Ўзбекистон–Малайзия: ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди

Фото: “Дунё” АА

Бугун, 19 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Малайзия ташқи ишлар вазири ўринбосари Камарудин Жаффар билан учрашув ўтказди.

“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, учрашувда Ўзбекистон–Малайзия кун тартибидаги кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди, сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Музокараларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва унинг тузилмасини диверсификация қилиш, шунингдек, туризмни ривожлантириш, мунтазам ва чартер рейсларини тиклаш бўйича ўзаро чора-тадбирлар кўриш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, вазир ўринбосарлари сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик, таълим ва гуманитар алмашинувларни кенгайтиришдан манфаатдорлик изҳор этдилар.

Қайд этилишича, Малайзия ташқи ишлар вазири ўринбосарининг Ўзбекистонга ташрифи давлатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига тўғри келиб, бу икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаш имконини беради.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 21 февраль куни Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Шу муносабат билан Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Малайзия ташқи ишлар вазири Сайфуддин Абдуллоҳга табрик йўллаб, Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасидаги робиталарни янада мустаҳкамлаш ва чуқурлаштиришга ишонч билдирди.

Малайзия Ўзбекистон мустақиллигини 1992 йил 1 январда тан олган. 1992 йил 21 февраль куни ўзаро дипломатик алоқалар ўрнатилган.

Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг 1992 йил ва Малайзия бош вазири Маҳатҳир Муҳаммаднинг 1993 йилги расмий ташрифларида дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг тамал тоши қўйилган. 2003 йилда юртимизга Малайзия подшоҳи Туанку Сайед Сиражуддин Сайед Жамалуллайл ташриф буюрган.

Шунингдек, 2005 йил октябрь ойида Ўзбекистон президентининг Малайзияга, 2008 йил ноябрда Малайзия бош вазири Аҳмад Бадавийнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи амалга оширилган.

Ўзаро муносабатларни жадаллаштиришда икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ўтказиладиган сиёсий маслаҳатлашувлар муҳим аҳамият касб этади.