Ироқ: Қўшин миқдори сиёсий жараёнга боғлиқ

Ироқдаги вазият хавотирли бўлиб турган бир пайтда кетма-кет рўй бераётган портлашлар, бегуноҳ инсонлар ҳаётига зомин бўлаётган терактлар вазиятни баттар издан чиқармоқда. Ана шундай мураккаб вазиятда жаҳон матбуотида АҚШ ҳарбийларининг Ироқдаги фаолияти масаласи кенг муҳокама қилиняпти. Хўш, Ироқда фаолият юритаётган Америка аскарлари сони ошадими? Қўшма Штатлар ҳарбийларининг араб давлатидаги хизмати қачонгача давом этади?

Яқинда Ироқда ташриф билан бўлган АҚШ мудофаа вазири Роберт Гейтс бу каби саволларга ойдинлик киритди. Пентагон раҳбарининг билдиришича, Ироқдаги Америка аскарларининг миқдори кўп жиҳатдан мамлакатдаги сиёсий вазиятнинг нечоғли барқарорлигига боғлиқ. Қўшма Штатлар минтақадаги иттифоқчи сифатида Ироқ давлати олдида маълум мажбуриятларга эга эканини урғулаган мудофаа вазири мамлакат раҳбариятини сунний-шиа можароларининг бартараф этиш борасидаги фаол ҳаракатга чорлади. Шу билан бирга Пентагон етакчиси АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий кўмаги абадий эмаслигини ҳам таъкидлади.

Хабарингиз бор, айни пайтда Ироқда диний асосдаги низо туфайли кунига ўнлаб инсонлар қурбон бўляти. Араб мамлакатидаги вазиятнинг мураккаблашиши муносабати билан АҚШ президенти Жорж Буш у ердаги ҳарбий хизматчилар сонини ошириш борасида таклиф билан чиққанди. Бунга кўра, Ироқнинг Бағдод ва Анбар шаҳарларидаги хавфсизликни таъминлашга ёрдам бериш мақсадида 27500 ҳарбий хизматчи юборилиши кўзда тутилганди. Бироқ ҳарбий харажатларни тасдиқлаш ваколатига эга бўлган Конгрессда мазкур ғоя ҳозирча тўла қўллаб-қувватланмаяпти.

Ироқдаги ташриф давомида мудофаа вазири Роберт Гейтс Бирлашган штаб раиси, генерал Питер Пейс билан ҳам учрашди. Америка генерали Ироқдаги қуролли тўқнашув ва портлашларни камайтириш бўйича амалий усуллар ишлаб чиқилаётганини маълум қилди. Пентагон раҳбари эса Ироқдаги вазиятни яхшилаш борасида кунлар, ҳафталар эмас, ойлар керак бўлишини таъкидлади.

Айни пайтда Ироқ парламенти — Вакиллар палатаси томонидан маҳаллий ҳудудларда сайловлар ўтказиш, нефть саноатига хориж сармояси киритишни тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари кўриб чиқиляпти. Пентагон раҳбари Ироқда давом этаётган портлашлар мамлакат парламентининг тўлақонли ишлаши, жумладан, зикр қилинган қонунларни қабул қилишига халақит бермаслиги кераклигини таъкидлади.

Абдул Собир
www.hurriyat.uz