Пушкиннинг замондоши Гнедич: «Шоирлар бармоқларини сўриб тамадди қилувчи айиқларга ўхшайдилар», деган экан. Ўйлаб қарасангиз бу гап шоирлик ишининг табиатига анчайин мос келади. Негаки, шеър ёзиб турган шоир ўша дақиқада фақат шеър завқи билан яшайди. Унинг яратаётган асари бошқалар учун балки бир чақадир, балки ўша шеър чиндан ҳам айиқ бармоқлари каби бесамардир. Аммо шоир ўша дақиқалар завқли меҳнат қуюнида ўзини ниҳоятда бахтиёр ҳис этади. Ахир ўз қудратини яхши билган Пушкиндай зот ҳам бир кун ниманидир ёза туриб, завқини яширолмасдан: «Мен бугун даҳоман!» деб хитоб қилган-ку.
Ижоднинг кўпчилик учун марҳаматлик эҳсони шундаки, унинг завқидан доҳий санъаткор ҳам, ғўр ҳаваскор ҳам бебаҳра қолмайди. Мени ҳам шеърият кўчасига олиб кирган ўша завқдир. 50-йилларда кўпчилик нима мавзуда, қайси шахс ҳақида шеър ёзган бўлса, мен ҳам ўша атрофда нималарнидир ёзаверганман. Ўйлаб кўринг — на кино, на радио, на бирор дов-дарахт бўлган чекка қишлоқда ёш болага нима ҳам юпанч бўлиши мумкин? Албатта, китоб-да. Акаларим турли институтларнинг адабиёт факультетларида ўқишарди. Таътилга келганларида турли китобларни қолдириб кетардилар. Пушкин, Лермонтов ва Некрасовнинг ўзбекча чиққан китоблари, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом асарлари, кўпдан-кўп романлар. Каттагина кутубхонамиз ҳозир ҳам бор. Баҳор тошқинлари, саратоннинг зерикарли, жимжит кунлари, кузнинг изғиринли оқшомлари, қишнинг олис кечалари, қоп-қора осмонда чарақлаган сонсиз юлдузлар, раҳматлик Маҳкам момонинг турфа ривоятлари, Исмоил чўлоқнинг олди-қочди эртаклари худди кечагидек эсимда. Нималарнидир ёзгим келарди. Қандай бўлмасин ҳисларимни қоғозга тўкиб солмоқчи бўлардим. Табиийки, мен шеър ёза бошлаган эдим. Бора-бора шу машғулот умримга юк бўлишини ўйлабмидим… Майли, бу ҳақда гапни қўя турайлик. Умуман шеърият киши қалбига, энг аввало, руҳий ташналик, чексиз эҳтиёж, ажиб бир сеҳр тариқасида кириб келади, шекилли. Шунинг учун мен шеъриятни эҳтиёж фарзанди, деб атайман.
Қуйида ҳаваскор шоир босиб ўтиши мумкин бўлган баъзи босқичлар ҳақидаги тасаввур ва таассуротларимни қисқача айтиб ўтмоқчиман. Француз файласуфи Гельвеций: «Шеър ё юксак чўққиларда, ёки ғорларда яратилади», дейди. Дарҳақиқат, шеър инсон руҳининг бирмунча ғайритабиий, айрича ҳолатидан туғиладики, зукко файласуф буни образли ифода этган. Ўша чексиз уфқлар, сирли милтираган сонсиз юлдузлар кимда ҳам ҳис-туйғу уйғотмайди дейсиз! Албатта, ҳаммада ҳам. Фақат ижод дардига чалинган одамда бу туйғу чексиз армонга, гўзал изтиробга, қондирилиши ниҳоятда зарур бўлган эҳтиёжга айланади. Бу эҳтиёж чинакам шоирни умр бўйи таъқиб этади… Мен ҳозир шоирнинг нуқтаи назарлари шаклланмаган, юлдузлардан… бошқа эҳтиёжлар бошига тушмаган, йўргакдаги ҳолати ҳақида гапирмоқдаман. Бу босқичда шеърият чиндан ҳам кўнгил иши ҳисобланади. Эл эътиборини қозонишни ўйлаш, мақтов ёки мукофотлар учун гадоларча ялтоқланишлар бу босқичда учрамайди. Назаримда, шоирнинг тарбияси, агар у зарур бўлса, худди мана шу жойдан бошланмоғи зарур. Шеър техникасини эгаллаш мавсуми ҳам, адабиётнинг чексиз чаманига парда кўтариб мўралайдиган чоғлар ҳам мана шу ўспиринлик йилларига тўғри келади. Бўзбола шоир бу босқичда фақатгина самимият билан иш кўради. Унинг ҳаёт ҳақидаги фикрлари нечоғли ибтидоий бўлмасин, шеърий техникаси нечоғли ғўр кўринмасин — унинг орқасида тоза, покиза, самимий юрак уриб туради. Ҳатто унинг тўқиган ёлғонлари ҳам самимий бўлади. У баъзи тажрибали шоирлар сингари бошқаларга тақлид қилаётганини яшириб ҳам ўтирмайди.
Дарвоқе тақлид ҳақида. Тақлид — бутун маҳалла биладиган оқсоқолнинг чопонини бошқа биров кийиб юргандай гап. Таъсир эса бошқа нарса. Таъсир — Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда устоз кўзойнагини тақиб олиб ўз материалингни текшира бошлашингдир. Буларнинг барчасидан фарқли ўлароқ таъсирланиш ҳам борки у номунтазам бўлиб, турли-туман воқеа ва ҳодисаларга киши қалбининг акс-садо беришидир. Н. Асеев М. Луконинга ёзган хатида айтади: «Яхши шеър ўқисанг сенинг ҳам бирор нима ёзгинг келиб қолади, ёмон ёхуд ўртача нарса ўқиганда эса, умуман, ёзишдан ҳафсаланг пир бўлади». Гарчи бундай ҳолат ижодкорда умр бўйи давом этса-да, ўспиринлик йилларида, айниқса, яққол кўзга ташланади. Жуда кўп ўспирин шоирлар иштиёқи сўнганиданми ё турмуш мажбуриятлари туфайлими — шу босқичдан нарига ўтолмайдилар. (Шоирларга эътибор кучайган бизнинг замонда, шоир бўлсам нима қипти, қабилида ўзини ҳам, адабиётни ҳам қийнаб юрганлар, афсуски, кўп. Улар ҳатто китоб ҳам чиқазади, қандайдир йўллар билан Ёзувчилар союзига ҳам кириб олишади. Аммо бу ўринда мен шеъриятни қисмат деб билган шоирлар ҳақида гапирмоқдаман.) Хўш, бизнинг ўспирин шоиримиз ҳалиги босқичдан омон-эсон ўтиб олди ҳам дейлик. Энди у нималарга рўбарў келган бўларди? Инсон ва ижодкор сифатида Ҳаёт ва Ижодга дуч келарди, албатта. Лекин бу босқич профессионаллик бошланадиган, бурч билан боғлиқ ниҳоятда жиддий босқичдир. Бу босқичда тоғайлар суякка айлана бошлайди, яъни инсон ва ижодкор шакллана бошлайди. Очиғини айтганда, инсон сифатида шаклланиш билан шоир сифатида шаклланиш жараёни бир-бирнга унча қовушмайдиган турли нормаларни ўз ичига олади. Шу сабабдан баъзан шоирларнинг хатти-ҳаракатига бир оз ажабланиб қарайдилар. Аслида ижодкор шахсининг шаклланиши инсоният учун асрлар давомида одат тусига кирган анъанавий қонун-қоидаларга нисбатан бирмунча айрича — ўзига хосдир. Бундай шахсларда ҳиссиёт гоҳо биринчи планга чиқиб кетади. Александр Блокнинг «Шоирлар» деб аталган яхши бир шеъри бор. Блок шоирларнинг аянч ва бетайин ҳаётини тасвирлаб келиб, уларнинг устидан куладиганларга мурожаат қилади:
Сенга хотинингу ўзинг бўлсанг бас, Ўз қонунларинг бор, сен бундан мамнун. Аммо шоир эса олам-жаҳон маст, Қалбига сиғмайди, етмайди қонун.(Эркин Воҳидов таржимаси)
Мен бу ўринда, шоир хаёлига нима келса шуни қилаверсин, демоқчи эмасман. Аксинча, ҳозирги замонда шоирнинг жойи энг ҳушёр жабҳаларда бўлмоғи керак. Юқоридаги гапларим ижодкорнинг асар яратиш тарзи, кундалик иш тартиби, илҳом жунбушларига кўпроқ тааллуқлидир. Гёте ижод жараёнини қуйидагича изоҳлайди, яъни аввал соддалик, кейин мураккаблик ва яна соддалик. Ёш шоир илҳом билан, ҳаёт билан чинакамига рўбарў келган экан, энди уни болаликнинг тоза, беғубор, осуда, шўхчан туйғулари эмас, балки анчагина мураккаб борлиқ ўраб олади. Хўш, у мураккаб борлиқ нималардан иборат?
Биринчидан, яна ўша моддий олам (юлдузлар, дарёлар, дарахтлар ва ҳоказо). Иккинчидан, маънавий олам (ахлоқий масалалар, она, ёр, Ватан, абадийлик, ўлим ва ҳоказо) ва буларнинг барчасини маълум тартибга солиб, аниқ эстетик нуқтаи назарга боғлайдиган замон тушунчаси. Буларнинг ҳар бири шоирдан энди ўзига хос баҳосини кутади. Куйлайвериб сийқаси чиқиб кетган кўҳна борлиқни тасвирлай бошлар экан, шоир шеъри минг-минглаб асарлар орасидан жилла бўлмаса кўриниб турмоғи учун биринчи навбатда оригиналликка эътибор бермоғи лозим. Жиддий фикр, чинакам ҳиссиёт, самимият, юксак маҳорат — ана шулар шоирнинг бундан кейинги қимматини белгилаб беради. Кўпчилик шоир мана шу нуқталарда чалғиб кетади, ҳалиги талабларнинг бирортасида оқсаб қолади. Дейлик, аллақачон айтилган гапларни такрорлай бошлайди ёки ўзи таъсирланмаган воқеа-ҳодисани замон талаби деб ёзиб, самимиятни бузиб қўяди, ҳаёт билан актив аралашмаслиги оқибатида фикри ривожланмайди, ҳислари ўтмаслашади ва ҳоказо. Кўпинча ёш шоир санъаткор даражасига кўтарилолмайди, яъни маҳоратни етарли даражада эгаллай олмайди. Қарабсизки, униси ё буниси етишмаган қаламкаш энди адабиётда ўралашиб юриш йўлига ўтади. Унда мукофотлар билан ўзини овутиш каби санъаткорга номуносиб хатти-ҳаракатлар кўрина бошлайди. Қусурини кўрсатган танқидчиликка қарши синтетик қиличини ўқтайди, тенгдошларига нисбатан ҳасад намойиш этади, ошкора сурбетликка ўтади. Ҳарна бор истеъдодини ривожлантирмай, адабиётга хайрхоҳликни унутиб, меҳнатдан қочган баъзи ижодкордан бундай ҳолларда зарарли унсурлар ҳам етишиб чиқади.
Алҳазар, дейлигу гапимизни давом эттирайлик. Бизнинг шоиримизда юқоридаги фазилатлар озми-кўпми жам бўлди, деб фараз қилдик. Энди қолган ишлар ўз-ўзидан бажо бўлиб кетаверадими? Асло! Доимий бойиб борадиган билим, мудом ўсиб, юксаладиган дид ва савия, мунтазам меҳнат бўлмаса, ижодкор замон билан баробар юролмай, яна оқсаб қолади, у кўп борса ўз маҳалласининггина «хўроз»ига айланади, охир-оқибатда эса унутилишга маҳкум этилган шоирларнинг бағри кенг рўйхатидан ўрин олади. Шоир учун билим ўтмиш ва замон бадиий тафаккурининг барча қирраларидан, айниқса, фалсафадан чуқур хабардор бўлишни тақозо этади. (Тўғри, ҳамма ҳам файласуф шоир бўлиши шарт эмас. Лекин ёзма адабиёт вакили мзнтиқий фикрлай билинш керак. Умуман, «Фалсафа ва Шеърият» махсус текширишни талаб қиладиган иш.) Бирмунча романтик ёш шоир учун ўқиш-ўрганишнинг фойдаси беқиёсдир. Мен бу ўринда «китоб ўқисанг, мулла бўласан» қабилидаги ўгитни такрорламоқчи эмасман. Жаҳон адабиёти, буюк сиймолар ижодини нечоғли чуқур ва мунтазам ўргана бошласанг, ўзингни шу қадар ғариброқ, камбағалроқ ҳисоблай бошлайсан. Хомкалладаги худбин хаёллар тарқала бошлайди, ўзингда чексиз интилиш туйғусини сеза бошлайсан. Ижодкор учун эса энг муҳими ана шудир.
Юксак дид ва савияга эга бўлган, улкан меҳнат заҳматларидан чўчимайдиган, билимдон, истеъдодли ижодкорга бундай интилиш буюк самаралар келтириши аниқдир! Шу ўринда дид, савия ҳақида икки сғиз сўз. Бир француз олими: «Истеъдод — бу дид», деган экан. Албатта, ўша олим туғма истеъдоднинг бирламчи эканлигини яхши билган ҳолда, уни мавжуд деб ҳисоблаб, истеъдод учун кейинчалик энг зарур ҳисобланадиган ҳаётий фазилат ҳақида гапираётибди. Буни ибора маъносининг теранлиғидан пайқаб олса бўлади. Дарҳақиқат, маълум дид ва савията эга бўлмаган ижодкор адабиётнинг биринчи элементи бўлмиш тилнинг ўзидаёқ кимлигини билдириб қўяди. Дидсиз шоир бирор сўзни бирор ўринда эплаб ишлатиши гумон. Гап шунчаки тизмалар эмас, балки анчайин жиддий шеърият устида кетаётибди. Фикримни исботлаш учун баъзи мисолларга мурожаат этаман. «Муҳокаматул-луғатайн»да Алишер Навоий йиғламоқ сўзининг бир неча синонимларнни келтиради (улар ҳолатлар ҳамдир). Хусусан, бўзламоқ, ўкрамоқ, бўкрамоқ, сиқтамоқ ва ҳоказо. Бизнинг шоирларимизнинг қаҳрамони йиғлаяпти дейлик. Аммо у қайси сабабга кўра ва қандай ҳолатда кўзёш тўкмоқда? Узоқроқ изланишга тоқати қолмаган ёки дид номукаммал шоир қаҳрамоним умуман йиғлаяпти деб қўя қолади. Ҳолбуки, ҳалигига ўхшаш синонимлар шоирга бундай ўринда жуда қўл келиши мумкин. Масалан, тасаввуримча, боласи ўлган она бўзлайди, ота ўкрайди. Ёки маълум бир сатрда унли ва ундошларнинг уйғун келиши учун тупроқни туфроқ дейишга тўғри келади. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Афсуски, ёш шоирларимиз ижоднинг мана шу каби нозик жиҳатларига кўпинча бепарво қарайдилар. Ҳаётда ҳамма нарса юз бериши мумкин. Масалан, икки севишган йигит ва қиз майсазорда учрашиб ғаройиб ҳис-туйғуларини бир-бирларига изҳор этаётганда маъшуқанинг оёқлари дафъатан тошбақага тегиб кетиши мумкин. Аммо ўша ғаройиб ҳис-туйғуларни тасвирлайдиган шеърга тошбақанинг киришга ҳаққи йўқ. Сўзни ўз ўрнида ишлата билиш, албатта, шеърни безайди. Ғафур Ғуломнинг кўпгина патетик шеърларини она тилимизда ўқишли қилиб турган фазилат ҳам устоз шоирнинг сўзга чапдастлигидир десам, янглишмаган бўламан.
Юқоридаги сингари муроду мақсадларимизни амалга оширишнинг бирдан-бир чораси эса Меҳнатдир. Бир эстон театршунос олими меҳнат ҳақида гапириб, истеъдодли ялқовларга нисбатан ўртамиёна меҳнатсеварлар кўпроқ фойда келтирадилар, дейди. Ҳаётий, тўғри гап. Лекин сафарбар этилган ҳар қандай қора куч меҳнат тушунчасига тенг келолмайди. Дид ва савия билан маълум мақсадга йўналтирилган, билим ва истеъдод раҳнамолик қилган, онгли, ижодий меҳнатгина санъаткорни поғонама-поғона кўтариши мумкин. Баъзан истеъдодини ялтироқ тугмадек кўз-кўз қилиб, меҳнатни эса ночор одамларнинг машғулоти деб ҳисоблайдиган «даҳо»лар учраб туради. Улар, бир ўтиришда фалон сатр шеър ёздим деб мақтаниб ҳам қўйишади. Ҳолбуки, назаримда, бундай гапни гапиришдан уялиш керак. Шеър осон ёзила бошланса шоир хавотирга тушмоғи, орқа-олдини йиғиштнриб олмоғи лозим. Бир шам ёруғида фалон мисра шеър ёздим, деб мақтанган бир шоирга, шеърингнинг қиммати ҳам бир шамга баробар экан, дея Навоийнинг берган жавоби, ҳойнаҳой, асрлардан буён оғиздан-оғизга кўчиб келаётибди. Тўғри, бир ўтиришда ёзилиши мумкин, ёзилади ҳам. Потраб турган ихчам фикр, нозик, оний чизгилар ўзининг тезроқ намоён бўлишини талаб қилади. Йўқса шоир сал ўтмай совиб қолиши мумкин. Аммо илҳомнинг қуйилиб келиши билан шеър устида олиб бориладиган кейинги заҳматли меҳнатни бир-биридан ажратиб ташламаслик керак. Юқоридаги принцип, яъни тезкорлик шоирни бора-бора шунчаки бир бадиҳагўйга айлантириб юбориши ҳеч гап эмас. Мен Пушкин, Маяковский, Есенин сингари шоирларнинг қўлёзмаларини кўрганман. Улар баъзан шеърни бир ўтиришда қоралашган. Аммо ундан кейинги меҳнат… Ақл бовар қилмайди! Шеър тузатилаверилиб-тузатилаверилиб, сўнгги нусхада дастлабки ёзилган сўзлардан баъзан бирортаси ҳам сақланиб қолмаган. Аммо шеърнинг қон группаси ўзгариб кетган эмас. Шоирга ташриф буюрган дастлабки илҳом ва олов кучайса кучайганки, бироқ пасаймаган. Шоир шеър устида ишлаш жараёнида уни сўз санъатининг мумтоз намунасига айлантира олган. Табиатда учрайдиган ноёб тошларга ҳам усталар кейин шакл беради дейишадику. Шеърларини ўқиб тасаввур қиламанки, Ҳамид Олимжон ҳам шеър устида ана шундай баҳодирона тер тўккан бўлса керак… Гётенинг, ижод жараёни уч босқич яъни соддаликдан — мураккабликка, мураккабликдан яна соддаликка деган машҳур гаплари шу тариқа исботланса керак. Учинчи соддалик эса буюк соддаликдир ва унга юксак дид раҳнамолик қилган машаққатли меҳнат туфайлигина эришиш мумкин. Мен юқоридаги гапларни ижодий тажрибам азбаройи кўпайиб кетганидан эмас, балки Пиримқул Қодиров мақоласида айтгани каби, «тажрибага муҳтожликдан» келиб чиқиб ёздим. Зеро, биз ёшлар ҳанузгача ўқиб ўрганаётганимиз, кўтарган хирмонимиз унчалик баланд эмаслиги барчага аён. Бошловчи шонр дўстларимга эҳтимол озгина бўлса ҳам фойдаси тегар деган умидда ёндафтардаги баъзи фикрларни ҳам қуйида келтириб ўтишни лозим топдим.
* * *
Ҳақиқат эгилади, лекин синмяйди, дейдилар. Оҳ! Мана шу эгилишида унинг неча-неча қобирғалари синиб, пайлари узилиб кетишини билсангиз эди!
Бир классикнинг қабри тепасига мухлиси келиб илтижо қилибди: — Қанийди, бирор соатгина бўлса ҳам сизнинг шон-шуҳратингиз менда бўлса!
Дафъатан, қабр ичидан овоз чиқибди: — Менинг ўрнимга бир соатгина кириб ётишга рози бўлгин, бутун умрлик шон-шуҳратимни сенга бераман!..
Дунёда энг олий бахт абадиятдир, дунёда энг машаққатли меҳнат эса унга эришмоқ.
Данте айтган: «Шеъриятда энг аввало ҳислар самимийлиги ва туйғулар таранглиги керак».
Дунёда энг шўрлик, бахтсиз зот ким? Назаримда, ҳасадгўйдир. Бошқаларни номақбул шароит хароб қилса, у ўзини-ўзи ейди.
Пушкин сўзи қадимий юнонча бўлиб, йўқ жойдан бор қилиш деган маънони англатар экан. Тасодифни қарангки, ҳақиқатан ҳам Пушкин қарийб йўқ адабиётни йўқ жойдан бор қилди.
Иши юришман турган бир шоир номи газетада кимдандир кейин ёзилиб қолганини кўриб ниҳоятда ғазабланди… О, одам! Паст кетсанг ўзинг қулаган жарнинг тубига етгунча юмалайверар экансан.
“Ўзбек тили ва адабиёти”, 1977 йил, 3-сон.