оҳангаронда ҳам. Лекин Олмазорнинг нимасидир мени ўзига ром қилиб қўйган эди. Балки ишнинг кўп ва тезкорлигидир, билмадим. Ҳар ҳолда қандайдир янгича куч ва ҳаяжон билан мен ҳам ишга киришиб кетдим. Комплекс бригадасига бошлиқ қилиб қўйишди. Буни қарангки, ҳаммаси ёшлар. Аввал ранжидим. Худди бояги сиз айтган гап миямдан ўтди. Ҳатто бошлиқларга тўполон қилиб кирдим. Кулишди. Оёғимни тираб туриб олувдим, майли, бошқа бригадаларни кўр, истаган одамингни ол, дейишди. Лекин олмадим. Бундай қарасам, қолган бригадаларда ҳам деярли ёшлар экан. Бунинг устига, бекорга ранжиган эканман, мени шошириб Қўйишди. Ҳаммаси эмас, албатта, лекин кўпчилиги. Ишдан қочиш деган гап йўқ, брак йўқ. Айтганингизни килишади. Қурилишда бундан муҳимроқ яна нима бўлиши мумкин? Қирқ саккиз квартирали ғишт уйни биринчи гал роппа-роса бир ярим ойда битказдик. Бу, албатта, катта ютуқ. Ишлар, умуман, яхши эди, болаларнинг димоғи чоғ. Улар хурсанд бўлгандан кейин, менинг ҳам дўппим яримта эди. Бошқармада Олмазорнинг орқа томонига тушадиган бинони бермоқчи бўлишувди, кўнмадим. Бу ерда анчагина қийналишга тўғри келарди. Чунки иморат пастликка қурилиши керак эди. Бу, пойдеворни чуқур қазиш деган сўз. Лекин йигитлар ғайрати жўшиб кетганиданми ё бу қийинчиликни қийинчилик санашмаганиданми, олаверинг, қурамиз, деб қолишди. Олдим. Кейин билсам, буларнинг гапида ҳам жон бор экан. Олмазорнинг орқа томонида катта ариқ бўлиб, ёнверида озми-кўпми дарахтлар бор экан. Ёшлик-да, иш оғир бўлса ҳам майли, лекин кўнгил чоғ бўлсин.
Шундай қилиб, яна ишга тушиб кетдик. Иккита бульдозер ерни текислай бошлади, иккита кўтарма кран келтирилди. То уларни ўрнатгунча, йигитларнинг бўшлари чодирларни кўчириш билан овора бўлишди. Ёзнинг ўрталари эди ўшанда. Жазирама иссиқ томоқни қуритади, кўйлак-шим ўшанда. тердан баданга сирачдай ёпишиб кетган… Иморатни қуриб битиргандан кейин гашти кат-та-ю, азоби ҳам чакки эмас. Ахир, ўйлаб кўринг, уйингизда битта чўпни у ердан-бу ерга олиб қўйиш учун неча марта эгиласиз-турасиз! Бу иморат-ку! Тағин қанақаси денг! Ёшликда эътибор бермас экансан киши. Аммо улғайганинг сари меҳнатнинг қадрига етар экансан. Айниқса, ҳар бир ғиштида ўзингдан бир нима қолган бинони кўрсанг, шундай бўлар экан.
Ана шу пайтлари бригадамизда янги бир йигит пайдо бўлиб қолди. Бошқармада, институтга киролмабди, бирон ишга қўй, отаси илтимос қилиб келди, дейишди. Нима дердим, хўп, дедим. Лекин уни кўрдиму, энсам қотиб кетди. Нега десангиз, у ҳали юзига офтоб тегмаган нозик йигитлардан эди. Жуссаси ҳам кичкина, қурилишдаги йигитларга мутлақо ўхшамайди. Мактабни битиргану, институтга ариза берган, лекин киролмаган. Ҳаётидаги биринчи кўрган қийинчилиги ҳам шу бўлса керак. Лекин нима қиласиз? Ишга келгандан кейин биронта иш берасиз-да. Аввал бошим қотди. Нима ишга қўйишни билмадим. Охири, ўйлаб-ўйлаб сим қирқадиган дастгоҳга қўйиб қўйдим. Биласизларми, йўқми, бетон плиталарни пойдеворга ётқизилганда орасига сим тиқиб кетилади. Биринчидан, бу, плиталарни бир-бири билан улайди. Иккинчидан, ғишт тераётганда кўз адашмайди. Шундай қилиб десангиз, йигитча ишга тушиб кетди. Лекин роса бизни хуноб қилди. Иш бошлаган кунидаёқ ундан шикоят устига шикоят ёғилиб кетди.
Аввал мен кулдим-қўйдим. Беш панжа баравар эмас, бир кун олдин-бир кун кейин ўрганиб кетар, деб ўйладим. Лекин мен ўйлаганча бўлмади. Бир куни туш пайти ҳаммамиз овқатланиб бўлиб ариқнинг лабида ўтирган эдик, слесаримиз Фатхилла деган йигит бир боғлам сим кўтариб келиб қолди. Қовоғи солиқ, кўзларидан ўт чақнайди. Уни ҳеч қачон бунақа аҳволда кўрмагандим. Фатхилла бригадамиздаги энг қувноқ, шўх йигитлардан эди. Ҳатто, ўзи билан ўқийдиган бир қизни талашиб, ўртоқларидан биттасини пичоқлаб қўйгани учун институтдан ҳайдалган, қамалиб ҳам чиққан. Қамоқдан ҳунарли бўлиб келиб, қурилишларда ишлаб юрган. Оҳангаронда менинг бригадамга тушиб қолди. Шу-шу қаёққа борсам, мен билан бирга. Ана шу йигитнинг авзойини кўриб, ҳайрон қолдим.
— Ҳа, нима бўлди? — сўрадим ундан.
Фатхилла жавоб ўрнига қўлидаги симларни оёғим тагига ташлади. Кейин, рўпарамга ўтириб, «чирс» этиб тупурди-да, ер остидан менга тикилди.
— Бу ойимқизни қаердан топдингиз?
Ҳамма кулиб юборди.
— Нега куласанлар? — деди Фатхилла дўқ аралаш тишларини қисирлатиб. Болалар жим бўлишгач, у яна менга қаради. — Қилган ишини кўринг! Ахир кўр одам ҳам бунақа қирқмайди-ку!
Мен оёғим тагида ёйилиб ётган симларга қарадим. Фатхилланинг жаҳли чиққанича бор экан: симларнинг ҳаммаси ҳар хил қирқилган эди.
— Ўлчаб бермаганимдаям майли эди, билмаган-да, дер эдим, — куюниб гапирди Фатхилла. — Эрталаб келишлари билан қўлларига метрни тутқаздим. Уч метр-уч метр қилиб қирқасиз, дедим. Бу ҳам етмагандай, биттасини ўзим қирқиб ўлчов қилиб бердим. Складга бориб келгунимча ҳаммасини расво қилибди-қўйибди!
— Ўзига кўрсатдингми?
— Кўрсатиш ҳам гапми? Бурнига тиқиб олай дедиму ўзимдан чўчидим. — Йигитлардан биттаси, пиқир-пиқир кула бошлади, лекин Фатхиллага кўзи тушиши билан кулгиси оғзида қолди. — Иннайкейин, Усмон ака, жон ака, ростини айтсам, менга шогирд керак эмас. Ана, Восиққа беринг, ғишт теришга ўргатсин.
— Нима? Нима дединг?! — оёқларини сувга солиб ўтирган Восиқ Фатхиллага ўқрайди. Фатхилла бутун қурилишда фақат ундан ҳайиқарди. Ораларида нима ўтган, билмайман, лекин камгап, оғир табиатли, тўладан келган бу йигитнинг гапларини Фатхилла нимагадир ҳеч маҳал иккита қилолмасди. Биласизми, баъзан шундай одамлар бўладики, улар сени нималари биландир ўзларига сеҳрлаб оладилар, уларни хафа қилгинг келмайди. Ё бўлмаса, доим уларнинг айтганларини бажо келтиргинг келади. Восиқ ҳам нима биландир Фатхиллани ўзига сехрлаб олган эди. Унинг шу, нима дединг, сўзининг ўзидаёқ Фатхилла гангиб қолди.
— Ҳазил-ку бу, ҳазилни тушунмайсанми? — деди гулдираб.
— Хўп, бу иккинчи масала, — дедим мен. — Ўзи қани?
— Ушатда, — энсаси қотиб гапирди Фатхилла. — Ойиси бир халта варақи сомса бериб юборган экан, кавшаб ўтирибди.
— Қани, чақир-чи!
— Мен бормайман, кўргани тоқатим йўк.
— Сомса евотган бўлса, Парпи борсин, — деди кулиб Восиқ.
Парпи пакана, бақалоқ йигит. Унга яхши овқат бўлса бўлди, бошқа ҳеч нарса билан иши бўлмасди. Дам олиш кунлари қурилиш чойхонасида ош қилишадиган бўлса, ярми ҳазил-ярми чин қабилида унга алоҳида лаганда уюб бериларди. Шундай бўлса ҳам, ўзиникини еб бўлиб, бизнинг лаганга қўл чўзарди. Ўшанда ҳам сомсанинг дарагини эшитиб:
— Майли, борсам бора қолай, — деб дик этиб ўрнидан турди.
— Жа бўлмаса, халтаси бизга қолсин, — деди кимдир.
— Хомтама бўлма, очофат, ойимқизга ўзим туя қилиб бераман.
Кўп ўтмай Парпи икки лунжини сомсага тўлдирганча ойимқизни, яъни Шавкатни — унинг асли исми шундай эди, бошлаб келди. Бечорани кўрдиму раҳмим келиб кетди. Ҳеч кимга қаролмайди, икки юзи шолғомдай қизариб кетибди. Битта-битта юриб ёнимга келди-ю, нима қилишини билмайди: дам лабини тишлайди, дам оёғи билан ер чизади.
— Ҳа, ишлар чатоқми? — дедим уни хижолатликдан чиқариш учун.
— Ҳа, чатоқ, — деди секин лабилабига тегмай.
— Нима қиласан энди?
— Билмадим.
— Варақи ейдилар, — деди кимдир. Гур этиб кулги кўтарилди.
— Жўналаринг!
Жаҳлим чиққанини сезишди шекилли, йигитлар ўринларидан туришди. Улар кетиши билан.
— Хўш, нима қиласан энди? — деб сўрадим яна.
— Ҳайронман. Сим қирқишниям билмаганимдан кейин, яна нима қилардим…
Унинг лаблари титрай бошлади. Ҳозиргина уни уришмоқчи бўлган одам, юпатишга тушиб кетдим.
— Ҳечқиси йўқ, ўрганиб кетасан, қунт керак. Мен ёшлигимда сендан баттар эдим. Диққат қилсанг, ҳаммасини ўрганаверасан.
Шавкат бошини этганча жим турарди. Назаримда, ҳамма гапни тушунгандай бўлди, аммо эртасига ақлга сиғмайдиган ҳодиса юз берди. Шавкат ишлаётган дастгоҳ чўрт иккига бўлиниб кетибди. Қандай қилиб, нима сабабдан — ҳеч ким билмасди. Уни ўзи ҳам тушунтириб беролмади. Кейин билсак, Фатхилланинг қовоғига дош беролмай, станокка етти-саккизта симни қаторлаштириб қўйиб, болға билан ураверибди. Эҳтиёт қилмаса, тош ҳам синади-да, ахир! — Усмон ака совиб қолган чойини бир кўтаришда симириб, бўш идишни банк инспекторига узатди-да, ҳаммага бир-бир қараб чиқди. — Ана шунақа, эҳтиёт қилмаса тош ҳам синади. Лекин ҳар бир кишининг ҳаётида уни ё тубанликка туширадиган ё кўкларга кўтариб мартабасини баланд қиладиган бир нарса бўлади. Шахсан менга, уруш шундай нарса бўлди. Урушга бориб келиб ҳаётга бошқача кўз билан қарайдиган бўлдим. Ўтмишни гапиришнинг ҳожати йўқ, ростини айтсам, урушдан одам бўлиб қайтдим. Шавкатнинг ҳаётида эса, шундай бурилиш ясайдиган нарса муҳаббат бўлди. Гап шундаки, бизнинг бригадамизга ўша кезлари янги бир кранчи қиз келди. Бу техникумни битирган, Маҳфуза исмли ёшгина, кўҳлик қиз эди.
— Қиз дейсанми? — ҳайрон бўлиб сўради архивчи. — Кранчи-а?
— Ҳа, ҳа! Кранчи қиз! — гапида давом этди Усмон ака. — Мен ҳам сизга ўхшаб жуда ҳайрон бўлдим. Ўн беш йиллик иш давримда аёл кишидан кранчи чиққанини кўрмаганман. Албатта, ўзбеклардан. Биласиз-ку, бизда негадир, бундай ишларга панжа орасидан қарашади. Тўғрироғи, қара-шарди. Ҳозир бундай эмас. Мен яқинда бульдозер ҳайдаётган ўзбек қизларини кўрдим. Ваҳоланки, бундан оғирроқ иш йўқ… Маҳфуза жуда аломат қиз эди.
— Аломат эди? — унинг гапини бўлдим мен нимадан-дир чўчиб. — Унга бирон нарса бўлдими?
— Айтиб бераман, ҳали йўл олис. Қани, домла, чойдан
қуйинг-чи! — Усмон ака инспекторга ўгирилиб, ютиниб қўйди. Термос қопқоғидаги буғи кўтарилиб турган чойдан босиб бир-икки ҳўплагач, яна менга юзланди. — Мен сизга боя уни кўҳлик дедим. Балки бир оз ошириб юборгандирман. У унча чиройлик эмасди. Лекин нимасидир, сал чўзиқ-роқ рангпар юзига омонатгина ўрнатилиб қўйилган кичкина думалоқ бурними ва тийрак, қўнғир кўзларими, ё бўлмаса, ўнг кулгичи устидаги мошдек холими, билмадим, ишқилиб, алланимаси ўзига маҳлиё қиларди. Жуссаси ҳам айтарли эмас: кўпчилик қизларникидек елкалари бир оз эгилиб тушган, бўйни ингичка, лекин қўллари… бунақа қўлларни мен учратмаганман. Ҳам нозик, ҳам бақувват бу келишган қўллар унга ҳусн бўлиб тушган эди. Менга у биринчи кўришимдаёқ ёқиб қолди. Эрталаб ишга келганида ҳамма билан таништирдим. Йигитларга аввал хуш келмади -шекил-ли, истар-истамас кўришишди. Парпи бўлса ҳатто:
— Ишимиз хуржун экан-да энди, — деб тўнғиллаб қўйди.
— Хуржун ҳам гапми, сассиқалаф! — деди кимдир.
— Парпи! Энди қоринни сиқиброқ боғлайсан-да, ука, — гап кистирди Фатхилла.
— Нега? — Парпининг кўзлари йириклашиб кетди.
— Нега бўларди? Ғишт пойлаб сарғайганингдан кейин муллажиринг камаяди-да!
— Бас қилинглар, — деди Восиқ жаҳлим чиқаётганини кўриб. — Кетдик. Яхши қиз, борарсиз-а?!
Маҳфуза индамади.
— Хафа бўлма, қизим, — дедим мен. — Қизлар билан ишлашмаган, билишмайди-да. Ёмон болалар эмас, кўникиб кетасан.
— Мен ҳам шундай ўйлаяпман, — деди Маҳфуза жилмайиб. — Унинг овози жуда ширали эди. — Бораверайми?
—Ҳа.
Маҳфуза кетди. Анчагача орқасидан қараб қолдим. Ростини айтсам, ўзим ҳам чўчиган эдим. Ёш бўлса, бунинг устига қиз бола, эплай олармикин?..
Ўйим нотўғри чиқди. Кечқурун чодирга йиғилганимизда гап фақат шу ҳакда кетди. Парпи билан Восиқнинг боши осмонда эди.
— Беш мингта-я, қойил!
— Йўқ, сен қарагин ўзинг, чарчадим демайди-я. Тағин, яна олиб берайми, дегани қизиқ.
— Ишқилиб, кўз тегмасин. Лекин эрталаб бекорга хафа қилдиларинг.
— Ким? — Восиқ Парпига ўқрайди. — Ўзинг-ку бошлаган, пакана.
— Мен нима дедим? Айтдим-қўйдим-да… — Парпининг лаблари осилди. — Фатхилла-ку, сасиган.
— Ўзи қани, ўзи? — сўради Фатхилла.
— Кетди. Ширинда турар экан.
— Ширинда? Яқин экан-ку, — Фатхилла илжайди. — Лекин ўзи ҳам ёмон эмас-а, Восиқ?
— Тузук.
— Тузук ҳам гапми! Лабларига эътибор бердингми? Худди пишган олчанинг ўзи. Биласанми, мен уни танийман.
— Танийсан? — ҳайрон бўлди Восиқ.
— Ҳа.
— Нега айтмадинг?
— Нима кераги бор? — Фатхилла яна илжайди.
— Ҳа, нима?
— Шундай, ўзим. Ёшлигим эсимга тушиб кетди. Эҳ… агар истасам, эртагаёқ шу қиз меники бўлади.
— Юракдан урдими дейман-а? — домино тераётган Парпи пиқ-пиқ кулди.
— Жиғимга тегма, пакана, — зарда билан гапирди Фатхилла. — Юракдан урадиган ҳали онасининг қорнида.
— Нега бунақа дейсан бўлмаса?
— Ўзим шундай. Эрмак учун-да, — Фатхилла яна илжайди. Ҳеч ким индамади. Унинг баъзан шунақа жиннилиги тутиб туришини, қўпол ҳазил қилишини билганим учун мен ҳам индамадим, Шундай бўлса ҳам овқатланиб бўлиб, домино ўйнагани ўтирганимизда бир оғиз гап ташлаб қўйдим:
— Ўйлаб гапир. Ҳазил ҳам эви билан, — дедим. Ўшанда мен чиндан ҳам ҳазил деб ўйлаган эдим. Фатхилла менга бир қараб қўйди-ю, жавоб бермади. Ўйинга берилиб кетганимдан жавоб ҳам кутмадим. Кўп ўтмай у яна шу гапни бошлади.
— Восиқ, ишонасанми?
— Йўқ.
— Истасам, бир кунда қўлга оламан.
— Ололмайсан. Анча пишиққа ўхшайди.
— Сен уни билмайсан-да. Қанчадан ўйнайсан?
— Канчадан эмас, нимадан дегин.
— Хўп, нимадан?
— Бир литр билан битта ошдан.
— Бўпти, фақат ҳозир эмас.
— Майли. Кўчгунимизгача.
— Бўпти.
— Бу ахир пастлик-ку!
Ҳаммамиз бирданига бошимизни кўтардик. Бу — Шавкат эди.
— Бу ахир пастлик-ку! — деди у яна баланд овоз билан. Унинг муштлари тугилган, ингичка лаблари титрар, ранги қув ўчиб кетган эди.
Палаткага бирдан жимлик чўкди. Шавкатнинг журъатидан ҳамма ҳайрон қолган эди. Ростини айтсам, мен ҳам ундан буни кутмаган эдим. Шунинг учун бўлса керак, анчагача индамай қолдим. Бошқалар ҳам шундай. Бир маҳал Фатхилла бир лунжи билан илжайди, кейин секин ўрнидан турди. Ҳаммамизнинг кўзимиз унда. Лекин биттамиз ҳам қимир этолмаймиз.
— Қайтаринг-чи, ойимқиз, нима дедингиз? — деди у бўғиқ овозда. — Яна бир марта эшитай.
— Қайтаришим мумкин! — аввалгидай шаҳд билан гапирди Шавкат. — Сиз қиз болани ҳақорат қилдингиз. Бу — пастлик!
Фатхилланинг тишлари қисирлаб кетди. Косадай мушт билан кўтарилди. Мен ўрнимдан туриб кетдим. Бироқ кечиккан эдим. Фатхилла билан Шавкатнинг ўртасида Восиқ пайдо бўлган эди. У менга қараб жилмайган бўлди-да:
— Ётсак-а энди, кеч бўлиб қолди, — деди ва Фатхиллага каравотни ишора қилди.
Йигитлар секин-секин тарқалишди. Фатхилла ҳам жойига бориб ётди. Шавкат эса ҳамон жойидан қимирламасди. Мен ҳам ётдим. Ҳозир бирон нарса дейиш бефойда эди. Аммо кўзим Шавкатда. Ундан хурсанд эдим. У анчагача қимир этмай турди, кейин югуриб чодирдан чиқиб кетди. Кўзимга уйқу келмади. Битта менми десам, Парпи ҳам уйғоқ экан. Қўлида китоб, лекин ўқимаяпти. Чамамда ярим соатча вақт ўтди. Шавкатдан дарак йўқ эди. Бир маҳал Парпи секин ўрнидан турди. Фатхилла томонга қараб қўйди-да, эшикка чиқиб кетди. Кўп ўтмай қайтиб келди. Палатканинг ўртасида бирпас хаёл суриб тургач, Восиқнинг ёнига бориб, уни турта бошлади. Лекин ҳеч уйғота олмади. Иттифоқо, кўзи менга тушиб қолди, олдимга келди.
— Усмон ака, — деди шивирлаб. — Йиғлаб ўтирибди!
— Қаерда?
— Ариқ бўйида.
— Чақирдингми?
— Йўқ, олдига борганим йўқ.
— Борма. Ўзи келади.
— Келмаса-чи?
— Келади. Қаёққа борарди?!
Парпи жойига бориб ётди. Уйқу бутунлай қочган эди. Ҳамма ёқ жимжит. Фақат аҳён-аҳёнда қурбақа қуриллагани, ит вовиллагани қулоққа чалинади. Палатканинг очиқ эшигидан осмонга қарадим. Ҳаво очиқ. Юлдузлар чарақлаб турибди. Олисда, жуда баландда тўлин ой сузиб бормоқда. Бир маҳал у тўсатдан хираланди. Чўчиб қарадим. Бир парча олатароқ булут унга ёпишиб қолгандай эди. Қаердан пайдо бўлди экан, ўйлаб тагига етолмайман. Ростини айтсам, табиат сирларига унча тушунмайман, қизиқишим ҳам йўқ. Лекин ўшанда беҳузур бўлиб кетдим. Ўрнимдан даст туриб, кўнгли озор чеккан болани бағримга босгим, ўрнига олиб келиб ётқизгим келиб кетди. Ўзи келиб қолмаганда шундай қилишим турган гап эди. Келди-ю, Парпининг ёнидаги каравотига чузилди. Парпи уни кўриши билан китоб ўқишга тушиб кетди. Кўзимни юмдим. Бир маҳал Шавкатнинг овозини эшитиб қолдим: — Нима ўқияпсан?
П а р п и. «Самарқанд осмонида юлдузлар». Ўқиганмисан?
Ш а в к а т. Ўқиганман.
П а р п и. Яхши-а?
Ш а в к а т. Нимасини айтасан? Сенга Темур образи ёқадими?
П а р п и. Темур, нимаси?
Ш а в к а т. Образи.
П а р п и. Бу нима?
Ш а в к а т. Китобдаги асосий қаҳрамонларни образ дейилади.
П а р п и. Балосан-ку!
Ш а в к а т. Агар истасанг, ғалати китобларим бор. Бераман. «Қутлуғ қон»ни ўқиганмисан?
П а р п и. Яхшими?
Ш а в к а т. Зўр. Йўлчи деган бир йигит ҳақида.
П а р п и. Э, бўлди, киносини кўрганман. Битта бойни роса дўппослайди-да. Мазза!
Ш а в к а т. Китоб ундан зўр. Ўқисанг, Йўлчи, Гулнорлар худди ёнингда тургандай бўлади. Севги деб шуларнинг севгисини айтса бўлади.
П а р п и. Ҳозир бунақалар йўқ.
Ш а в к а т. Йўқ, бор. Фақат биз билмаймиз-да. Бизнинг бир қўшнимиз бор, кўрга теккан.
П а р п и. Қўй-э?!
Ш а в к а т. Рост. Боягидақа гапларни эшитганингдан кейин, бунга ишонмайсан-да.
П а р п и. Қўй, ўшани эслама. Фатхилла ўзи ёмон одам эмас.
Ш а в к а т. Одамда ҳамма нарса яхши бўлиши керак.
П а р п и. Бизга ўтмайсанми?
Ш а в к а т. Ҳозир эмас. Жуда бўлмаса, сим қирқишни ўрганиб олай.
Мудроқ аралаш уларнинг кулгисини эшитдим.
Эртасига эрталаб гўё ҳеч нарса юз бермагандек, ҳамма ўз иши билан овора бўлиб кетди. Тушга яқин Восиқ олдимга келди. Унинг тўла юзлари кулиб турарди.
— Усмон ака, — деди бирпас ўйланиб тургач. — Парпи билан бир нарсани маслаҳат қилувдик. Айтсам, йўқ демайсизми?
— Йўқ. Нима эди? — сўрадим мен ҳам беихтиёр жилмайиб.
— Бугун ош қилсак?
— Ҳа, тинчликми ўзи?
— Тинчлигу лекин бригадамизга иккита янги одам келди. Ювсак бўларди. Ишдан кейин, албатта.
Нима дердим? Хўп дедим. Ҳатто йигитларнинг зийраклигидан хурсанд ҳам бўлдим. Гап, албатта, ошда эмас, иккита янги одамга бўлган ҳурматда.
— Лекин, — дедим унга, — қиз бола чойхонага борармикин?
— Олиб бормаймиз, — деди ҳозиржавоблик билан Восиқ. — Ошни қилиб, чодирга олиб келамиз.
— Майли, бўлмаса айтиб қўй, кетиб қолмасин.
— Иўқ, ўзингиз айтинг. Мен нима дейман? — деди у қизариб.
Кулдим.
Кечқурун ҳаммамиз чодирга йиғилдик. Маҳфуза очиқ қиз экан. Бирпасда бизга қўшилиб кетди. Ювиниб-тараниб, икки-уч партия домино ўйнаб бўлишимиз билан, катта тоғорани кўтариб Восиқ билан Парпи келиб қолишди. Қаердандир икки шиша «Оқ мусаллас» ҳам топилди. Восиқ менга айёрона қараб қўйиб, шишаларни очди. Биринчи қадаҳни, одат бўйича, ёши каттароқ одам, яъни мен кўтардим. Кейин Восиқ алланима деган бўлди. Хуллас, жуда ширин ўтирдик. Бир маҳал Маҳфуза кетаманга тушиб қолди. Хавотир олишади уйда, деди. Йўқ демадим.
— Мен кузатиб қўяман, — деди Фатхилла ўрнидан туриб. Кўпроқ ичганидан қулоқларигача қип-қизариб кетган эди. Бошқа ҳеч ким индамади. Иттифоқо, кўзим Маҳфузага тушиб қолди. Унинг ҳозиргина кулиб турган кўзларида сўлғинлик пайдо бўлган эди. Нима бўлдийкин? Нега бирдан хафа бўлиб қолди? Фикримни Шавкат бўлиб юборди:
— Мен ҳам бораман, — деди у менга қараб.
— Нима қиласан? — Фатхилла илжайди. — Мен кичкина боламанми? Яхшиси, ухла, эртага узилиб қолмагин тағин.
Кимдир кулиб юборди. Шавкат бирон нарса деса хунук бўлади-да, деб турган эдим, ҳайтовур индамади. Фақат туфлисини кийиб бўлиб:
— Мен ҳам бораман, — деди қатъий қилиб.
— Бормайсан! — Фатхилла тутақди.
— Қўйинглар, ўзим кетаман, — деди Маҳфуза жилмайишга ҳаракат қилиб. — Қўрқмайман.
Восиқ гапга аралашди:
— Фатхи, сен чарчадинг, дам ол, — деди вазминлик билан. — Шавкат кузатиб келсин. Ё ҳаммамиз борайлик.
— Овора бўлманглар, ўзим кетаман, — деди яна Маҳфуза. Бу гал у расмана жилмайди. Назаримда, Восиқнинг гапидан кейин кўнгли жойига тушди шекилли.
— Йўқ, Шавкат боради, — деди Восиқ Фатхиллага тикилиб.
— Майли, раҳмат, — Маҳфуза шундай деб палаткадан чиқди.
Шавкат ҳам кетди. Палаткага жимлик чўқди. ҳамма бирин-кетин ечиниб ёта бошлади. Фақат Фатхилла қимир этмай ўтирарди.
— Мен ҳам сени юбормасдим, — дедим ётганимдан сўнг унга. — Кеча нималар дединг?!
— Ҳазил эди, наҳотки ишонмасангиз? — Фатхилланинг кўзлари олайиб кетди. — Сен-чи, Восиқ?
— Ҳазилнинг таги зил, — деди Восиқ.
— Шу тирранча, кўлидан бир тийинлик иш келмайдиган ойимқиз мендан афзал бўлдими?
— Бўлди, ёт, — дедим зарда билан. — Тилинг қичишяптими?
Шу воқеа сабаб бўлдими ё ўзлик-ўзи топишиб кетишдими, Шавкат билан Маҳфузани кўпинча бирга кўрадиган бўлиб қолдик. Тушлик пайтида бирга овқатланишади, кеч-қурунлари бўлса, Шавкат апил-тапил ювиниб, ғойиб бўлади. Ҳаммамиз бунга кўникиб қолдик. Бу орада янги бинонинг бетон плиталарини ётқизиб бўлдик, биринчи қаватни кўтариб, иккинчисига уннай бошладик. Шу кунларнинг бирида мен, иттифоқо, ғалати суҳбатнинг гувоҳи бўлиб қолдим. Якшанба эди. Эрталаб ҳаммамиз ясаниб, шаҳарга тушадиган бўлдик. Ҳар дам олиш куни одатда ўзи шундай қиламиз. Мен болаларнинг олдига тушаман. Восиқ ҳам. Фатхилла билан Парпи шаҳарни айланади. Ё уйларига посилка жўнатишади. Фатхилла асли қаршилик, ҳеч кими йўқ. Парпи пскентлик, ўқишга меҳри бўлмай, ишга берилиб кетган. Оиланинг каттаси шу. Тўртта укаси бор. Шавкат Тошкентнинг ўзидан. Отаси катта инженер-геолог. Онаси ҳам ўқимишли аёл. Бир-икки марта уйларида бўлганман. Яхши одамлар. Шавкат уйга бориб қолса, ўтқазгани жой топишолмайди. Лекин ўшанда у негадир уйга бормади. Кейин бораман, деди. Мен ҳам зўрламадим. Уйга бориб, кечқурун қайтдим. Энди қоронғи туша бошлаган эди. Чодирга яқинлашганимда аёл кишининг овози эшитилди. Киришимни ҳам, кирмасимни ҳам билмай тўхтаб қолдим.
— Йўқ, йўқ, ундай деманг! — гапирарди қиз бўғиқ овозда. — Сиз мени билмайсиз. Нима қиласиз ўзингизни ҳам, мени ҳам қийнаб?! Ўша куни, ариқ лабида ўтирганимизда айтганларим рост… Ўтиниб сўрайман, қўйинг.
Бу — Маҳфузанинг овози эди.
— Наҳотки, менга ишонмасангиз? Ўша куниёқ, сизни ўша биринчи марта кўрганимдаёқ буни сезган эдим. Маҳфуза, менга қарасангиз-чи!
Бу овозни ҳам танидим: Шавкат.
Билмайман, ўшанда менга нима бўлди, нимадандир ха-вотирланар, чўчир ва шу пайтнинг ўзидаёқ нимадандир қувонар эдим. Шунинг учун бўлса керак, жойимдан жилмадим. Чодирга бир зум жимлик чўкди. Лекин кўп ўтмай яна Шавкатнинг овози эшитилди:
— Нега индамайсиз? Ё мени…
— Ундай деманг. Йўқ, ундай деманг, Шавкатжон, — Маҳфузанинг овози қалтирарди. — Лекин мен сизга айтдим-ку, мени билмайсиз. Билганингизда бундай демас эдингиз. Айтсам… Мендан кулмайсизми?
Ш а в к а т. Йўқ, нега куларканман?
М а ҳ ф у з а. Кулманг, хўпми? Рости, менга бари-бир. Чунки энди ҳеч кимни севолмайман… Ҳа, севолмайман.
Ш а в к а т. Нима гап ўзи? Тинчликми?
М а ҳ ф у з а. Эшитинг… мен… мен… сиз ўйлаган, сиз орзу қилган қиз эмасман. Мен алданган, хўрланган, бахтсиз бир одамман…
Ш а в к а т. Қўйинг, Маҳфуза, ўзингизни қийнаманг. Менга бунинг кераги йўқ. Гапирманг.
М а ҳ ф у з а. Йўқ, энди айтмасам бўлмайди. Эшитинг, ҳаммасини эшитинг. Мен ўн уч ёшимда ўгай ота кўлида қолганман. Ойим оғир касалликдан вафот этган. Ўз отамни эса мутлақо билмайман. Урушда ҳалок бўлганлигини эшитганман, холос. Ойимнинг вафотидан кўп ўтмай ўгай отам уйланди. Уйланди-ю, бошим ғалвадан чиқмай қолди. Ҳар куни гоҳ пулдан, гоҳ овқатдан жанжал чиқарди. Чидай олмадим. Шаҳардаги холамникига қочиб кетдим. Орадан тўрт йил ўтди. Мактабни битирадиган пайт келди. Шунда бир йигит билан танишиб қолдим. Кинода танишдим. Чиройли йигит эди. Пули кўп эди. Холам бўлса, ўз боласидан орттириб, менга кинога ҳам зўрға пул топиб берарди. Шунинг учун бўлса керак, мен ўзимни йўқотиб қўйдим. Бунинг устига у, сизни севаман, сизсиз туролмайман, деб кунда онт ичарди. Мактабни битирган куним у, бугун бир жойга йиғилсак, уйдан бир амаллаб чиқинг, деди. Рози бўлдим. Кечқурун холамга алланималарни баҳона қилиб, уйдан чиқдим. Белгиланган жойда учрашдик. Кейин… кейин… йўқ, айтолмайман, айтолмайман!..
Маҳфуза йиғлаб юборди. Томоғига бир нарса келиб қадалди. Шавкатнинг ҳам овози титрарди.
— Қўйинг, йиғламанг, — дерди у нуқул. — Йиғламанг.
Кўп ўтмай палатка яна жимжит бўлиб қолди. Маҳфуза ўзини тутиб олди шекилли, йиғиси эшитилмай қолди.
— Фатхилла билади, — деди у бир оздан сўнг оғир хўрсиниб. — Бир маҳаллада турганмиз.
Бу гапни эшитдиму миямга бир нарса келиб урилди. Маҳфуза янги келган кундаги Фатхилланинг гаплари эсимга тушиб, ўзидан ўзи қўлларим мушт бўлиб тугилди. Мана, нима учун у мақтанган экан! Беихтиёр йўлга қарадим. Лекин ҳеч кимнинг қораси кўринмас эди.
— Кейин холам билан Ширинга кўчиб келдик, — гапида давом этди Маҳфуза. — Мана энди мени билдингиз. Фикрингиздан қайтгандирсиз?
Ш а в к а т. Йўқ. Энди қарорим қатъий!
М а ҳ ф у з а. Ачиняпсизми?
Ш а в к а т. Бу ачинишдан эмас. Сизни… севаман!
М а ҳ ф у з а. Шунча гапдан кейин-а?
Ш а в к а т. Ҳа.
М а ҳ ф у з а. Сиздан катта бўлсам ҳам-а?
Ш а в к а т. Ҳа. Мени қийнаманг, Маҳфуза. Севсангиз бўлди. Нима десангиз шуни қиламан. Севасизми?
Маҳфуза индамади.
Эртасига у ишга чиқмади. Кечқурун трестдан телефон қилиб, унинг бўшаб кетганини айтишди. Ҳамма ҳайрон эди. Ҳеч ким ўйлаб ўйининг тагига етолмасди. Фақат мен билардим. Лекин айтмадим. Нима кераги бор? Шу куни туни бўйи Шавкат мижжа қоқмай чиқди. Эрталаб ёнимга келиб, кетмоқчи эканини айтди. Рози бўлмадим. Шунда у, билмадим, нима учун шундай қилди, юрагини бўшатгиси келдими, ё бўлмаса, мени ўзига яқин олдими:
— Мен Маҳфузани топишим керак, — деди.
Нима дея олардим? Хўп, дедим. Шу куниёқ у ҳам кетди.
— Ҳа… — деди хаёлга чўмиб банк инспектори. — Шунақа севги ҳам бўлар экан.
Ҳеч ким индамади. Купеда жимлик ҳукм сурар, фақат поезд ғилдиракларининг бир оҳангдаги тақ-туқигина бу жимликни бузиб турарди.
— Чойдан борми, инспектор? — деди анчадан сўнг Усмон ака кулимсираб.
Бу кулимсираш ўтирганларга жон киргизди шекилли, ҳамма жой-жойидан қимирлаб қўйди.
— Чой совиб қолибди-да, — деди инспектор термосни олиб.
— Майли, бизга бўлаверади.
— Марҳамат.
— Улар ҳозир қаерда экан? — деди ўзича кекса архивчи янги папирос тутатар экан, ўйчан ҳолда.
— Шу ерда, Тошкентда.
Усмон аканинг бу гапидан ҳаммамиз бир чўчиб тушдик.
— Кеча бирга эдик.
— Шавкат, Маҳфузалар билан-а? — ишонқирамай сўради инспектор.
— Ҳа. Иккови ҳам Қаршидан қурувчилар съездига делегат бўлиб келишибди. Кичкина қизалоқлари ҳам бор. Худди отасининг ўзи.
Усмон ака фахр билан ҳаммамизга бир-бир қараб чиқди.
— Сиз съезддан келяпсизми? — сўради кекса архивчи.
— Ҳа.
— Баракалла, баракалла.
Унинг бу гапи кимга қаратилганини билиб бўлмади.
— Ҳа, айтгандай, съездда Восиқ ва Фатхилла ҳам бор эди, — деди Усмон ака. — Кеча кечқурун ҳаммамиз бизникида йиғилдик. Фақат Фатхилла келмади. Маҳфузаларнинг
бўлишини билиб уялган чоғи.
— Баракалла, баракалла, — деди гапини чўзиб архивчи.
Банк инспектори унга бир қараб қўйди-да, кўзларини юмди. У хаёлга чўмган эди.
Мен купедан чиқиб, рўпарадаги деразанинг пардасини очдим. Ҳаво очиқ эди. Кўкда чарақлаб турган сон-саноқсиз юлдузлар ва кулчадек ой биз билан баробар сузиб борарди.
1960