Ўзбекистонлик мутахассислар Малайзия Ислом санъати музейида малака оширди

Малайзия Ислом санъати музейида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази мутахассислари иштирокида илмий-амалий тренинг ташкил  этилди.

“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, ўқув дастури давомида музей бошқарувининг замонавий халқаро стандартлари, доимий ва вақтинча экспозицияларни шакллантириш, музей фаолиятида таълим дастурларини жорий қилиш ва режалаштириш, маркетинг ва музей имижини шакллантириш инструментлари, музей фаолиятининг хавфсизлигини таъминлаш каби мавзуларда машғулотлар ўтказилди.

Малайзия Ислом санъати музейи 1998 йилда ташкил этилган. Ушбу муассаса Жануби-Шарқий Осиёдаги Ислом цивилизацияси тарихи ва санъатига бағишланган энг йирик музей бўлиб, майдони 30 минг квадрат метрга тенг. Ўзбекистонга тегишли бўлган VIII асрга оид сўғд ипак либоси музейнинг нодир экспонатлари сирасига киради.