Тошкентда Озарбайжон маданияти ва адабиёти кунларининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази томонидан икки мамлакат маданият вазирликлари ва Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.
Озарбайжонлик меҳмонлар Маданият маркази олдидаги Ҳайдар Алиев ҳайкали ҳамда шаҳидлар ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйишди.
Озарбайжон делегацияси таркибида Миллий Мажлис маданият қўмитаси раиси Ганира Пашаева, Миллий Мажлис депутати, “Озарбайжон–Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи аъзоси Мушфиқ Жаъфаров, Маданият вазирлиги бўлим бошлиғи Акиф Марифли, Ганжа вилояти маданият бошқармаси бошлиғи Васиф Жаннатов, машҳур олимлар, жамоатчилик вакиллари бор.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида ҳам Озарбайжон маданияти кунлари муносабати билан Озарбайжон фондининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Миллий кутубхона директори Умида Тешабоева Озарбайжон билан алоқалар, қўшма лойиҳалар ҳақида гапирди. Хусусан, у яқинда Маданият маркази ва Озарбайжон миллий кутубхонаси кўмагида Ўзбекистон кутубхоналарига кўплаб нашрлар тақдим этилганини таъкидлади.
Шу куни Озарбайжон маданият маркази ва Ўзбекистон миллий кутубхонаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Озарбайжон маданият маркази директори Самир Аббосов маданияти кунлари доирасида Тошкент ва Термиз шаҳарларида кўплаб тадбирлар ўтказилиши, кутубхоналарда Озарбайжон фондлари очилиши, китоб тақдимотлари, санъаткорлар иштирокидаги дўстлик концертлари, кўргазмалар ўтказилиши, икки томонлама учрашувлар режалаштирилгани ҳақида гапирди.
2022 йил Озарбайжон президенти Илҳом Алиев томонидан “Шуша йили” деб эълон қилинганини таъкидлаган дипломат 30 йил давомида ишғол остида бўлган шаҳардаги вайрон бўлган ёдгорликлар, кутубхоналар тикланиши ҳақида маълумот берди.
Тадбир доирасида Маданият маркази лойиҳаси бўйича чоп этилган “Озарбайжон ва ўзбек мақоллари” нашри тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Озарбайжон парламенти аъзоси Ганира Пашаева эса халқларимиз ўртасидаги қардошлик алоқалари, маданий ва адабий робиталар кундан кунга ўсиб, ривожланиб бораётгани ҳақида сўзлади. Депутат Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва ўзбек халқига миннатдорлик билдирди.