Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов вафот этди

11 октябрь куни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси, таниқли шоир Саъдулла Ҳакимов 69 ёшида вафот этди.

Саъдулла Ҳакимов 1951 йил 25 мартда Жиззах вилоятининг Фориш туманида туғилди.

Меҳнат фаолиятини Ғаллаорол туманида ўқитувчиликдан бошлаган С.Ҳакимов турли йилларда «Ўзбекистонда социал таъминот» журналида, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Ўзбекистон овози» ва «Маърифат» газеталарида, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида, «Туркистон-пресс» нодавлат ахборот агентлигида меҳнат қилган. Журналист сифатида долзарб мавзудаги мақолалари газета ва журналлар саҳифаларида мунтазам чоп этиб турилган.

2016 йилнинг 29 декабридан буён Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

Саъдулла Ҳаким таниқли шоир сифатида ҳам ўзбек адабиётига муносиб ҳисса қўшди. «Ҳамал тонглари» (1981), «Сен кутган баҳор» (1986), «Ёз оқшоми» (1996), «Она сўз» (2000), «Сайланма» (2001), «Кўнгил юзи» (2006), «Кўҳна нақл» (2011) каби шеърий китоблари нашр қилинган. Гёте, Пушкин, Лермонтов, Есенин, Юнус Эмро каби шоирларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қиган.

«Сайланма» китоби учун 2002 йил «Энг улуғ, энг азиз» Республика танлови ғолиби бўлган. Вақтли матбуотда маънавий ҳаётимизга оид кўплаб мақола ва очерклари эълон қилинган. «Эсимда қолган кунлар», «Атом қаърига саёҳат» каби публицистик асарлари чоп этилган.

Саъдулла Ҳакимов «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони (2002 йил), «Меҳнат шуҳрати» ордени (2019 йил) билан мукофотланди.