Владимир Путиннинг вориси ким?

Россия парламентига мактуб юборган пресидент бу саволни очиқ қолдиришни афзал билди

Россия жамияти таруддудда. 2008 йили ваколат муддати якунланадиган президент Владимир Путин ўрнига янги давлат раҳбарини сайлаш тараддудида. Россия давлат раҳбарининг иккинчи президентлик муддати тугаётган бир паллада мамлакатнинг катта ва кичик сиёсий доираларида воқеаларнинг келгуси ривожи қандай бўлиши қизғин муҳокама қилиняпти. Ўтган ҳафта президент Владимир Путин мамлакат қонун чиқарувчи идораси — Федерал кенгашга мактуб юборди. Анъанага кўра ҳар йили жўнатиладиган ушбу мурожаат хатида давлат раҳбарининг ким бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги саволга ҳам жавоб олиниши кутилган эди. Бироқ кўпчиликнинг кутганига қарши ўлароқ, президент Путин парламентга мурожаатида ундан кейинги раҳбар ким бўлиши борасидаги мунозараларга муносабат билдирмасликни маъқул деб билди. Агар Владимир Путин ўз меросхўри номини тилга олишни лозим топганда, айни шу чиқишда айтиши керак эди. Чунки бу таниқли сиёсатдоннинг қонун чиқарувчига идорага президент сифатида йўллаган энг сўнгги мурожаати эди…

Россия раҳбарининг мактуби унинг ўтган етти йиллик фаолияти борасида ўзига хос сарҳисоб бўлди дейиш мумкин. Парламент аъзоларига мурожаатда Россия яқин ўтган йилларда саноат инқирозини бартараф этиб, дунёнинг ривожланган йирик ўн давлати қаторига киргани таъкидланган. Президентнинг сўзларига кўра, Россияда охирги йилларда қашшоқлик даражаси икки бараварга камайди, аҳолининг даромадлари ҳам шунча миқдорда кўтарилди.

Президент Путин Россия сайлов қонунчилигида киритилган сўнгги ўзгартиришлар, овоз бериш тизимининг демократик талаблардан келиб чиқиб такомиллаштирилганини инқилобий ҳодиса сифатида баҳолаган. Йил охирида Россияда парламентнинг қуйи палатаси — Давлат думасига сайлов бўлиши режалаштирилган. Президент ана шу сиёсий ҳодиса арафасида Россия ички ишларига ташқи давлатларининг таъсири кучайиб бораётганидан хавотир билдирган. Давлат раҳбари Федерацияни фақат танқид қилиш йўлига ўтиб олган гуруҳлар Россия бойликларидан олдинги даврлардаги каби бемалол фойдаланиш ва Федарацияни сиёсий-иқтисодий мустақилликдан айиришни мақсад қилишганини таъкидлади.

Ҳозирда Ғарб мамлакатларида Россия матбуот эркинлиги, умуман, демократия тамойиллари чегараланаётган давлатлар қаторида тилга олинади. Ана шу муносабатга ўз эътирозини билдирган Владимир Путин мамлакатда охирги йилларда оммавий ахборот воситалари миқдори кескин ошгани, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти жонлангани, бу эса демократик давлат йўлида эришилаётган ютуқлар эканини таъкидлаган.

Президент ўз мурожаатида мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий аҳволга ҳам алоҳида тўхталган. Хусусан, юқори иқтисодий ривожланиш ҳолатига қарамасдан фуқаролар барибир уй-жой муаммосини давлат ёрдамисиз ҳал қилишолмаётганини эътироф этди. Ана шу муаммо ечими йўлида бундан буён нефть ва газ савдосидан олинадиган даромаднинг салмоқли қисми айнан ижтимоий дастурларни амалга ошириш учун йўналтирилишини маълум қилган.

Давлат раҳбари ўз мактубида саноатнинг турли соҳалари ривожлантириш, хом ашё экспортидан ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга ўтиш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, транспорт тизимини тараққий эттириш ва Россиянинг авиасозлик, кемасозлик борасидаги етакчилигини қайтариш лозимлигига урғу берди.

Замонавий дунёда илм-фан ҳар қандай мамлакат тараққиётининг бирламчи омилларидан бири саналади. Президент Путин ҳам ана шу долзарб масалага эътибор қаратган. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, биринчи навбатда нанотехнологиялар соҳасини ривожлантириш учун 180 миллиард рубл ажратилиши кўзда тутилган. Фаннинг қолган йўналишларига ҳам шунча миқдорда маблағ берилиши режалаштирилган.

Владимир Путин парламентга йўллаган мактубида яна бир кутилмаган маълумотни билдирди. Бунга кўра, эндиликда Россия Европада қуролли кучларни қисқартириш борасидаги шартномадан бир томонлама чиқади. Халқаро ҳамжамият томонидан шов-шув ўлароқ қабул қилинган қарорни Россия раҳбари шундай изоҳлаган: қуролланишни чегаралаш тўғрисидаги битим 1990 йили Варшава шартномаси ташкилоти ва НАТО ўртасида имзоланганди. Ўтган давр мобайнида шарқий ҳарбий блок тарқаб кетди. Бу билан эса фаолиятини тўхтатган ташкилот доирасида тузилган битимни амал қилишга асос ҳам қолмади.

Шунингдек, Владимир Путин қуролланишни чегаралаш тўғрисидаги битимдан чиқиш қарорига НАТОнинг Россия чегараларига қадар етиб келгани, бу борада Шимолий иттифоқ Кремл билан умуман ҳисоблашмаётгани ҳам сабаб бўлганига ишора қилган.

Собиржон ЁҚУБОВ
www.hurriyat.uz