Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон вафот этди

Бугун ўзбек адабиётининг кўзга кўринган намояндаларидан бири, Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Анвар Обиджон вафот этди.

Анвар Обиджон Фарғона вилояти Олтиариқ туманининг Полосон қишлоғида 1947 йилнинг 25 январида хизматчи оиласида туғилган. 1964 йилда ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд молия техникумида, 1969-1971 йилларда жамоа хўжалигида ҳисобчи, клуб мудири, туман газетаси, вилоят радиосида турли вазифаларни бажарди, Тошкент Давлат университетининг журналистика факултетини сиртдан тамомлади.

1981 йилдан бошлаб у Тошкентга кўчиб келиб, «Ёш гвардия» нашриётида, «Ёш куч», «Муштум» журналларида ишлади.«Чўлпон» нашриётида бош муҳаррир бўлиб ишлаган.

Анвар Обиджон болалар адабиётига дастлаб «Она Ер», «Баҳромнинг ҳикоялари» тўпламлари орқали шоир сифатида кириб келди ва мавжуд ижодий анъаналардан фойдаланган ҳолда ўзига хос йўл танлади.«Булбулнинг чўпчаклари», «Ғалати мактублар», «Кумуш уй», «Гурунгдаги гаплар», «Ажойибхона», «Ўзимизнинг ансамбл», «Игналарим чиройли», «Менинг коллекциям», «Ширин сўйлар жажживойлар», «Каламушлар кемаси», «Сиз эшитмаган қўшиқлар», «Далалардан болаларга», «Осмондан тушган созанда» туркум шеърлари фикримизга далилдир.

Унинг «Она ер» (1974), «Масхарабоз бола» (1980), «Оловжон ва унинг дўстлари» (1983), «Баҳромнинг ҳикоялари» (1984), «Эй, ёруғ дунё» (1983), «Кетмагил» (1985), «Безгакшамол» (1985), «Жуда қизиқ воқеа» (1987), «Олтин юракли автобола» (1988), «Даҳшатли Мешполвон» (1990) каби шеърий, насрий китоблари чоп этилди.

Булардан ташқари, адибнинг «Қўнғироқли ёлғончи», «Паҳлавоннинг ўғирланиши» Анвар Обиджон сўнгги йилларда «Рамазон ва Гулмат ҳангомаси» (1992), «Мешполвоннинг жанглари» (1994), «Алишер ила Ҳусайн ёки уч доно ва ўғри» (1996), «Тўтиқуш», «Топсанг ҳай-ҳай…» каби қисса, пьеса ва шеър, достонларини ҳам яратди.