23 сентябр куни “Ёшлар ижод саройи”да “InfoCOM-2013” ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида UZ Миллий домени-2013 интернет-фестивали ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу йилги танловни «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси, «Келажак овози» ташаббускор ёшлар маркази, “UZINFOCOM” компютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази ва “infoCOM.UZ” журнали биргаликда ташкил этди.
Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги эса фестивални расмий қўллаб-қувватлади.
Интернет-фестивал мамлакатимизда 2001 йилдан бошлаб, ўзбекча сайтларни ривожлантиришни мақсад қилган UZ Миллий домени Интернет-фестивали эса 2007 йилдан бошлаб ўтказиб келинади.
Фестивал танлов дастури ўн мавзу ва иккита махсус номинацияни ўз ичига олади. Танлов дастурига ҳар ўн мавзу бўйича иштирокчилар учун WWW.UZ миллий излаш тизимининг махсус мукофоти киритилган. Маълум вақт ичида ўз номинациясида энг кўп балл тўплаган ўнта сайт ғолиб деб топилди.
Бу йил танловга 900 дан ортиқ ариза келиб тушди, танлов дастурида 452 сайт иштирок этди. “Фестивал кашфиёти” махсус номинациясида 150 дан ортиқ сайт қатнашди. Фестивалнинг мавзули ва махсус номинацияларида ғолиб бўлган сайтларнинг 65 фоизга яқини ўзбек тилидаги шаклига эга.
Танловнинг “Фан ва таълим соҳасида энг яхши сайт” йўналишида www.ziyouz.uz портали биринчи ўринни қўлга киритди. 2004 йили фаолият бошлаган портал бугунги кунда ўзбек тилидаги энг ката маънавий манбага айланган. Унда 4100 дан ортиқ электрон китоб, 15000 дан ортиқ илмий-оммабоп, маърифий мақолалар ўрин олган.
Ўтган йилги танловда ҳам ушбу йўналишда www.ziyouz.uz биринчи ўринни қўлга киритган эди.