Бугун, 1 ноябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Тошкентда Германия федерал ташқи ишлар вазири Анналена Бербок билан учрашди.
“Дунё” АА хабарига кўра, суҳбат чоғи Ўзбекистон–Германия кун тартибининг ҳамда кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Германия томонига асосий устувор йўналиши Марказий Осиё этиб белгиланган Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий жиҳатлари ва эришилган натижалари тўғрисида маълумот берилди.
Олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш, ташриф ва тажриба алмашиш амалиётини давом эттириш, турли йўналишларда қўшма тадбирлар ташкил этишдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор экани маълум қилинди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, Германия бозорига кенг турдаги сифатли ва рақобатбардош Ўзбекистон маҳсулотларини етказиб беришни ташкил этиш, Германиянинг етакчи компанияларини жалб этган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Вазирлар инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги ҳақида якдил бўлдилар. Шу нуқтаи назардан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Германия Инсон ҳуқуқлари институти ўртасида мулоқот ўрнатиш зарурлиги қайд этилди.
Мулоқот давомида маданий-гуманитар соҳа, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза этиш масалалари ҳам муҳокама этилди.