“Халқ иродасининг ғалабаси” – 5 йил аввал Туркияни ларзага солган воқеа рўй берган эди…

Туркия ўз хавфсизлигини таъминлаш учун  барча чораларни ишга солади. Бу ҳақда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакат парламенти йиғинидаги нутқида таъкидлади.

Туркия раҳбари бундан роппа-роса 5 йил аввал, 15 июль тунида рўй берган давлат тўнтаришига уринишни ёдга олар экан, уни амалга оширганлар жазосиз қолмаслигини урғулади.

“Бу қонли Фатҳулла Гулен ташкилотига ҳам тегишли. Биз мазкур хавфни илдизи билан қуритмагунча, ушбу жиноий тўдага алоқадор ҳар бир шахсни таъқиб этамиз”, – деб таъкидлади президент Эрдўғон.

2016 йилнинг 15 июлида Туркиянинг бир қатор шаҳарлари, жумладан, Анқара ва Истанбулда қуролли давлат тўнтаришига уриниш рўй берди. Тез орада ҳарбий исён Фатҳулла Гулен террорчи ташкилоти (FETÖ) томонидан амалга оширилгани маълум қилинди.

Ўша машъум тунда бир гуруҳ ҳарбийлар давлат ҳокимиятини зўрлик йўли билан эгаллашга уринди. Исёнчилар томонидан бир қатор ҳарбий амалдорлар ҳамда ҳукумат мансабдорлари, жумладан президент ёрдамчиси ва Бош штаб бошлиғи гаровга олинди.

FETÖ раҳбарларининг буйруғи билан исёнчилар парламент, президент қароргоҳи, ТВ биноси, полиция бошқармаси ва бошқа муассасаларни бомбардимон қилди.

Ҳарбий фитнага 8 мингдан зиёд ҳарбий хизматчи, 35 самолёт, 3 та кема, 37 та вертолёт, 74 та танк, 246 та бронетехника жалб этилди.

Ўша пайтда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Мармарис музофотида дам олаётган эди. Давлат раҳбарига суиқасд қилиш учун исёнчиларнинг бир гуруҳи Мармарисга йўл олди. Улар кейинроқ ҳибсга олинди.

Президент Эрдўғоннинг чақириғи билан миллионлаб фуқаролар демократия ва давлат яхлитлигини ҳимоя қилиш учун кўчаларга чиқди. Оддий одамлар ўзини танк остига ташлаб, исёнчиларга мардонавор қаршилик кўрсатди. Шу тариқа ҳуқуқ-тартибот идораларининг саъй-ҳаракати, халқ иродаси ва жасорати туфайли давлат тўнтаришига уриниш муваффақиятсиз якунланди.

Президент Эрдўғонга кўра, Туркия халқи ўлимдан ҳам қўрқмай, ватанга хиёнат қилган ҳарбийларга қарши намойишларга чиқди. Одамлар “Агар уларнинг танк ва тўплари бўлса, бизнинг имонимиз бор” дея мамлакат яхлитлигини ҳимоя қилди.

Туркия Қуролли кучлари таркибига сизиб кирган ва FETÖ аъзоси бўлган ҳарбийлар томонидан амалга оширилган давлат тўнтаришига уринишнинг мақсади президентга суиқасд уюштириш, конституцион тузум ва парламент тизимини ағдариш бўлган.

Давлат тўнтаришига уринишда 251 нафар киши шаҳид бўлган, 2196 киши жароҳатланган.

FETÖ тарафдори бўлган ва давлат тўнтаришида қатнашган ҳарбий хизматчиларнинг асосий қисми қўлга олинди. Сўнгги беш йил ичида Туркия маҳкамалари давлат тўнтаришига доир минглаб жиноий ишларни кўриб чиқди, юзлаб айбдор озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинди. FETÖ раҳбари эса айни пайтда АҚШда яшамоқда. Расмий Анқара уни экстрадиция қилишга уриниб келмоқда.

2016 йилдан буён Туркияда 15 июль Демократия ва миллий бирлик куни сифатида нишонланмоқда. Мазкур сана Туркия қайта туғилган кун деб ҳам эътироф этилган.

С.Салим