Владимир Тюрденев: “Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлиги кўп йиллик ҳурмат ва дўстлик асосига қурилган”

Ўзбекистон ва Россия муносабатлари биргаликда кечган бой тарих ва халқларни боғлаб турган мустаҳкам ришталарга таянади. Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев 10 февраль – Дипломатик ходимлар куни муносабати билан ёзган мақолада айни шу жиҳатлар хусусида сўз боради.

Элчига кўра, Россия ва Ўзбекистон  ҳамкорлигининг қалби – бу икки мамлакат халқидир. Уларнинг иккиси ҳам маънавий ва маданий алоқаларга юксак баҳо беради. Ушбу муносабатлар кўп йиллик ўзаро ҳурмат, дўстлик ва бир-бирига ёрдам бериш тамойиллари асосига қурилган.

“Иккала халқ ҳам замонавий дунё тузилиши борасида ҳар бир халқнинг ҳеч қандай “маслаҳатсиз”, ўз тақдирини ўзи белгилаш принципини тан олади. Айнан шу боис ҳам Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг истиқболи порлоқ”, – дейди Владимир Тюрденев.

Қайд этилишича, Россия ташқи сиёсати ҳар бир мамлакат билан – у истаган даражада – тўлақонли дўстона мулоқот олиб боришга қаратилган.

10 февраль санаси Россия Президенти Владимир Путиннинг 2002 йил 31 октябрдаги фармонига кўра, Дипломатик ходимлар куни сифатида байрам қилинади.

Тарихий манбаларга кўра, 1549 йил 10 февралда Рус давлатида дипломатик хизмат пойдевори қўйилган. Ўшанда Рус подшоси Иван Грозный Иван Висковатовни элчилик вазифасига тайинлаган. Шу тариқа Россия давлатида дипломатик фаолият шакллана борган. 1634 йили Швецияда, 1673 йили Польшада дипломатик ваколатхоналар очилган. 1802 йилда эса император Александр I Ташқи ишлар вазирлигига асос солган.

Замонавий Россия давлати 190 дан ошиқ давлат билан дипломатик муносабат ўрнатган, жаҳон бўйлаб 140 дан зиёд дипломатик ваколатхона очилган. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги тизимида 10 мингдан зиёд ходим фаолият юритади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил март ойида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон дипломатик муносабатлар ўрнатганининг 25 йиллиги нишонланади.

1992 йил 20 мартида икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган эди. Ўтган чорак аср давомида стратегик шериклик ва иттифоқчилик тамойилларига асосланган ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.

Айтиш керакки, икки давлат ҳамкорлигиннг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилган. Жумладан, 1992 йил 30 майда “Давлатлараро муносабатларнинг асослари, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида”, 2004 йил 16 июнда “Стратегик шерикчилик тўғрисида”, 2005 йил 14 ноябрда эса “Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида” шартномалар имзоланган. Шунингдек, 2012 йил 4 июнда имзоланган “Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида”ги декларация ўзаро ҳамкорлик кўламини янада кенгайтирди.

Собир Салим