Тошкент билан Берлин ўртасида тўрт минг километрга яқин масофа бор. Лекин дўстлик йироқни яқин қилади, деб бежиз айтилмаган.
Ҳар йили «ГДР— Берлин» адреси билан тамғаланган минглаб той Пахталар Ўзбекистондан тўппа-тўғри Германия Демократик Республикасига йўл олади. ГДРнинг техникавий ашё-асбоблари эса бизнинг лабораториялар, корхоналар кўрки ҳисобланади. Биз ГДР маркаси урилган курсиларда ўтириб немис линотипларида босилган рангин журнал ва китобларни ўқиб дам оламиз. Немислар, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хиванинг кундалик меҳмонлари. Дўппи кийган йигитлар, атлас кийган қизларни Берлин, Лейпциг, Дрезден, Веймар кўчаларида кўрганлар ажабланмаса бўлади.
Халқларнинг муносабати адабиётлар муносабатида ўз ифодасини топади. Ўзбек китобхонлари Шиллер, Гейне, Бехер, Зегерс асарларини ўз тилларида ўқиганларидек, немислар ҳам Навоий, Ҳамза, Қодирий, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Зулфия асарларини яхши биладилар.
Мен бу йил кўп вақтлардан бери таржима қилаётганим «Фауст»нинг иккинчи қисмини ҳам тугатиб нашриётга топширдим. Бу Ўзбекистон ва ГДР ҳаётида муҳим саналар ҳисобланган мана шу йилга тўғри келгани мен учун айниқса қувончли иш бўлди. Ўзбекистон ва Германия Демократик Республикаси бу йил октябрь ойида ўзларининг олтин ва кумуш тўйларини нишонлайдилар. 7 октябрда ГДР 25 ёшга киради, 27 октябрда Ўзбекистон республикаси элликка тўлади. Бу йил немис халқининг буюк фарзанди, «Фауст» муаллифи Гёте учун ҳам муҳим сана. Бутун тараққийпарвар инсоният Гётенинг 225 йиллигини нишонлаш арафасида турибди.
Ўзбекистон ва ГДР тўйлар арафасида турган шу кунларда мен иккала республиканинг, олтин ва кумуш тўй эгаларининг ўтмиши ва ҳозирги куни тўғрисида ўйлайман.
Уларнинг ҳар иккиси ҳам ўтмишда кўп заҳматлар чеккан. Ҳеч бир мамлакат Германиячалик, Ўзбекистончалик феодал тарқоқлик уқубатларини узоқ тортмаган бўлса керак. Герцоглар герцогларга қарши, хонлар хонларга қарши қўшин тортдилар. Уруш кулфатини эса бауэрлар ва деҳқонлар кўрдилар. Ҳар иккала мамлакат ҳам жаҳонга буюк шоирлар ва қомусул аъламларни берди, шу билан бирга улардан қаттол жаҳонгирлар ҳам етишди. Лекин тарих жаҳонгирларни забун қилди, халқлар эса йиқилган жойидан туриб яна қура бердилар, яшай бердилар.
Бугунда Ўзбекистон ҳам, Германия Демократик Республикаси ҳам юқори даражада ривожланган индустрия ва қишлоқ хўжалиги республикаларидирлар.
Гётенинг «Фауст»ида бундай сатрлар бор:
Худди шундай, меҳнат, кураш ва ҳавас Банд айласа ёшу кекса, ҳар кимни. Шундай кунда кўрсам эдим бир нафас Озод диёримни, озод халқимни.Буюк шоирнинг эзгу умидлари бугунги Германия Демократик Республикасида ўз ифодасини топди.
Мана, мен Берлин кўчаларида сайр қилиб юрибман. Оқшом. Унтер ден Линден кўчасидан Бранденбург дарвозасига қараб юраман. Ўнг томонда уруш ярим вайрон қилган улкан ибодатхона. Беихтиёр Бибихоним харобаси ёдимга келади. Шундай ажойиб обидаларни тиклаган ва яксон қилган инсоннинг оқиллиги ва жоҳиллигига бир ҳайкалдек бўлмиш бу бинога қараб, наҳотки инсоният тарихи мангу шундай камол ва заволдан, ривож ва торождан, кураш ва нурашдан иборат бўлса, деб ўйлайман. Наҳотки тарих қайтарилса… «Йўқ, қайтарилмайди, — соф ўзбек тилида жавоб беради менга овоз, — ҳеч қачон қайтарилмайди». Бу фрау Дорио Шульц. Ўзбек тили ва адабиёти бўйича мутахассис бўлган немис қизи. Немис тилига таржима қилинган қатор ўзбек китобларида, бу китоблар бўйича қилинган млмий мшларда, хусусан немис тилида тузилаётган ўзбек тилининг изоҳли луғатида доктор Дорио Шульц хонимнинг катта меҳнати бор. Ўзбекистонда уни Дилором деб танийдилар.
Дилоромхоним Навоий ғазалларини ёд ўқийди. Мен Гёте шеърларини ўқиб жавоб бераман. Университет ёнидан ўтиб борамиз. Ака-ука Гумбольдтлар пьедесталдан бизга қараб қоладилар. Мен хурсандман. Эртага немис шеъриятининг юраги бўлган шаҳарга, Гёте ва Шиллерлар хоки турган қутлуғ масканга, жаҳон шеъриятининг гултожи бўлган «Фауст» яратилган ватанга — Веймарга йўл олишим керак.
* * *
Веймар.
Эрфурт округида жойлашган, бугунда аҳолиси юз мингга яқин бўлган бу шаҳар ўн саккизинчи асрнинг иккинчи ярми, ўн тўққизинчи асрнинг биринчи ярми давомида бутун Ғарб олами адабиёти, шеъриятининг маркази бўлган. У давр умумжаҳоний даҳолар — Гёте, Шиллер, Гердер, Виландлар яшаб ижод қилган, немис адабиёти ва театри Оврупода етакчи мавқени эгаллаган бир давр эди. Веймарни немис халқининг Ҳироти деса бўлади.
Веймардаги Фраунплац майдонида бутун инсоният учун муқаддас бўлган бир уй бор. Бунда башариятнинг даҳо шоири Иоганн Вольфганг Гёте эллик йил яшаган ва «Фауст», «Вильгельм Мейстер», «Ғарби Шарқ девони» сингари сонсиз саноқсиз драматик, эпик, лирик асарлар битган, «Поэзия ва ҳақиқат», «Италия саёҳати» каби хотиралар, «Ранглар ҳақида таълимот» сингари илмий, фалсафий санъатга оид асарлар тасниф қилган.
Веймар саёҳатини мана шу табаррук уйни зиёрат қилишдан бошладик.
Буюк сўз устасининг улкан ҳаёт йўли ва бой, кўп-қиррали ижоди бутун улуғворлиги билан, қарама-қаршиликлари билан кўз олдимдан ўтади. Саноқсиз хоналар менга бетиним ўқиш, ўрганиш, меҳнат ва ижод билан кечган саксон уч йиллик умрнинг саҳифаларини бирма-бир очади.
Гётенинг тафаккур олами ҳақиқатан беҳудуддир. Герцогликда тутган мавқеи, давлат, сиёсат ишлари билан кўп шуғулланганлиги, герцог билан-шахсий дўстлигидан фойдаланиб юртда адолат ва маърифат ҳукмронлиги учун курашганлиги уни бир жиҳатдан Алишер Навоий билан ёнма-ён қўяди. Адабиёт, санъат ва илмнинг жуда кўп соҳаларида қалам тебратгани билан эса ўрта асрнинг буюк қомусул аъламларига баробарлаша келади.
Фалсафа, тилшунослик, санъат назарияси, ботаника, геология, минералогия, зоология, солиштирма анатомия, физика, химия… — буюк шоир бетиним шуғулланган илм соҳаларининг тўла бўлмаган рўйхати бу. Қўлёзмалар… тошлар… сўнгаклар… қушлар… ҳайвон суратлари… Шоирнинғ рассомлик санъатига ҳам қойил қолади киши. Унинг қўли билан қаламда ишланган рафиқаси Кристиананинг уйқудаги сурати бениҳоя нафис ва табиий чиққан.
Гёте ўз замонида мавжуд бўлган ҳамма илм балан шуғулланганига қарамай, баъзи бир соҳаларда илмий кашфиётлар қилганига қарамай (у инсондаги жағ-ўрта суякни кашф қилган), унинг улкан таланти асосан сўз санъатида намоён бўлган. Гётенинг шаҳардаги уйи ҳам, шаҳар четидаги боғ ҳовлиси ҳам шоир тириклигида қандай бўлса шундай сақланган ва уларда бетиним ижодий меҳнат муҳити кўриниб турибди.
Веймар икки буюк даҳонинг ажралмас дўстлигига гувоҳ бўлган шаҳар. Бу ерда Гёте ва Шиллер ёнма-ён туриб ижод қилдилар, ҳамюрт, ҳамдавргина эмас, ҳаммаслак бўлиб немис адабиёти ривожи учун, немис театри камоли учун курашдилар. Улар бугун ҳам Веймардаги тарихий қабристонда битта мақбара ичида ёнма-ён ётибдилар.
Демократик Германия ҳукумати Веймар обидаларини сақлаш, бу ерда яшаган буюк мутафаккирларнинг меросини тўплаш ва уларни халқ оммасинвнг маърифати учун хизмат қилдириш бўйича катта ишлар қилмоқда. Веймардаги «Классик немис адабиёти обидаларини сақлаш ва ўрганиш миллий институти» деб аталган илмий ташкилот 1750—1850 йилларни ўз ичига олган давр бўйича қўлёзмалар, илмий манбалар, турли ҳужжатларни йиғиш, нашр қилиш, текшириш, қиёсий ўрганиш, тарғиб қилиш билан шуғулланади. Бу институтнинг архивида саккиз юз мингдан ортиқ қўлёзма бор.
Институт қошидаги немис классикаси марказий кутубхонасида 760 минг томдан ортиқ китоб сақланади. Бундан 12 000 томи фақат «Фауст» нашрларидан иборат. Бу кутубхона жаҳоннинг ҳамма иашриёт ва кутубхоналари билан доимий алоқа қилиб туради. Немис классикларининг деярли ҳамма нашрлари дунёнинг ҳамма бурчакларидан шу кутубхонага оқиб келади.
Кутубхонанинг «Фауст» бўлимига саёҳат ярим кун давом этди. Бу ерда жаҳон тилларининг деярли ҳаммасига неча-неча бор таржима этилган «Фауст»нинг ранг-баранг нусхаларини кўриш мумкин.
Мана улар — араб тилида 1919 ва 1959 йилларда нашр этилган, хитой тилида, турк, урду, бенгал, қадимги яҳудий, ҳозирги замон яҳудий тили, татар, қозоқ, корейс тилларида — чоп этилган нусхалар. Мен Европа тилларидаги нашрларни айтмайман. Биргина инглиз тилида 1821 йилдан 1963 йилгача, қайта нашрларни ҳисобга олмаганда, 206 марта янги нашр босилган. «Фауст» умумжаҳсн сунъий тили — эсперантога икки марта, биринчи гал 1923 йили, иккинчи гал 1949 йили таржима қилинган. Кутубхонада ҳаммаси бўлиб 48 киши, шу жумладан саккиз илмий ходим хизмат қилади.
Ишнинг умумий ҳажмига қараганда бутун жаҳондан китоблар сотиб олиш, каталоглар тузиш, библиография, информация ишлари…— бундай катта кутубхона учун хизматчилар сони камроқ. Лекин китоблар шундай тартиб билан терилган ва бўлимларга ажратилганки, исталган тилдаги исталган нашрни дақиқалар ичида қўлингизга топиб берадилар.
Мен немис халқига хос бўлган аниқлик ва интизомга яна бир марта қойил қолдим.
Мана, бизга кутубхона учун ажратилган вақт тамом бўлди. Лекин бу китоблар дунёсидан ажралиб кетиш ниҳоятда қийин. Не иложки программа бор, олдинда бизни Гёте юрган йўллар чорлаб турибди. Эрта тонгда Гарц тоғлигига, Вернигерода, Магдебург шаҳарларига йўл олишимиз керак. Бизни Лейпциг, ундаги Ауэрбах майхонаси, Дрезден шаҳри ва жаҳонга машҳур галерея кутмоқда.
Кутубхона директори биз билан илиқ хайрлашади. Мен унга ўзбек дўпписи ва бир китоб бераман. Веймар кутубхонасининг жавонидан ўн икки минг биринчи бўлиб ўзбек тилида нашр этилган «Фауст» ҳам жой олади.
1974