Ўзбекистон–Франция қўшма университети ташкил этилади

Ўзбекистонда Франция билан ҳамкорликда қўшма университет ташкил этилади. Бу ҳақда икки давлат ташқи сиёсат маҳкамалари масъуллари ўртасидаги музокарада сўз борган.

“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон ТИВ Европа мамлакатлари ва Европа Иттифоқи институтлари билан ҳамкорлик бошқармаси раҳбари Ойбек Шахавдинов Франция ТИВнинг Континентал Европа департаменти директорининг ўринбосари Сильвен Гийоге билан видеоконференция орқали музокара ўтказган. Онлайн учрашувда ҳамкорликнинг турли йўналишлари, жумладан, таълим масалалари муҳокама қилинган.

Икки давлат таълим йўналишида ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда. Ўзбекистонда француз таълим муассасаларининг факультет ва филиаллари ташкил этилган. Масалан, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида Париж халқаро мода академияси билан қўшма факультет, Бухоро давлат университетида Вател бизнес мактаби филиали очилган.

Маълумотларга кўра, мамлакатимиздаги 1260 та мактаб, коллеж ва лицейларда, шунингдек, 8 та олий ўқув юртида 280 мингдан ортиқ ёшлар француз тилини ўрганмоқда.