Кумуш Абдусаломова (1996)

Кумуш Абдусаломова 1996 йили туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган.
“Истеъдод мактаби” VII республика ёш ижодкорлар семинари иштирокчиси. 2015 йилда “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида “Куйламасам бўлмайди” номли шеърий тўплами чоп этилган.

ТАҚИҚ

Бизда арслонларни бўлмайди овлаб,
“Бизда арслон ови қилинган тақиқ!”
Оҳуларга тегманг, бечора,
Қаранг, кўзларида кўринар ҳадик.

Қушларни овламанг, балиқларни ҳам,
Табиат емрилиб кетмасин секин.
Бизда битта хавф бор – хавфсиз, безиён –
Фақат кўнгилларни овламоқ мумкин!

АХТАМ ДЕВОНА

Ахтам девонанинг дидига қойил!
Девона Машрабдан ғазал ўқийди.
Куни, ҳув, толларнинг тагида ўтар,
Толнинг чивиғидан сават тўқийди.

Эски чопонини эгнига илиб,
Кўчадан ўтади қилиб хиргойи.
Билмам, ёлғизлиги сабаб бўлибми,
Қишлоқда ном олди жинни, савдойи.

Ҳамма яхши танир Ахтамқул чолни,
Ахтам девонани ҳамма танийди.
Сув келтириб берса, қандай яхши-я!
Ўтинларни ёриб берса қанийди.

Ўттиз йил ҳайдаган тракторига
Меҳри тушиб қолган бўлса кераг-ов.
Ғилдирак лойини силаб йиғлади
Ҳужжатларни сўраб келганда биров.

Таниши йўқмикан бориб айтгани,
Нега юм-юм йиғлар кириб шу ёшга.
Ахтам девонанинг, Ахтам жиннининг
Таниши йўқ эди… Худодан бошқа!

ФОТОКЎРГАЗМАДАН КЕЙИН

Бу дунёнинг кўргазмаларин
Кўзларимга хато кўргизма!
Бугун санъат галереяси
Ташкил этмиш фотокўргазма.

Кимга нима? Билмадим. Юрак
Чок-чокидан ситилган эди.
Бунда сурат кўрдим: аёлнинг
Оғизлари тикилган эди.

Пардоз гўзал қилган юзингни
Қани энди ёшинг билан юв.
Фаранг хоним бунинг ўрнига
Журналистга берар интервью:

“Жуда юксак баҳолаш мумкин
Муаллифнинг маҳоратини…”
Мен мақтовни эшитганим йўқ,
Фақат… тақдир ҳақоратини.

Кўргулик деб ўқибман, узр!
Кўргазма деб битилган эди.
Бунда сурат кўрдим: аёлнинг
Оғизлари тикилган эди.

Шу оғизга кўкрагин тутиб
Она сутин ичирмаганми?
Шу тикилган лаблар қачондир
“Севаман” деб пичирлаганми?

Шеър сўрайсиз. Дафтарларимнинг
Варақлари титилган эди.
Шеър сўрайсиз мендан… Ўша кун
Оғизларим тикилган эди.

ЁМОН КЎЗЛАР

Сўзлар сенинг ҳамроҳинг бўлсин,
Лек гап-сўздан асрасин дейсиз.
Кўзларимга қарайсиз, кейин
Ёмон кўздан асрасин дейсиз!

Энг чиройли, энг узун эртак,
Нима дердим, бизники бўлса?!
Тегса тегсин, розиман, ўша
Ёмон кўзлар сизники бўлса!

ЗАНГОРТЕПА БИЛАН СУҲБАТ

Икки қишлоқ… Икки бахмал қош,
Ўртасида улкан тепалик.
Баҳор келса, лола – қизил чўғ –
Ловуллайди гулхан тепалик!
Лекин шўрлик тепанинг бир кун
Қулоқ солсам оҳ-у додига,
“Қайси ном-ла муҳрланаман, –
Деди, – авлодларнинг ёдига?!
Ўнг қишлоқда “Зангортепа” деб
Аташади эркалатишиб.
Сўл қишлоқ-чи, “Қоратепа”, воҳ,
Йиғласамми узала тушиб?”
Тепа билан дардлашдик узоқ,
Енгил тортган бўлиб кўринди.
Сездим, ўзин илгаригидай
Хурсанд кўрсатмоққа уринди.
Қойил қолдим мункайган, чўккан
Тепаликнинг хаёлларига.
Шунда раҳмат айтдим чин дилдан
Ўнг қишлоқнинг аёлларига.
Юзиқораликдан асрасин!
Осмон ранги – олис, зангори.
Умр деса, ёдимга тушар
Ўша “Зангортепа”нинг зори.

ҲУТ КЕЛДИ

Бош кўтарди ўт-ўлан,
Челак тўла сут келди.
Айтдим дилда ўт билан –
Ҳут келди-ё, ҳут келди!
Ҳут келди-ё, ҳут келди!

Қирда кўрдим буғдойни,
Элнинг нони бут келди.
Дилга шодлик сиғмайди.
Ҳут келди-ё, ҳут келди!
Ҳут келди-ё, ҳут келди!

Қанисиз, чолғучилар?
Танбур билан уд келди.
Оёқдан чалгувчилар,
Ҳут келди-ё, ҳут келди!
Ҳут келди-ё, ҳут келди!

Битсин қирғинбаротлар,
Юзлари шувут келди.
Ироқ ёқлар, Шом ёқлар,
Ҳут келди-ё, ҳут келди!
Ҳут келди-ё, ҳут келди!

Юрагим ёняптими –
Чап кўксимдан дуд келди.
Тараддудланиб турсам,
Ҳут келди-ё, ҳут келди!
Ҳут келди-ё, ҳут келди!

Йигит ёзган мактубга
Қиздан жавоб – “Кут!” келди.
Ҳаммамизни куттирган
Ҳут келди-ё, ҳут келди!
Ҳут келди-ё, ҳут келди!