Владимир Путин: “Терроризмга қарши бир тану бир жон бўлиб курашиш керак”

Дунё ҳамжамияти терроризмга қарши кураш борасида бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилмоғи лозим. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин “Аргументы и факты” газетасининг жорий йил 19 ноябрь кунги сонида чоп этилган интервьюда маълум қилди.

“Терроризм ва қўпорувчи ташкилотларга қарши курашда энг аввало кучларни бирлаштириш ва ўзаро келишув асосида чора-тадбирлар кўриш лозим”, – деди Россия етакчиси ўз интервьюсида.

В.Путин аввалроқ – БМТ Бош Ассамблеясининг жорий йил 28 сентябрда ўтган 70-сессиясида ҳам бу борада халқаро коалиция тузиш таклифини илгари сурган эди.

“Биз олдимизда турган янги муаммоларни ҳал этишда амбицияларга эмас, балки умумий қадриятлар ва муштарак манфаатларга қулоқ тутиб, халқаро ҳуқуққа таяниб, террорга қарши чинакам халқаро коалиция тузиш ва кучларни бирлаштиришни таклиф этамиз. Худди Гитлерга қарши тузилган коалиция каби у ҳам нацистлардек ёвузлик ва одамкушлик уруғини сочаётган кимсаларга дадил зарба берувчи турли кучларни бир сафга бирлаштира олади”, – деган эди Россия етакчиси.

Россия раҳбари бу жараёнда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳал қилувчи ўрин тутиши лозимлиги таъкидлаган эди.

Ўз навбатида, БМТ раҳбарияти терроризмга қарши курашда Россиянинг иштироки муҳимлигини уқтирмоқда. ТАСС ахборот агентлиги хабарига кўра, БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Шарқий Осиё саммити доирасида 22 ноябрь куни Россия ҳукумати раиси Дмитрий Медведев билан учрашган. БМТ етакчиси ҳозирги таҳликали паллада ёвузликка қарши биргаликда курашиш лозимлиги, долзарб муаммони ҳал этишда расмий Москванинг роли муҳим эканини таъкидлаган.

“Биз бир ёқадан чиқаришимиз керак, инсоният ғаними – “Ислом давлати” ва бошқа террорчи гуруҳларга қарши муносиб курашиш лозим. Бу борада Россия етакчи роль ўйнашига ишонаман”, – деган БМТ Бош котиби.

Халқаро ташкилот пешвоси, шунингдек, 2016 йил бошида БМТнинг зўравонлик ва қўпорувчиликка қарши кураш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси тақдим этилишини маълум қилган.

Террорчи тузилмалар дунё халқлари тинчлиги ва барқарорлигига таҳдид солмоқда. Хусусан, Россия халқи ҳам яқиндагина катта фожиани бошдан кечирди. Жорий йил 31 октябрь куни Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳридан Санкт-Петербургга учган A321 самолёти Синай яримороли осмонида ҳалокатга учради. Фожиа чоғи учоқдаги 217 нафар йўловчи ва 7 нафар экипаж аъзоси нобуд бўлди. Икки ҳафталик суриштирув-тергов жараёнидан кейин Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников Россия авиакомпаниясига қарашли самолёт террорчилик ҳаракати оқибатида портлаганини маълум қилди. A321 самолёти ҳалокати террорчилик хуружи экани аён бўлгач, Россия Президенти В.Путин Мудофаа вазирлигига Суриядаги террорчиларга қарши жанговар операцияни янада кучайтириш борасида топшириқ берди.

“Жанговар авиациямизнинг Суриядаги фаолияти давом этибгина қолмай, янада кучайтирилиши керак. Токи жиноятчилар қасосдан қочиб қутулиб бўлмаслигини тушуниб етсин”, – деди Россия раҳбари.

Гап шундаки, жорий йил 30 сентябрдан Россия ҳарбий ҳаво кучлари “Ислом давлати”нинг Суриядаги жанговар объектларига зарба бера бошлади. Россия раҳбариятига кўра, мазкур ҳарбий операция Сурия Президенти Башар Асаднинг сўровига кўра амалга оширилмоқда.

Хўш, салкам икки ойдан буён давом этаётган ҳарбий операция қандай самара берди?

Кремль расмий сайти хабарига кўра, Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу жорий йил 20 ноябрь куни Сурияда давом этаётган ҳарбий операция юзасидан мамлакат Олий бош қўмондонига ҳисобот берди. Мудофаа вазири С.Шойгу рус ҳарбийлари “Ислом давлати” террорчи ташкилотининг молиявий илдизларини қирқишга интилаётганини маълум қилди.

Қайд этилишича, Россия авиацияси сўнгги кунларда “Ислом давлати”га тегишли нефтни қайта ишлаш ва сақлашга алоқадор 15 та объектни маҳв этди. Натижада, жангарилар 60 минг тонна нефтни қора бозорда пуллаш имконидан, демакки, кунлик 1,5 миллион доллар даромаддан маҳрум бўлди.

Мудофаа вазири ҳисоботида айтилишича, сўнгги ҳафтада Сурия операциясида иштирок этаётган Россия авиация таркиби икки баравар кенгайтирилди. Айни пайтда 69 та жанговар самолёт кунига 143 та парвозни амалга оширмоқда. Ҳарбий денгиз флотининг 10 та кемаси эса Ўртаер ва Каспий денгизларидан душман объектларига ҳамла қилмоқда.

С.Шойгу ўз ҳисоботида маълум қилишича, ҳозирга қадар Россия ҳарбий ҳаво кучларига қарашли самолётлар 522 бора парвоз қилди. Қолаверса, 101 та қанотли ракета учирилди, душман объектларига 1400 тонна бомба ёғдирилди. Шу тариқа “Ислом давлати”нинг 826 та объекти, жумладан, жангарилар тайёрлаш базалари, қурол-яроғ заводлари ва ўқ-дори омборлари йўқ қилинди. Биргина Дайр аз-Зорада амалга оширилган ҳаво ҳужумлари чоғи 600 нафар жангари ўлдирилди. Россия Мудофаа вазирига кўра, ҳарбий операциялардан жангарилар сезиларли талафот кўрмоқда. Бундан фойдаланган Сурия ҳукумати армияси Ҳалаб, Идлиб ва Пальмирада қарши ҳужумга ўтди, айрим ҳудудлар террорчилардан тозаланди.

Россия раҳбариятининг Суриядаги каттагина ҳудудни эгаллаган “Ислом давлати”га қарши курашда фаол иштирок этаётгани бежиз эмас. Таҳлилчиларга кўра, расмий Москва Сурия раҳбари Башар Асад ҳокимиятининг қулаб, бутун мамлакат террорчилар қўлига ўтиб кетишига йўл қўймасликка интилмоқда.

“Россиянинг Суриядаги ҳарбий операциядан кўзлаган асосий мақсадлардан бири – мамлакатнинг яхлитлигини сақлаб қолиш. Минтақадаги кўплаб давлатлар парокандаликка учраб, террорчилар учун қулай бошпанага айланмоқда. Россия ушбу жараённи, яъни террорчиликнинг кенг ёйилишини тўхтатишга ҳаракат қилмоқда”, – дейди Яқин Шарқ институти президенти Евгений Сатановский.

Эслатиб ўтамиз, “Ислом давлати” жангариларига қарши АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция ҳам курашмоқда. Ахборот агентликлари хабарига қараганда, Ироқ ва Суриядаги ҳарбий амалиётларда АҚШ билан бирга Буюк Британия, Дания, Канада, Франция, Нидерландия, Австралия, Бельгия, Баҳрайн, Иордания, БАА ва Саудия Арабистони самолётлари қатнашмоқда.

Собир Салим