22 май куни Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги киносаройда Европа киноси фестивали бошланди. Мазкур маданий тадбир учинчи бор Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси томонидан “Ўзбеккино” миллий агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Кинофестивални Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Юрий Штерк очиб берди.
– Асл кино турли халқларнинг тили, маданияти, анъаналари ва ҳаёт тарзини намойиш этиб, уларни ўзаро ҳаммаслак, ҳамфикр инсонларга айлантиради. Европа киноси фестивали ҳам айни шу эзгу мақсадга хизмат қилади. Ўзбекистон маданий ҳаётидан мустаҳкам ўрин эгаллаб улгурган ушбу фестиваль Европа халқлари ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашига ишончимиз комил, – деди элчи Юрий Штерк.
Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари, шу билан бирга, фестивалга тақдим этилган фильмлар турли мамлакатларда, турли тилларда суратга олинган бўлса-да, уларнинг барчасида умумевропа қадриятларини тараннум этилгани, европаликларнинг орзу-умидлари акс этганини таъкидлади.
Очилиш маросимида сўз олган “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори вазифасини бажарувчи Аҳмаджон Умаров, Латвиянинг Ўзбекистондаги элчиси Эдгарс Бондарс ҳам кинофестиваль халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини қайд этди.
Фестивалнинг илк куни Латвия киноижодкорлари суратга олган “Сизни яхши кўраман, ойи” картинаси намойиш этилди. Мазкур картина 15 та халқаро мукофот, жумладан, Берлин, Лос-Анжелес кинофестиваллари, шунингдек, Европа болалар фильмлари уюшмаси совринига сазовор бўлган. Киноасарда ригалик Раймонд исмли ўсмирнинг қувончу ташвишларга тўла ҳаёти тасвирланган. Қизиқарли фабула, таъсирчан эпизодларга бой фильмда бош қаҳрамон рост ва ёлғон, дўстлик ва хиёнат, тўғрилик ва эгрилик каби қалтис танловларга рўбарў келади.
22–31 май кунлари Алишер Навоий номидаги киносаройда давом этадиган фестиваль давомида Европанинг 15 мамлакати кинематографчилари ишлаган 18 та картина намойиш этилади. Турли ёш ва дунёқарашдаги томошабинларнинг қизиқишлари инобатга олинган ҳолда, фестиваль учун драма, комедия, трагикомедия, ҳужжатли фильм каби турли жанрдаги картиналар сараланган.
Бу йил кинофестиваль жуғрофияси бирмунча кенгайган. Масалан, Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган Швейцария ҳам мазкур фестивалда “Касабланка” операцияси” фильми билан қатнашмоқда.
Фестиваль дастуридан ўрин олган фильмлар орасида “Оскар”, “Олтин глобус” каби атоқли мукофотларга муносиб кўрилган, Канн, Берлин, Рим каби нуфузли фестиваллар ҳайъати юксак баҳолаган киноасарлар бор. Масалан, Дания кинематографчилари 2010 йилда суратга олган “Қасос” (Haevnen) картинаси “Оскар”, “Олтин глобус” ҳамда Европа киноакадемияси совринларини қўлга киритган (Дарвоқе, мазкур фильм 29 май куни 19:00 да намойиш этилади).
Европа Иттифоқи кўҳна қитъанинг 28 давлатида яшовчи 500 миллиондан зиёд аҳолини ягона мақсад йўлида бирлаштирган. Ўзбекистон ҳамда Европа Иттифоқи муносабатлари 1996 йил апрелда имзоланган Ҳамкорлик тўғрисидаги битим, 2007 йилда қабул қилинган ЕИнинг Марказий Осиёдаги стратегияси каби ҳужжатлар асосида ривожланмоқда. Ўзаро ҳамкорликнинг кенгайиши ифодаси сифатида Тошкентда 2012 йилда ЕИ делегацияси иш бошлаган.
Собир Салим