Одатда катта истеъдод эгалари ҳаётда ҳам ёрқин шахслар бўлади. Мен Ойбек ва Ғафур Ғулом, Миртемир ва Шайхзода каби улкан сўз санъаткорлари суҳбатида бўлиб шундай эътиқодга келганман. Бу устозлар кириб келган уйларда чироқ ёқилгандай бўлар, ўзгача бир файз қўшилар эди. Аминманки, Ҳамид Олимжон, Усмон Носирлар ҳам шундай фариштали одамлар бўлишган.
Мен кўпинча Усмон Носирни кўрган, ҳамсуҳбат бўлган кишилар билан мулоқатда бўлганимда шоирнинг шахсиятига оид маълумотлар билан қизиқаман. Усмон Носирни кўрганлар унинг мард ва ўктам йигит бўлганини, шу билан бирга нозик руҳият эгаси эканиин таъкидлайдилар. Қалби кенг, кўнгли очиқ, тўғри сўз ва жангари шоир йигитни кўп жиҳатдан рус шоири Сергей Есенинга ўхшаш кўраман. Усмон Носир худди улкан рус шоири каби оловли, исёнкор қалб эгаси, шеърият уфқида ногиҳон балқиган ёруғ юлдуз эди. У ҳам худди Есенин каби ижодда қийин изланиш йўлларини ўтди, ёш қалбининг минглаб саволларига жавоб қидирди. У ҳам ёруғ дунёни жуда эрта ва бевақт тарк этди. Есенин каби мушкул ва чалкаш давр гирдобида ҳалок бўлди.
Усмон Носир қисқа ҳаётида тўрт шеърий китоб, бир достон, бир шеърий драма ёзиб қолдирди. Пушкиннинг «Боғчасарой фонтани», Лермонтовнинг «Демон» асарларини ўзбек тилига юксак маҳорат билан таржима қилди. Бу китоблар ичида айниқса шоирнинг «Юрак» ва «Меҳрим» деб аталган икки шеърий тўплами Усмон Носир ижодининг қўш чўққиси ҳисобланади.
Юрак, сенсан менинг созим, Тилимни найга жўр этдинг. Кўзимга ойни беркитдинг, Юрак, сенсан ишқибозим. Сенга тор келди бу кўкрак, Севинчинг тошди қирғоқдан, Тилим чарчар, ажиб, гоҳи Сени таржима килмоқдан.Усмон Носирнинг «Юрак», «Нил ва Рим» каби шеърлари, «Нахшон» достони ўзбек шеърияти хазинасидан жой олган. Шоир қилган таржималар бу олижаноб ва мушкул санъатнинг ёрқин намуналари сифатида кўп авлод таржимонлар учун маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилади.
Усмон Носир ёш шоирлигида ҳаётни тарк этди. Шеърият ихлосмандлари тасаввурида у мангу ёш бўлиб қолади. Унинг ёш шоирга хос эҳтиросли, содда, самимий сатрлари халқ қалбида узоқ йиллар яшайди.
1982